Меню

понедельник, 13 января 2014 г.

Уятми ёки Уят эмасми....?





Шанба — биз учун иш куни эмас. Шундай бўлса ҳам, тушга яқин иш томон отландим. Ҳаво анча илиб қолгани учун автобусдан тушиб, бир оз сайр қилишни хоҳладим. Йўл-йўлакай ишхонамиз яқинида ўтган йили очилган "Болажон" истироҳат боғидан кесиб ўтмоқчи бўлдим. Бу боғ унчалик катта эмас, "Баҳор" ресторани ва икки хил вақтни
кўрсатувчи қўшалоқ курантлар ўртасида жойлашган. Боққа киришим билан хафсалам пир бўлди. Йўлаклар олиб борадиган бежирим бесетка (ўзбекчаси нима дейиларди?) ва ўриндиқлар жуфт-жуфт бўлиб олган йигит-қизлар билан гавжум экан. Бир-бирининг қўйнига кириб, еб қўйиш арафасида турганларни кўриб, бир томондан асабим бузилди, иккинчи томондан уларга ачиниб кетдим. "Бечоралар! Нафсининг истак-майлига қул бўлиб, ўзларига қанчалик жабр қилаётганини билмаётган гумроҳлар!" Давлатимиз яхши ниятлар билан очган, бироқ кўнгилочар эмас, балки қўйиночар боққа айланиб қолган жойдан ўтиб борар эканман, бу ер эндигина иш бошлаган вақтда бўлиб ўтган воқеа ёдимга тушди...

Тушликдан сўнг иш бошлангунча озроқ вақтимиз борлиги учун ҳамкасблар билан янги боғни томоша қилишга қарор қилдик. Боққа кириб борар эканмиз, бугунгидек вазият — "бечоралар"нинг бир-бирига муҳаббат улашаётганига гувоҳ бўлдик. Бу жой янгигина очилган бўлса, одамлар кўнгил ёзиш, турмуш ташвишлари ва муаммолардан бир зумгина халос бўлиш учун келсаю ҳамма ўриндиқлар ёшлар томонидан банд қилинса, қандай бедодлик! Очиғи, жаҳлмиз чиқди. Икки-уч киши бўлиб улардан бир жуфтининг адабини беришга қарор қилдик. Улар олдида бориб, сўраб-суриштира бошладик: кимсизлар, қаерда ўқийсизлар, нега дарс вақтида бу ерда қучоқлашиб, ўпишиб ўтирибсизлар?

Улар аввалига саросимага тушиб қолишди, кейин йигитча қизни жўнатвориб, биз билан муросага келмоқчи бўлди. Бир ҳамкасбим қўлидаги телефонни гўёки тасвирга олаётгандек тутиб олганди. Фалон академик лицейда ўқиймиз, дарс тугаганди, келиб суҳбатлашиб ўтирибмиз, деди ва видеони ўчиришни, бошқа бундай қилмасликни айтиб, ялина бошлади. Шу пайт орага нарироқда ўтирган ўрта ёшлардаги аёл қўшилди. Ёнида эркак киши ҳам бор эди. Бир зумда тўпалон, бақир-чақирга айланиб кетди. Хотин қайсидир ҳокимиятда ишлашини, вилоят ҳокимлигига иш билан келиб, тушлик вақти бўлгани учун шу ерда ўтирганини айтиб, бизларни йигит-қизни шантаж қилаётганликда айблаб, бақира бошлади.

Биз ҳам бўш келмадик, журналист эканмизни, давлат олиб бораётган ёшлар сиёсати, булар (йигит-қиз) бу вақтда паркка келиб беҳаёлик билан шуғулланмаслиги, ўқиши, билим олиши, унверситетларга кириш учун тайёргарлик кўриши кераклигини тушунтирмоқчи бўлдик. Хуллас аёл киши гапимизга қулоқ солишни истамади, билган гапи — "шантаж" эди.

Орада текин томоша ишқибозлари ҳам тўпланиб қолди. Хуллас, гап-сўзни кўпайтиришни истамадик, қолаверса, иш вақти яқинлашиб қолганди. "Бўлди-бўлди"чилик билан ишни тугатдик, йигит бундай ишни такрорламасликка сўз бериб, қаергадир йўқолиб қолган "маъшуқаси" ортидан кетди.

Воқеа бизга қаттиқ таъсир кўрсатганди. Қайта-қайта бу ҳақда мушоҳада юритарканман, уни охирига етказиб қўймаганимиздан афсусландим. Ўша ернинг ўзида истироҳат боғи бошлиғи, ички ишлар ходимларини чақириб, боғнинг асосий вазифаси нималардан иборат экани, бу ҳодисада ким аслида айбдорлиги ва йигит-қиз ўқийдиган лицей ҳақида, у ерда ўқиш қачон тугаши-ю, таълим масканида ёшларга билим беришдан ташқари улар тарбияси учун нималар қилинаётганини аниқлашимиз керак эди.

Тўғри, кимнингдир шахсий ҳаётига аралашиш мумкин эмас. Қолаверса қўлимиздаги телефон бизни айбдор қилишга асос бўлиши мумкин эди. Аммо ҳали севги-муҳаббатни ҳиёбонларда қучоқлашиб, бўсалашиб ўтиришдан иборат деб тушунадиган, унинг ҳам одоби, масъулияти, керак бўлса, чегараси, ҳатлаб ўтган тақдирда жавоб бериши борлигини ҳам англаб етмаган йигит-қизчаларнинг ҳолига бепарво қараб туриш тўғримикан? Чимилдиқ кўрмай она бўлаётган, ўзи бола бўлиб туриб оталик масъулиятини бўйнига олаётганлар аслида ишни у ер-бу ерда учрашиб, бир-бирининг қучоғига кириб туришдан бошламаганми?!Ахир улар тарбиясидаги бугунги бепарволигимиз, ёшларнинг истаган ерда хоҳлаганча беҳаёлик билан машғул бўлишларига лоқайд қараб туришимиз келгусида қандай оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўришимиз керак эмасми?!

Бир нарса аниқки, бугунги жимлигимиз, беҳаёликларга кўз юмишимиз ёки уларни билвосита қўллаб-қувватлашимиз учун эртага албатта жавоб берамиз!

Бугун гувоҳ бўлган ҳолатдан сўнг ўзимга агар мажбур бўлмасам, кўнгилочар боғларга энди бормайман, дея онт ичдим

Санжар Рустамов

Комментариев нет:

Отправить комментарий