Меню

пятница, 27 сентября 2013 г.

Каримов Кашкадарёда ва Вилоятга янги Хоким сайланди


Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг 27 сентябр куни бўлиб ўтган ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирок этган навбатдан ташқари сессиясида вилоятнинг янги раҳбари сайланди. «Газета.uz» хабарига кўра, ушбу лавозимга 2009 йил охиридан бери қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келаётган Зафар Рўзиев лойиқ топилди.
Сессияда қилган чиқиши чоғида Ўзбекистон давлат раҳбари вилоятнинг ривожланиш кўрсаткичлари ҳақида маълумот бериб,
зудлик билан ҳал этилиши зарур бўлган масалаларга эътиборни қаратди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастури.
Президентнинг қайд этишича, Ўзбекистон саноат маҳсулотининг 11 фоизи Қашқадарё ҳиссасига тўғри келади, сўнгги йилларда бу ерда кўп миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилди. Айни вақтда, вилоятда маҳаллий пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳажми юқори эмас, қурилиш саноати ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўрсаткичлари паст. Ислом Каримовнинг таъкидлашича, вилоятнинг транзит имкониятларидан фойдаланиш ва инфратузилмани ривожлантириш борасида онгли ёндашув йўқ.
Вилоят ялпи ички маҳсулотининг 52 фоизи тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётгани, ушбу соҳада банд бўлганлар 77 фоизни ташкил этишига қарамай, улар ўзини тўлақонли кўрсатишига бизнес йўлидаги тўсиқлар ғов бўлмоқда, деди Президент. Вилоятда 2,85 миллион аҳоли истиқомат қилмоқда ва аҳоли сони ўсишда давом этмоқда, шундан келиб чиқиб, Президентнинг таъкидлашича, биринчи галда аҳоли даромадларини ошириш ҳақида ўйлаш керак. Ислом Каримовнинг сўзларига кўра, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашда ҳам муаммолар йиғилиб қолган.
Яқин тўрт йил ичида вилоятда умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган 555та лойиҳа амалга оширилади, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида кенг миқёсли қурилиш ишлари режалаштирилган. Президентнинг таъкидлашича, ҳар қандай ишда кўп нарса раҳбарга боғлиқ ва биринчи шахс бир ўзи ҳеч нарса қила олмаслигини тушуниб етиши керак, дея хабар бермоқда «Ахборот». Одамлар ишончини қозониш, уларнинг муаммоларига қулоқ тутиш осон иш эмас, Президентнинг сўзларига кўра, шу нуқтаи назардан вилоятда носоғлом вазият юзага келган
Қайд этилган муаммолар сабаб, Қашқадарё вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Ислом Каримов унинг ўрнига Зафар Рўзиев номзодини таклиф қилган. «У профессионал, ўз ишининг устаси ва, айни вақтда, жуда оддий инсон», – дея Зафар Рўзиевга таъриф берди Президент. Номзод муҳокамасидан сўнг вилоят кенгаши депутатлари Зафар Рўзиевни вилоят ҳокими сифатида тасдиқлашди.
Ўзбекистон Президенти шу куннинг ўзида Туробжон Жўраевни Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод қилиш, Зафар Рўзиевни эса қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимидан озод қилиб, Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги Қарорларни имзолади.
«Газета.uz»нинг эслатишича, 1964 йилда туғилган Зафар Рўзиев Ўзбекистон Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги Фармонига асосан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига раҳбар этиб тайинланган эди. Бунгача у Президентнинг кадрлар масаласи бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими лавозимларида иш олиб борган.

Комментариев нет:

Отправить комментарий