Меню

четверг, 18 июля 2013 г.

Исроил ва Европа Иттифоқи ўртасида янги низо келиб чиқди



Исроил ва Европа Иттифоқи ўртасида янги низо келиб чиқди. Бу можарога сабаб Европа Иттифоқи томонидан қабул қилинган ҳужжат бўлди. Унга мувофиқ, Европа Иттифоқи ўз аъзоларига Фаластин ҳудудида яҳудий аҳоли яшаш пунктларида ишлаётган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни тақиқлади. Бу Исроил бош вазири Биньямин Натаньяҳунинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. У Брюсселни диктатурада айблади.
Экспертлар фикрича, яҳудий ҳукумати раҳбари оғзаки танқид билан чегараланиб қолмайди, чунки коалициядаги партиялар вакиллари қатъийроқ ва жиддийроқ жавоб бериш кераклигини талаб
қилмоқда.
Шу ҳафтанинг жума кунидан кучга кирадиган йўриқномага кўра, Европа Иттифоқи аъзолари томонидан Иордан дарёсининг ғарбий соҳили, Шарқий Қуддус ва Голан тепаликларидаги “яҳудийлар аҳоли яшаш пунктларида фаолият юритаётган давлат ва хусусий ташкилотларга грантлар, стипендиялар ҳамда мукофотлар учун маблағ ажратиш” тақиқланади. Ушбу ҳужжат кучга киргандан бошлаб, Исроил ва Европа Иттифоқи ўртасидаги барча шартномаларда Исроил ва қўшни давлатлар ўртасида имзоланган шартномалар асосидаги 1967 йилги чегара доирасида бўлиши қатъий кўрсатиб ўтилади.
Мазкур йўриқнома Исроилнинг Фаластин ҳудудида тураржойлар қуришига қарши норозилигининг биринчи амалий ифодаси ҳисобланади. Ўтган йили европалик сиёсатчилар Исроил ҳукуматининг Шарқий Қуддус ва Ғарбий соҳилда уй-жой қуришни янгилаш ҳақидаги қарорини танқид қилган эди. Ўшанда ЕИга аъзо-давлатлар ташқи ишлар вазирлари шундай қарор қабул қилган эди: Исроил билан барча шартномалар 1967 йилги чегаралар доирасида амалга оширилиши керак. Эндиликда ушбу тезиз қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Европа Иттифоқининг мазкур қарори фаластинликлар томонидан ижобий кутиб олинди. “Европа Иттифоқи баёнотлардан аниқ қадамлар ташлашга ўтди, бу ҳудудда тинчликни қарор топтириш имкониятини оширади”, деди Фаластин раҳбарияти вакили Ханан Ашравий.
Исроил бош вазири Биньямин Натаньяҳу эса Европа Иттифоқини диктатурада айблаб, юқорида қайд этилган ҳудудларда истиқомат қилаётган яҳудийларни ҳимоя қилишини маълум қилган. У европаликларга глобал масалаларда, масалан, Суриядаги уруш ёки Эрон ядро дастури борасида бош қотиришни маслаҳат қилди. Исроил тураржойлари билан боғлиқ масала фаластинликлар билан тўғридан-тўғри музокараларда ҳал этилади, деди у.
“Европа Иттифоқи боласини тимсоҳга бериб, ўз жонини сақлаб қолаётган одамга ўхшайди. Брюссель Европа Иттифоқига нисбатан ўз ҳудудида ва ташқарида мусулмонлар томонидан бўлаётган босимдан қутилиб қолмоқчи. Аммо булар ижобий самара келтирмайди”, деди яҳудийлар ҳукумати раҳбари.

Комментариев нет:

Отправить комментарий