Меню

среда, 11 сентября 2013 г.

Инсон Хукукларини пой-мол булишига албатта И Каримов бир кун жавоб беради

И Каримов ва Карим Бахриев




Бу сурат 1990 йил 20 июнда - Мустақиллик Декларацияси қабул қилиниши олдидан туширилган. Бир кун олдин 120 депутат Декларацияни қабул қилишни кун тартибига киритишни сўраб хат имзолаган (мен ҳам), аммо у кун тартибига киритилмаганди. Мен ярим варақ оқ қоғозга Ислом Каримов номига шарттакилик қилиб (энг ёш - 27 ёш - ҳали уйланмаган депутат эдим) хат ёздим: "Сизни сессияда 400 киши овоз бериб сайлаган, менга 32 000 киши овоз берган, сиздан саксон баробар легитим, яъни қонуний одамман. Агар 132 депутат (ҳар биринг ортида 30 мингдан одам турибди) гапи ўтмаса, сиз менинг Презадентим эмассиз". Ва қоғозни секин бориб Президиумда Президент ўтирадиган жойда қоғоз тахламлари орасига солиб келганман. Танаффус тугагач, Ислом Каримов бошқа қоғозларни ўқиб,
имзолаган, ва қоғозчани олиб, залдан мени назари ила излади ва тепага чиқ деб имо қилди. Мажлис давом этарди. Кимдир гапирарди, кимдир тингларди. Биз Раёсат столида тортишардик. "Шу иш керакми, Карим?!" дедилар юртбоши. Мен замон шунга қараб кетаётганини, болтиқбўйидагилар аллақачон шу йўлдалигини айтдим. Президент :"Бўлмаса, бир пункт киритинглар: "СССР қонунлари билан Қзбекистон қонунлари зид бўлса, Қзбекистон қонунлари амал қилади" деган. Бу ўша даврда инқилобий, жиддий иш эди. СССРга қарши иш эди. Мен ёзиб олдим. Танаффусга чиққанда Шукрулло Мирсаидовга: "Бир комиссия тузинглар, ҳужжат устида ишланганлар, шу Солиҳу Каримларга керак бўлса, қабул қилинглар", деб кетиб қолдилар. Муҳаммад Солиҳ: "Эртага СССР қулайди ва унутилади, Декларация қолади, тарихда қолади, униннг гўзал матнини "СССР" деган ифлос сўз билан кир қилмайлик" ғ деди, аммо тортишувлар билан бу пункт қолди ва ўша куни Деккларация қабул қилинди. Мазкур мен ёзган қоғоз ҳақида Жаҳонгир Маматовнинг "ИАК" китобида ҳам ёзилган ва унинг бир-икки чатри келтирилган. Бу тортишув пайтида Абдуғани Жумаев сурат олган экан, орадан йиллар ўтиб, мен ўша воқеаларни унутаёзган пайтларда у менга "Бир совғам бор", дея олти-етти суратни совға қилган. Бири шу сурат. Мен ўша куни кечда "Мустақиллик Декларацияси! шеърини ёзганман, чунки "давлат суверенетитидан шахс суверенететига томон йўл узоқлигини, мустақиллик шарофатларини аввало амалдорлар кўришини ўйлаб даҳшатга тушганман. Мана ўша шеър:
МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ
1990 йил. 20 июнь.

Яна куз келмоқда.
Дарёлар тинди.
Шилдир-шилдир оқди покиза сувлар.
Ургут боғларига сукунат қўнди,
Хазонларни секин шамоллар қувлар.

Ота элим, энди севингин, шодлан,
Истиқлолинг келиб чертди дарвозанг.
Олис манзилларга шу тонгда отлан,
Йўқолиб кетмагай энди овозанг...

Нега қувонмайсан, тошмайсан жўшиб,
Ахир, мустақиллик келди ўлкангга?!
Ўрис амалдори елкангдан тушиб,
Ўз амалдоринг... минди елкангга.

Нечун бахтдан яйраб, шод яшамайсан,
Нечун бошинг эгик, ўзинг оввора?!
Энди сен Московга пул ташимайсан,
Энди сен ... Тошкентга ташийсан пора.

Сен яйдоқ далангда ишлагин куйиб,
Пахтангни ҳокимга топширу қувон –
Пойтахт заводлари турибди қуйиб,
Кўксингга шақирлаб тақарсан унвон!

Ҳасратинг кўп – ичда, лек зўр – савлатинг,
Шод бўл, деб мен ўзим бўлолмасман шод.
Мана, озод бўлди буюк давлатинг...
Бечора халқинг ҳам бўлсайди озод.

1990 йил, 20 июнь.

Комментариев нет:

Отправить комментарий