Меню

среда, 10 июля 2013 г.

Ўзбекистонда дув-дув гап......




“Қора қаср асираси” қиссаси биринчи китоби виртуал нашрига сўзбоши
Ушбу асар дастлаб 2005 йил вақтли матбуот саҳифаларида анчайин қисқартирилган шаклда эълон қилинганди. Унда алданиб, номус ўғрилари қўлига тушиб қолган оддий қишлоқ қизининг чигал, аянчли қисмати қаламга олингани, жамиятда учровчи хавфли иллатлар, ижтимоий нуқсон-камчиликлар очиб берилгани боис, у кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди, жиддий шов-шувларларга сабаб бўлди. Детектив-саргузашт жанр элементлари борлиги сабабли асар воқеалари қизиқарли чиққан, унинг шавқ билан ўқилишини таъминлаган эди.
Қисса 2006 йилда алоҳида китоб ҳолида нашр этилгач, у ҳақда бир неча ижобий тақризлар босилди. Чунончи, камина “Ҳуррият” газетасида “Тасвир тиниқ, оҳанг самимий” (13.02.2008) номли мақола эълон қилдим. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Назаримда асар муаллифининг энг катта ютуқларидан бири — Афифа образидир. Қиссадаги бошқа қаҳрамонларнинг характери айни чоғда уларнинг Афифага муносабатида ҳам очилиб боради. Адабиётшунослар, танқидчилар бу образни чуқур таҳлил қиладилар, деган умиддаман. Асарнинг муваффақиятини таъминлаган омиллардан яна бири — муаллифнинг ниҳоятда табиий, содда ва самимий услуби! Ёзувчи воқеаларни худди яқин, сирдош бир одамининг ёнида ўтириб сўзлаб бераётганга ўхшайди. Ҳикоя оҳанги самимий, тасвир тиниқ. Бу эса маҳорат маҳсули, албатта...”
Шу ўринда бироз чекиниш қилиб эслатиш ўринлики, Ҳабиб Темиров 1985 йилда “Ёшлик” журналида босилган
илк йирик асари — “Хиёбондаги одам” қиссаси билан дарҳол оғизга тушган ва таниқли ёзувчилар, адабиётшунослар адабиётимизга истеъдодли бир ёш адиб кириб келаётганини эътироф этган эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг ўша йил декабрь сонларида ушбу асар ҳақида қизғин мунозара бўлган, қисса “Ёшлик” журнали йиллик мукофотини қўлга киритган, алоҳида китоб ҳолида чоп этишга тавсия қилинган эди. Аммо... Асар бир неча йилдан сўнг ғафур ғулом номли нашриётда босмадан чиққан “Юлдузлар мангу ёнади” жамоавий тўпламида нашр қилинган бўлса-да, муаллиф адабиёт саҳнасида узоқ йиллар кўринмай кетди. Бунинг сабаби анча кейин маълум бўлди: қай бир “зийрак” танқидчи Ҳ.Темиров асарларида “замондан норозилик унсурлари”ни топган ва тегишли жойларга етказиб қўйган экан. Ўша йилларда бундай воқеалар учраб турар, ёш ижодкорлар шу тахлит майиб қилинар эди. Хайриятки, у замонлар ўтиб кетди. Энди бугунга қайтайлик.
“Қора қаср асираси” қиссасидан сўнг Ҳ.Темировнинг “Макрми ё муҳаббат” (қисса, 2006 й. “Янги аср авлоди”), “Қўш узук” (қисса, 2007 й. “Янги аср авлоди”), “Дунёдаги энг гўзал аёл” (қисса, 2008 й. “Янги аср авлоди”), “Қасос ва муҳаббат” (роман, “Давр пресс”), “Қиёматдан бир кун олдин” (қисса, 2010 й., “Янги аср авлоди”), “Генералнинг беваси” (роман, 2012 й. “Янги аср авлоди”) асарлари кетма-кет чоп этилди. “Қора қаср асираси” қиссаси китобхонларда катта қизиқиш уйғотгани, улардан келган юзлаб мактубларда асар давом эттирилиши илтимос қилинганини инобатга олиб, Ҳ.Темиров ушбу китобнинг 2, 3, 4 қисмларини ёзиб, чоп эттирди. Мавриди келганда, мазкур қисмлар ҳам виртуал китобхонлар эътиборига ҳавола этилади, деган умиддаман.
Табиийки, бу асарларни адабиётшуносларнинг барчаси бир хилда қабул қилгани йўқ. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 17 декабрь сонида филология фанлари доктори Й.Солижоновнинг “Миллийлик ва бадиийлик талаблари” мақоласида Ҳ.Темировнинг “Қора қаср асираси” асари ва умуман ижодига салбий баҳо берилди. Чамаси, у муаллифнинг адабиётдаги илк қадамлари, уларга берилган ижобий баҳоларидан хабардор бўлмаган ёки билса ҳам билмасликка олиб, уни “тоши енгил асарлар битувчи ёзувчилар” қаторига қўшиб қўйишга уринганди. 
Шу газетанинг 2011 йил 25 февраль сонида яна бир адабиётшунос, филология фанлари доктори Абдуҳамид Холмуродовнинг “Холислик зарур” номли раддияси чиқди. Муаллиф ўз ҳамкасбининг хатоларини кўрсатиб, холис ва беғараз бўлишга даъват этган, Ҳ.Темиров асарларининг айрим камчиликларини ҳам кўрсатган ҳолда асосан ижобий баҳолаган. Уни ўзига хос услубга эга бўлган истеъдодли адиб эканлигини таъкидлаган. 
Ушбу мунозара Ҳ.Темиров асарларига бўлган қизиқишни янада орттирди. “Маърифат гулшани” номли газетанинг 2012 йил февраль сонларидан бирида “...изм”лардан “ҳирсизм”га ёхуд абадиётдаги ахлоқсизликлар” номли бир мақола босилиб, унда Ҳ.Темировнинг “Қора қаср асираси” қиссаси ва яна бир қатор китобларида “Шаҳвоният тарғиб этилади” деган асоссиз айб қўйилди, муаллиф шаънига ҳақоратли фикрлар билдирилди. Оқибатда Ҳ.Темиров мазкур мақола муаллифи ва газета таҳририятини судга беришга мажбур бўлди. Суд ушбу даъвони малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда ҳар томонлама кенг, чуқур, батафсил муҳокама этишга киришди. Таҳририят эса мақола судда кўрилаётганига қарамасдан, газета саҳифаларида Ҳ.Темиров асарини ва бутун ижодини қораловчи бир ёқлама мақолаларни босишдан тўхтамади. Камина уларни инсофга чақириш мақсадида “Карвон қўнғироғи” газетаси саҳифаларида “Баҳслашиш маданияти ҳаминқадарми?” номли мақола билан чиқдим. Афсуски, таҳририят ўзи танлаган нохолис йўлдан қайтишни истамади. Оқибатда масалага охирги нуқтани суд қўйди: Салкам олти ой давом этган муҳокамадан сўнг муаллиф ҳамда таҳририятдан даъвогар фойдасига муайян миқдорда жарима ундириш ҳамда уларга ёзувчидан ёзма равишда узр сўраш мажбуриятини юклаш ҳақида қарор қабул қилди. 
Ушбу тафсилотларни ёзишдан мақсадим нима? Аввало, ёзувчилик нони нақадар қаттиқ эканини аниқ бир мисолда кўрсатиш, иккинчидан, инсон, шу жумладан, ёзувчи шаъни, қадр-қиммати қонун ҳимоясида эканлигини, бинобарин, адабий мунаққид бўладими, журналист ёки оддий китобхон бўладими, бирон бир асарга баҳо берганда холисликни, айтилган ёки ёзилган ҳар бир сўз учун масъулият ва жавобгарлигини унутмаслиги шартлигини эслатишдан иборатдир. Бадиий асарнинг мунозараларга сабаб бўлиши ижобий ҳодиса, ёзувчининг ютуғи. Бироқ турфа фикрлик можарога, баҳс жанжалга айланиб кетмаслиги керак.
Бадиий асар ҳақидаги холисона, юксак савияли таҳлилнинг ўзи ҳам гўзал бир асар. У китобхонни асарнинг ўзига хос бетакрор дунёсига олиб киради, нафосатга ошино қилади. Адиб қалбини, юрак уришини теран, нозик тушунишга ўргатади. Таниқли адабиётшунос Иброҳим ғафуровнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг 2012 йил 12 октябрь сонида эълон қилинган “Бир ҳурлиқо саргузашти” сарлавҳали мақоласи бунинг ёрқин далилидир. Унда Ҳ.Темировнинг “Генералнинг беваси” номли романи теран таҳлил этилган. Ўзига хос услубдаги, ғоят қизиқарли, кескин коллизияларга бой асар эканлиги аниқ мисолларда очиб берилган. Айни пайтда адабиётимиздаги, насрдаги турфа изланишлар йўналишлари зукколик билан кўрсатилган. Бундай мақолалар китобхон дидини янада юксалтиришга, унинг адабиётга, умуман китобга бўлган муҳаббатини кучайтиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, Ҳабиб Темиров асарлари юзасидан мунозаралар давом этмоқда. Сизни ҳам унда қатнашишга таклиф қиламиз. Зеро, ҳақиқат баҳсларда туғилади, дейдилар. 
Шодмон ОТАБЕК

Муаллиф ҳақида маълумот:
Шодмон Отабек — ёзувчи ва адабиётшунос. Узоқ йиллар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида адабий ходим, Ўзбекистон радиосида мухбир, Маданият институтида ўқитувчи, “Хабар” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган. “Япроқдаги нур”, “Мирзакалон Исмоилий”, “Қорбўрон”, “Энг бахтли кун”, “Одамийлик синовлари”, “Ширмонбулоқ оқшомлари”, “Дўрмон ҳангомалари” каби китоблари нашр этилган.

Комментариев нет:

Отправить комментарий