Меню

пятница, 13 сентября 2013 г.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси раиси «Иегов шоҳидлари» раҳбарларини қабул қилди




Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасида «Иегов шоҳидлари» диний ташкилотининг Европа уюшмаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Қўмита ахборот хизмати хабарига кўра, 11 сентябрь куни диний ташкилот вакиллари – Лука Тоффоли ва Арно Тюнглерни қўмита раиси Ортиқбек Юсупов қабул қилган.
Лука Тоффоли ўз ташкилоти номидан БМТ, ЕХҲТ, ЕвроИттифоқ ва бошқа баъзи халқаро ташкилотлар раҳбарлари номига мактуб йўлланганлиги ва унда бугунги кунда Ўзбекистонда «Иегов шоҳидлари» диний ташкилотига ҳам барча бошқа ташкилотлар каби зарур шарт-шароитлар яратилгани таъкидлаб ўтди. Тоффоли, шунингдек, ўз ташкилотининг расмий веб-сайти орқали интернет саҳифаларида Ўзбекистондаги «Иегов шоҳидлари» вакиллари хусусида берилаётган эски маълумотларни олиб ташлаб, янги маълумотлар киритилганлигини ҳам маълум қилди.
Лука Тоффоли Ўзбекистонда диний соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришларга «Иегов шоҳидлари» вакиллари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимлигини қайд этган ҳолда, уларни
амалдаги қонунчилик нормалари билан таништириш орқали қонун бузилишларининг олдини олиш мумкинлигини таъкидлади. «Иегов шоҳидлари» диний ташкилоти раҳбарлари томонидан мавжуд салбий ҳолатга барҳам бериш, диний ташкилотнинг барча фаолиятини унинг ҳуқуқий манзилидагина ўтказиш бўйича фикрлар билдирилди.
Шу ўринда Ортиқбек Юсупов Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келаётган диний ташкилотлар учун, уларнинг катта-кичиклиги, ислом ёки христиан бўлишидан қатъий назар, қонун ҳамма учун баробар эканлигини таъкидлади. Қўмита раҳбари ҳозирги кунда Ўзбекистонда 200га яқин ноисломий диний ташкилотларининг эмин-эркин фаолият олиб бораётганликлари ва улар томонидан ҳеч қандай шикоятлар ёки қонун бузилишлари бўлмаётганлигини мисол қилиб келтирди.
Ортиқбек Юсупов меҳмонларга Дин ишлари бўйича қўмитадаги ушбу учрашув бундан кейинги мулоқотларга йўл очиши ҳамда «Иегов шоҳидлари» диний ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолиятини тартибга солишда ўз ижобий натижасини беришига умид қилиб қолишини билдириб қолди.
«Иегов шоҳидлари» – халқаро диний ташкилот бўлиб, диншунослар унинг айнан қайси оқимга алоқадор эканлиги борасида бир фикр билдира олмайдилар (баъзилар унинг христианликнинг протестантизм йўналишида эканлигини айтади, бироқ иеговларнинг ўзлари буни рад этишади). Шунингдек, диншуносларнинг бошқа бир гуруҳи «Иегов шоҳидлари»ни секта деб баҳолайди.
Ташкилотнинг 2012 йилги ҳисоб-китобларига кўра, эътиқод қилувчилар сони дунё бўйича 7,7 миллиондан кўпроқни ташкил этган. Ташкилот фаолияти Хитой, Шимолий Корея, Туркманистон, Тожикистон, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ ва бошқа бир қатор мамлакатларда тақиқланган.

Комментариев нет:

Отправить комментарий