Меню

среда, 15 января 2014 г.

Шунакасиям боб туради...





Тошкент метрополитени тарихи билан унча қизиқмаганман-у, лекин дадамнинг айтишича, Тошкент метроси шаҳсан Шароф Рашидовнинг ташаббуси билан қурилиб ишга туширилган экан. Шароф Рашидов шахсиятига алоҳида тўхталиш шарт бўлмаса керак. Бунга хоҳишим ҳам йўқ.

Ҳуллас, ҳозирги кунда жуда кўп ҳамшаҳарларимизни оғирини енгил, узоғини яқин қилаётган Тошкент метросига раҳмат. Уни
бунёд этганларни, уни тепасида 70-йилларда бош қош бўлганларни дуо қилиб метрода юраверайлик.

Шу бугундан бошлаб мен энг ёмон курадиган тоифа инсонларим рейтингида ўзгариш. Тошкентимизни киракашлари, ўз "меҳнат"лари туфайли бу рейтингни шоҳсупасига кўтарилишди. Менимча, анча туришса керак. Бу касб эгаларида, яъни киракашларда инсон ҳарактерига мос бўлган ва жуда кўпчиликка ёқмайдиган жуда кўп жиҳатлар бор. Безбетлик, ёлғон, ҳурматсизлик, иккиюзламачилик, (товламачилариям бор), ҳуллас, ҳаммасидан бор. "ТАХI-FAVORIT", "TAXI-LUX" каби бир нечта ҳусусий фирмаларга тегишли такси ҳайдовчилари бундан мустасно. Улар айтган жойингизга, истаганингиздек, беминнат ва вақтида обориб қўйишади. Шунчаки, қиммат демасангиз, албатта. Бундай такси ҳизматларидан фойдаланадиган контент камлигини инобатга олиб, кўпчилик инсонлар мурожаат қиладиган кўчадаги киракашлар ҳақида гаплашамиз.




Сиз, биз таксига кўп ҳолларда нима учун чиқамиз? Борадиган жойимизга, ишга, учрашувга, тезроқ етиб олиш учун. Шошаётганимиз учун, тўғрими? Лекин сизни шошаётганингиз, тезроқ етиб олиш истагингиз рулдаги киракашни умуман қизиқтирмаса додингизни кимга айтасиз? Ҳозир шунақа. Ҳозирги замонавий киракашларни сизни муаммоингиз, истагингиз қизиқтирмайди. Уларни фақат сизнинг чўнтагингиздан уларнинг чўнтагига тушадиган пул қизиқтиради. Шунинг учун, акам, укам, опам, синглим маслахат: Метрода юринг!

Мен, айни пайтда фақат ўзимдан келиб чиқиб бу гапларни айтаяпман. Балки, қўшилмассиз. Лекин сўнгги ҳафта ичида, мен кўча таксиларида бошдан кечирган айрим саргузаштларимни эсласам, асабларим чиқиб кетади. Отам ёшлигимдан уқтирарди: "Ҳеч қачон ўзингдан катта инсон билан гап талашма, уришма. Ноҳақ бўлсаям, сизниқи маъқул, сиз ҳақсиз деб туравер" деб...Эҳ, ота...сиз пайтингизда одамлар юмшоқ феълли, ҳурмат, иззат деган тушунчалар қадрланарди...сиз пайтингизда киракашлар бошқача эди дегим келади.

Мен ўзим яшайдиган уй яхши жойда жойлашган. Кўча тили билан айтганда "центр жойлар" (Жаа центр бумасаям, центрроқ) "Фарҳод" бозори тарафда. Уйимдан бир бекат пастроқда тўғри ишҳонамни олдигача қатнайдиган "маршруткалар" бор. 800 сўм. Лекин эрталаб, бу маршрутка чиқиш учун шунақанги сабр матонатли бўлишингиз керакки, о хўўў...Ур, йиқит, тўполон, "мен биринчи чиқаман".... Ҳуллас, менга тўғри келмади. Тўғрироғи, бунақа тўполонга сабрим чидамайди.

Тўрт бекат юрсам уйимдан (10 дақиқалик йўл) Чилонзор метроси. Чилонзордан "Пахтакор" бекатигача 10 дақиқалик йўл. Чамалаб кўрсам, 25 узоғи 30 минутда метрода ишхонамга етиб келаман. Йўқ, мен аҳмоқ такси тўхтатаман. Уйдан 8:30 да чиқиш ўрнига 8:40 да чиқаман. Қиш қурсин. Дангасалик қурсин.

Душанба, соат 8:35 да уйдан чиқдим. Бир ҳаёлим метрода кетай дедим. Йўқ, ҳафтани боши, ишга вақтлироқ борақолай деб такси тўхтатдим. Ташқари қор. Йўллар яхлаган.

- Ассалому Алейкум. "Пахтакор" метросигача.
- Гап йўқ, қанча берасан
- 4 минг
- Э, минг сўм қўш, кетдик.
- Ока, 4 минг яхши нарх
- Э ука, йўллар яхлаган, кўрвоссану.."нормальний нарх" 5 минг.
- Ҳуллас, майли, совуқда турмай деб, орқа ўриндиққа ўтирдим. Олди ўриндиқда, ёши каттароқ бир киши ўтирганди.

Қўзғалдик. Хаёл суриб, ойнадан қорларга қараб кетяпман. Бу йил ҳисобдан биринчи ҳақиқий қор. Бир пайт "Беш-ёғоч" тарафда, чапга бурилишимиз керак. "Киракаш" эса ўнгга қараб кетди.
-"Ока, ўнггамас, чапга бурилишимиз керак эди?!
-"Укам, манави окани шундоқ ташлаб қўяйлик, узоқ эмас, икки дақиқалик йўл.
Индамадим, сўнги жумла бироз енгил торттирди: "Икки дақиқалик йўл"

Икки дақиқа ўтди. "Ока"ни манзилидан дарак йўқ. Ҳуллас, эски "театральный институт" борку, ўша ерга ташладик "ока"ни.  Соатим 9.02. Ўша ердан қайтиб, яна "Беш-ёғоч" йўли, кейин "Пахтакор"..хуллас, 9:16 да ишхонага кириб келдим. Хайрият, ишхонамизни шундоқ дарвозасигача ташлаб қўйди. Таксига чиққанимдан кейин, ишхонамга 35 дақиқада етиб келдим. Ёши катта одам эди, сўкмадим, индамадим. Жаҳлим бурнимни учида турган бўлсаям. Э, аҳмоқ..метрода келсанг булмасмиди дедим ўзимга?!

Сешанба. Кўча яна қор. Яна 8:40 да чиқдим.
Яна ўша гап, 4 минг, 5 минг, "укам", "окам".....Таксини олди ўриндиғига чиқдим.
100 метр юрмасдан бир чамаси 20 ёшлардаги йигит қўлини кўтариб турганди, тўхтадик.
- Ока, "Ойбек" метро, 5 минг.
- Ўтир
- Йигитча орқа ўриндиққа жойлашди.

Ҳар доимги йўл билан кетаяпмиз, "Дружба"дан ўтиб, "Уз Боулинг"га яқинлашганимизда орқада ўтирган йигит сўради.
-"Ока қаёққа кетвоммиз?.
- "Пахтакор"га, деди пинагини бузмай, "киракаш"
- Ие, "Какой "Пахтакор"? Ман "Ойбек" метрога боришим керак. Мани қаерда айлантириб юрибсиз, унақамасде ока??
- Булди, асабийлашманг, шундо бу кишини "Пахтакор"га ташаймиз, кейин сизни ташлаб қўяман.. 5 минут, вой бўў (Одолжения қилиб қўйди киракаш).
- Э ока, шуни этмийсизми, чиқвотганимда, чиқмасдим мошинезга, ман кечга қоляпман...

Ҳудди шу ҳолатга, бир кун олдин ўзим тушгандим. Орқада ўтириб келаётган йигитни ўрнида кеча мен эдим. Лекин мен, кеча гапиролмадим киракашга. Орқада ўтирган йигит ҳар қанча ҳақ бўлсада, мен индамай олдида ўтириб кетавердим. Кеча мен ҳам шунақа гапирмайманми? Нега индамадим?

"Консерватория"ни ёнидан ишҳонам тарафга бурилганимизда, орқада ўтирган йигит энди чинакамига сўка бошлади.

- Э окаааа, нима қивоссиз, қатга кетвоссиз??? Инсоф борми?
- "Маладец" дедим ичимда...
Тушиб кетаётганда, "ээ оғайни бало борми, таксида, метрода юр!" дедим.

Икки кун кетма-кет бир хил тоифадаги киракашларни кўрдим. Шошаётганингиз асло қизиқтирмайдиган, яна камига "одолжения" қилиб қўядиган замонавий "киракашлар"ни.
Чоршанба куни ҳайрият, вақтлироқ чиқдим уйдан. Метрогача 1500 сўм таксида, бу ёғига метрода...Ҳуллас, ҳақиқатда 25 дақиқада ишхонада эдим. Бўларкан-у!!!!

Пайшанба...яъни бугун. Яна эски касал.
-Ока, "Пахтакор"га 4 минг.
Бу сафар "киракаш" негадир нарх талашмади..
Ҳа, бугун инсофлироқ киракашга йўлиқдимми, деб қўйдим ичимда.
200 метр масофадан кейин, яна бир ёш йигитча қўлини кўтарди. Ўтирди. Чорсуга қараб кетдик..

- "Чорсу орқали кетамиз" деди киракаш, индамадим..кечаги ва ўтган кундаги вазиятларни эсга олиб, "Ээээ нима бўлса бўлди, кечга қолсам кечга қолай, бошқа умуман таксига ўтирмайман деб", ўзимга ўзим сўз бердим.

Ишга яна 10 дақиқа кечикиб келдим.
Мен ҳамма киракашларни айбламоқчи эмасман. Кўчада тирикчилик қилаётганларини орасида, инсофлилари, иймонлилари бор, бунга шубҳам йўқ. Аммо, мен бу касб эгалари ҳақида ҳулоса қилиб бўлдим. Шу уч кун ичида эмас, сўнгги уч тўрт ой ичида кўп кузатдим, курдим. Энди, жуда керак бўлиб қолганда таксига чиқаман.

Эртадан метрода келаман. Шароф Рашидову, бошқаларга раҳмат айтиб, қулоққа "наушник"ни тақиб, метрода келаман. Пулим ҳам, энг асосийси асабим ҳам ўзимда қолади.
Таксига берадиган пулингизни пайнетга тўланг. Ҳам асабингизни асранг. Акам, опам, укам, синглим: Метрода юринг!



ПиСи: Айтадиган гапларим кўп эди-ю, лекин шу билан чегараландим. Ҳаммамизга инсоф берсин! Кейин блог, млог, блогпост деган нарсаларгаям унча тобим йўқ)) Айрим гапларим ёқмаган бўлса, узр сўрайман. Метрода юринг ҳуллас!))

Шерзод Ражабов

Комментариев нет:

Отправить комментарий