Меню

суббота, 8 сентября 2012 г.

МАКТАБЛАРДА ДУНЁВИЙ ВА ИЛОҲИЙ ИЛМЛАР БАРАВАР ОЛИБ БОРИЛСА...

Абу Бакр АСОЕВ
Тожикистон.
 
 Шавкат Муҳаммад исмли биродаримиз ўз битигида: "Баъзилар айтяптики шу кунларда,мактабда диний ва дунёвий билимларни баравар олиб бориш керак деб. Бу энди мантиқсизликнинг энг юқори чўққисидир. Мактабдаги дарсликлар оламнинг яралиши ҳақидаги билимлар дарвинизм ғоясига асосланган. Бу дарсдан чиқиб, кейинги дарсга кирган ўқувчиларга мулла бунинг аксини айтиб ўтирса, ўқувчиларнинг ҳам кришаси кетиб қолади-ку!" - дея ўзининг шахсий фикрини ёзипти. Мен эса Шавкат Муҳаммад исмли биродаримизнинг эмас, у киши айтган ўша "баъзилар"нинг фикрини қўллаб-
қувватлаган бўлардим. "Мактабда диний ва дунёвий билимларни баравар олиб бориш керак..." - деган фикрни айтган кишилар мактаб дарсликлари ҳам авалги ҳолича қолсин демаяпти. Яъни ўқувчилар биринчи соатда дарвин таълимотига кўра битилган дарсликдан, иккинчи соатда эса дарвинизмга тескари битилган дарсликдан илм ўрганишсин эмас, балки янгитдан, яъни бугунги кун талаботига жавоб берадиган даражада қайта ишланган дарсликлардан фойдаланишсин, ўқув дастурлари ҳам янгитдан тузилсин деган фикрни илгари суришмоқдадир ўша "баъзилар". Мен шу ўринда ўзимнинг 2010 йилда чопдан чиққан "Қиёматга қанча қолди?" номли китобимнинг айни мана шу мавзуга оид бўлган 15-бобидан қуйидаги парчани келтирмоқчиман:
    "Мактабларда ўқитиладиган программаларга дунёвий фанлар билан бир қаторда илоҳий фанлар ҳам киритилса ҳеч нарса йўқотмаймиз, аксинча юксак чўққиларни забт этамиз. Яқинда матбуот саҳифаларининг бирида битта мақола ўқиб қолдим. Унда археологик қазилмалар пайти 68 млн. йил илгари ўлиб кетган тироназаврнинг йирик суяклари топилганлиги ва бу суяклардаги коллаген моддалар бугунги товуқларнинг суякларидаги коллаген моддаларга жуда ўхшаш эканлиги ёзилган эди. Мақолачанинг давомида дунёвий олимларнинг «Тироназавр бир юмалаб товуққа айланиб қолибди!», деган хулосага келганлиги айтилади. Олимлар-ки шунақа чўпчакмонанд хулосага келиб ўтирса, уларга эргашаётган авом халқнинг ҳоли нима кечади? «68 миллион йил илгари ўлиб кетган тироназавр билан ҳозирги товуқларнинг суякларидаги коллаген моддаларнинг ўхшашлиги бугунги товуқларни яратган ЗОТ 68 млн. йил аввал тироназавр деган баҳайбат махлуқниям яратган экан. Ўша тироназаврларнинг суяклариям бугунги товуқларнинг суягига ўхшаб, мустаҳкам коллаген моддалардан ташкил топган экан. АЛЛОҲнинг меҳрибончилигини қаранг-ки, бугунги дунё олимлари бепоён дашту биёбонларда археология илми билан бемалол шуғуланавериши учун,кишиларнинг ҳаётларига катта хавф келтирувчи тироназавру динозавр каби баҳайбат махлуқотни яратмай қўйди. Яъни динозавр ишлаб чиқарувчи биофабрика ва биозаводларнинг фаолияти таъқиқланди», деган хулосага келиш ўрнига аллақаёқдаги куракда турмайдиган хулосалар чиқариб ўтирса-я авомни ўз ортидан эргаштирувчи олимларимиз?! Мен бу билан ўша олимларни обрўсизлантирмоқчи эмасман, албатта. Фақат айтмоқчиманки, фарзандларимизни ўшанақа имонсиз олимларга кўр-кўрона эргашадиган лоқайд одамлар бўлиб қолишидан асрайлик! Ёш авлоднинг таълим-тарбиясига масъулиятни кучайтирмоқ лозим. Уларга дунёвий илмниям, илоҳий илмниям бирдай ўргатиб боришимиз даркор. Дарров хаёлингизда ёшгина «исламист», «фундаменталист», «бенладинист»лар гавдаланмасин. Бу шайтоний хаёлдир. Кечинг энди шу бўлмағур хаёллардан. Унинг ўрнига илоҳий илмнинг мағзини чақишга ҳаракат қилинг. Шайтон минг урингани билан ҳақни ноҳақ қилишга қурби етмайди. Шайтонга эргашганларнинг ўзлари шарманда бўлади, холос. Ёш, мурғак авлоднинг қалблари пок бўлишини яхши биласиз. Қалбларининг поклигида уларнинг қалбига Раҳмоний ақидани жойлай билсак, уларнинг ўзлари учун ҳам, жамият учун ҳам фойдаси бисёр. Ёш авлодда қизиқувчанлик ўта кучлидир. Улар ўқитувчини энг тўғри сўзни айтгувчи буюк инсон деб тасаввур қилашади. Яъни ўқитувчи қайси йўлга бошласа улар ҳеч иккиланмасдан шу йўлдан юрадилар. Бу уларнинг ўз келажакларини ўқитувчисига ишониб топшириб қўйганидан далолатдир. Ёшларимизнинг ана шундай буюк ишончини поймол қилишга қандай кўзимиз қияди-я? Биз уларга илоҳий ҳақиқатни баён қилиш ўрнига турли бўлмағур сафсаталарни ўргатсак, маймун бир юмалаб одамга айланиб қолибди, деган асоссиз афсоналарни қулоғига қуйсак оқибати нима билан тугашини тасаввур қила оласизми? Ўзингиз фикр қилинг, фарзандингиз пайғамбарга ворис бўлса қандай бўлади-ю Худо кўрсатмасин, Шайтонга ворис бўлса қандай бўлади? Баъзи ўзларини доно ҳисоблагувчилар илоҳий илм гўдакларга оғирлик қилади, деган баҳонани кўндаланг қўйишлари мумкин. Имоми Аъзам номи билан машҳур бўлган Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит исмли буюк алломанинг таржимаи ҳолига бир назар ташласангиз бу баҳонанинг асоссиз эканлигини тушуниб етасиз. У зот ҳали 4 ёшга қадам қўймай туриб Қуръонни ёд олган эдилар. Ёшлигидан бу қадар илмни эгаллаган кишига Шайтон яқин йўлай олмайди. Шайтон яқин келолмагач унинг йўлини бирорта қийинчилик бекитиб қўйиши мумкинми? Йўқ, албатта! Шунинг учун ҳам Имоми Аъзам ҳазратлари Расулуллоҳнинг энг яқин вориси бўлиш шарафига муяссар бўла олди-да! Ана шундай буюк даражаларга эриша олган зот умрининг сўнгги 30 йилини рўзадорликда ўтказди. 40 йил хуфтан намозидан кейин бомдодгача ухламай нафл намозлар ўқиб чиқди. Унинг бу амалини Шайтон сизу бизга жуда мушкул амаллардан қилиб кўрсатади. У зот эса аксинча бу амалидан роҳат топарди. Чунки боя айтганимдек Шайтон унга яқин келишдан қўрқарди. Имоми Аъзам сизу бизга мушкул бўлиб кўринган ибодатларида Парвардигорга яқинлик ҳис қиларди. Киши ўз маҳбубига бисотида борини беришга тайёр. Ҳатто, ўз жонини аямайди у. Инсон ўз маҳбуби учун денгизларнинг қаъридан неча ранжу алам чекиб олиб чиққан дуру гавҳарини сира иккиланмасдан нисор қила олади. Имом Абу Ҳанифа ҳам Ҳақнинг розичилигига эришиш мақсадида, Парвардигорнинг беназир жамолига етишиш илинжида бу ўткинчи дунёнинг ўткинчи фароғатларидан - ширин уйқудан, таомларнинг лаззати-ю қозиул қуззотлик мансабининг дабдабали шуҳратидан воз кеча олди. Мана шундай буюк зотга АЛЛОҲнинг раҳмати ёғилсин!
  3-4 синфларда "Табиатшунослик" фани ўргатила бошланади. Мана шу дарсни кенгроқ программада олиб бориш керак. Ўқувчилар ҳозир ўрганишаётган торгина билим билан чекланиб қолмасинлар. Гўзал табиат, уни ташкил қилган турли туман мавжудот ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганини, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолишнинг ўзи мумкин бўлмаган нарса эканини тушунтириш керак уларга. Табиатни яратган Ягона ва Қудратли ЗОТнинг мавжудлигини билсинлар. Уш бу китобда келтирилганидек, содда ва тушунарли тилда АЛЛОҲнинг сифатларини уларга англатмоқ лозим. Табиий ҳодисалар - қуёш чиқиб ботиши, йил фаслларининг қатъий тартиб билан ўрин алмашиши ва шунга ўхшаш кўплаб мураккаб жараёнлар Парвардигорнинг қудрати илоҳийси туфайли ҳосил бўлган энергиялр эвазига содир бўлаётганлигини тушуниб етсинлар. АЛЛОҲнинг ҳар куни томоша қилишаётганлари: фантастик ва куфроний кинофильмлардаги қаланғи қасанғи ёвуз руҳлардан, Ҳинд киноларидаги 8 қўлли қўғирчоқлардан, кунг-фу киноларидаги Будданинг ҳайкалидан бутунлай фарқ қилишини билиб олсинлар. У ЗОТИ ПОКнинг бу дунёда бирор бир ўхшаши йўқлигини англасинлар. Яна Парвардигорнинг ўғил-қизлари бўлмаслигини, мутлақ қудрат АЛЛОҲгагина хослигини шуурларига сингдира борсинлар. Ибодатнинг қандай маъно касб этишини, нима учун ибодат қилинишини ёшларимизга ҳозирданоқ англата бормоғимиз лозим. Инсониятнинг қоринни тўқ тутадиган озуқалардан бошқа яна бир муҳим озуқага эҳтиёжи борлигини болаларга хос равон ва содда тил билан уқтира билайлик. Аслида руҳий озуқанинг қандай аҳамиятга эга эканлигини биз катталар болажонларимиздан ўргансак бўларди. Бирорта гўдакни бир неча кун ёлғиз қамаб қўйинг қани, нима бўларкин. Уни 3 маҳал нормал рациондаги озуқа билан овқатлантиринг. Ётиб туриш, ювиниш шароитини муҳайё қилиб қўйинг. Аммо ўйнашига, бирорта билан мулоқотда бўлишига йўл берманг, холос(аслида бунақа эксперимент ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи  йўқ! Буларни фақат фараз қилинг, яъни хаёлий эксперимент қилиб кўринг). Экспериментнинг дастлабки онларида болакай жуда тажанг бўлиб қолади. Унинг бу тажанглиги руҳий озуқанинг танқислиги туфайлидир. Чунки болалар берилиб ўйнаганларида завқу шавққа тўладилар. Ана шу завқу шавқ уларга руҳий озуқа бўлиб хизмат қилади. Бола ўзига яқин бўлган ўртоғи ё бошқа бир таниши билан мулоқотда бўлганида ўша ўртоғи ёки таниши «стабилизатор» вазифасини ўтайди. Мазкур «ўртоқ-стабилизатор» руҳий озуқа ҳисобидан ҳосил бўлган энергиянинг тўғри тақсимланишини таъминлайди. Яъни мулоқотда бўлганлар бир-бирига стабилизаторлик қиладилар(Одамнинг тафтини одам олади, дейилганда шунга шама қилинади-да!). Эксперимент давом этаверса бола табиатидаги тажанглик ўрнини руҳан синиқлик, одамовилик эгаллай боради. Бу эса руҳий озуқа келишининг умуман тўхтаб қолганлигидан далолат беради. Эътибор беринг, овқатланиш рационга 100% тўғри келади. Юмшоқ кўрпа-тўшак, ейди, ётади. Ҳожат қилиш, ювиниш учун ҳам ҳамма шароит муҳайё. Фақат ўйнаш учун видео-аудио ускуналар тугул оддий ўйинчоқнинг ўзи йўқ. Мулоқот қилиш учун ҳам ўз тенгқури тугул қартайган бир қария ҳам йўқ. Бу уқубатли эксперимент узоқроқ давом этаверса, бола ўзини олдириб қўйганининг гувоҳи бўламиз. Пассив организмларда руҳий хасталик тез ва яққолроқ намоён бўлади. Актив организмли болалар эса ўз руҳий эҳтиёжини қондириш учун турли хил эрмаклар ўйлаб топиши мумкин. Аммо кўп ҳолларда бу ҳам нонормал оқибатларни келтириб чиқаради. Руҳий озуқанинг ўта муҳимлигини шу хаёлий эксперимент тасдиқлай олади. 11-12 ёшгача бўлган гўдаклар ўйинларидан руҳий озуқа топишади. Ёши улғайгани сайин бола руҳининг энергияга бўлган эҳтиёжини гўдакона ўйинлар қондира олмай қолади. Ана шунинг учун ҳам ИСЛОМ шариати бу ёшни балоғат ёши деб белгилаб қўйган. Бу ёшга етган ўсмирларга шариат буйича ИМОН келтириш ва НАМОЗу РЎЗА каби ибодатлар ФАРЗ бўлиб қолади. Энди улар турли туман бадиий китоблар мутолаа қилиб ёки ёши улуғларга хос бўлган жиддийроқ машғулотлар билан ўз руҳий эҳтиёжларини қондирмоқчи бўладилар. Ана шунинг учун ҳам инсонларнинг руҳий озуқага бўлган эҳтиёжни тўла қондира оладиган тоат-ибодатларнинг моҳиятини тўла ва батафсил тушунтира олсак, фарзандларимиз олдидаги энг улуғ бурчимизни бажарган бўламиз. Шундай экан уларга Раҳмоний илмлардан сабоқ бергувчи содда ва енгил тил билан баён этилган адабиётларни тақдим эта билсак, уларнинг мутолаадан оладиган руҳий озуқалари мақсадга мувофиқ бўларди. Яъни бу билан биз уларни тўғри йўлга йўналтира олган бўламиз. Раҳмоний илм ола бошлаган гўдакларнинг мурғак қалбларида ота-онага, ҳурматли ўқитувчиларига ва бошқа яқинларига бўлган инсоний муҳаббати АЛЛОҲга бўлган илоҳий муҳаббат билан уйғунлаша боради. Шу пайтгача бирор айб иш қилсам ота-онам ёки ўқитувчим уришади, деб чўчиб, андиша қилиб турган бўлса энди айб қилсам АЛЛОҲнинг қаҳри келмасмикин, деган туйғу пайдо бўлади уларда. АЛЛОҲнинг раҳматидан умидвор бўлиб, каҳридан қўрқиб яшаган инсон энг бахтли инсондир. Гўдакликдан шунақа тарбия олиб улғайганлар эса янада улуғроқ даражага эга бўладилар. Бундай тарбиядан маҳрум бўлган, бу улуғ неъматдан бенасиб қолган ёшларнинг аҳволи нима кечишини тасаввур қилишга уриниб кўринг. Улар энди жажжи болаларга хос уйинлардан ор қила бошлашади. Чунки бу уйинлар уларнинг руҳий эҳтиёжини қондира олмай қолади-да. Уларнинг мурғак қалбларида АЛЛОҲга бўлган муҳаббат ўрнида ҳам, АЛЛОҲнинг қаҳридан қўрқиш ҳиссининг ўрнида ҳам бўшлиқ пайдо бўла бошлайди. Ота-она ва ўқитувчига бўлган эҳтироми эса сусая боради. Яъни шу пайтгача ота-она ва устозларни ўзидан жуда юқорида дея ҳис қилиб юрган бўлса, энди ўзини улар билан тенг, дея ўйлай бошлайди. Натижада гумроҳлик балосига мубтало бўладилар. Айни шуни пойлаб турган Шайтон пайтдан унумли фойдаланишга уринади. Улар шайтоний ҳис-туйғу оғушида руҳий озуқага бўлган эҳтиёжини зарарли, яъни ҲАРОМ амаллар билан қондиришга шуруъ қиладилар. Ўғил болалар нос, сигарет, ҳатто спиртли ичимликлар каби иблисона одатлар сари талпинадилар. Шаҳвоний ҳисларига эрк беришади. Қиз болаларда эса ўзгаларнинг диққатини ўзларига жалб қилиш фикри пайдо бўлади. Бунга эришиш учун парфюмерия ва косметика воситаларидан кўр-кўрона фойдаланишга ўтадилар. Турли «шоу»чи «Юлдузниса»лар реклама қилаётган модаларга ҳавас уйғонади уларда. «Шоу»чи кумирларининг шайтоний тарғиботига қулоқ тутадилар, «Шоу»ларда кўрганларига тақлид қиладилар. Яъни  бадандаги аврат жойларни бекитиш ўрнига намоён қилгувчи кийим-кечакларни мода тусига айлантиришади. Бу номақбул амалларга бепарволик қилсак ёш авлоднинг бу дунёсини бемаъниликка, охиратини эса ДЎЗАХга маҳкум этган бировлар эмас, ўзимиз бўлиб қоламиз-ку. Эртага қиёматда бунинг ҳисобини қандай берамиз? Шундай экан фарзандларимизни мана шу бахтиқароликдан асрай билмоғимиз лозим.
       Тарих фанини ўқитишдаям динларнинг тарихига, аҳамиятига кенгроқ ўрин берилса, диннинг нима эканлиги холислик билан ўргатила борилса, фарзандларимиз айрим чаласавод муллаларга ўхшаб, ерни учта баҳайбат ҳўкиз кўтарип турипти, дея керилмасдилар. Динларнинг турли сиёсий партиялардан фарқ қилишини тушуниб етишади. Яъни киши бирорта партияга аъзо бўлмаслигиям ёки ўзининг касбий ва сиёсий иқтидорига кўра хоҳлаган партиясига аъзо бўлишиям мумкин. Бунда ўша партия Адлия вазоратининг қайдидан ўтган бўлса бўлди.  У аъзолик бадалини тўласин ва партиядаги фаолиятини давом эттирааверсин. Аммо дин умуман бошқа бир масала эканлигини ёшу қари ҳамма бараввар англаши лозим. Ўзини ОДАМ деб ҳисоблагувчи ҳар-бир шахс учун ДИН ягона имконият ҳисобланади. Динсиз кишининг ҳоли қаноти қирқилган қушдан ҳам хароброқдир. Қанотсиз қуш кўринган йиртқичга емиш бўлганидек, динсиз кишиям Шайтонга таййёр эрмак бўлиб қолаверади. Шайтонга эрмак бўлган кишининг ҳоли қанақа бўлишини юқорда қайта-қайта ўқидингиз. Дин эса ягонадир. ИСЛОМ дея аталади у! Мана шу улуғ ҲАҚИҚАТни фарзандларимиз ёшлигидан шуурларига сингдира борсалар улғайганларида хатокорлардан бўлиб қолмайдилар, Иншааллоҳ! Фарзандларимизга ёшлигидан мазкур китобдаги маълумотларни ўргата борсак нимаси ёмон?

          4. ОСМОНДА НИМА ГАП?

        Қизиқарли фанларнинг яна бири астрономиядир. Мазкур фан фидоийларининг бугунги кунда анча-мунча ютуқни қўлга киритиб қўйгани сир эмас. Яқинда телеканалларининг бирида Америкалик астроном олимлар эришган ютуқлар ҳақида кўрсатув намойиш қилинди. Улар осмонда тинимсиз учиб юрган комета ва астероидларнинг видеотасвирларини тасмага туширишган экан. Кўрсатув ижодкорлари Ой саҳнида беҳисоб кратер(астероид тушиб, чуқур бўлиб қолган жой)лар бўлиши баробарида ернинг ўзида бу нарсалар деярли йўқлигини ҳайрат билан гапирардилар. Видеотасвирни кўрсангиз, ҳақиқатданам ҳайратланмай иложингиз йўқ. Кратерларнинг мўллиги туфайли ойнинг ўт-ўланлар унмайдиган тақир кенгликлари илма-тешик бўлиб ётарди. Қуёш системасидаги сайёраларнинг энг кичиги бўлмиш юпитернинг-ку «афт»ига қараб бўлмасди кратерларнинг жабридан. Бошқа планеталар ҳам астероидларнинг ҳужумидан «қуруқ» қолмаган экан. Фақатгина ернинг бу «ҳужум»лардан бенасиб қолиши олимларни ҳайратга соларди. Бу ҳолат ерни бошқа планеталарнинг эркатойи деб аташга сабаб бўла олишини таъкидлашар эди олимлар. Улар яна ўзларининг эришган ютуқлари тўғрисида, оламшумул кашфиётлари хусусида оғиз кўпиртириб гапиришдилар. Олимларнинг айтишича, Юпитернинг атрофидаги чанг-ғубордан иборат ҳалқашакл белбоғ унинг тортишиш кучини кучайтирар экан. Шу туфайли у ерга тўқнашмоқ ниятида келаётган ҳар қандай астероидни ўзига тортиб олиб кетаркан. Яъни Юпитер хос тансоқчилар каби ерни самовий тошбўронлардан ҳимоя этаркан. Юпитер қайтриб қолишга улгуролмай ўтиб кетган унча-мунча астероид ёки кометаларга эса ернинг адъютанти – Ой ўз кўксини тутиб бераркан. Бундан ташқари ўша олимлар Австралия қитъасидаги кратердаям илмий тадқиқот ўтказишибди. Видеотасвирда Австралиядаги кратернинг вужудга келишига асосий сабабчи бўлган улкан қоя кратернинг марказида гердайиб турарди. Мазкур қоя неча минг йиллар илгари осмондан «ташриф буюрган» астероид, кратер эса ўша астероиднинг жабридан вужудга келган ғорлик, дея тахмин қилиниб келинарди шу пайтгача. Бироқ бундай эмаслигини, кратер марказидаги қоя астероид эмас, Юпитер планетасининг бир парчаси эканлигини илмий жиҳатдан исботлашибди зукко олимларимиз. Аслида ўшанда, яъни неча минг йиллар илгари улкан астероид, ерга эмас, юпитер планетасига урилиб, унинг саҳнидан каттакон бир қояни учириб юборибди. Шундай қилиб ўз маконидан бадарға бўлган шўринг қурғур қоя ер қаъридан – Австралия қитъасидан «макон» топган экан. Олимлар яна бир ажойиб илмий версияни баён қилишди. Океан ва денгизлар сатҳида муттасил давом этаётган тўлқинлар ернинг тортишиш кучини кучайтириб планетамизга таҳдид солаётган кометаларни осмондаёқ парчалаб ташлар экан. Яъни улкан кометалар мазкур тортишиш кучи туфайли бўлакчаларга бўлинар ва шу бўлакчаларни еримиз магнит каби ўзига тортиб оларкан. Натижада хавфнинг олди олиниб, бус-бутун астероид эмас, кичик метеорит бўлаклари ва чанг зарраларига айланган осмоний жисмлар ерга тушаркан, холос. Қаранг, қандай ажойиб кашфиётлар қилишмоқда муҳтарам олимларимиз. Тасаннолар айтсак арзийди. Бироқ мени ажаблантирган нарса бошқа. Яъни бир соатдан зиёдроқ давом этган кўрсатув давомида бирор мартаям АЛЛОҲ ТАОЛОнинг илоҳий қудрати зикр қилинмади. Ўзингиз яхши англаб турганингиздек, АЛЛОҲнинг номи зикр қилинмаган ҳар қандай амалнинг оқибати пушаймонлик келтиради. Яъни АЛЛОҲнинг номи унутилган жойда Шайтон маъракабоши бўлади. Ўз кашфиётларини оламга кўз-кўз қилаётган олимларнинг фикрича, гўё буларнинг бариси тасодиф эмиш. Юпитернинг «хос тансоқчи»лигиям, ойнинг «адъютантлиги»ям, ва бошқа ҳодисалар ҳам… Энди ўзингиз хулоса чиқаринг. Ҳа, деб тасодиф юз беравериши мумкинми? Ҳар бир заррада ўз қудратини зоҳир қилиб қўйган Меҳрибон АЛЛОҲ планетамизни астероидбўронлардан ҳимоя қилиб, ЎЗ қудратини яна-да яққолроқ намоён қилганини нега тан олишмайди-я «ЗАКИЙ» ОЛИМЛАРИМИЗ?! Астрономия илмини ўзлаштиришга иштёқманд бўлган ёшларимиз шу олимларга пайравлик қилсалар эртага ўзлари ҳам «закий» олимлар бўлиб етишганларида қанақа «оламшумул» кашфиётлар ихтиро қилишар экан-а? Шайтоний кибру ҳавога берилиб, ўзларини Худоданам устун ҳис қилишиб, «Ерни ядровий қурол билан портлатса портлатишаверсин, биз бошқа планеталарда ҳаёт барпо қила оламиз!», демасалар бўлгани, ишқилиб… Ана кўрдингизми, исломий тарбия нима учун керак экан фарзандларимизга?! Мен ҳам фарзандларимизнинг илмий кашфиётлар осмонида парвоз қилишларига тилакдошман. Қани энди биз эришолмаган юксак чўққиларни забт этишолса фарзандларимиз! Истагим, улар шайтоний тузоқларга тушиб қолмасалар, дейман. Бунинг учун ёшларимиз исломий тарбия олишлари шарт ва зарур. Ана шундагина улар эришган юксакликлардаги саодат том маънодаги абадий масъудлик бўлиб қолади, Иншааллоҳ!
        Адабиёт фанидан ҳам исломий одобу ахлоқ қанақа бўлишини ўрганган ёшлар баъзи «сатанист», «Ҳизбуттаҳрирчи»га ўхшаш ахлоқсиз оқимларнинг тузоғига тушиб қолиш хавфидан йироқда тура оладиган инсонлар бўлиб етишадилар. Биология фанининг кам-кўстини-ку юқорироқда баён этгандик(68 млн. йил илгари яшаб ўтган тироназавр мисолида). Бу соҳадаям Раҳмоний йўл кўрсатмаларига ёндошиб таълим берсак, 68 млн. йил олдинги тироназаврниям, ҳозир жўжаларини эргаштириб дон чўқилаётган товуқниям, товуқ ва жўжаларга дон сочаётган болакайниям битта Яратувчи яратганлигини англаб оларди ўқувчи. Хуллас бу айтганларим бир таклиф, холос. Менимча шундай қилинса ёмон бўлмасди. Ҳар ҳолда мудҳиш жиноятларга қўл урган фарзандларимизга дуч келганимизда «Қаерда хато қилдик экан?» деган саволга тўғри жавоб топа олган, айбни бошқалардан излаб юрмаган бўлардик… Яна валлоҳу аълам...
                                                                               

Комментариев нет:

Отправить комментарий