Меню

понедельник, 10 сентября 2012 г.

Чала мулланинг дарду ҳасратлари (1)


Россиянинг оппоқ қори, изғирин шамоли ва аёзли кечалари жуда ёмон бўларкан. Бугунги кунга атаб олган ноним ярим кунга ҳам етмасая?!

Ёшлигим, талабалик йилларим ёдимга тушиб кетди, айниқса токчадаги чанг босиб бегонага айланиб улгурган, мени кўзи тўрт бўлиб кутаётган “жонажон” дипломим …

1-ҚИСМ (1995 йил. Тошкент. 3-курсда практикада бўлганим)
1.
Бугун ҳам хумкалла домланинг қилаётган маърузасини эшитувуза шакилли?! Нима энди, қўлим оғриб бир неча бет ёзишимга тўғри келадими?!

Атрофга назар солворсам, ҳар доимкидей аудиториядаги барча болла ўз ишлари билан банд. Кимдир ўзи билан оп келган журналини ўқийдимией! Кимдир севган қизига турмулиб турган, яна кимдир китобдан бошини кўтармай роман ўқивоттими, бошқа бириси эса домланинг сўзларини секретарга ўхшаб кўчиривоттимией!

Эй домлача! Менга берадиган лексиянгни бошқаларга лағмон қилавур. Соққангни бервотган бўлсам… Яна нима керак сенга?!

Вей, Султон! Аданг раис бўлсада жа котта кетворма. Турган битганинг бир ташобль бўлсанг… мана мени айтади Тошканни қоқ киндигидан деп. Кожа курткага ўраниб олганинг билан кимлигингни яшираман деп ўйлавотсанми?…

Нима энди?! Сен Шурик, Тешавой, Қутпиниса, Аиша, ҳув анави Гўзалу Сарварга ўзингни тенглаштирвотсанми?!

Ўқишга киришда адам деканга фалон доллар берган деп барчани кўнглини оздирдинг. Нима сен бой бўп мен камбағал қолдимми? Мен ҳам айнан фалончиларга сен берган соққани икки ҳиссасини бергандим. аммо жимгина юрибману…

Яна атрофга қараб патокчи Жасурни кўриб қоламан. Кўнглим айнишни бошлайди. Исминг билан “Жа Сур”санда. Кўзайнайинг бўлмаганда кўзингга қўлимни тиқворардим. Китобдан бошини кўтарай демийди. Билиминг ўзинг билан, орқадан кўзойнагу кўзинг билан!…
Ким бу давлатга фойда келтирвотган? Мана бизда ҳар йилда контракт тўлавотган. Ғиринг девотмизами? Грантга кириб олдим деп ҳеч кимга гапу жой бермийсан. Бунинг устига ҳар ойда уялмай нетмай степендияни чўнчакка солворасану китоб дўконига гулят қиласан. Мана менга ўхшаб гизлар била гулят этмисанми? (Кечирасиз бу ерда хоразм шевасига тушиб қолдим шакилли. Во ажабо!!! Ҳа энди барча вилоятдан курсдошлар бўлгач соф ўзбекча бўлмиш Тошкан шевасини ҳам туя қивораркан киши, бари ҳариплар ўз шеваларини ҳақиқий ўзбек тили дейди. Аммо манада ҳақиқий ўзбек тили бўлмиш Тошкан шеваси).

Дабдурустдан декан ҳам дарсни тугашини кутмай эшикни бир тепиб аудиторияга кириб келди. Энди аудиторияни сизларга тасвирлаб бераман деган жойда жааа парот қивордида ўзиям.

Барчага амалиёт ўташ ҳақидаги қоғозларни бераркан яна алламбалолар дея вижжилади.
Вей! Сен декан онангни уйидамисан бунча чийиллайсан? Буни Тошкан дейди. Виж вижингни областингда қил,…э ҳарип!!!

Қўлимдаги бир парча қоғозга кўз югуртирдим. Нима?! Нега бундай ахир?! Мени практикам вилоятга тушган?! Ахир соққани бергандимку практика домлага? У менга котта ваъда берворганди. Бариси жонга тегди. Ҳеч ким гапида турмийди. Бўтга кеп ўз она тилимни ҳам унутвордим. Адабий тилда деб бириси вағар вуғур қиладимией?! Бўтда бариси мастава бўп кетди ўзиям. Фақат лағмон чўзиш қолди…

Энди бўлса қўлимга тутқизишган практика қоғозини кўрип ҳаёлим “Қатортолга мактублар” сингари учдию кетти. Вой, Ширинабону!!!. Э..э.. кечирасиз. Бизда Ширин бошқа патокда ўқивотти.

Бугун аламим бисёр!… Практика домлам фақатгина университетда эмас, балки яна академияда ҳам ишлайман девотгандию.

Адамнинг соткасини дарсга оп келувдим. Чунки, студент дейдими ёки талаба дейдими хуллас ўша мақтаниб соткаси аудиторияга келтириб сурнай каби хонишлардан иборат бўлган музикасини мақташ одатга айланиб қолган эди. Мана бизда ҳам бор сотка!!! Чёрный белий бўлса унинг корманида пули бор. Сенларга ўхшаб пулсиз соткалар тутмийман.
Хуллас, академик бўлмиш практика домламга тел қивордим. Во ажабо!!! Ҳар доимкидей телга жавоб берган домла бу гал ўлиб қолдими?!

Мана қаранг нима деб ёзишибди практика қоғозда. 3-курс талабаси фалонча Навоийга пахта пунктга амалиёт ўташга Сиздан рухсат сўрайди. Имзо, печат . Ректор номи.
Вей сенлар! Ахир жа котта кетворардинглару. Бугун оддий ишхонанинг рахбарига ўтириб қўйибсанлару.

На илож. Сафар халтамни илиб Мир Алишер Навоий туғилиб ўсган юрт Навоий вилоятига отландим.

2.

“Иппадром”даги бақиришлардан ҳушимдан кетай дедим. Кулгим қистади. Навоийлик студентлар доим иппадромдан кетсалар жа кайфу сафо эканда… Бепул томошалар…
“Семичка,. семичка”- деб бир аёл келди. Ундан кейин исириқ тутатган лўлилармией, кейинчалик бошқалари…

3.

Овқатланиш мақсадида иппадромдаги бир мўъжазгина кафега кирдим. Овқатланарканман ёнимдаги стулга кўринишидан жа крутой бўлган, ёши бироз ўтган бўлсада, жинси шим ва кўйнаги ўзига ярашган бир киши рухсат сўраб отирволди.

Овқатланарканман менга такрор ва такрор қараб қўйди ва сўради.

“Студенмисиз дейман?”

“Ҳа”- дея жавоб берарканман ичимда мағрурландим.

“Ўқишлар яхшими?”- дея хира пашшалик қила бошлади.

“Наридан бери”- дея қўрсликка ўта бошладим.

“Қайси институтда ўқийсиз?”-дея жонимга тега бошлади.

Жавоб бермадим ва овқатимга тутиндим.

“Хоразмликман, ҳозир ишлашга Россияга кетяпман”-дея яна жонга тегишни бошлади.

Вей, сен номард! Россияга кетасанми ёки ундан нарига менга нима, овқатингни жимгина емийсанми?!

Ҳартугул бу киши оғир ва босиқ экан. Овқатланиб ўзига ўзи жим бўлиб қолди.
Ҳайрон қоламан. менга нима ишларинг бор ўзи?!

4.

Бироз вақт ўтиб автобус эгаси билан йўлкирани гаплашиб ҳал қилдик.
Афтобус юриганча жоним ҳалқумимга келди. Телевизор бор экан. ДВД, ВСД, ДВСД ва яна алламбалолар. Лекин афтобус юргандан кейин токни афтобусни ўзига улашди шакилли, телевизор ҳам “ўлиб” қолди.

Йўл йўлакай кўзимни мудроқ бости. Поезд билан кетсам бўларкан дея хаёл қип ухлаб қопман.

Бир вақт кўзимни очиб қарасам устимдан қўлларида ўнта ўн бештача Самарқанд нонларини кўтарган қизу жувонлар ва йигиту эркаклар таракан каби ўрмалаб кетишмоқда. Юзинг борми, кўзинг борми дейишмайди…

5.

Оёқларим зир қақшаб оғрирди. Мана сенга практика…

Шунча йўл юриб ёнимдаги кишига эътибор бермаган эканман.

Сочлари бироз оқарган. Юзларида табассум аниқ билиниб турибди. Кўпни кўрган мужик бўлса керак деб ўйлай бошладим.

Дарҳақиқат, бу йўлдошим менинг фикримча жуда “олиму фозил” чиқиб қолди.
Россиядан келаётган экан. Айтиши бўйича иккита дипломи бор экан. Аммо оиласини боқиш учун Россияга сурган. Ўқиш билан ҳаёт бошқа эмиш…

Сени ўзинг бошқачасан деб қичқириб юборгим келди. Ахир Ўзбекистон буюк келажакнинг остонасида турган бўлса… Ҳа энди бироз остонада кутса нима қипти? Остона деяпман, Астана деб Қазоқнинг шаҳрини айтмавотман. Сенлар нимага ҳам тушунардинглар.
Жаҳлим чиқишни бошлади. Ахир буюк юртимизда биргина сендек бечорага бирорта иш топилмадими?!. Айтишинг бўйича жа котта ишларни қилган экансану!…

Нима эмишки, бу калтабин, калтафаҳм математика ва информатика фанлари бўйича ўқитувчи бўлган эмиш. Ойлик маоши рўзғор харажатларига етмагани учун ватандан Россияга қараб “қуён” бўлган эмишлар. Икки қизи ва уч ўғли бор эмиш. Оилани боқиш қийин эмиш Ўзбекистонда?! Сен нодон нималар деб валдираяпсан ўзи деб юборгим келди. Афсуски, миллий хавфсизлик хизматида ишламайманда. Бўлмаса сен кабиларни кўзингга кўрсатиб кўярдим ва бир умр эсингдан чиқмайдиган қилардим.

Вей! Сен аҳмоқ ҳозирги шароитда аёлларнинг бачадонларини балнисада ўзларига билинтирмай олиб ташлашларини кўрмагансанда, шунинг учун бешта боланг сенга оғирлик қивотти. Майли котта МХХ бўлей ўшанда болларинга яхшигина жойлардан атаб қўёвуз ва норозичилигингни бурнингдан чиқаровуз.

Сен аҳмоқ бўлмасанг, мен каби иқтисодчиликками ёки прокрорликками ўқи эди!!! Энди экканингни ўрвотсан. Жим бўлда аҳмоқ! Ўзбекистонда сен кабиларнинг дарду ҳасратларини эшитиб ёшлайин ўлиб кетейми энди?!

У эса менга қараб как бута мени ёш деб назарга илмай жилмайиб туришига беш кетвордим. Нима мен сен каби ҳарипларнинг гапига тушунмайдиган лоҳманми дея ўзимга таскин бердим.

Сен бир қадам ташлай олсанг мен ўн қадам ташлай оламан, бунга сенинг ақлинг етмийди дея ичимда бўралаб сўкдим.

Худога шукрки, бу киши билан гапимиз қовушмай, манзилни охиригача жим кетдик.
Бўлмаса, бир нималар деб мени буюк келажак сари одимлашдан совутармиди?!!!

6.

Бир амаллаб Навоий юртига ҳам етиб олдим. Навоий ҳам жа жойини топиб уғилган эканда бу жайда.

Ҳалиям Тошканда ҳар бир киши ўз шахсий мошинасини такси қип олган эканки, Тошканда орттирган “практика” натижасида Навоийда такси топиш қийин бўлмади. Тошкандаки каби бўтда ҳам таксилар ғиж ғиж экан…

“Окахон! фалон жойга ташлаб ўтинг” деб бир таксичи билан ўзаро келишган бўлиб йўлга тушдик.

Нима, мен Навоий шевасида гапира олмайманми? Таксичига курсдошим Азаматдан ўрганган сўзларнинг баъзиларини қўллаб мурожаат қилгандай бўлдим.

“Ака!, ишла кетобтеми?”

Таксичи менга қараб ҳайрон тикилди ва сўради:-”Ука қердан келобсиз?”

“Қерликка ўхшавотман” дея риторик савол бермоқчи бўлиб “ўтириб” қўйдим.

“Тошкенлимисиз?”- сўради таксист.

Нима мени пешонамга Тошканли деб ёзиб қўйибдими деб ичимдан зил кетдим.

“Ука, менинг ҳам ўғлим Тошкенда ўқийди” – деб гапини давом этди таксист.

Во ажабо!!! Ёши котта бир киши Тошкен билан Тошканни фарқига бормасая?!

Таксист яна алламбалолар дея шанғур шунғур қилди. Эшитмасликка олдим.

Ҳа энди ўғлингни Тошканда ўқитиш учун таксист бўлган экансан омадингни берсин. Ўғлинг ўз билими билан ўқишга кирган экан, унинг ҳам омадини берсин. Олдин ўзинг олий маълумотли экансин, котта хирург экансан, бу сенинг ишинг. Буни менга дарду ҳол қилмасдан таксист бўлмай дипломингни ишга сол. Мана қара атрофда қанча очиқ эшиклар… Фақат кира олсанг бўлгани. Ҳа энди бу эшиклардан ҳам кира олган кирворадиде… Мен каби ўқиб қўйганингда сен ҳам ҳозир бирор местани эгаси бўлармидинг?! Бунча котта кетмасанг…Нима, мен каби ўғлинг учун соққани тўлаб қойганмисанла, бунча котта кетасанла!!!…

Зум ўтмай практика “юртимга”га ҳам келиб қолдик.

Пора олиб ўргангансанда, хирургбой! Бўлмаса ўғлинг студент бўлиб стедентларнинг дардини тушунмай мендан ҳам йўлкирага пул оласанми?! Қани энди йўл йўлакай менга айтган ватанпарварлик гапларинг?!

Эҳ! ҳалиям ўқишни тугатмаганманда. Бўлмаса барингга кўрсатиб қўярдим!.

7.

Мени Тошкандан келди деб карнайу сурнай чалиб кутиб олишади деб ўйладим. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ!

Ахир котта ўқиш масканидан келдим. Тошкандан келдиму!…

Бино ичкарисига кира бошладим. Ҳеч кимнинг иши йўқ. Вей номардлар! Мен Тошкани азимдан келдиму….

Бироқ, мени ҳурмат қилишмасада, қўлимдаги бир парча қоғознинг обрўси баланд экан шу туфайли бир хонага кириб қолдим.

Мана сенга хона… Кичкина хона тўрида тўлачадан келган қошу кўзи бўялган бир бухгалтер хоним кичкина стулга раҳми келмай худди уни издивация қилгандек устига ўтирволган. Стул бечора ҳам ҳар замонда бу оғир юкнинг натижасида ғичирлаб қўяди.

Эҳ сен номард деб қўяман ичимда стулга раҳмим келаркан. Эртанги кунда билсам, ушбу опамиз давлат пенсиясида эканлару, лекин “кадрларнинг етишмаслиги” сабабли ушбу стулни “майиб” қилаётган эканлар. Шу жумладан, ўзларини инвалид ҳам қип олганларки, бунинг сабабини билсам опажонимнинг бироз давлатнинг бюджетидан соққа қоқишга ишқибозликлари экан. Ўйлаб ўйимга етмайман. Биргина Тошканни ўзида қанча талаба ҳар йили диплом оладию бу ерда кадр етишмас экан, ажабо!!!

Опанинг ишдан кўра аёлларга хос бўлган котта ҳасратлари ҳафсаламни пир қилди ва бошқа практика узтозини топишга мажбур бўлдим.

(Аммо шу бухгалтер опамиз Навоийда практика тугугунча яшаб туришимга ижарага жой топиб бердилар. Шу сабабли улардан ҳали ҳануз миннатдор бўлиб қолганман. Мен ижарада яшаётган хонадон эгалари чинакам ўзбек меҳмондорчилигини қилишди ва ҳатто мен бир икки бора нон кўтариб келганимда ҳам улар бундай қилмаслигимни илтимос қилишди. Ушбу хонадонда чинакам ўзбек меҳмондорчилиги ва анъаналарини кўриб бизнинг ўзбек ҳалқимиз нақадар буюклигига минг бора тан берган эдим ўшанда. Ушбу хонадон эгалари билан ҳали ҳануз борди келдимиз бор).

8.

Бугун практиканинг иккинчи куни.

Йигитга бахт келса қўшалоқ келади деганларидек омад мени яна бир бор яхши кишилар орасига ташлади.

Хонага кирарканман, хона тўрида олтмишдан ўтган экономист оқсақолни кўриб қолдим. Унинг нигоҳи жуда теран эди. Бурни учида турган котта кўзайнаги уни ўзгача намоён этарди. Хонада эскидан қолган ура сура ишлатилган счёт бор. Лекин компьюер ёки калькулятор кўзга чалинмасди. Столнинг устида алламбало қоғозлар тартибсиз турарди. Қоғозларнинг устида эса баклашкадан кесиб олинган, ичи сигарета “бичоклари” билан тўлиб қолган, деярли бир ойдан бери тозаланмаган қўлбола кулдон ястаниб турарди. Хона сигарет тутунидан буруғсиб кетган ва кириб чиқаётган кишилар ҳам чигаретни бир марта бўлсада “туя” қилишарди.

Кўз ойнаги бурни учида бўлганлиги сабаблими ёки уни кўзига қадар кўтариш эриш туюлдими, ҳурматли практика раҳбарим очки устидан мўралаб менга тикилиб сўради.

“Яхши келдизми?”

Вей! Яхши келмай ёмон келармидим?! Фиғоним фалакка чиқди.

“Демак бизда практикада бўларкансизда?”- деб ўзича прикол қилгандек бўлди.

Бурнингга кўзойнагинг ёпишиб қолгур, нима кўрмаяпсанми Тошкани азимдан шу жойга қадар келдим деб дод солмоқчи бўлдиму мусофир эканлигимни эслаб лабимни тишладим.

У эса эзмаланиб прокрордек саволлар ёғдиришда давом этди.-”Сизлар ҳозир ўр йил ўқиркансизлар-а, бизнинг довурда беш йил ўқирдек. Бунинг фарқи борми?”

Бу каби осарнинг жавобига ҳозиржавоблик қилиб бакалавр ва магистрликни, кейинчалик аспирантурадан доктурантурагача ваъзхонлик қилдим. Бугунги шароитни жуда яхшилигини, менинг даражам эса уларнинг жарадасидан “улуғ” эканлигини қистириб ўтдим. У эса гапларимни кулимсираб эшитиб турдида, булар менга қизиқ эмас дегандек ўз ишида давом этди.

Бу торгина кабинет мени икки соат ичида ўлдирар даражасига олиб келди. Котта практика раҳбарим чекаётган “астра” сигарети бу хонада хўжайин каби деярли 20-30 йиллардан бери умргузаронлик қиларкан. Мен бечора эса бу ерда ортиқчалик қилиб қолдим.

Мен ким- олиму фозиллар юртидан яъни азиму Тошкандан келган котта бир университет студенти шу счёт дейдими ёки шот дейдими, ҳар ҳолда Тошкани азимда таълим олиб энди минг йиллардан бери ишлатилиб, қўлнинг тегиши ҳисобидан ифлосланиб, қорайиб кетган шу нарса билан ҳисоб китоб қиларканманда?!

Бунга кўникиш мумкин эмасди… Кейинчалик, мен замонавий студентман дея у билан хайрлашиб кетдим.

Бошқа практика раҳбари топишга тўғри келди.

9.

Бугун практиканинг ўн бешинчи куни.

Йигитга омад келса қўшқўллаб эмас балки учқўллаб ҳам келаркан.

Ажойиб хонага кириб қолдим. Кадрлар бўлимида практика ўташни бошладим. Иқтисодчи бўлсамда, ўзимга тегишли бўлмаган соҳада ҳам практика олсам бунинг зарари йўқ деб ўйладим. Барисини ўрганиб қўйган маъқулда. Келажакда котта бир лавозимда ишлайдиган бўлсам булар асқотиб қолиши мумкинку, ахир?

Барибир аёллар ишлайдиган хоналарнинг ўзгача файзи бўларкан. Айниқса, Ойниса опа раҳбарлик қилаётган бу хонада кишини маст қилувчи ажойиб ҳид таралиб турарди. Мана сизларга ҳақиқий талабанинг жаннат практикаси…

Айниқса обедларда овқатларни кейинги хонада тайёрланиши ва бир кишининг ёнингда ҳақиқий онанг каби меҳрибонларча сенга эътибор беришини ҳис қилиб туришнинг ҳам ўзгача файзи бўларкан.

Бу даврга қадар мен ҳам Тошкан шевасини бироз унитиб тилим Навоий шевасига яқинлашиб қолган эди.

(Гарчи Навоий шевасида гаплашарканман хужжатлаштиришмасаласида чин адабий тилда гаплашишни ўрганишга мажбур бўлдим.Бунинг учун ҳалигача чин юракдан хурсандман.
Аммо бир нарсани очиқ айтиш лозимки, давлат тилида иш юритилар экан рус тилидаги бланкалар ва бошқа шу каби муаммолар ҳануз ишхоналарда мажудлиги, шеваларга алоқадор сўзларнинг турли туманлиги ўзбек тилини минг бўлакка бўлганлигини шоҳиди бўлишимга олиб келди. Буни Тошкентда яшаётганлигимда сезмаган эканман.

Чин мисолда, инсон ўзга бир маконда яшаркан баъзи бир нарсаларнинг фарқига бораркан ва уни ижобий томондан қабул қилишга мажбур бўларкан. Аммо бунга кўр кўрона ёндашаётганлар ҳам анчагина бўлиб чиқди.)

Менга бу хона жуда ёқиб қолди. Ҳар куни чой ичилади ва чиройли суҳбатлар кўнгилларни ошуфта қилади. Қани энди ўқишни тезроқ тугатсамда шу меҳрибон опа каби яхши бир қизга уйлансам деган фикрлар миямда чарх ура бошлади.

10.

Омад ҳам кўп куттириб ўтирмади. Хонага мендан кейин ўлароқ Навоий шаҳрида туғилиб ўсган ва айни вақтда Тошкандаги бир олийгоҳда таҳсил олвотган чиройли бир қиз практика ўташга кеп қолди.

Қиз бамисоли пари пайкар эди чамамда…

“Қанайсиз духтари хушрўй?” деб савол бериб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим.

“ОК! қаттансиз?” деб савол бераркан ушбу қиз мени устимдан кулгандек бўлди.

“Тошкеннанман” деб жавоб бердим Навоий шевасига тақлид қилишга уриниб.

“Вой бў… жа об қочаркансизу!” дея соҳибжамол нозу карашма билан ҳужумга ўта бошлади.

“Ростдан ҳам Тошкеннанман”- деб жавоб бердим.

У эса кулиб қўйди. Мени ҳарип қилмоқчи бўлди. Дарров паспортимни излашга тутиндим, аммо паспорт ўлгурни яшаётган жойимда қолиб кетган экан.

Ойниса опа жонимга оро кириб менинг “ғирт Тошканлу” эканлигимни тасдиқлади.

Аммо ажабланарлиси шу эдики, мен Навоий шевасида гапиришга ҳаракат қилсам олифта қиз эса нафақат мен билан балки бошқа ходимлар билан ҳам Тошкент шевасида вотти, вуз-вуз қилиб гаплашарди. Бунга жуда ҳайрон қолгандим ўшанда.

(Икки ёки уч йил Тошкентда яшаган бу каби олифталар ўн саккиз, йигирма йил давомида тиллашиб келган шеваларини унутиб қачонгача вот-вот ёки вуз-вуз қилишаркин?! Балки улар чин маънода соф ўзбек тилида, адабий тилда гаплашяпмиз дея ўзларини алдарлар балки?!)

Аммо менинг бу бахтли кунларимга кўз тегди. Директорнинг тавсияси билан оддий бухгалтерлар ишлайдиган хонага ўтишга мажбур бўлдим.

11.

Хонада бири бирига тиркаб қўйилган 7 та стол мавжуд эди. Икки дона Пентиум 1 маркали компьютер хонанининг кўркин очиб уни бироз замонавишлаштирган эди. Қолган ҳолатлар эса экономистнинг хонасидан қолишмасди.

Мен энди ҳақиқий практикани шу ерда ўтасам керак деб ўйлагандим, аммо чучварани хом санаган эканман.

Куннинг бошланишида бири тури иккинчи ўтириб копьютерни қўлма қўл қилишни бошлашди.

Обеддан кейин ўзимча билимдонлигимни кўрсатмоқчи бўлиб компьютерга ўтириб олдим.

Дарҳол ўрнимдан туришимни ва уларга тегмаслигимни талаб қилишди.

Нима мен сенлардай Пентиум 1 ни кўрмапманми Тошканда Пентиум 9 деганлари чиққан, университетда шунақа компьютерлар билан ишлаймиз деб қуруқланишга бошладим.

Ҳартугал менга ишонишди чамаси, ишлашга рухсат беришди.

Аммо, не кўз билан кўрайки университетда кўрган WORD, EXCEL программалари йўқ экан. Билимдонлигим тутиб ўзим билан олиб борган дискларим орқали уларни ўрнатдим.

Бошқаларга қулоқ ҳам солмадим. Аммо, афсуски, бу ердаги “замонавий” принтер бу каби дастурларда ёзилган ёзувларни деярли печать қила олмасди.

Бундан хурсанд ҳам бўлдим. Чунки Ворд ва Экзел каби дастурларда ишлашни тўлиқ билмасдимда. Бунинг оқибатида бироз обрў кўтариб олдим.

Музика эшитавериб практикани тугатиб олибман. Директор ҳам қутулганимга шукр дегандек практика қоғозига печатни урдида оқ йўл тилади.

Бу ердагилар бироз қадрдон бўлиб қолишган экан. Хайрлашиш оғирроқ бўлди. Начора, Тошканга бос дедим ўзимга.

12.


Тошкент. Университет. Энди бироз бошқача фикрлайдиган бўлиб қолгандим.
Ўз танамда ўйлаб кўрсам нафақат мен, бошқалар ҳам практикани парод қип ўз билимларини оширмас эканлар.

Ҳисобот ёзишга келганда, практикада бир иш қилмаганим, фақат чой ичиб юрганим ва музика эшитиб кун ўтказганим сабабли ҳисоботда нима ёзишни билмай қолдим…

Тошкан барибир азим шаҳар… Ҳар бир дарднинг давосини топса бўлади.

Курсдошлардан бор экан муаммойим осон ҳал бўлиб уларнинг практика домлалари ёзиб берган ҳисоботларни ўзимга мослаб кўчириб олдим.

Не бўлсада практика домладан яхшироқ баҳо олиш учун чўнчакни тўлдириб имтиҳонга келгандим.

Бу сафар ўхшамади. Кейинги сафар албатта 4-курснинг амалиётида ҳақиқий билим олишга ҳаракат қиламан дея ўзимга сўз бердим.

PS. Бу сатира кўринишида ёзилган бўлиб, баъзи бир воқеа ва сўзлар учун барчадан узр сўрайман. Ўзбек ҳалқининг бир-биридан ширин шевалари борки,  уларнинг барчаси ўзгача жаранглайди. 
(Биринчи қисм тугади)
Ҳурмат билан Мистер Қалампир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий