Меню

пятница, 14 сентября 2012 г.

Янги китобдан боблар

БОШҚА ДУНЁ  
3. Мерит
Дунёдан узилиб қолдим. Интернет йўқ. Телефон билан кўнгилга равшанлик инмайди. Истанбулда профессор Темур Хўжа ўғлидан илтимос қилиб, АҚШда жойлашган халқаро ташкилотларга хат ёздириб олгандим. Мазмуни шу эдики, билган тилларимда бирор юмуш бўлса, ишга олишса. Орегонга келгач билдимки, қанча кўп ташкилотга “заказной” хат юборсам, шунча кўп пул керак. Ҳали кўзимиз ҳам, қарашимиз ҳам турк лирасидан долларга ўрганмаган. Бир долларлик ҳам жигарнинг парчаси. Шундай пайтда ҳатто хат жўнатиш оғир тушар экан.
Орада “Америка овози”га телефон қилиб тураман. Асли наманганлик бўлган ва Афғонистонда яшаган, мана энди америкаликка айланган Абдулманнон Кескин ҳали Туркияда эканлигимдаёқ “Америкада биров бировга ёрдам бермайди, ҳар ким ўз оёғида туради” деб гапнинг дангалини айтганди. Лекин у кишининг ўзи ҳаммага ёрдам қиладиган одам эканлигини кейинчалик ўргандим.Қолаверса, бизга оддий америкаликлар чин дилдан, беминнат ёрдам қила бошладилар. Абдулманнон акадан бошқа телефон қиладиган одамим оз. Тўғрироғи ундан бошқа одам менинг гапларимни соатлаб эшитмайди. Дарвоқе, журналист ва рассом Раъно Ҳабиб ҳам гоҳида телефон қиларди. Аммо радиога суҳбат ёзиб олиш учун. Бир куни у:
-Бу ёқларга келмасангиз иш тополмайсиз, соҳангиз бўйича иш фақат шу ерда бор,-деди.
Гапнинг очиғи илгари “Америка овози”ни умуман эшитмас эдим. Бир икки марта “Озодлик” тўлқинларини ушлайман деганимда худди 13-14-асрдан гапираётгандек антиқа овозни эшитиб қолгандим. Ўзбекча бўлиб ўзбекча эмас, туркча бўлиб туркча эмас, форсча бўлиб форсча эмас. Лекин Раъно опа билан гаплашганда у замонавий ўзбек тилида гаплашарди. Шу ҳақда сўз очсам׃
-Ҳеч нарса қила олмадим, бу ерда Афғонистондаги ўзбеклар ишлашади ва мен ҳам уларнинг шеваларига кўникиб кетдим, агар сиз келсангиз балки ўзгартиришимиз мумкин,-деди.
Бу радиони балки Афғонистондаги ўзбеклар учун очишган бўлишлари ҳам мумкин деб ўйладим. Чунки уларнинг ўз шеваларида бирор бир нашрлари йўқ. Она тилларида гапиришга майдон беришмаган. Мактабларда ҳам бошқа тилда ўқитишади. Агар Америка бу таҳқирланган элатдошларимизга радио очиб берган бўлса, зўр иш қилибди.  Нима қипти, мен ҳам уларнинг шевасини ўрганаман.
Лекин Раъно опа радио Ўзбекистон учун очилганини айтдилар.
-Ўзбекистонда ҳеч ким эшитмайдику бу радиони?-дедим.
-Сизга ҳозир бировнинг эшитиши эмас, биринчи галда иш керак, оилангизни оёққа қўйишингиз, фарзандларингизни ўқитишингиз лозим. Орегон дегани дунёнинг нариги чеккаси. Марказга келишни ўйланг. Иш марказий жойларда бўлади.
Раъно опанинг бу гапи кўнглимда умид пайдо қилди. Лекин инглиз тилини билмасам радиода қандай ишлайман, деган қўрқув  ҳам бор эди.  Ўзбек бўлими мудири Нусратилла Лаҳееб билан гаплашсам, у радиода штат йўқлигини, лекин инглиз тилини оз-моз ўрганиб, ариза бериб қўйсам ёмон бўлмаслигини айтди. У Ўзбекистонга бориб келган ва унинг нияти ҳам радио тилини бугунги замонавий ўзбек тилига мослаш экан.
АҚШда бошлиқ истаса ҳам ҳукумат иши бўлгани учун бировни ишга ололмас экан. Имтиҳон топшириш керак.  Буни мутлақо бошқа одамлар ташкил қиладилар. Демак, инглиз тилини билмасам, ишга ўта олмайман.
Дарҳақиқат, қайси мамлакатга бордингизми, биринчи галда унинг тилини ўрганиш керак. Бўлмаса “учинчи сорт бечора” бўлиб қоласиз. Туркияга келганда ҳам тезда тил ўрганиб, ишларимиз юришиб кетганди.  Хуллас, бу ерда ҳам биринчи мақсад тил ўрганиш.
Бизни муҳожирлар билан ишлайдиган “ИРКО” деган марказга йўллашганди. Ўша ерда инглизчанинг салом-алигини ўрганишимиз ва улар топиб берган ишни олишимиз керак эди. Иш кутганларнинг сон-саноғи йўқ. Агар битта қурувчилик ўрни топилса ҳам бир неча киши байрам қилади. Бирортасини олишади-да.
Менинг эса калламнинг бир жойида эмас, кўп жойида Вашингтонга кетиш керак, деган фикр айланарди. Ўзим билан ўзим олишиб юраканман, Мерит ҳали уникига, ҳали буникига меҳмонга олиб борарди. Бир куни ўғлининг уйига таклиф қилди. Шаҳардан ташқарида кошонаси бор экан.
-Ўғлим қурилиш компаниясининг эгаси, бу уйларни унинг ўзи қуради,-деди Мерит.
Мерит нега ёрдам бераётганини аввалига тушуниб етолмадим. Кейин Ҳайдар тушунтириб берди. У пенсияга чиққач, ўзини Худонинг йўлига, савоб иш қилишга бағишлабди. У кекса бўлсада ёш кўринар ва бардам эди. Машина ҳайдашини кўриб эркакларнинг оғизлари ланг очилиб қоларди.
Бизни машинасига миндириб, ўғлиникига олиб борди. Ҳовли тўла одам. “Барбикию” пишириш учун ҳозирлик авжида.
“Барбикию” (Berbecue) Кариб оролларида яшаган Таино халқининг тилига оид сўз эканлигини ўргандим. Бу сўз илк бор 15 асрдаги ёзувларда учрайди, “муқаддас гўштнинг ўраси” деган маънони анаглатди. Буни ўзбекча қилиб қўра десак ҳам бўлади. Лекин бугунга келиб бу сўз қўра маъносини эмас, балки кабоб, шашлик, оловда пиширилган гўшт маъносини беради.
Хуллас, аллақачон Барбикию пишириш учун қўрага олов солинганди. Ичкарида узун столнинг устига турли овқатлар қўйилган. Биз умримизда кўрмаган таомлар ва бошқа егуликлар шунчалик кўпки, таъмини татиб кўришга улгурмайсиз. Зотан улгурмадик ҳам. Чунки Мерит меҳмонхонанинг ўртасига стол қўйиб, устига компютер ўрнатибди. Тирсагимдан тутиб компютер ёнига олиб борди. 1998 йил, март… У пайтда интернетда ўзбекча сайтлар деярли йўқ эди. Ўзбекистонга оид бор йўғи битта сайт бор эди- Uzreport. Мерит шу сайтни топиб қўйган экан.  Сайтдаги хабарларни ўқий бошлашим билан меҳмонлaр қарсак чалиб юборишди. Бу қарсаклар Мерит учун эди. У нимага ташналигимни билгани ва хурсанд қилишнинг йўлини топгани учун эди. Дарҳақиқат, меҳмонни хурсанд қилиш учун ўзимизда ҳам йўқдан бор қилинади-ку?!
Кимдир Меритни савоб учун иш қилади, деса, кимдир солиқларни оз тўлаш учун хайрия ишларини бажаради ҳам дерди.  Ҳақиқатни билиш учун қочқинлар масаласини билиш керак. БМТнинг Қочқинлар комиссарлиги одамларни ерлаштириш учун турли мамлакатларга мурожаат қилади. Бунда ҳар бир қочқиннинг ўша мамлакатда қариндоши ёки юртдоши бўлгани ёки ўша мамлакатнинг қайси ирқдан, қайси диндан одам олишга эҳтиёжи борлиги каби факторлар ҳам инобатга олинади. АҚШ ҳукумати ҳар бир қочинни олиб келиш ва оёққа қўйиш учун киши бошига маълум миқдорда пул ажратади. Бу ишни бажаришни ноҳукумат ва диний ташкилотлар ўз зиммаларига олишган. Уларнинг муҳожирлар билан ишлайдиган махсус бошқармалари бор.
Масалан, бизга Лютеран Муҳожирлар  ва қочқинлар хизмати (Lutheran Immigration and Refugee Service) раҳнамолик қилган. Бу хизмат 1939 йилда тузилган. Тушунишимча, бу протестантларнинг бир қўли бўлган лютеран оқимининг бизнесс шохобчасидир. Мақсади пул топиш. Ҳукуматдан қочқинлар учун пул олади ва Худо йўлига иш қиладиганларни қидиради. Мерит кабилар чиқиб қолади. Бутун ишни улар бажарадилар, давлатдан келган пул эса “байтулмол”га қолади. Ҳамма диний идоралар ва кўпгина ноҳукумат ташкилотлар ҳам шу йўсинда ишлайдилар, Муҳожирларга камроқ пул беришга уринишлари ҳам ана шундан. Тезроқ муҳожирга бир иш топиб берсалар, кўпроқ фойда қилган бўладилар. Худо баҳона,  мақсад шоҳона!
Бу ташкилотлар қочқинларнинг чипта пулларини ҳам тўлайди. Лекин кейин ундириб олади. Вақтида тўламаса жазолайди ёки тўлов қобилиятини белгилайдиган кредит кўрсаткичларини пасайтириб қўяди. Баъзи ҳолларда муҳожирни оёққа қўйиш ўрнига унинг “оёғини кесади”.
Шунинг учун бу ташкилотга ҳурматим юқори бўлмасада Меритни жуда ҳурмат қиламан. У ҳақиқий фидойи аёл ва бизга чин дилдан хизмат қилди.
Бир куни уни қаршимиздаги уйда кўриб қолдик. Қора терга ботиб уйни тозаламоқда. Ўша кун яна бир янги оила келиши керак экан. Роҳилани чақирдим ва ёрдамга бордик.
-Йўқ, мен ўзим бажараман бу ишни, -деди жиддий оҳангда.
Биз ҳам унга ёрдам беришга келганимизни жиддий оҳангда такрорладик.
Кейин у:
-Савобимга шерик бўлмоқчимисизлар?- деди кулимсираб. Бу розилик аломати эди. Ишга киришдик. Ўшанда  бир уйни тайёрлаш учун қанча заҳмат чекиш кераклигини англадим. Биз келмасак у матраслару диванлар, каравотлари бошқа жиҳозларни бир ўзи ташиб келар ва хоналарга жойлаштирар экан. Чунки оддий иш куни бўлгани учун унинг ёш муҳожир дўстлари уйларида йўқ. Бунинг устига у бир кор-ҳол бўлиб қолмасин, деб уларни чақирмас экан.
-Бу ҳам жисмоний ҳаракат, ҳам маънавий баракат,-деди Мерит.
Ўша кун унга кечга қадар кўмалашдик ва биз ҳам қандайдир маънавий куч топгандек бўлдик.
Ж.М.
(Давоми бор).

Комментариев нет:

Отправить комментарий