Меню

вторник, 30 июля 2013 г.

Тезак билан нонушта ! ишонмийсизми?-мархамат димогимдаги хид ила овкатланиш.......



Уй остонадан бошланади, дейишади. Уйнинг остонасига қадам қўйган меҳмон уй эгасига-унинг саранжом-саришталигига, уйдаги вазиятга баҳо беради.Хориждан учиб келган меҳмон эса биринчи бўлиб Тошкент аэропортига қадам қўяди. Халқаро аэропорт ҳудуди шинам, ораста, гуллар қийғос очилиб, фавворадаги сувлар мавжланиб отилиб турибди. Бироқ аэропортдан сал четроққа, унинг Сергели ҳудуди тарафига қадам ранжида қилганида-чи... Ҳиндистонда бўлмаганман. Ушбу сеҳрли юрт, унинг тарихи, Тож Маҳалу севги муҳаббатга лиммо-лим кинолари мен учун жуда қадрли. Ҳазрат Бобур ва унинг авлодлари қурган салтанат ҳам жаҳон тарихида катта ўрин тутади. Бироқ, борганларда биринчи таассурот ҳақида сўраганимда аэропортдан қўниши билан димоғига урилган ёқимсиз ҳидни тилга олишади.
Бу сатрларни ўқиётганларнинг аксарияти Тошкентга самолётда бир марта бўлса ҳам қўнган бўлишса керак. Эътибор берганмисиз, самолёт ғарб томондан қўниш пайтида “Ўзгариш” маҳалласидан ўтгандан кейин пастда очиқ жой келади. Бу ерда жуда кўп айлана шаклларини кўрасиз. Булар сув резервуарлари экан. Билишимча, шу атрофдаги ҳудуднинг канализация қувурлари шу ерга қуйилади ва бу ҳовузларда тиндирилади. Бу иш очиқ ҳолда
амалга оширилгани учун унинг бадбўй ҳидидан атрофдагилар баҳраманд бўлишмоқда. Агарда кечки пайт, ёз кунларида соат 9 яримларда шу томонлардан ўтиб қолсангиз аҳволнинг нақадар жиддий эканлигига гувоҳ бўласиз. Яккасарой туманидаги “Тўқимачи” стадионидан ўтсангиз бошланади, “Жанубий” вокзалда авжига чиқади, “Ўзгариш” маҳалласида противогаз кийиш керак, Сирғали кўпригидан кейин пасая боради. Мабодо Катта халқа йўл билан Қўйлиқ томонга бурилсангиз бу "неъмат"дан  узоқроқ “баҳраманд” бўласиз.
-                Илгарилари ҳам бор эдику, лекин, кейинги икки-уч йилда сассиқ ҳид жуда кучайди. Ташқаридан меҳмонларни чақиришга уяладиган бўлиб қолдик, - дейди “ўзгариш”лик аҳоли вакилларидан бири.
-                Авваллари ҳовлимиз ўртасидан ўтган анҳор сувининг шўх оқиши, узун тераклар баргининг шамолда ҳилпираши, кечалари қурбақаларнинг қуриллашини тинглаш учун бобомнинг америкалик дўстлари келишарди. Ҳозир эса улар гувоҳ бўлган табиат ўшалигича қолган-у, бироқ, противогазсиз бўлмайди. Бу ҳолатга ҳар куни гувоҳмиз. Бундан 10 йил олдин бу даражада бадбўй ҳид бўлмасди. Бироқ айни иссиқ кунларда чидаб бўлмаяпти. Бу ҳид хоналарга кириб ўрнашиб қолса ундан ёмони йўқ. Чет эллик меҳмонлар у ёқда турсин, ҳатто шаҳар марказида яшайдиган дўстларимни ҳам уйга таклиф қила олмайман, - дейди шу маҳалланинг Катта Халқа йўл яқинидаги  ҳовлиларидан бирида яшайдиган журналист ҳамкасбимиз.
Иш юзасидан баъзида мен ҳам бироз кечроқ уйга қайтаман. Сирғалининг Машина бозори томонда турганим боис, юқорида тилга олинган йўналишдан ўтмасдан иложим йўқ. Гўзал пойтахтимизнинг марказидан йўлга чиқар эканман фавворалару чироқларнинг кўплиги, ям-яшил дарахтларга бойлигини ҳар куни кўрсам-да, “шаҳарнинг гўзаллигини қаранг” деб ўзимга ўзим айтиб оламан. Ана шундай кўтаринки кайфиятда кетаётганлигингизда Жанубий Вокзал ҳудудига киришим билан “танганинг орқа томони” ҳам бор эканлиги миямга уради. Ё машина ойналарини ёпишингиз керак, бунда барибир фойдаси йўқ, чунки, ташқаридаги ҳаво ичкарини тўлдирган бўлади. Тақдирга тан бериб, чидаб, бир амаллаб шу ҳудуддан ўтиб оламан. Шамолнинг йўналиши баъзида ўзгариб қолса, бу “неъмат”дан биз ҳам “насиба”мизни оламиз. Балки, ўша кунлари “ишлаб чиқариш қуввати” икки бараварга ошган бўлар эҳтимол...
Ана шундай пайтларда Тошкент Халқаро аэропортида юртимиз тупроғига қадам қўйган меҳмон адашиб Деҳлига келиб қолдимми, деб ўйламаслигига ким кафолат беради?  Агарда у Ҳиндистонга борган бўлса таққослашга нимадири бор, бормаган бўлса хорижликнинг хаёлидаги Ўзбекистон пойтахти ҳақида биринчи таассуроти қандай бўлади?..

                                                        Норбек Ниёзов, журналист

Комментариев нет:

Отправить комментарий