Меню

пятница, 10 января 2014 г.

Дангасалик аломатими дейман.....




Охирги вақтда жуда безор қилган блог нимаю, мақола нима мазмунидаги «сеникимас, меники тўғри»лар.

Уйқучиман. Талабаликдан мерос. Дарсларда ҳам кўпинча ухлаб қолардим. Факультетимиз олдида сотиладиган сомса тушликдан кейин уйқу чақирарди. Тушликдан кейинги битта парада ухлаб олмасам
бўлмасди.

Ухлаш учун ҳам дарс танлардим. Масалан, инглиз тилида ухлаб бўлмасди. Уйқу, бу сафар ўзим чақирсам ҳам, келмасди. Тилга қизиққаним туфайлидир, балки.

Менимча, блог ва мақола ўртасидаги фарқ ҳақида ўтилаётган дарсда ҳам ухлаб қолган бўлсам керак. Эслолмайман бу ҳақдаги лекцияни. Ёки бизнинг давримизда журналистика блоггача етиб келмаганмиди, ишқилиб-да.

Биз фақат мақола ёзардик. Эҳтиёж ҳам йўқ эди-да, блогга. Мен, масалан, твиттерга кўп нарса ёзмаслик учун блогга эҳтиёж сеза бошлаганман. Блогни шу сабаб очганман.

Блогпост ёзавериб, орада блог ҳақида интернетдан ўргандим.

Билдимки, блог мен учун яралган. Мақоладан биринчи фарқи унинг шаклида. Камроқ. Демак, менбоп. Қисқа матнларни севаман. Ва албатта охиригача ўқийман.

Мақола кўпроқ тадқиқ қилинган, ўрганилган масалаларни қамраб олиб, факт ва рақамларга асосланганлиги учун ҳам уни ёзиш учун журналистик маҳорат керак. Кейин ҳар бир соҳани сиз ўз ўқувчингизга қизиқарли қилиб етказишга мажбурсиз. Бу сизга ёқадими, йўқми, шундай.

Блог мақола ёзишдан кўра осонроқ. Мавзуни ўзингиз танлаб, истаган услубингизда ёзаверасиз. Табиатан норасмий услубга эга бўлганлиги учун бугун ҳамма блог ёза олади. Сўзларнинг грамматик тартиби ҳам биринчи планда эмас. Одамлар шу сабабли блогларни қизиқиб ўқишади. Тушуниш ҳам осон. Ундан кейин интернетнинг оммалашиши ҳам блогларга бўлган эҳтиёжни оширди.

Лекин, бу ҳамма блоглар ҳам нопрессионал ёзилади дегани эмас. Профессионал ёзилган блогларларни айрим муҳаррирлар газеталарга мақола сифатида ҳам қўядилар ва кўпчилик материалнинг мақола эканлигига ҳам қўшиладилар. Бу энди газета ёки интернет нашрнинг форматига боғлиқ.

Блог ёзиш учун малакали журналист бўлиши шарт эмас. Блог ўқувчилари одатда , газетадаги “учлари қирра” адабий ибораларга тўла матндан кўра, норасмий, эркин услубда ёзилган матнни афзал билишади.

Энг ёқимлиси, блог ёзиш учун эрталаб 09-00да ишга келиш шарт эмас. Уйда майкада ўтириб ҳам ёзса бўлади. Баъзилар ақлли дангасалар иши ҳам дейишади. Дангасалик ҳақидаги қисми мен ҳақимда, чунки иккинчи абзацдан бери уйқу босади. .

Санжар Ризаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий