Меню

среда, 5 сентября 2012 г.

Охир замон яқинми ёхуд Нуҳ тўфони бўладими?



Илгари қиш охирлаганда бўлса-да ёққан қордан, ёз жаззирамасида эсган салқин шабададан, баҳор ёмғиридан завқ олардик. Энди эса, қорнинг ҳали қиш бошланмасидан ёғиши, эрта баҳордаги ҳарорат ёз чилласидагига яқинлашганидан хавотирдамиз. Қолаверса сўнгги пайтларда матбуот саҳифаларидан иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ ҳалокатлар хусусидаги турли ваҳимали хабарлар тушмай қолди. Хўш улар ҳақиқатга нечоғли яқин? Чиндан ҳам қўрқувга тушишимиз учун асос борми?

Иқлимнинг глобал исиши сабаби нимада?
Сайёрамиз келажагига хавф солаётган жиддий глобал муаммолардан бир глобал исиш жараёнидир. Унинг асосий омилларидан бири "иссиқхона эффекти" деб ном олган феномен бўлиб, у қуёш энергиясининг Ер сатҳида жамланиб қолишига олиб келаётган омилдир. Аслида ернинг табиий иссиқхона эффекти сайёрамизни космик совуқ ҳаво оқимидан ҳимоялаши керак эди, аммо XXI аср бошларида ишлаб чиқариш суръатларининг кескин ошиши, транспорт воситаларининг кўпайиши бу жараённи сунъий даражада тезлашишига олиб келди.

"Иссиқхона эффекти"ни инсон фаолияти натижасида атмосферага чиқарилаётган карбонад ангидрид, метан ва бошқа бир қатор газлар вужудга келтиради. Бу газларни асосан саноат корхоналари, кўмирда ишловчи электростанциялар, машиналарда ишлатиладиган ёқилғи келтириб чиқаради. Бу газларнинг атмосферадаги ҳажми тобора кўпайиб бормоқда. 1880 йилдан бери "иссиқхона эффекти"ни келтириб чиқарувчи газлар ҳажми 30% га ошган. Кўплаб олимлар худди ана шу омил Ер юзи иқлимининг исишига сабаб бўлмоқда демоқдалар.

Киото протоколи
1992 йилда Рио де Жанейро шаҳрида ўтган халқаро анжмуманда иссиқхона эффектига инсон омилининг аралашувини камайтириш мақсадида заҳарли газларнинг ҳавога чиқариш миқдорини камайтиришга келшиб олинганди. Орадан беш йил ўтиб, кўпгина мамлакатлар ҳавога чиқариладиган зараҳрли газлар миқдорини сезиларли даражада камайтириш тўғрисидаги Киото протоколига имзо чекишди. Аммо, не ажабки, ҳавога энг кўп заҳарли газ чиқарадиган мамлакатлар ҳисобланмиш АҚШ, Хитой, Ҳиндистон бу протоколга қўшилмади.
Ер шакли ўзгараркан!
Текширувлар шуни кўрсатдики, бундан 140 минг йиллар муқаддам, ҳали инсон тамаддуни ривожланмаган бир пайтда ҳам Ерда ҳозиргидан кўра кучлироқ глобал исиш жараёни юз берган экан. Сайёрамизнинг глобал миқёсда исиб совуши кўпроқ Ернинг ўз орбитаси бўйлаб айланашига боғлиқ экан. Қуёш ва бошқа само жисмларининг тортиши қувватига қараб Ер орбитасини 93 минг йил давомида ўз шаклини гоҳ айлана, гоҳ элипссимон кўринишга киритади. Бу эса, ер сатҳидаги ҳарорат даражасига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Қуёш нурларининг тик ҳолатда тушиши эса, худди ҳозиргидек глобал исишга олиб келиши мумкин.
Глобал исиш аломатлари
Жаҳон бўйлаб иқлимшунослар об-ҳаво инжиқлари кўпайиб боришини башорат қилмоқдалар. Масалан, нотабиий равишда ҳароратнинг бирданига кўтарилиб кетиш ҳоллари тез-тез юз бериб туриши мумкинлиги айтилмоқда.

Ер юзи бўйлаб ёғингарчиликлар миқдори ошиши билан бирга, қитъалар ичкарисида қурғоқчиликлар юз беради, дея кутилмоқда.

Ёғингарчиликлар ошиши эса, денгиз сатҳларининг кўтарилиши билан бирга тошқинлар эҳтимолини кучайтиради.

Ўзбекистондаги ҳарорат кўрсаткичи
Бугунги кунгача иқлимнинг ўртача ўзгариши 1951 йилдан бери ўртача ҳарорат 0,22 - 0,36 даражага кўтарилганида акс этади. Бундан мустасно ҳолат эса оролбўйида кузатилган бўлиб, бу ерда ҳарорат бундан ҳам юқори бўлган, яъни агар бошқа республикаларда 40 даражали иссиқ кузатилган бўлса, оролбўйидаги ҳарорат кўрсаткичи икки баробар юқори бўлган. Энг юқори исиш даражалари айниқса кузда кузатилган.
Келажакда...
Тадқиқотларга кўра, келажакдаги вазият ҳақида икки тахмин юзага келади. Булардан энг кўп таъкидланадигани кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда , ҳар йили ҳарорат 2-2,5 даражага кўтарилиб боради. Амударё ва Сирдарёнинг оқими 2030 йилгача ҳозиргидай сақланади, 2050 йилга бориб эса Амударё сув ресурслари 10-15 фоизга Сирдарёда эса 2-5 фоизга камаяди. Баҳорда қор эриб дарёда сув кўпайиши анча эртароқ бошланса, дарё сатҳи пасайиши айни экинларнинг ўсиш даврига, яъни улар суғориладиган пайтга тўғри келади. Айни сув керак пайтда қурғоқчилик бошланади.

Ҳарорат кўтарилиши натижасида сув кам жойларда парланиш юзага келиб, оқибатда бу ерларда шўрланиш, сув йўқолиши ва туз кўпайишига олиб келади. Бу жараёнда эса чўл ҳудудлари кўпаяди.

Иқлим ўзгариши билан нохуш гидрометеорология ҳолатлари юзага келиши ҳавфи кучаяди. Яъни мамлакатимизда селлар қайтарилиши кузатилади. Ўзбекистон ҳудудига 271 та тошиб кетиш ҳавфи юқори бўлган турли кўллар хавф солади.

Зарар фақат бюджетга эмас
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши, сел келиши, жала қўйиши ҳоллари тобора кўп ва тез-тез учраб, бу табиат ҳодисалари инсон сломатлиги, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш хавфсизлигига таҳдид солаяпти. Аксарият ҳолда бу фавқулотда вазиятларнинг юзага келиши ва молиявий йўқотишларга сабаб бўлаяпти. Мисол учун, ушбу йилнинг 22 апрель куни қуйган жала оқибатида Қашқадарё вилоятининг жанубий қисмида, яъни Шахрисабз туманининг тоғли ҳудудида жойлашган Ўрмонтепа, Дўнгқишлок ва Қорапойча қишлоқларида ўндан ошиқ уйлар сув остида қолди.

4 апрельда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида сел ва сув тошқинларининг оқибатида кўп оилалар жабр кўрган. Ҳозирда кўрилган зарарлар бартараф этилмоқда.

Жумладан Ўзбекистон ҳукумати рўй берган табиий офатлардан сўнг юзага келган вайронагарчиликларни бартараф этиш борасида қарор чиқарди.

Унга кўра, вилоят ҳокимлигига Вазирлар Маҳкамасининг резерв фондидан 2,092 млрд. сўм ажратилди. Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида табиий офат оқибатларини тугатиш бўйича ҳукумат штаби тузилган. Штаб маълумотларига кўра, сел тошқини натижасида 44 оила бошпанасиз қолган, булар, - Қоризқудуқ ва Жийдали қишлоқлари аҳолисидир.

Муаммога қарши чора
Мамлакатимиз юқорида санаб ўтилган иқлим билан боғлик хавфларнинг олдини олишга йўналтирилган бир қанча чора-тадбирларни устувор вазифа сифатида қабул қилган:
- иқлим соҳаси мониторинги Миллий тизимини келгусида ривожлантириш ва такомиллаштириш;
- ер-сув ресурсларини янада самарали бошқариш учун экологик тоза технологияларни ва барқарор инновацион ёндашувларни кенг тадбиқ этиш;
- иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашув бўйича стратегиялар ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон иқлим ўзгариши муаммоларининг муҳимлигини ҳамда унга мослашиш ва салбий оқибатларини юмшатиш бўйича тезкор чора тадбирлар қабул қилиш зарурлигини ҳисобга олиб, 1993 йил Иқлим ўзгариши бўйича БМТ Доиравий Конвенциясини, 1998 йил ноябрь ойида Киото Баённомасини имзолади, 1999 йил 20 августда эса ратифакация қилди.

Нуҳ тўфони бўладими, йўқми вақт кўрсатади
Табиатни асраш тарафдорлари агар сайёрамиз тобора исиб бораверса, музликлар эриб, дунё океани саҳни кўтарилши. Натижада бутун дунёни сув босишини тахмин қилишмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, агар сайёрамиздаги барча музликлар эриб кетса, океан сатҳи 75 метрга кўтарилиши мумкин. Демак денгизга яқин бўлган минглаб шаҳарлар сув остида олиши аниқ. Фақатгина денгиз сатҳидан анча баландда жойлашган мамлакатларгина бу “тўфон”дан зарар кўрмаслиги мумкин экан.

Бошқа бир гуруҳ мутахассислар эса, сайёрамизни сув босиши ҳақидаги шов-шувларга асос йўқ, деб ҳисоблашади. Ҳозир Арктика музликларининг қисман эриши кузатилмоқда. Бироқ улар шунчаки сузиб юрувчи улкан муз парчалари холос. Уларнинг эриши дунё океани сатҳига деярли таъсир кўрсатмайди. Антарктика музликлари ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Қолаверса, Антарктидада ёзнинг энг иссиқ пайтида ҳам ҳарорат -27 даражадан кўтарилмайди. Бу даражада эса, музлар умуман эримаслиги аниқ. Фақат Гренландия музликларидан хавф бор. Аммо, бутун оролдаги музлар эриб кетган тақдирда ҳам океан сатҳининг кўтарилиши етти метрданг ошмайди. Бунинг учун эса, минглаб йиллар керак бўлади.

Башоратларнинг қай бири ҳақиқатга яқинлигини вақт кўрсатади. Ахир 2012 йилда охир замон бўлиши ҳақидаги шов-шувларнинг асоссизлигини ҳам шу йилгача яшагандан кейин билгандик-ку?!

Манба: darakchi.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий