Меню

воскресенье, 8 сентября 2013 г.

Уруш тарафдори Пўлат Охун: Сурияда уруш бўлса, халқ тинчлиги ва келажаги учун уруш бўлади





Сурия президенти Башар Асадни (Баша́р Ха́фез аль-А́сад) ҳокимиятдан кетказиш, мамлакатдаги авторитаризмни йиқитиш учун бир неча йил олдин бошланган харакат ҳал қилувчи босқичга кирди. Афтидан яқинда Башар Асад тузумига қарши Ғарб давлатлари, Саудия Арабистон ва Туркиядан иборат коалиция кучлари ҳарбий амалиётлар бошлайди.

2003 йили АҚШ ва Ғарб давлатларнинг иттифоқи Ироқда Саддам Ҳусайн бошқарувини иқтидордан четлатиш тадбирини кўраётганида Швецияда чиқадиган нуфузли нашрлардан бири НД газетаси шу масалада мендан интервью олган, интевью ўша йилнинг февралида газетада
чоп этилган. Мақола сарлавҳасига "Энг муҳими ва асосийси Саддамдан кейин нима бўлиши" деган сўзларим чиқарилганди.

Менимча, худди шундай сўзларни бугун Сурияда кутилаётган урушга нисбатан қўллаш ҳам нотўғри бўлмайди. Боиси айнан авторитар ва диктаторлик режимларида фуқаролик жамиялари бутунлай барбод бўлади ва мамлакатнинг кейинги тақдири барибир сўроқ остида қолаверади. Айнан мамлакатимизнинг мустақиллиги мисолида шу жараённи кўрган Ўзбекистон демократик мухолифатининг бир вакили сифатида бу каби жараёнларнинг хотимаси ўта муҳим, деб ҳисоблайман.

Башар Асаддан кейин нима бўлишини тахмин қилиш ва бу тузум нега ўзгартилиши керак деган саволга жавоб бериш учун, Башар Асад тузуми қандай тузум эканлигига ва бу тузумнинг Ўзбекистондаги тузумдан фарқланишига назар ташласак, бу муаммо биз ўзбеклар учун тушунарлироқ бўларди, деб ўйлайман. 

Таъкидлаш керакки, Сурия муммоси кўп қиррали бўлиб, мен бу қисқа мақоламда Башар Асаднинг ҳокимиятни куч билан эгаллаб олгани, адолатсиз ва ноқонуний давлат раҳбари эканлигидан келиб чиқиб, ўз фикримни билдиришга ҳаракат қиламан.

Хозирги Суриядаги ҳокимият Башар Асадга, отаси Хафез Асаддан (Ха́фез аль-А́сад) мерос бўлиб қолган. Башар Асаднинг отаси Хафез Асад 1971 йилдан то 2000 йили ўлимигача Суриянинг президенти бўлиб келди. Демак, Асадлар авлоди Сурияда 1971 йилдан бери хукмронлик қилишмоқда. Замонавий Сурия давлатининг суверенитетини 1941 йилдан ҳисобласак, шу давр ичида Сурида жуда кўп инқилоблар ва давлат тўнтаришлари бўлиб ўтган. Ва, охир-оқибат, 1970 йили Хафез Асад навбатдаги давлат тўнтаришини уюштириб ҳокимиятни ўз қўлига олди ва 1971 йилдан ўзини президент деб белгилади. 20 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Суриянинг 70 фоизига яқини сунний мусулмонлардир, лекин 1971 йилдан бери то бугунги кунгача давлатни жуда кичик бўлган алавия диний мазҳабида бўлган гуруҳ бошқариб келмоқда.

Асадлар оиласи ҳокимиятда бўлган вақт давомида мамлакатда нисбий барқарорлик юзага келди. Инқилоблар ва давлат тўнтаришлари содир бўлмади. Бу нарсаларга Асадлар оиласи, доимо ўзгача фикрловчиларни қириш, қамаш ва ватандан қувиш эвазига эришдилар. Асадларнинг қонли идора усуллари мисоли сифатида 1982 йили Ҳама шаҳридаги ҳукуматга қарши қўзғолоннинг бостирилишини мисол сифатида келтириш мумкин. 

Хафез Асаднинг буйруғи билан Ҳама шаҳрида 40 000 минга яқин қўзголончилар ўлдирилганлиги халқаро ташкилотлар тарафидан эътироф этилган. Шу боисдан ҳам Асадларни адолатли ва халқига ғамхўр раҳбарлар дейиш албатта қийин.

Хафез Асаднинг оғир бетоб бўлиб қолгандан кейин давлатни ўғли Башарга мерос қилиб бериши ҳам хеч кимни ҳайрон қолдирмади. Бундай ишлар, аксар Шарқ ва нодемократик мамлакатларда ҳокимият ўлаётган ёки касал бўлган давлат раҳбаридан унинг яқинларига мерос бўлиб ўтиши кўп учрайдиган ҳол. Бизга энг яқин мисол сифатида Озарбойжонни келтириш мумкин. Ўзбекистонда эса ҳокимиятни Ислом Каримовдан кейин уни тузумдан чиққан бир одам олиши кутилмоқда. Каримовнинг ўзбекларга қарши бўлган тузумидан чиққан, уни жиноятларига шерик бўлган одам албатта уни маънавий фарзанди ҳисобланади, ва аниқки, Каримовнинг меросхўри сифатида «отаси»нинг ишини давом эттиради.

Бу меросхўрлар учун халқнинг фикри, мухолифатни фикри эркин ва очиқ сайлов орқали раҳбарни сайлаш деган нарсаларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Улар халқни пода деб ҳисоблаб хохлагани қилишмоқда. Лекин айнан уларни шундай ҳаракатлари натижасида узоқ йиллардан бери тўпланиб келган норозилик охир-оқибат, уларга қарши ҳаракатга келтирилмаётган бир қурол бўлиб қолмоқда.

Сурияда 40 йилдан ортиқ вақт давомида ҳокимиятни ўзлаштириб олган гурухни асосий бирлаштириб турган нарсаси бу уларнинг алавия диний мазхаби экани ва ҳокимиятни қўлдан чиқармаслик учун Сурия халқига қарши қилган жиноятларидир. Ўзбекистонда ҳам айнан шу усул, аммо бошқа шаклни кўриш мумкин.

Лекин бугун халқаро жамоатчилик Сурия раҳбари Башар Асаднининг инсониятга, хусусан, ўз халқига қарши жиноятлари эвазига кетказишга киришган. Биз ўзбеклар бундан қандай хулоса чиқарамиз: нимани танлашимиз керак, урушними, тинчликними?

Уруш бу жуда кўп бегуноҳ одамлар қурбон бўлиши эвазига даҳшатли, урушдан кейин аҳоли ва мамлакатнинг оёққа туриши, тикланиши учун узоқ вақт керак бўлади. Урушда қатнашган қарши тарафлар бу урушни унутиб қайта тинч хаётга қайтиши ундан ҳам қийин. Урушми ёки тинчликми деган масала турса, хар бир одам тинчликни танлайди. Ва, бу принципдан келиб чикилса, тинчликни хоҳлаган кишилар Гитлерга ҳам (миллионлаб одамларни ўлдирган), Саддам Хусайинга (бир миллионга яқин ахолини қириб ташлаган) ҳам, Муаммар Каддафига (Ливияни барча зиёлилар табақисини йуқ қилиб ташлаган) ҳам, тинчликни сақлаб қолиш учун чидаши керак бўлади. Яни тинчликни сақлаш учун қонхуўр диктаторларнинг қамчиси ва хоҳишига бўйсунишига тўғри келади. Бу тўғри йўлми?..

Бундай саволдан сўнг, Саддам Ҳусайн тақдири мисолида Башар Асад қилмиши ва Сурияда яқинлашиб келаётган урушга қарасақ, бир нарса аниқ кўринади — Башар Асад кетказилиши керак. Ва кетказилиши кераклиги эканлигини сабаби фақат мен юқорида ёзган нарсалар эмас. Масалани бошқа томони бор. Саддам Ҳусайин, Каддафи, Ҳусни Муборак, Башар Асад ва Ислом Каримовга ўхшаган раҳбарлар, ўз халқининг қўлидан жамиятни тинч ва конуний йўл билан ўзгартириш имконияти олиб қўйишди. Ва, охир оқибат вазиятни фақат куч билан, уруш билан яхшилаш мумкин бўлган ҳолатга олиб келишди.

Бир оддий фактни ҳаммамиз тушуниб олишимиз керак, тинч йўл билан ҳаракат қилиш имконияти йўқ қилинса, унда одам фақат куч билан ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Саддам Хусайн ва бошқалар узоқ йиллар давомида ўз олиб борган сиёсати билан мухолифатни куч ишлатиш йўлига ўтишга мажбур қилди. Ахир мухолифатга сайловларда қатнашишга имконият берилмади, ўз таклифларини ва фикрларини парламентда билдиршга имконияти берилмади, хукуматни ва президентни хатоларини очиқ ва эркин танқид қилиб, жамиятдаги муаммоларни тўғрилашга имконият берилмади. Бунинг ўрнига Башар Асад, ундан олдин отаси Хафез Асад, мухолифатчиларни ўлдирди, қамади ва ватандан қувди.

Бундай холатда, майли Башар Асад хокимиятда ўтираверсин ва хохлаганини қилсин энг асосийси уруш бўлмасин, тинчлик бўлсин, дейиш тўғрими? Башар Асад хатоларини тан олса ва истеъфо берса, бундай холатда ким уруш тарафдори-ю ким тинчлик тарафдори, деган масалага бошқача назар солишга тўғри келади. Лекин барибир бу натижани ўзгартирмайди, яъни муқаррар урушнинг сабабчиси ташқаридаги кучлар эмас, аксинча, Башар Асаднинг идора услуби эканлигини тушунамиз.

Табиий, бу урушни ташкил қилаётганлар мавжуд вазиятдан ўз мақсадларида фойдаланиш учун иш олиб боришади. Саудия Арабистони ва Туркия Суриядаги ҳокимиятни узоқ вақтдан бери эзилиб келаётган ва аҳолини асосий кисми бўлган суннийларга олиб беришга ҳаракат қилишлари мумкин. АҚШ ва Ғарб давлатларини эса бу урушдан иккита мақсади бор: мақсадлардан бири Сурияда фуқаровий жамият пайдо бўлиши учун имконият яратиш ва бу орқали демократик жараёнларни бошлаб бериш. 

Лекин улар бу йўлда фақат битта нарса қилишлари мумкин, Башар Асадни ва уни яқинларини ҳокимиятдан кетказиш. Қолган барча иш суриялик зиёлилар ва бу давлатни прогрессив одамларининг қўлида, янги Сурия қандай тикланади ва қайси йўлдан боришини халқнинг ўзи хал қилади. Бу давлатда диний экстремистик кучлар ҳокимиятга келадими ёки динни сиёсийлаштирмаган прогрессив ва прагматик кучлар келадими, бу масала Сурияниннг келажаги учун катта аҳамиятга эга. 

АҚШ ва Ғарб давлатларини бу урушдан иккинчи мақсади эса бу Эроннинг ишонган иттифоқчиси бўлган давлатни зарарсизлантириш ва келажакда Эрон билан бўладиган урушга тайёргарлик кўриш.

Бирни кўриб фикр қил, деганларидек, биз ўзбеклар учун бундан хулоса ҳосил бўлади? 

Энг аввало Суриядаги воқеаларнинг ривожланиши ва охир-оқибат муқаррар уриш билан тугаши, ҳозирги Ўзбекистон раҳбарияти учун сабоқ бўлиши керак. Ўзбекистон президенти ва мамлакатнинг сиёсий элитаси, ватанимизда ўзгаришлар ва ҳокимиятнинг алмашиши учун тинч қонуний ва конституцион йўлларни йўқ қилишни давом этиришса, ўзгаришларни куч билан амалга оширишдан бошқа йўл қолмади, деб хисоблайдиганлар сони геометрик прогрессия усулида ортиб бораверади. 

Ўзбекистон раҳбарияти бир нарсани тушуниши ва тан олиши керак: агар демократик мухолифатга ватанимизда эркин фаолият юритишга имконият берилмаса, у ҳолда демократик усуллардан фойдалиниш, демократик ташкилот, ҳаракатларни кераги бўлмайди. Албатта Ўзбекистон раҳбарияти биз Башар Асаддай аҳмоқ эмасмиз, бизни шароитимиз бошқа, биз улардан кўра устароқмиз деб ҳисоблаши мумкин. Лекин Башар Асаддан олдин Муаммар Кадафи ҳам, Ҳусни Муборак ҳам шундай хато фикрда бўлган. 

Энг тўғри йўл эса кеч бўлмасидан тўғри йўлга тушиб олиш, ортга қайтиб бўлмайдиган ишларни қилмасликдир.

Пўлат Охун

Комментариев нет:

Отправить комментарий