Меню

четверг, 25 июля 2013 г.

Академик Ҳожиакбар Раҳмонқулов вафот этди


Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ҳожиакбар Раҳмонқулов 88 ёшида вафот этди. Академикнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, шунингдек, И. Собиров, Д. Тошмуҳамедова, Ш. Мирзиёев ва Ш. Солиҳов таъзия билдирди. Таъзия матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан эълон қилинди.

Ҳожиакбар Раҳмонқулов 1925 йили туғилган. 1950 йили Тошкент юридик институтини тугатиб, иш фаолиятини Ўзбекистон Адлия вазирлиги бошқармасида катта ревизор сифатида бошлаган. 1957-1960 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институти аспирантурасида таҳсил олган. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2000 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги этиб сайланди.
Қарийб 55 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар
академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институтида кичик илмий ходим, бўлим мудири, институт директори, Тошкент юридик институтида кафедра мудири, профессор лавозимларида самарали меҳнат қилди, Ўзбекистонда малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
«Таниқли олимнинг Ўзбекистонда миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш, мулкий муносабатлар ва хўжалик юритиш ишларини ҳуқуқий тартибга солиш каби долзарб масалаларга, ҳуқуқшунослик фанининг назарий ва амалий муаммоларига бағишланган илмий тадқиқотлари, кўплаб мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум», – дейилади таъзияномада.
Ҳожиакбар Раҳмонқулов фаолияти давомида жонкуяр устоз сифатида ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланди. Академикнинг Ўзбекистон илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони, «Жасорат» медали билан мукофотланган эди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий