Меню

четверг, 16 января 2014 г.

Нима зору,Нимаси ёмон......





Турмуш ташвишлари билан ҳар куни савдо дўконлари, бозор ёки йирик супермаркетларга йўлимиз тушади. Расталарни тўлдириб турган турли‑туман ноз‑неъматлар, кийим‑кечак ва бошқа майда‑чуйдаларни харид қилиш ҳам кундалик эҳтиёж, ҳам завқ бағишловчи машғулотдир. Бироқ ҳар доим ҳам қилган харидимиз омадли чиқавермайди. Бозорга чиқишдан аввал нималарнидир сотиб олишни мўлжаллаймиз-у, уйга келиб халтамизни очиб қарасак, унчалик зарур бўлмаган ёки бутунлай кераксиз харидларга пул сарфлаганимиз маълум бўлади. Хўш, қандай сабаблар бизни кераксиз
харидлар сари чорлайди, бунинг учун тадбиркорлар қандай «айёрликлар»ни амалга оширишади? Қандай қилиб фақатгина фойдали харидни амалга ошириш мумкин?
Айрим савдо марказларида харидорларни жалб этиш ва уларни кўпроқ маҳсулотларни сотиб олишлари мақсадида турли хил психологик усуллардан фойдаланишади. Маркетологлар бу каби усулларни ишлаб чиқиш, янада самарали йўлларни топиш устида тинимсиз изланиш олиб бориб, янгидан-янги кашфиётларни ўйлаб топмоқдалар.
Чегирмаларга ишонманг
Ана шундай усуллардан бири бугунги кунда кенг тарқалган нархларнинг пасайтирилиши(кўпчилигимиз улар скидка ёки sale тарзида тушунамиз)дир. Кўпчилик дўконлар пештахталарида турли тилларда чегирмалар мавжудлигини ифодаловчи ёрлиқлар илинган бўлса ҳам, аслида нархлар юқорилигича қолаверади. Уларнинг асосий вазифаси кўпроқ одамларни дўконга киришларига хизмат қилишдан иборат, холос.
Унутмаслик лозимки, нархлар пасайтирилган бўлса ҳам, аксарият ҳолатда мазкур усул сотилмай қолган, сифати унчалик яхши бўлмаган ёки яроқлилик муддати ниҳоясига етиш арафасидаги маҳсулотларга нисбатан қўлланилади.
Айниқса, қимматбаҳо кийим‑кечаклар савдоси билан шуғулланувчи савдо тармоқлари пештахталарида 70 фоизгача арзонлаштирилган, деган мазмундаги эълонларни учратишингиз мумкин. Бироқ бу нарх маҳсулотларнинг 20‑30 фоизигагина қўлланилади.
Совғаларга алданманг
Айрим савдо дўконларида харидорларни жалб этишнинг бошқа бир йўлидан фойдаланилади. Яъни, уларда баъзи маҳсулот ва хизматлар учун қўшимча бепул совғалар тақдим этилиши йўлга қўйилган. Улардаги бепул деган ёзув кўпчилик харидорларни ўзига жалб этади. Кўзига чиройли кўринган буюмга эга бўлиш мақсадида айримлар кераксиз бўлган бир нечта маҳсулотларни сотиб олишдан ўзларини тия олмайдилар.
Ушбу акция дастлаб XIX асрда Нью‑Йорк шаҳрида йўлга қўйилган. Бауэри кўнгилочар мавзесига ташриф буюрувчиларга агарда кўп миқдорда ичимлик сотиб олсалар, бепул иккинчи тушлик берилиши маълум қилинган. Тадбир ўз натижасини берган ва ушбу усул тезда оммалашган.
Рақамлар мўъжизаси
Кўпчилик харидорларни чув тушириш учун “сеҳрли” рақамлардан ҳам фойдаланишади. Айрим маҳсулотларга нарх тўғридан‑тўғри белгиланмасдан, бироз арзонроқ қилиб ёзиб қўйилади. Масалан, 10 минг сўмлик маҳсулот 9990 сўм нархланади.
Истеъмолчиларни нархлардаги энг сўнгги рақам ўзига жалб этади. Масалан, 9999 сўмни кўпчиликнинг онги ўн минг сўм эмас, балки 9000 сўмгача яхлитлаб қабул қилиши мумкин. Мутахассислар буни нархнинг энг аввалида турган рақам катта таъсир кучига эга эканлиги билан изоҳлашади. Marketing Bulletin нашри берган маълумотга кўра, 60 фоиз ҳолатда маҳсулотлар баҳоси 9 рақами билан тугалланар экан. 30 фоиз маҳсулотлар нархи эса 5 сони билан тугалланган.
«Улгуржи харид» қоидаси
Савдогарларнинг навбатдаги айёрлиги «арзон» нархга кўп маҳсулот сотиб олиш ҳақидаги эълонда кўриш мумкин. «Бор-йўғи 8900 сўмга 3 қути чой сотиб олинг» деган мазмундаги эълонларга кўзингиз тушса, алданишдан эҳтиёт бўлинг. Бу ўринда улгуржи харид арзонга тушади, мазмунида шаклланган қоидалар ишга тушади. Аслида назар ташласангиз, чойнинг баҳоси 3000 сўмдан бўлиши мумкин. Бунда пулни тежашнинг энг мақбул йўли маҳсулотни доналаб сотиш олиш.

«Беминнат» аравачалар
Кино ва сериал қаҳрамонлари дўконга тушса, кўпинча аравачани маҳсулотга тўлдириб ташлашади. Бу каби тасвирларга ҳавас билан қарамаган киши бўлмаса керак. Шунинг учундир, кўпчилик супермаркетларда аравача олиб юриш шарт деб қабул қилинган. Демак, супермаркет ва дўкон эгалари сизни нима мақсадда бу ерга кирганингизни яхши билишади. Бироқ шундай бўлса ҳам одам иштаҳасини қўзғовчи, ҳушбўй ҳид таратувчи нон маҳсулотларини кўпинча кираверишга жойлаштирашади. Кўп истеъмол қилинувчи сут ва бошқа маҳсулотлар эса энг узоқ бурчакни эгаллайди. У ерга боргунча эса аравачангизни анча-мунча режалаштирилмаган харидлар билан тўлдириб улгурасиз.
Кўпгина савдо дўконларида ҳаракат атайин ўнг томондан амалга оширилади. Бу ҳол бизнинг йўл ва кўчаларнинг ўн томонидан юришга одатланганимиз билан боғлиқ. Шу боис ўнг томондаги расталар кўплаб маҳсулотлар билан безатиб қўйилади. Энг кўп омад келтирувчи бурчак эса, шубҳасиз, касса ёнида бўлади. Пул тўлаш учун навбат кутаётган вақтда касса олдига териб қўйилган сақич, шоколад ёки ширинликларни эрмак учун ҳам сотиб олишингиз мумкин.
Бепул татиб кўриш ва мусиқий "қармоқ"
Савдо тармоқларида сизга бирор маҳсулотни мутлақо бепул татиб кўришни тавсия қилишса, эҳтиёткор бўлинг. Бу билан сизга кераксиз бирор нарсани беихтиёр сотиб олганингизни билмай қолишингиз мумкин.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, харидорлар оҳиста мусиқа садолари остида секинроқ ҳаракатланиб, кўпроқ харажат қилар экан. Шунингдек, мумтоз наволар қимматроқ маҳсулот сотиб олишга таъсир кўрсатади.
Дисконт карталар
Бугунги кунда деярли барча супермаркет, йирик дўконларда дисконт карталар хизмати йўлга қўйилган. Бундай карталар муайян миқдордан ошириб савдо қилган кишилар учун берилиб, келгусида маълум фоиз чегирмалар таклиф қилинади. Кўпчилик 5-10 фоиз чегирма учун фақатгина битта супермаркетга қатнашади.

Санжар Рустамов

Комментариев нет:

Отправить комментарий