Меню

воскресенье, 19 января 2014 г.

Лекин миллат олдидаги, унинг келажаги олдидаги масъулият ҳар қандай демократик қадриятлардан устун турмоғи шарт

www.milliyburch.com


Яқинда e-adabiyot.uz сайтида “Моҳият” газетасининг 2003 йил 7 февраль сонида чоп этилган “Рост сўз эҳтиёжи” номли мақолани ўқиб қолдим. Қуйида ушбу мақоладан иқтибос келтирмоқчиман:

 “Кўпчилик ўтган йили “Давлат сирларини сақлаш” инспекциясининг тугатилишини матбуотнинг сўнгги йиллардаги энг катта ютуғи деб баҳолади. Аслида ҳам бу ўзгариш матбуот учун оламшумул ҳодиса эди. Лекин бу
ҳодиса қанчалик кутилмаганда содир бўлган бўлса, шунчалик кутилган натижаларни берди. Чунки энди “чўмич” ўзида қолган муҳтарам Бош муҳаррирларимизни столдан ажралиб қолиш туйғуси таъқиб қила бошлади. Аслида бу қўрқувнинг ҳам асоси йўқ эмас эди. Натижада, шакллар ўзгарди, мазмун эса эски либосида қолаверди.

Тўғри, бугунги матбуотнинг нуқсонларига фақатгина Бош муҳаррирларнинг журъатсизлиги сабаб, дейиш адолатдан эмас. Чунки бугун мутлақо ўзига хос фикр айта оладиган, янгича мулоҳазаларни ўртага ташлайдиган ижодкорларимиз жуда кам. Борлари ҳам негадир ўзларини “сақлаяптилар”. Албатта, бу ҳолнинг ҳам ўз сабаблари бор. Масалан, дейлик, мен халқ таълимига тегишли бирор муаммони кўтариб чиқмоқчи бўлдим. Мақолани бошлашдан олдин ўйлайман: шу билан нима ўзгаради? Ростдан ҳам шу ҳаракатларимдан бирор натижа чиқадими? Мана менинг цензурам! Чунки бутун амалиёт шуни кўрсатяптики, онда-сонда бўлса-да, матбуотда кўтарилаётган муамолар ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Аксинча, муаммо бир чеккада қолиб, шу масалани кўтариб чиққан мухбирнинг бошида калтак синади”.

Тўғриси, мақола бошдан-оёқ ана шу руҳдаги фикр-мулоҳазалардан ташкил топган. Муаллифнинг бу борадаги журъатини кўриб, беихтиёр “тасанно” деб юборасан киши.

Дарҳақиқат, тасанно! Ҳақ гаплар айтилибди.

Ҳамма бало шундаки, бу гаплар гапирилганига ўн йилдан ошганига қарамай, ўша муаммолар ҳалигача ўз ечимини топмади. Билъакс, янада урчиб бормоқда.

Бу – матбуотнинг айбими ёки “сариқ матбуот”нинг кучи шу қадар ортиб кетганиданми? Балки айб ана шу хусусий ОАВларнинг бадиий кенгашларидадир?!

Тўғри, инсон тафаккурини, унинг танлаш ҳуқуқини чеклаш керак эмас. Лекин, бу дегани – хусусий ОАВда исталган сўзингни сўзлаб, исталган куйингга рақсга тушишга ҳақлисан, дегани эмас-ку. Бундай савиясизликнинг чегараси бўлиши керак-ку, ахир!

Бугун хусусий телерадиоканалларни кўраётган, тинглаётган халқимизга “пистани қандай чақиш”ни ўргатаётганлар ёқади, деб ўйлайсизми? Ёки ғарб цивилизациясининг илғор ютуқларини жорий этмоқдамиз, дея таназзулга юз тутиб бораётган “оммавий маданият”ни зўрма-зўраки тиқиштираётган такасалтангларнинг ёпишмаган қилиқлари ўрнак олишга арзийдими?!

Қўшиқларда оҳанг бору, сўз йўқ! Сўзларда товуш бору, маъно йўқ. Рақсларда ҳаракат бору, ҳаё йўқ!

Киноларда лавҳа бору, сюжет йўқ. Диалогларда сўзлашиш бору, мақсад йўқ. Персонажларда қаҳрамон бору, шахс йўқ!

Кассабоп дея яна қандай ёт ғояларни маданий ҳаётимизга сингдиришимиз керак? Тўйбоп дея яна қандай оҳангларга беўхшов йўрғалашимиз лозим? Қофиядош деб яна нима алмойи-алжойи гапларни гапирамиз? Фикр деб яна қандай алаҳсирашларга кўникишимиз керак?!!

Яна такрорлаб айтаман, мен цензура тарафдори эмасман. Лекин миллат олдидаги, унинг келажаги олдидаги масъулият ҳар қандай демократик қадриятлардан устун турмоғи шарт. Акс ҳолда, нафақат бугунги авлод, балки бутун бошли миллат бой берилиши мумкин…

P.S. Танқид қиламизу, лекин ундан фойда бўлмаса, нима қилмоқ керак? Энг муҳими виждон уйғоқ бўлсин. Бугунги масъулиятсиз ҳаракатлар туфайли юзлаб-минглаб инсонлар тўғри йўлдан адашаётганини бир бора бўлса ҳам ҳис қилиб кўришдан оғринмайлик. Ўзлигимиздан айрилмайлик. Мард бўлайлик…

Дилшод Абдуазизов.

1 комментарий: