Меню

суббота, 20 июля 2013 г.

ЭНГ ҲАЁТИЙ ЭРТАК

Хуршид Даврон

Сент-Экзюпери “Кичкина шаҳзода” асарини Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан кунларда ёза бошлади. Ёзувчи бу қайғули эртакни ўзининг бешафқат замонасига қарши қўяди. “Мен жуда оғир қайғудаман, юрагим эзилиб кетди, – деб ёзган эди у ўша кунларда дўстига йўллаган мактубларининг бирида. – Мен инсонга хос бўлган фазилатлардан маҳрум авлодни кўриб қайғуряпман… Бутун вужудим билан ўз замонамдан нафратланаман. Бу замонада инсон ташналикдан ҳалок бўлишга маҳкум… 
Мени қуршаб турган дунёда фақат бир муаммо бор: одамларга ҳаётдан маънавий қониқиш ҳиссини қайтариш керак… Шеъриятсиз, рангин бўёқларсиз, муҳаббатсиз яшашнинг қизиғи йўқ… Биз нақадар тубанлашиб кетганимизни англамоқ учун XV асрда оддий деҳқонлар куйлаган қўшиқни тинглашнинг ўзи кифоя…” 
Адиб назарида дунё ҳалокатга учраб, саҳронинг қоқ ўртасига қулаётган учоққа ўхшарди. 
“…Олти йил муқаддам самолётимнинг мотори бузилиб, Саҳрои Кабирга қўнишга мажбур бўлдим. Ёнимда на механик, на биронта ҳамроҳ бор эди. Қанчалик қийин бўлмасин, самолётни бир амаллаб ўзим тузатишга аҳд қилдим. Ё моторни тузатаман, ё ҳалок бўламан. Бир ҳафтага базўр етадиган сув қолган. 
Шундай қилиб, биринчи кечани ҳувиллаб ётган саҳрода, қум устига узала тушиб ўтказдим. Минглаб чақирим нарида ҳам тирик жон асари сезилмасди. Кемаси ҳалокатга учраб, бепоён океанда сол узра сузиб бораётган одам ҳам менчалик ёлғиз бўлмагандир. Шу боис, тонг саҳарда мени кимнингдир ингичка овози уйғотиб юборганда нақадар ҳайратга тушганимни тасаввур ҳам қилолмасангиз керак. 
– Илтимос… менга қўзичоқ чизиб бер! – деган қўнғироқдек товуш янгради ёнгинамда. 

– А?.. 
– Менга қўзичоқ чизиб бер… 
Тепамдан гўё яшин ургандек, сапчиб ўрнимдан турдим. Апил-тапил кўзларимни ишқалаб, атрофга алангладим. Қарасам – рўпарамда аллақандай ғаройиб бир болакай менга жиддий тикилиб турибди. 
…Мен Кичкина шаҳзода билан шу тариқа танишдим”. 
Кичкина шаҳзода ёлғиз ўзи яшайдиган сайёрадан келиб қолган эди. Ер унинг қадами етган еттинчи сайёра эди. Кичкина шаҳзода саёҳати давомида дуч келган олти сайёрада яшовчи одамларнинг ҳар бири алоҳида бир рамзга эга. Уларда фақат катта одамларга хос фазилату камчиликлар мужассам эди. 
Кичкина шаҳзодага Ерда учраган биринчи тирик жонзот Илон бўлди. Илон қадим халқлар назарида донишмандлик рамзи бўлиб, бу халқлар мифологиясида муҳим ўрин эгаллаган. Антуан де Сент-Экзюпери эртагидаги илон ҳам шундай вазифани бажаради. 
Асардаги иккинчи муҳим рамзий образ – Тулки. Тулки “Кичкина шаҳзода”га халқ эртакларидан кириб келган бўлса ажабмас. Чунки Европадаги баъзи халқлар эртакларида Тулки кўпроқ оддий одамларга хос донишмандлик тимсоли бўлиб гавдаланади. Тулкининг сўзларида Сент-Экзюпери бутун ижоди давомида тарғиб қилган ишонч рамзини кўрамиз: “Бирон бир нарсани англаш учун уни қўлга ўргатиш лозим. “Қўлга ўргатиш” эса ҳамиша ўзаро “ришталар боғламоқ”қа олиб келади. Бу дегани: “қўлга ўргатилган” жонивор ёки одам бизга қанчалик муҳтож бўлса, биз ҳам унга шунчалик муҳтожмиз. Чунки, энг аввало, уларни “қўлга ўргатганимиз” учун жавобгар бўламиз”. 
Ҳа, гап фақат “қўлга ўргатишда эмас, яхши кўриб қолишда – муҳаббатда”, деб уқтирмоқчи бўлади Сент-Экзюпери. “Фақат кўнгил кўзигина очиқ. Энг асосий нарсани кўз билан кўролмайсан” – Тулкининг Кичкина шаҳзодага айтган бу сўзларида ана шу муҳаббат асосини кўрамиз. 
Эртакдаги учинчи рамзий образ – Кичкина шаҳзода ўз сайёрасида авайлаб ўстирган Феруза гул. Бу мағрур ва ўзбошимча гул Кичкина шаҳзодага кўп ташвиш келтирган, уни не-не азоб¬ларга дучор қилган. Ҳатто унинг ўз сайёрасидан кетиб қолишига сабаб бўлган. Бу айрилиқ жуда оғир кечади – Кичкина шаҳзода Феруза гулни севарди. Сент-Экзюпери ижоди ва ҳаётини ўрганган адабиётшунослар адиб шу гул тимсолида суюкли хотини Консуэло де Сент-Экзюперини тасвирлаган, деган хулосага келган. Адибнинг шахсий ҳаётида рўй берган кўп қийинчиликлар Кичкина шаҳзода билан Феруза гул ўртасидаги муносабатларда акс этган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. 
Донишманд Тулки Кичкина шаҳзодага яна бир муҳим гапни айтади: “Одамлар (яъни катталар) бир ҳақиқатни унутдилар, аммо сен асло ёдингдан чиқарма: кимники “қўлга ўргатган” бўлсанг, унинг тақдирига ҳамиша жавобгарсан. Унутма, Феруза гулинг учун ҳам жавобгарсан”. 
Айнан шу сўзлар Кичкина шаҳзоданинг ўз гулига бўлган муносабатини ўзгартиради. У яна сайёрасига қайтмоқчи бўлади. Ҳатто ўлими олдидан “Мен гулимга жавобгарман”, деган сўзларни такрорлайди. 
Кичкина шаҳзоданинг саҳрода, ҳалокатга учраган учувчи ёнида пайдо бўлиб қолиши ҳам рамзий маънога эга. У “Мен сени севаман, мен сен учун масъулман” деган сўзни айтиш учун келган эди. Айни шу сўз туфайли учувчи омон қолади. 
“Кичкина шаҳзода” асари тасаввуримиздаги жуда кўп тушунчаларни ўзгартириш қувватига эга. Балки биз умр кечираётган Ер ҳам, ўзимиз ўйлаганчалик улкан эмасдир, балки бу чексиз ва ҳадсиз коинотда у Кичкина шаҳзода яшаган сайёрачалик келар, холос?.. Балки Она сайёра¬мизда ҳар биримизнинг хос Феруза гулимиз бордир?.. 
Аминманки, сизга ҳам, Кичкина шаҳзодани яхши кўриб қолган бошқа ҳар қандай одамга ҳам, худди мен каби, коинотнинг аллақайси бурчагида биз ҳеч қачон кўрмаган бир қўзичоқ бизга нотаниш бир гулни еб қўйган-қўймагани асло барибир бўлмаса керак; дунёнинг кўзимизга қандай кўриниши ана шунга жуда-жуда боғлиқ… 
Бошингизни кўтариб, бепоён осмонга боқинг. Сўнгра ўзингиздан “Ўша Феруза гул омон бормикан?..” деб сўранг. Ана шунда кўрасиз – олам кўз ўнгингизда буткул бошқача жилвалана бошлайди”. 
“Кичкина шаҳзода” эртаги, кўпчилигимиз ўйлагандек, дунёнинг эмас, балки бизнинг ўз¬гариб боришимиз ҳақида. Дунё бизни эмас, биз дунёни ўзгартираётганимиз ҳақида. Болаликнинг тиниқ олами тонгги тумандек кўздан йўқолар экан, бизнинг орзуларимиз ўрнини аксари кераксиз ташвишлар эгаллаб олиши, юракка эмас, ақлга бўйсуна бошлашимиз ҳақида. Афсус¬ки, кўзлар сўқир, кўнгил кўзи билан излаш лозимлигини унутганмиз… 
“Кичкина шаҳзода” асари мазмунан ва моҳиятан жаҳон адабиётидаги бирон бир асарга ўхшамайди. Дастлаб жуда содда туюлган, аммо мутолаадан кейин узоқ вақтгача юрагингизни ниҳоясиз қайғуга чулғаган бу асар инсон ва ҳаёт ҳақида ёзилган сон-саноқсиз фалсафий китоблардан-да фалсафийроқ, энг муҳими, ҳаётийроқ эканини англай бошлайсиз. Англайсизу ўзингиз ҳам Кичкина шаҳзода сайёрасининг фуқароси эканингизга ва ногаҳон бу сайёра олис бир маконда эмас, юрагингизда жойлашганига амин бўласиз. Асар кўнглингизда улкан Раҳм уйғотади, бу Раҳм даставвал Кичкина шаҳзодага тегишлидай туюлса-да, охир-оқибат инсониятга, болалигини унутган, шунинг учун шафқатсиз бўлиб қолган инсониятга нисбатан Раҳмга айланади.
Ёзувчи яратган сайёрада машаққатлардан қўрқмайдиган, ҳар қандай қийинчиликни енгадиган, совуқ ёки жазирама ҳукмрон дашту биёбондан омон ўта олишга қодир, ҳар қандай қулликни рад этадиган, тирикликдан мақсад муҳаббат эканига ишонган одамлар яшайди. 
Бу китобнинг айниқса бугун, инсоният маънавий жарлик сари шиддат билан елиб бораётган даврда аҳамияти бениҳоядир. Уни дунёнинг машҳур, аммо болалигини – демакки, муҳаббатни унутган сиёсатчиларию миллатни миллатга, динни динга, инсонни инсонга қайраётган ХХI аср “файласуф”лари ўқишини жуда-жуда истардим. Аммо, дунёнинг барча улуғ китобларини унутган бу сиёсатчилару файласуфлар Кичкина шаҳзодага қайрилиб боқмаслигига қанчалик ишонсам, аллақайси овлоқ гўшаларда, тоғу адирлар этагида, саҳрою биёбонлар, уммону дарёлар соҳилида жойлашган гадойтопмас шаҳру қишлоқлардаги яккам-дуккам кулбаларда болалар ва болалигини унутмаган одамлар бу китобни ўқиётганига ҳам ишонгим келади. Китобда битилганидек: “Фақат юрак зийрак, энг муҳим нарсани кўз билан кўролмайсан…”

Комментариев нет:

Отправить комментарий