Меню

пятница, 12 июля 2013 г.

– Бу бечора ҳожатхонада ҳам

 Такси "Дамас"да тоғам билан Қўрғончага маъракага кетаётгандик.
Такси ичида биздан ташқари яна тўрт нафар йў-ловчи бор. Машина жойидан қўзғалиши билан бир ёш келин сумкаси ичидан уяли телефонини олди. Кимгадир қўнғироқ қилиб шанғиллаб гаплаша кетди. Унинг бақириб гапириши, телефон ўчиб қолса яна ёқиб, яна гаплашиши барчанинг меъдасига тегди. Ярим соатлик йўл давомида у бирон сония гапдан тўхтагани йўқ. Ниҳоят, у ҳайдовчига тушиши кераклигини айтди. Тушаётиб ҳам, кира ҳақини узатаётганда ҳам, бири-биридан катта сумкаларини бир қўллаб олаётганда ҳам чап қўли телефонда ва гапи тугамасди. У тушиб бўлгач, кимдир деди:
– Бу бечора ҳожатхонада ҳам телефонда гаплашса керак...
Иккинчи йўловчи ҳам таъна оҳангида: "Кўрмаганнинг кўргани қурсин", деб қўйди...
...Эрталаб велосипедда бозордан қайтаётган эдим. Кечаси ёққан ёмғирдан кейин кўчаларда ҳалқоблар пайдо бўлганди. Шим пойчасига лой сачрамаслиги учун жуда эҳтиётлаб, ҳалқобларни четлаб борардим. Бир пайт олдимда бир қиз пайдо бўлди. Чамаси, 16 ёшларда бўлса керак. Ундан ўзиб кетай десам, ҳалқобларни кечиб ўтишим керак. Ортидан секин кетавердим. Олдимизда чапга бурилиш пайдо бўлди. Қиз ҳеч нарсага аҳамият бермай (у ниҳоятда ўйланиб кетаётгандай эди, назаримда) бирдан чапга машиналар йўлига бурилди. Шу пайт орқадан келаётган "Жигули" машинаси уни белидан паст қисмидан уриб кетди. "Вой" дейишга ҳам улгурмадим. Ҳалиям машина жуда секин келаётганди. Қиз ҳалқоб сувга ағдарилиб тушди. (Шукрким, машина босиб кетмади).
Қиз ўрнидан туриб, сал оқсоқланиб юраркан, қулоқларидаги тугмачаларни олди. Шундагина унинг телефонга уланган мусиқа тинглагичларни қулоғига тиқиб олганини кўрдим. Мана, телефоннинг яна бир каромати....
Телефонга ҳаддан ташқари берилиш, унда кўп гаплашиш инсон асаб системасига, соғлиғига жиддий зарар етказишини жаҳон тиббиёти тасдиқлаб тургани барчага аён. (Шахсан ўзим жуда зарур бўлган ҳолдагина, унда ҳам бир дақиқадан ортиқ гаплашмайман). Шу боис, телефонда гаплашиш маданиятига риоя қилиш, уни суиистеъмол қилмасликни юртдошларимиздан сўраб қоламан.

Комментариев нет:

Отправить комментарий