Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов мамлакат футболи раҳбариятидан ўзини истеъфога чиқаришларини сўрайди. Мураббий бу ҳақда Иордания миллий терма жамоасига қарши 10 сентябрь куни ўтказилган ўйиндан сўнг маълум қилди, деяхабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати.
Шундай қилиб, маълум муддат мундиал баҳсларига чиқишга жуда ҳам яқин келган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш баҳсларидаги иштирокини якунлади. “Мухлислардан узр сўрайман, футболчиларга эса раҳмат айтаман – уларга ҳеч қандай эътироз йўқ», – деди Қосимов ўйиндан сўнг.
«Жаҳон чемпионатига чиқишни истаган эдик. Аммо, вазифа бажарилмади. Барча айбни ўз бўйнимга олган ҳолда истеъфо сўрайман. Жамоага янги қон керак», – дея қўшимча қилди Қосимов. Ўзбекистон футболи раҳбарияти Қосимовнинг бу фикрига қандай муносабат билдиргани ҳозирча номаълум.
Қайд этиш жоиз, Миржалол Қосимов 2012 йилнинг июнь ойида, Вадим Абрамов қўл остидаги миллий терма ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичини Эронга қарши ўз майдонидаги мағлубият билан бошлаганидан сўнг, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган эди. Ўтган давр мобайнида миллий терма жамоа унинг қўл остида 4-саралаш босқичида бир қатор муҳим ғалабаларни қўлга киритди, Жанубий Кореяга қарши сафар учрашувида йўқотилган уч очко терма жамоанинг ЖЧ-2014 финал босқичига тўғридан-тўғри чиқишига халал берди.
Қосимов бундан аввал ҳам терма жамоада фаолият олиб борган (2008 йил сентябрдан 2010 йил мартига қадар), бироқ муваффақиятсиз натижалар сабаб истеъфога чиқишга мажбур бўлганди. Ўшанда уни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов алмаштирган эди. Вадим Абрамов қўл остида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2011 йилги Осиё Кубогида ўз тарихида илк бор мусобақа ярим финалига қадар етиб боришга муваффақ бўлганди.
kun.uz
Комментариев нет:
Отправить комментарий