Меню

среда, 4 сентября 2013 г.

Нима сабабдан ЎХҲ сиёсий куч сифатида ўз мавқеини йўқотди?


Абдужалил Бойматов
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти

2011 йилнинг 18 ноябрь куни "Андижон-Адолат ва Тикланиш” ташкилоти ЎХҲи муассислар аъзолигидан чиққанлигини эълон қилди. 

Иқтибос:-”Ташкилотнинг сиёсий доирадаги қилинган ишлари сарҳисоб қилиниши натижасида, "Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилотининг "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”да олиб борган фаолиятини қониқарсиз деб баҳоланди ва бу олиб борилган фаолият ташкилотнинг мақсад ва вазифаларига муносиб олиб борилмаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Умумий Мажлис шу кундан бошлаб "Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” даги фаолиятини тўхтатади, дея қарор қабул қилди».Иктибос тугади.[1]
 Тўғрисини айтганда, бу хабар мен учун кутилмаган бўлиб чиқмади, лекин мени ажаблантирди. Кутилмагани шундан иборатки, ЎХҲи сентябрь ойида дунёнинг 6 мамлакатида: Туркия(Истанбул), Швеция(Стокгольм), Чехия (Прага), Норвегия (Осло), АҚШ (Аризона штати), Канадада (Ванкувер)намойишлар уюштирган эди.[2,3] Бу намойишларда камида 400 киши қатнашган эди. Айниқса, АҚШда 2сентябрда бўлиб ўтган норозилик намойишида камида 250 киши қатнашган эди.[3]  8 ва 28 сентябрдаАҚШнинг Нью Йорк шаҳрида бўлиб ўтган намойишда ЎХҲи ва Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотининг Форуми билан биргаликда ўтказилган намойишда Ўзбекистондаги болалар меҳнати кенг микёсдақўлланиши сабабли Ўзбекистон диктатори Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова модалар уйи кўргазмасида қатнашишдан маҳрум бўлган эди.[4,5,6] ЎХҲи тузилгандан кейин 1-марта бу йил Ўзбекистон диктатори Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан қамоқдаги маҳбусларга нисбатан кутилган амнистия эълон қилинмади. Кутилмаганда 24-сентябрь куни Россиянинг Иваново шаҳрида ЎХҲининг Россия бўлими раҳбари Фуад Рустамхўжаевўлдирилди[7]. ЎХҲи  Фуад Рустамхўжаевнинг ўлимида Ўзбекистон Махсус Хизматларини айблади [8]. Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилиши муносабати билан ЎХҲи 29-сентябрь куни Туркиянинг Истанбулшаҳрида норозилик намойиши ўтказди [9]. Шу намойишдан кейин ЎХҲининг сиёсий активлигиниҳоятда сустлашди, норозилик акциялари ўтказишни бутунлай тўхтатиб қўйди. Eurasianet.org нашрида журналист Кэтрин Фицпатрик ЎХҲининг сиёсий фаолиятининг сустлашганини сабаб қилиб ФуадРустамхўжаевнингўлдирилиши билан боғлади [10].
Мени ажаблантирган нарса шу бўлдики, ЎХҲи сафидан ААТ ташкилотининг тарк этиши бу ҳаракатда сиёсий келишмовчиликлар натижасида рўй берган деб ўйладим, лекин ААТ (ташкилотнинг баёнотибўйича 16 ноябрдан бери Адолат ва Тикланиш деб номи ўзгартирилган) Илҳомжон Исмоилов АТнингЎХҲидан чиқиши сабабини қуйидагича изоҳлади:

Иқтибос:-”Авваламбор сиëсий масалага жиддий ëндашаëтганда, биз қилаëтган ҳаракат авваламбор юртимиздаги дўстларимизда ëки ҳамюртларимизда бир хотиржамлик ҳосил қилиш керак. Шунинг учун аслида бизнинг қилаëтган сиëсатда бугун шунақа эътирозлар кўпайдики, ҳамюртларимизда келажакда навбатдаги қанақадир бошқа юртларда бўлаëтган муносабатлар бўлиб кетишлик хавф-хатари кучайиб кетиб муносабат, мулоқотларда улардаги безовталикларни ҳис қилдик. Шу ишга нисбатан бизнинг олиб бораëтган сиëсат таъсир қилаëтганлигини инобатга олдик¸ биринчиси.

Иккинчиси, бу ишларнинг ҳаракатига киришилгандан кейин ўзига хос тадбирлар, ўзига хос сарф-харажатлар бўладики, биз олдимизга қўйилган мақсадларга бу ҳаракатимиз фойда беради¸ деб ўйлаган эдик. Лекин акси бўлиб кўринганлиги учун охирги ҳисоботларимизда ўзимизнинг мақсад, аввалда бошлаб қўйган ишларимизнинг бугунги кўрсаткичлари кескин бўлиб кетганлиги, ижобий эмас¸ салбий томонга ўзгариб кетганлигини кўриб туриб, биз шу масалада нотўғри бир муносабат нимасига кириб қолганлигимизни қанчадир белгиладикда ва шу сиëсатни бугун давом эттиришлик навбатдаги аянчли ҳолатга олиб келиб қўйишлиги мумкинлигини¸ биз билан боғлиқ бўлган одамлар, бундан ташқари юртимизда яна халқлар норозилигига сабаб бўлиб қолиши мумкин бўлган нарсаларни ҳис қилдик”.
Иқтибос тугади[11].

ЎХҲмуассислар кенгаши қуйидагича муносабат билдирди:
Иқтибос:-”Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти бугун тарқатган баёнотида ташкилотнинг "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”да олиб борган фаолиятини қониқарсиз, деб баҳолабди. Албатта, ўз фаолиятига танқидий ёндошув яхши нарса, фақат хатони тузатиш учун ЎХҲ даги фаолиятни тўхтатиш эмас, уни янада кучайтириш керак эди. Аммо бу хам бир ҳақ: ЎХҲ низомига кўра ҳаракатга шахсларнинг ва ташкилотларнинг аъзолиги ва аъзолик фаолиятини тўхтатиши ихтиёрийдир”.Иқтибос тугади [12].

19 ноябрь куни ЎХҲи муассислар кенгашининг аъзоси Мухаммасолиҳ Абутов ЎХҲ муассислар кенгашида ҳеч қандай сиёсий жанжаллар, келишмовчиликлар бўлмаганлиги ҳақида аниқлик киритди.(аммо лекин кейинчалик Абутов хам тарк этди у ташкилотни)

Иқтибос:-”Мени Андижон Адолат ва Тикланиш ташкилотини Муассислар Мажлисига билдирмасдан ЎХҲдан чиққанини дабдурустдан эълон қилиши ҳайрон қолдирди. Аслида уларни бу тартибда чиқишлари Низомга хилоф ишдир. Хўп, гап бундаям эмас. Мен уларни кўпчилигини таниман. Ҳаммаси намозхон одобли, муомилали йигитлардир. Ўзаро дўстлик муносабатларимиз бор эди”. Иқтибос тугади[13].

ЎХҲидан АТнинг чиқиб кетиши ЎХҲининг сиёсий куч сифатида ўз мавқеини йўқотишига олиб келди.Ўз-ўзидан шундай савол туғилади.ЎХҲининг сиёсий мавқеини йўқотишида ким айбдор? Ислом Каримов режимининг охирги икки уч ой давомида ЎХҲига ўтказган репрессияларими, ЎХҲинингмуассислар кенгаши аъзолари ўртасида келишмовчиликларми ёки АТ ташкилоти айбдорми?

  Ўзбекистон Демократик Форуми раиси Исмоил Дадажоновнинг айтиши бўйича, у ЎХҲинингмуассислар кенгашига аъзо бўлгандан кейин Исмоил Дадажоновнинг Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридаяшайдиган акасига нисбатан Ислом Каримов режими томонидан босим ўтказилган. Бу босим шундан иборат бўлганки, Исмоил Дадажонов ЎХҲида ўз сиёсий фаолиятини тўҳтатмаса, унинг акасининг оиласига нисбатан кўп муаммолар пайдо бўлиши билан таҳдид қилинган. Бу таҳдидларга нисбатан Исмоил Дадажоновнинг акаси:-”Мен 75 ёшдаман, укам Исмоил Дадажонов 60 ёшда, бу дегани укам сиёсий онгли, шу сабабли укамга ақл ўргатиш мен учун ўринли эмас, мен ўзимга буни эп кўрмайман"-деб жавоб берган. Ҳаммага маълумки, Исмоил Дадажоновнинг оиласига нисбатан кўп тазйиқларгақарамасдан курашни давом эттирмокда.  ”ЭРК” партияси раиси Мухаммад Солиҳ тўғрисида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Мухаммад Солиҳ Ислом Каримов режими томонидан сохта айблар билан 15,5 йил қамоққа ҳукм қилинганига қарамасдан, уч ака-укасининг ҳам сохта айблар билан қамалганигақарамасдан (2011 йилнинг 12 март куни бир укаси Рашид Бекжон қамоқдан озод қилинди)[13] марданавор курашмоқда.

АТ ташкилотига келсак, бу ташкилот ЎХҲига муассислардан бири сифатида аъзо бўлгандан бери Ислом Каримов режими томонидан бу ташкилотнинг Ўзбекистон ташқариси ва ичкарисидаги  аъзоларига, уларнинг Ўзбекистон ташқарисида ва Ўзбекистон ичкарисида  яшайдиган оила аъзоларига нисбатан қандай репрессиялар ўтказилганлиги тўғрисида мен интернет сайтларда ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида ёритилганлигини билмайман. Шу сабабли, АТ ташкилотининг ЎХҲидан чиқишининг ҳақиқий сабаблари ҳозиргача ярим қоронғулигича қолмоқда.

  Наҳотки АТ ташкилотининг раиси Нурилло Мақсудов АТнинг ЎХҲдан чиқиши ЎХҲининг сиёсий куч сифатида ўз мавқеинин йўкотишига олиб келишини тушунмаса, тушунса, АТнинг ЎХҲидан чиқишига олиб келган сабабларини кўрсатиши керак эди. Нурилло Мақсудов бу сабабларни кўрсатиш ўрнига бу сабаблар тўғрисида лом-мим демаяпти. Унинг ўрнига Илҳомжон Исмоилов ўта дипломатик ҳолатда силлиққина ҳақиқий важларнинг ўрнига гўёки Ислом Каримов режимининг репрессиялари сабаб бўлгандай кўрсатяпти. Нега Нурилло Мақсудов бу репрессиялар тўғрисида лом-мим демайди?! Нега  Нурилло Мақсудов бу репрессиялар тўғрисида ЎХҲи муассислар кенгашида муҳокамага қўймаган, муҳокама қилиниб стратегия ишлаб чиқилмаган. Афсуски, ҳанузгача бу саволларга жавоблар йўқ.

   Шуни эслатиш лозимки, ААТ аъзолари 2005 йилнинг 13 майида бўлиб ўтган намойишларда қатнашган бу ташкилотнинг баъзи аъзолари қуролланган бўлганлиги ва Ўзбекистон хукуматининг иддаоси бўйича улар Андижондаги турмага қуролли ҳужум қилиб, турмадаги маҳбусларни озод қилганлигини иддао қилган эди. Шу иддао асосида Ўзбекистон мухолифатининг кўп аъзолари Ислом Каримов режими томонидан қамоқхоналарга ташланган эди, қамалмаганларнинг кўплари ўз фаолиятини тўхтатишга ёки Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлишган эди.

  Афсуски, ўзбек мухолифатининг сиёсий куч сифатида ўз мавқеини йўқотиши 2005, 2011 йиллардан ташқари 1989-1992 йилларда ҳам рўй берган эди.

  1988 йилнинг 11 ноябрида ўзбек халқининг севимли шоири ва ҳофизи Дадахон Хасаннинг хонадонида илк мухолифат ташаббус гуруҳининг мажлиси бўлиб ўтгандан кейин 1989 йилнинг адашмасам 19 март Ленин майдонида (ҳозирги Мустақиллик майдони) ва 9 апрель Чуқурсойда бўлиб ўтган илк катта норозилик намойишлари ўтказган эди.

  Бу намойишларнинг ўтказилиши биланоқ, Ўзбекистон халқи мамлакатда янги сиёсий куч майдонга келганлигини кўрган эди. Айниқса,1989 йилнинг 28 майида  Бирлик халқ ҳаракатининг 1-таъсис қурултойи бўлиб ўтиши ва қурултойда Абдураҳим Пўлатовнинг раис этиб сайланиши Бирликнинг обрўсини жуда кўтариб юборган эди.

   Лекин, бу таъсис қурултойидан атиги 3 ой ўтмасдан туриб, ўзбек мухолифат аъзоларининг ва Ўзбекистон халқининг ҳафсаласини пир қилган бир нечта воқеалар бўлиб ўтди. 

  Биринчиси – адашмасам 1989 йилнинг10 сентябрида Ленин майдонида бўлиб ўтадиган оммавий намойиш Абдураҳим Пўлатов ва Бирликнинг бир неча ҳайъат аъзолари томонидан ўша пайтда яқиндагина 1989 йилнинг 23 июнида Ўзбекистон Компартиясининг биринчи секретари этиб тайинланган Ислом Каримовнинг ваъдасига ишониб намойишни тўхтатган эди. Ислом Каримов Абдураҳим Пўлатовга Бирлик уставини Компартия назоратидаги газеталарда чоп этиш ва келажакда Бирликни рўйхатга олиш ваъдасини бериб ишонтирган.

Иккинчиси- Мухаммад Солиҳ бошчилигидаги Дадахон Хасан, Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам, Усмон Азим ва бошқалар иборат гуруҳ Абдураҳим Пўлатовни раисликдан олиб ташлаш бўйича кампания бошлаб юборишган эди. Кейинчалик бу гуруҳ 1990 йилнинг 30 апрелида Бирлик халқ ҳаракатидан ажралиб чиқиб "ЭРК” демократик партиясини тузди. 

Бу партия Ўзбекистонда ҳозирда бизнинг биринчи мақсадимиз демократия учун кураш эмас, Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш биз учун энг муҳим деган иддао билан чиқди.
Абдураҳим Пўлатов эса биз учун мустақиллик эмас, демократия биринчи ўринда туради деб баёнот берди.

  Афсуски, ўша пайтда ўзбек мухолифати, Ўзбекистон фуқаролари Мухаммад Солиҳнинг Абдураҳим Пўлатовни Бирлик халқ ҳаракати раислигидан олиб ташлаш ҳаракатларини фитна сифатида баҳоламасдан, Бирлик раҳбариятида ўзаро келишмовчилик, ўзаро жанжал деб баҳолашди.

"ЭРК” демократик партияси ташкил топгандан кейин  фитна эмас, ғоявий келишмовчилик Бирлик халқ ҳаракатининг бўлиниб кетишига сабаб бўлди деб хаспўшлашга ҳаракат қилинган эди.

    Бирлик Халқ Ҳаракати 1989 йилнинг август-ноябрь ойлари мобайнида баъзи кунлари 25 мингтадан 50 минггача Ўзбекистон фуқароларини намойишга олиб чиқишга эришди. Лекин Мухаммад Солиҳ гуруҳининг фитнаси, Абдураҳим Пўлатовнинг 10 сентябрдаги катта намойишни бекор килиши ва ўша пайтдаги ўзбек халқининг сиёсий савияси етарли даражада эмаслигидан фойдаланиб, Ислом Каримов айёрлик билан Бирликни парчалашга ва сиёсий куч сифатида анча кучсизлантиришга муваффақ бўлди. Бирлик Халқ Ҳаракати образли қилиб айтганда қўлига қўнган бахт қушини учириб юборди. Ислом Каримов мустақилликкача ва мустақилликнинг дастлабки йилларида мухолифатни асосан айёрлик билан сиёсий кучсизлантирган бўлса, 1993 йиллардан бери ўзбек мухолифати ва фуқароларини шафқатсиз террор ва ёлғон ҳисобига қўрқувда ушлаб, сиёсий кучга айланишига йўл қўймаяпти. 
Абдураҳим Пўлатов, Мухаммад Солиҳ ва ўзбек мухолифатининг аксарият лидерлари ўзларининг 22 йиллик сиёсий фаолиятлари давомида нафақат нодемократик лидерлар, балки фитначи эканликларини фош қилишди[15].

Айниқса, Абдураҳим Пўлатовнинг Баҳодир Чориевга нисбатан шахсиятига тегувчи, ҳақоратловчи сўзларни ишлатиши, унинг нафақат нодемократик лидер, фитначи, балким сиёсий маданиятсиз эканлигини ҳам кўрсатади [16].

   Сиёсий рақибларининг шахсиятига тегувчи ҳақоратли сўзларни ишлатиш фақатгина Абдураҳим Пўлатовга хос эмас, мухолифатнинг кўп етакчилари ва аъзолари Абдураҳим Пўлатовдан ўтса ўтадики, асло қолишмайди. Бунинг оқибатида ўзбек мухолифати Ўзбекистондаги муаммоларни баҳслашиб, ўзаро маданий рақобатлашиб ҳал қилиш ўрнига ўзаро жанжал, душманлик келтириб чиқариш билан овора. Бу вазиятни Озодлик ва ББС радиостанциялари журналистларининг тарафкашлиги янада мураккаблаштиради. Улар фитначи, нодемократик лидер Мухаммад Солиҳни мухолифатнинг ягона лидери сифатида реклама қилишяпти, иккинчи фитначи, нодемократик ва сиёсий маданиятсиз Абдураҳим Пўлатовга эса умуман минбар берилмаяпти. Айрим кишиларнинг айтиши бўйича, Абдураҳим Пўлатовнинг ўзи бу радиостанцияларга интервью беришни ҳохламайди.

Бирдамлик халқ харакати лидери Баходир Чориевга Озодлик, ББС радиостанцияларидан иложи борича кам минбар бериляпти.
  Бирлик Халқ Ҳаракати партияси, ЎХҲи демократик мухолифат ташкилот эмас, Бирдамлик Халқ Ҳаракати эса 2004 йилда ташкил топганини ҳисобга олсак, бу ташкилотнинг лидери Баҳодир Чориевнинг демократик ёки нодемократик эмаслиги 2-3 йилдан кейин маълум бўлади.
  Шу фикрлардан келиб чиқиб, ўзбек мухолифатини бу оғир, ачинарли аҳволдан фақатгина ёшларнинг мухолифатга кўплаб кириб келиши қутқара олишини айтган давлат ва жамоат арбоби Бобур Маликовнинг фикрига тўла қўшиламан.[17]

Комментариев нет:

Отправить комментарий