Меню

четверг, 11 июля 2013 г.

Экканимизни ?-- биз экканимизни ўряпмиз, холос…




«Уят ўлимдан қаттиқ» деган мақол бор эди. Кейинги пайтда бу ҳақда гўё ҳамма унутгандек. Сезяпсизми, борган сари УЯТ деган туйғудан ҳам йироқлашяпмиз ҳеч уялмай… Ҳаё иймоннинг баркамоллигидан келиб чиқадиган хулқ эканини назарда тутсак, киши иймонининг бақувват ёки заиф эканини унинг ҳаёси, ундаги уят ҳисси белгилаб беришига амин бўламиз.
Экканимизни ўряпмиз…
Инсонда уят ҳисси икки хил бўлади: туғма ҳаё ва ҳаёт давомида орттирилган ҳаё. Туғма ҳаёнинг энг гўзал намунаси кичик ёшли гўдакларда жуда соф тарзда намоён бўлади. Атрофдагиларнинг ортиқча эътиборидан, меъёридан ошган эркалашларидан гўдакнинг митти юзчалари қизаради, ҳали онги тўлиқ шаклланмаган бўлса-да, яхши-ёмонни фарқлай олмаса-да, у ёқ бу ёғини ёпиш, яшириш ҳаракатига тушади, уялганда юзчаларини яширади. Шу ўринда бир ёқимсиз ҳақиқатни айтишга мажбурмиз. Гўдаклардаги маъсумликни, ҳаёни биз катталар ўзимиз сезмаган ҳолда аста-секин йўққа чиқарамиз. Оддий мисол, жажжи қизчаларга дўмбоққина оёқчаларини, момиқ елкаларини кўз-кўз қилиб турадиган калта ва енгсиз кўйлакчалар кийдиришни яхши кўрамиз. Бунақа либосларга ўрганган қизалоқни улғайганда сипо либосларни кийишга кўндириб бўпсиз! Чунки жуда кичиклигидаёқ ундаги уят ҳиссини ўзингиз ўлдириб бўлгансиз. Унда гўдаклигиданоқ очиқ-сочиқ юришга кўникма пайдо қилгансиз, у энди баданини очиб юришдан уялмайди. Агар бунинг аксини қилганингизда эди, туғма ҳаё ҳисси унда бир умрга сақланиб қолган ва сиз кун келиб бўй етган қизингизнинг бу қадар уятсизлигидан уялиб ўтирмаган бўлардингиз.
Яна бир мулоҳаза. (Бу фикрларимиз ўзини «современний» санайдиган кишиларга ёқмаслиги тайин. Аммо биз ўзбекмиз, дунёга ҳаёдан сабоқ берган, маънавиятга бешик бўлган Шарқнинг одамимиз. Шунинг учун шарқона тарбияга тўғри келмайдиган жиҳатлар ҳақида очиқ фикр юритишга ўзимизни ҳақли деб билдик. Фикрларимизни ёқтирмаганлар бизни маъзур тутсинлар…)
Боғча ёки мактабларда уятчан болага кун йўқ, деса ҳам бўлади. Уятчанлиги туфайли ўзидаги бор иқтидор ёки билимини ҳадеганда намоён қилолмайдиган болаларни айрим тарбиячи-ю ўқитувчилар ва тенгқур дўстлари уялмасликка даъват этишдан чарчамайдилар, уятни енгишнинг «сир-асрорлари»ни иштиёқ билан ўргатадилар. Уятчанликни енголмаган, «одам бўлмаган» бола бечораларни шаддод тенгдошлари камситиб, уларнинг устидан кулиб юрадилар. Буни кўрган болаларнинг аксарияти хулқдаги уятчанлик ва ювошликни камчилик деб ҳисоблай бошлашади. Аслида биз катталарнинг вазифаси боладаги туғма уят ва ҳаёни ҳаётнинг паст-баландларида, турмушнинг аччиқ-чучукларида йўқотмасликка, уятсизликдан ҳазар қилишга ўргатиш эмасмиди?
Маълумки, барча болалар боғчаларида турли анъанавий тадбирлар ўтказилади. Бу тадбирларнинг тарбиявий, маърифий аҳамиятини инкор этиш фикридан йироқмиз. Аммо кейинги пайтларда болалар боғчаларида ҳам анчайин мантиқсиз тадбирлар ўтказиш урфга кириб қолганга ўхшайди. Мисол учун, «Боғча гўзали» тадбири… Бу тадбирда қизчаларнинг сочларини ёйиб, «замонавий либос» деб номланувчи алламбало (аксарияти бола терисига зиён етказадиган синтетик матолардан тикилган, ноқулай) либосларни кийдириб, турли шартларни бажартириб, «Боғча гўзали» танланар экан. Бир боғчада шундай тадбирга гувоҳ бўлиб қолдик. Боғча опалар қизчаларни катталарга тақлидан пардоз қилдириб, косметик воситалар ёрдамида бўянтириб (бу бўёқларнинг бола юзига зиёни борасида ўйлаб ўтирадиган одамнинг ўзи йўқ, шекилли), табиий гўзал сочларини электр токида қиздириладиган қисқичларда сунъий жингалак қилиб, европача либосларни кийдириб саҳнага олиб чиқдилар. Ҳали уят туйғуси сўниб улгурмаган бир қизалоқ саҳнада ўзини йўқотиб қўйди. Кўпчиликнинг олдида ҳаяжонланганидан эмас, боғча опаси яратган янги «имидж»идан хижолат бўлди. Юзлари лавлагидай қизариб, саҳнадан йиғлаб тушиб кетди…
Хўш, қизалоқларга жуда кичиклигиданоқ гўзаллик ҳақида нотўғри тушунча беришдан, уларга ўз чиройини саҳнада кўз-кўзлашни ўргатишдан мақсад нима? Бунинг ўрнига Шарқ аёлларининг азалий ахлоқ-одоблари ҳақида ҳикоя қилиш, унутилаёзган ахлоқий қадриятларнинг моҳиятини тушунтириб, болаларда ҳаёга ҳавас уйғотиш керакмасми?
Ўзимиз катталарга тақлид қиладиган болаларнинг қилиқларини олқишлаб, завқланиб ўтирамизда, кейин улар улғайиб, бетгачопар, ҳаё, ибони эскилик сарқити деб ҳисоблайдиган, одоб масаласида анчайин қашшоқ авлод сифатида шаклланса, улардан шикоят қилишни бошлаймиз, «Ёшлар бузилиб кетяпти!» дея бонг урамиз. Аммо минг уринмайлик, уларга энди бизнинг насиҳатларимиз, койишларимиз кор қилмайди.
Кийим-кечак дўконида ёши элликларга борган аёл бўй етган қизи билан кўйлак танлашаётган экан. Она қизи танлаган кўйлакларни ёқтирмади, қизининг калта ва енгсиз кийимлар кийишига қарши эканини айтган эди ундан нақ балога қолди. Шаддодгина қиз кўпчиликнинг олдида онасини жеркиб, силтаб ташлади ва дўкончи йигитга калта, енгсиз, ҳарир кўйлакни узатиб:
- Онам айтаверадилар, мен шуни оламан, ўраб беринг, – деди қатъий. Она жуда мулзам бўлди. Улар нари кетишгач, дўкончи йигит:
- Шунақа қизлардан Худо асрасин! Фалокат босиб шунақасига уйланиб қолсанг борми! – деди ёқасини ушлаб…
Гоҳида йигитлар дўппи киймай қўйди, миллий кийимлардан ор қилади, дея маломат қиламиз. Ахир ўзимиз уларнинг кичиклигида кийиб олган дўппиларини бошларидан юлиб олиб, «Чолларга ўхшаб дўппи киясанми энди?» деб силтамаганмидик? Ўзимиз «Сен ўғил боласан, трусикда юравер, уялма» деб, ҳатто иштонсиз юрса ҳам «Яшанг, ўғил бола!» деб эркалатмаганмидик? Болалигиданоқ хориж кийимларига интилиш ва ҳавасни унинг кўнглига ўзимиз солмаганмидик? Кеча битта трусикда юрган бола бугун шорти кийишдан уялмаса, дод соляпмиз. Ахир энди у (бир юмалаб) ҳаёли, иболи кимсага, миллий кийимларимиз тарафдорига айланиб қолмайди-ку! Сувни бошидан лойқалатган ўзимиз эмасми?
«Ҳамма гап тарбиячининг қай даражада тарбияли эканида», деган эди Сухомлинский. Аслида яхшироқ ўйлаб қаралса, биз экканимизни ўряпмиз, холос…
«Йиғламасангиз – йиғлатиласиз!»
«Ҳаё – неъматларни кўриш ва шунинг баробарида нуқсонларни кўришдир. Неъмат ва нуқсонлар муқоясасидан ҳаё туғилади», деганлар Жунайд (р.а.) ҳазратлари. Биз эса кўп ҳолларда неъматларни кўрамиз, улардан улушимизни тўлиқ оламиз, лекин ўз нуқсонларимиздан кўз юмяпмиз. Демак, Яратганга ҳаёсизлик қиляпмиз. Тан олишдан ҳар қанча қўрқсак ҳам, бу – ҳақиқат.
Аслимизга очиқ кўз билан боқсак, яхши деб ҳисоблаган амалларимизда ҳам риё борлигини кўрамиз. Адашишларимиз, чалғишларимиз сероб. Негаки, биз ўзимизни алдашдан уялмаймиз.
Кўпчилигимизнинг уйларимизда Қуръон оятлари ёзилган жимжимадор безаклар деворларга осиб қўйилган. Аммо биз уларда ниманинг баёни бор экани билан қизиқмаймиз ҳам. Кўз ўнгимизда Аллоҳнинг каломи ёзиғлиқ тургани ҳолда тилларимизни ғийбатдан, ёлғондан тиймаймиз. Бир-биримизга бақирамиз, тортишамиз, сўкинамиз, тақиқланган ишларни қиламиз. Гўё деворга илиб қўйилган оятлардаги маъноларнинг бизга ҳеч алоқаси йўқдек, улар бир безакдек… Бу уятсизлик эмасми?!
Ҳозир юбилейларда, туғилган кунларда тантана эгасига Қуръон китобини совға қилиш урфга кираётган экан. Бундан қувонмай бўлмайди. Ҳартугул, дўстга муқаддас китоб совға қилганга нима етсин! Аммо… Бизни бошқа жиҳат ўйлантиради. Қуръон китоби уйимизда безак сифатида турмаяптими? Уни фақат «уйимга барака олиб келади» деган ниятда жавонларга қўйиб қўймаяпмизми? Аллоҳнинг каломини ўқиб-ўрганмай, фақат хўжакўрсин учун сақлаб ўтирганимиз йўқми? Ҳозиргина биродарига Қуръон китобини совға қилиб, бироздан кейин унинг соғлиги учун қадаҳ кўтараётган одам дунёдаги энг ҳаёсиз кимса эмасми?!
Бошқарадиган автоуловларимизга ҳам оятлар ёзилган безакларни осиб қўямиз. Бизни хатарлардан асраб юради, деймиз. Аммо қилаётган гуноҳ амалларимиз хатаримизни тезлаштираётганидан хабаримиз йўқ. Гўё Аллоҳнинг сўзлари рўпарамизда турса бўлди, ҳаммаси жойида бўладигандек. Вазифамиз уларга амал қилиш эканлигини унутгандекмиз…
Бўйнимизга оятларни тумор қилиб осиб юрамиз ва… ҳеч бўлмаса, ҳожатхонага кирганда уларни бўйнимиздан олиб қўйишга ҳам фаросатимиз етмайди! Уялмаймиз!
Қуръони карим бошдан охир ҳушёрликка чақирувчи оятлар билан тўла. Бу оятларнинг мағзини чаққан, тафаккур қиладиган инсон гуноҳлари жазосидан қўрқиб, осий бандаларнинг охиратдаги азобларини англаб, маъюс тортиб, даҳшатга тушади. Лекин, шундайлар ҳам борки, Қуръон оятларини ўқишда фақат қироат қоидаларига зўр берадилар. Бутун диққатларини товушни оғиз билан бўғизнинг турли жойларидан чиқаришга қаратадилар, нолалар кашф қиладилар. Гўё арабча қўшиқ ёки нолали шеър айтаётгандек… Эшитувчилар ҳам қорининг овоз сеҳрига ғарқ бўлиб, худди мақом тинглаётгандай тебраниб, қироат қилувчига ҳавас билан термулиб ўтирадилар. Бунинг нима ёмон жойи бор, деяпсиз-а? Кўнглингизга бошқа гаплар келган бўлса, хулоса қилишга сал шошмай туринг. Биз баён қилган бу ҳолат ҳам уйига оятларни безак учун илиб қўйиб, ўз билганидан қолмайдиганларнинг ҳолатига ўхшайди. Ахир гап Қуръон оятларини қироат билан ўқишдами? Унга амал қилиш масаласи-чи? Бундан ортиқ чалғиш борми?!
Ривоят қилишларича, ҳазрати Умар (р.а.) Қуръондаги охират ва дўзах азобларидан хабар берувчи, гуноҳкорларга нақд қилинган жазолар ҳақидаги оятлар тиловат қилинаётганда ҳушларидан кетиб қолар эканлар. Аксарият саҳобалар Қуръон оятларини йиғламасдан, изтиробга тушмай, титрамай тиловат қила олмас ёки хотиржам тинглай олмас эканлар. Бир куни Ҳасан Басрийни бир бурчакда йиғлаб ўтирган ҳолда кўришибди. У кишидан: «Нега йиғлаяпсиз?» деб сўрашибди. «Жаҳаннамга улоқтирилиб, эътиборсиз қолишимдан даҳшатга тушяпман», дебдилар Ҳасан Басрий. Ваҳоланки, Ҳасан Басрий ибодатлари билан вали – Аллоҳнинг дўсти мартабасига етган одам эдилар…
Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)дан етиб келган ҳадиси шарифларнинг бирида айтилади: «Қуръонни ўқинг ва йиғланг! Агар йиғламасангиз – йиғлатиласиз!»
Қуръони Каримдаги Қиёмат кунининг зикри саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг соқолларини оқартирганидан хабарингиз борми? Имом Ғаззолийнинг ёзиб қолдиришларича, Абу Бакр Сиддиқ (р.а.): «Эй Аллоҳнинг Расули, соқолингизга оқ оралаганини кўряпман?» дедилар. «Ҳуд ва унга ўхшаш суралар – Воқеа, Вал-мурсалот, Набаъ, Таквир суралари мени қаритди», дедилар Аллоҳнинг расули.
Абу Йоъло қайд этадилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир хутбаларида: «Икки улуғ жойни – жаннатни ва жаҳаннамни унутмангиз!» деб буюрдилар. Сўнгра йиғладилар. Кўз ёшларидан соқоллари ҳўл бўлди…»
Биз эса тиловат қилгувчининг овозига маҳлиёмиз. Қуръонни қўшиқ тинглагандай тинглаб ўтирибмиз. Йиғлаш тугул бир тукимиз ҳам ўзгаргани йўқ. Негаки, кўпчилигимиз тиловат қилинаётган оятларнинг мазмунини билмаймиз. Эҳтимол бу оят орқали бизга Қиёмат кунининг пайғамбарлар ва фаришталарни (яъни, ҳеч қачон Худога исён қилмайдиган, маъсум қилиб яратилганларни) ҳам қўрқитган қийноқларидан хабар берилаётган, ҳушёрликка чақирилаётгандир. Қаттиқ ҳисоб-китоб, азоблар ҳақидаги оятнинг қироат оҳанги остида мамнун бош тебратиб ўтиришдан уялишимиз керакмасми?
Ширали овоз соҳиби бўлган қорининг кўзларини юмиб, мақомчиларга ўхшаб тебраниб, хотиржам қироат қилишининг сабаби ҳам фақат овоз ва қироатга зеб бериб, ўқиётган оятларидаги маънони чуқурроқ тафаккур қилмаганлигида бўлса керак, деган хулоса чиқарсак, муҳтарам газетхон бизни айбламасинлар. Негаки, агар ўқиётганларимизни, тинглаётганларимизни фикр этолсак эди, икки олам сарварининг соқолини оқартирган хабарлар бизнинг ўтакамизни ёрган бўларди.
Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари «Мукошафат-ул қулуб»да шундай ёзадилар: «Бир марта Пайғамбаримиз (с.а.в.) Жаброил алайҳиссаломни саволга тутдилар:
- Мен ҳеч Микоилнинг кулганини кўрмадим, нега?
Жаброил жавоб бердилар:
- Микоил жаҳаннам яратилганидан бери ҳеч кулгани йўқ…»
Мақсадимиз ҳеч кимни қайғуга ботириш эмас, аксинча, ҳаёсизликдан қайтариш. «Беайб – Парвардигор» дейдилар. Ҳарқалай, қилаётган гуноҳлари ўзига аён одам Тангрига ҳаёсизлик қилишдан ўзини тийгани маъқул.
Шу ўринда атоқли адибимиз Тоҳир Маликнинг қуйидаги фикрларини келтиришни жоиз деб топдик: «…Мен учун Қиёмат сурнинг чалиниши, ўликларнинг тирилишидан бошланмайди. Ҳисоб чоғи Аллоҳ менга десаки: «Эй бандам, мен сенга ақл-заковат берган эдим, саломатлик бериб эдим, ризқ бериб эдим. Сен у дунёни совуриб келиб, Менга рўпара бўлишдан уялмадингми?» Мен учун Қиёмат ана шундан бошланади. Мен учун дўзах азобидан кўра Яратган Раббим ҳузурида уятли ҳолда туриш даҳшатлироқ. Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатларидан умидворман ва қачондир дўзах азобидан қутилажакман. Аммо уят азобидан қутила олармикинман? Шуларни тасаввур этиб, кундалик ҳаётимда уятли ҳолга тушиб қолмаслик чораларини кўришга интиламан. Шу интилиш – менинг назаримда ўлимга тайёргарлик кўрмоқ ва ҳаёт мазмунини янада яхшилашга интилмоқдир…»
«Уят ўлимдан қаттиқ» деганлари шу бўлса керак. Уятсизликдан уялиш даркор. Ўзимизнинг, фарзандларимизнинг, дунёдошларимизнинг, Яратган Раббимизнинг олдида ҳаёсизлик қилмайлик. Сўнгги пушаймон азобини ҳеч кимнинг бошига солмасин.
Дилфуза КОМИЛОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий