Меню

воскресенье, 19 января 2014 г.

Эх Кетмасин Хеч қалдирғочлар.....

Ласточки в гнезде с малышами



Ҳар баҳорни ажиб бир энтикиш билан кутаман. Табиатнинг яшил рангга бурканиши, дов-дарахтларнинг тўп-тўп бўлиб гуллаши, гуллар атрофида тиним билмай визиллашиб юрган асаларилар рақси – ҳамма-ҳаммаси қалбда фараҳбахш туйғуларни уйғотади. Айниқса, эрта тонгда бир-бирига навбат бермай, бетиним чуғурлашаётган қушларнинг овозидан ҳам ёқимли куй бўлмаса керак дунёда.

Ҳар йили баҳорда интиқлик билан кутадиганим – дарвозамиз тепасига уя қурадиган
қалдирғочлардир. Яратувчининг буюк қудратидан далолат берувчи бетакрор бу қушлар макон тутган ерни йил бўйи қут-барака, тўкин-сочинлик, роҳат-фароғат ва омад тарк этмайди, дейди доно халқимиз.

Дарҳақиқат, шундай экан. Нима бўлди-ю, ўтган йили қалдирғочларимиз келмади. Тинмай давом этаётган муваффақиятлар ҳам бирданига ғойиб бўлди. Бирин-кетин қадрдон инсонларни йўқотиш, соғлиқнинг панд бериши, ҳеч якунига етмайдиган ишлар… Балки, буларнинг бари тақдири азалнинг синовларидир…

Бугун яна шодман, бахтиёрман. Қалдирғочларимиз қайтди. Қайтганда ҳам энг ёшлари, навқиронлари қайтди. Яна уя қурди эски ўрнига. Бахт бўлиб, қувонч бўлиб қайтди қалдирғочларимиз. Аллоҳга беадад шукроналар бўлсин!

Қанотларин ёйиб мағрур кўкда парвоз айласа,
Боғу бўстон, қир-адирлар чиройин соз айласа,
Заҳматкаш бу элнинг доим бошин эъзоз айласа,
Қалдирғочлар қанотида келган давлат шу эрур,
Шукр қилгум, Раҳмон берган буюк неъмат шу эрур.

Қадрдон юрт қадрин билар, кетса ҳамки ҳинд сари,
Ҳар кўкламда қайтар барибир, ўз уйи – дил истари,
Полапонин ўз уйидан йўллар чин ҳаёт сари,
Қалдирғочлар қанотида келган давлат шу эрур,
Инсонларга зўр насиҳат, улуғ ҳикмат шу эрур.

Уя қурмас турли қўрқинч, ё ташландиқ маконга,
Ошно бўлмас биродарин сотишга шай инсонга.
Озод яшар, чидай олмас тинчлиги йўқ замонга,
Қалдирғочлар қанотида келган давлат шу эрур,
Юртин севган эр йигитга мағрур савлат шу эрур.

Йўқлаб келган остонамни ўзинг, азиз меҳмоним,
Нурга тўлдириб уйимни, шод этдинг дилу жоним,
Тинчлик бериб хонадонга, обод этдинг маконим,
Қалдирғочлар қанотида келган давлат шу эрур,
Озод юртга ярашгувчи шонли шавкат шу эрур.

Қутлуғ бўлсин, қалдирғочим, юртга яна қайтганинг,
Қувончимга шерик бўлиб, шўх алёрлар айтганинг,
Шукр дейман, ташрифинг-ла бахтимни танитганинг –
Қалдирғочлар қанотида келган давлат шу эрур,
Раҳмон яна қайтиб берган қадрдон бахт шу эрур!

Комментариев нет:

Отправить комментарий