Меню

понедельник, 29 июля 2013 г.

Андижон. Хунрезликнинг ибтидоси сиёсатдан эмас, айнан ижтимоий муносабатлардан бошланмадимикан?




Андижондаги хунрезликлар мамлакат тарихининг энг қора чизиғи бўлиб қолса ажабмас!.. Ўша мудҳиш воқеаларнинг айбдорлари сифатида қандайдир экстремистик оқимга мансуб ҳисобланган шахслар ҳибс этилдилар. Уларга ўта оғир айбловлар қўйилди. Мени бир мулоҳаза қийнайди, яъни: “Андижондаги мудҳиш воқеа – қирғинбарот учун айбланганлар ким бўлишларидан қатъий назар, шу юрт фарзандлари, шу мамлакат фуқаролари эмасмидилар? Ҳақ-ҳуқуқда фаррош ҳам, президент ҳам тенг ҳисобланган мустақил Ўзбекистонда нима сабабдан хунрезлик юз берди? хунрезликнинг ибтидоси сиёсатдан эмас, айнан ижтимоий муносабатлардан бошланмадимикан? Дейлик, агар чиндан ҳам айбдорлар қандайдир экстремистик оқим аъзоси бўлсалар, уларнинг шу йўлни танлашларида сиёсий қарашлар эмас, балки, энг аввало ижтимоий муаммолар сабаб бўлмадимикан?»
Юқоридаги саволли мулоҳазалар қўлимга қалам олишга ундади. Зеро, шуароси Маддоҳга, ундан ўтиб сиёсатшуносга айланиб бўлган бугунги кунда бир жумла холис мулоҳаза НОНдек табаррук, УМРдек эъзозли бўлса, неажаб…
Мен олий суд ЖИБ судлов ҳайъатида муҳокама қилинган “Андижон фожиаси”га муносабат билдириш
фикридан мутлақо йироқман. Фақат... мазкур суд жараёнида қатнашган Ваколат эгалари – олиймақом судялар-у прокурорлар бу фожиа юзага келишида айнан мамлакат ички ишлар, адлия, суд, суд департаментлари, прокуратура тизимларидаги мутасаддиларнинг ҳам билвосита УЛУШлари мавжудлиги ҳақида бир лаҳзагина ўйлаб кўрдилармикан?..
Саволим малол келди чоғи! Лекин жумлани ташбеҳона туза олмадим. Ва тўғридан-тўғри шундай савол қўйилиши ҳам асоссиз эмас.
Қолаверса, бундай савол қўйишимга Президент И.А.Каримовнинг қуйидаги таъкиди ҳам сабаб бўлди: “Халқ очарчиликка, қийинчиликка… чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди!”
Мамлакат ичида турли оқим ва мухолифат юзага келишида эса, айнан АДОЛАТСИЗЛИК асосий, бош сабаб бўлади.
Адолатсизлик эса энг аввало, Ваколат эгалари бўлмиш ҲОКИМлар, ҳуқуқ-тартибот, судлов ва прокуратуралардаги МУТАСАДДИлар томонидан оддий фуқарога нисбатан қилинади. Бу – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат!
Мен ЭРКИН ва МУСТАҚИЛ журналист сифатида айнан адолатсизлик асосида чиқарилган ўнлаб суд ҳукмлари бўйича таҳлилий-танқидий мақолалар ёритдим. Нокамтарлик бўлса ҳам, айримларини санаб ўтай:
“Охири кўринмаётган жазо ёки ўн бир йилдан бери қамоқ ичида қамалаётган йигит қисмати”; “Эгри қозиққа тўғри тўқмоқ”; “Йўқолган детонаторлар ёки бухоролик милиция подполковниги Саттор Атоевга қўйилган айблов хусусида”; “Айблов аниқ! Асослар-чи?..” ва ҳоказо...
Мақолалар чоп этилгач, мамлакат Олий суди, Бош прокуратураси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига расман жўнатилган. Аммо у ердаги қозилар, прокурорлар, Халқ ишониб сайлаган ноиб-у вакиллар на Қонунларни, на Халқ иродасини сариқ чақага арзитмаяптилар. Ҳар бир ҳукм ортида Тирик инсон борлигини олий мартабали Қози, баланд мавқели Прокурор, дахлсизлиги кафолатланган Депутат маънавий ҳис этмагач, ўрта (вилоят, шаҳар) ва қуйи (туман) миқёсидаги ЖАНОБлардан марҳамат кутиш ўргимчак уясидан пар умид қилишдек бир гап!
Мустақиллик аталмиш кейинги ўн тўрт йил ичида ҳашаматли кенг йўлларимиз кўпайди. Лекин шу даврда оддий фуқаро кўнглига элтувчи кичик бир йўлак қурилдимикан?
Ўнлаб осмонўпар БАНКлар қад кўтарди.Лекин оддий деҳқоннинг битта қўраси иккита бўлдимикан?
Оддий фуқаро бу-ХАЛҚ дегани!
Халқнинг ҳеч бир аъзосида қўшқаватли уй, сўнгги русумдаги автомобил йўқ! Прокурорнинг нафақат идораси, балки шахсий уйи ҳам ҳашамдор! Ҳокимлар неча вақт шу лавозимда бўлса, шунча вақт иморатга зўр бераяпти. Бу яқин ўртада бирор вилоятдан бирорта ҳоким ўз обрўси билан кетгани йўқ, деярли барчаси МАНСАБ суиистеъмол қилиб, вазифасидан олинди. Энг қизиғи,(аслида энг ажабланарлиси!) ҳеч бири жиноий жавобгарликка тортилмади. Ёки мамлакат қонунчилигида икки хил тушунча мавжудми: оддий фуқарога нисбатан бошқача, ҳоким-раҳбарларга ўзгача?!.
Бу , таъбир жоиз бўлса, халққа нисбатан беписандлик!
Жавобгарлик ҳисси бўлмагач, ҳоким ҳам, судья, прокурор, милиция ходими, солиқ нозиригача АДОЛАТСИЗЛИКни иш фаолиятига айлантириб олиши аниқ ва шундай иллат бугунги кун учун оддий ҳол!
Энг даҳшатлиси, ҳар бир ҚОНУНСИЗЛИК ва АДОЛАТСИЗЛИК айнан Қонун номи билан унинг пешволари томонидан қилинмоқда.
Янада даҳшатлиси, кимлардир адолатсизликка чидай олмай, қонундан четлаб иш тутса,(масалан: «2005 йил 13 май, Андижон воқеаларидагидек! ) биринчи бўлиб айнан шу ваколат эгалари дунёга жар соладилар:”Ўзбекистондаги экстремистлар ва террор” хусусида!..
Республикага йўлланган шикоятлар ўрганиб чиқишлик учун вилоятга, ундан туман ҳокими ё прокурорига жўнатилади, Натижа эса…Ўз устидан ёзилган шикоятни ўзи текширгач, ҳоким ҳам, прокурор ҳам АДОЛАТга амал қилишига ким кафолат беради?!
“Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам!”-дейди халқимиз. Бироқ қандай мартабада ўтиришидан қатъиназар одам боласи ўрдак бўлолмайди. Шу ўринда Абдулҳамид Чўлпоннинг қуйидаги таъкидини эслаш зарурати сезилди:”Халқ-денгиздир, Халқ-тўлқин!”
Мен Ўзбекистон бўйлаб юрадиган сайёр ва эркин журналист-махсус мухбирман! Бир ойда камида уч минг километр ҳудудни айланиб келаман. Мухбирлик ўз йўлига, энг аввало, шу юрт фарзандиман. Қонунни бир зиёли даражасида идрок этаман ва Қонунларимиз моҳиятан адолат ва инсонпарварлик тамойиллари асосида яратилганлигини яхши биламан. Шу баробарида, Қонунлар ижроси мамлакат бўйича талабга мутлақо жавоб бермаслигини ўз кўзим билан кўриб келаётганлигимни ҳам яширмайман. Ва бунинг асосий сабаби маҳаллий ҳокимликлар, суд, прокуратура, ҳуқуқ-тартибот идораларидаги масъулларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ҳамда ҳаракатсизликларида, деб ҳисоблайман.
Хулоса қилиб айтганда, ИЖРОСИ ЙЎҚ ҚОНУН-ТАНАЗЗУЛ АСОСИ! Бу фикрга бугунги кундаги ҳар бир адолатсиз “Айблов хулосаси” ва суд ҳукмини далил, деб дадил айта олиш мумкин!

Дилмурод САЙЙИД

Комментариев нет:

Отправить комментарий