Меню

пятница, 12 июля 2013 г.

воситачиларга ҳам зарурат йўқ. Газета орқали "Хотин керак!" "Э орзу­ингга чечак чиқсин!" деганлар ҳам бўлди.

Ҳозир уйланиш, турмушга чиқиш муаммо эмас. Қолаверса, совчилар, воситачиларга ҳам зарурат йўқ. Газета орқали "Хотин керак!"
деб наъра тортсангиз, ўнта талабгор эшигингиз олдида сафланиб туради. Аммо газетадаги никоҳ эълонларининг ҳаммасига лаққа тушавермаслик даркор. Чунки сўз ёрдамида фариштани шайтонга, шайтонни эса қип-қизил авлиёга айлантириш мумкин.
        Яқинда бир ошнам рекламага ишониб, бекорга шаҳид бўлди. Раҳматлининг касби иқтисодчи эди, тежамкорликни туққан онасидек қадрларди. Ўз фирмаси, бешта корхонаси бўлганига қарамай, гўшт, пишлоқ, тухумни ҳамёни кўтармасди. Қадоқланган шилдир шўрва билан тирикчилик қиларди.
Тинчгина пул ғамида ғимирлаб юрган қари жигит тўсатдан уйланишни тусаб қолди. Товуқмиянинг ниятини қаранг. Ўзидан меросхўр қолдириши керак эмиш. "Э орзу­ингга чечак чиқсин!" деганлар ҳам бўлди. Барибир, совчилар бозори қизиди. Бою бадавлат фирмачига  зимдан оғиз солган қизлар сероб бўлди. Аммо диднинг пўпанак босгани қурсин. Бировининг оёғи, иккинчисининг қўли, яна бирининг гапи куёвга
ёқмади. Республика миқёсида тарқаладиган газетада чиққан никоҳ рекламаси аччиқ ичакдек бир ойга чўзилган келин танловига якун ясади. Фирмачи ўн беш кунга қаёққадир даф бўлди. Кейин фигураси хотин-халажларга хос ўнқир-чўнқирдан холи алламбалони бошлаб келди. Келин бўлмиш худди дазмоллангандек яп-ясси эди. Агар сочини тақир олдирсангиз, полиз қўриқчисидан ҳечам фарқи қолмасди. Бечора қари жигит никоҳ эълонига ишониб қовун тушириб қўйганини кейинроқ пайқади.
        Падар қусур келин жағ-жуғли бўлишдан ташқари, емишнинг офати экан. Бир ўтиришда икки қадоқ нонни туширмаса, дастурхонни ёпмайди. Шўрлик фирмачи ҳисоб-китоб васвасасига чалинди. Бундоқ чўтга ташласа, вой-бўй, хотини йилига 420 килограмм нон, 12 килограмм чойни хасму луқма қиларкан. Бунинг устига, ҳомиладорлик даъвосини қила бошлагач, харажатлар роса болалади. Фитна хотиннинг иддаосини қаранг. Ҳомила рисоладагидек ривожланиши учун у гўшт, парранда маҳсулотларини мунтазам кавшаб туриши керак эмиш. Бу мажбуриятдан куёвнинг бўғинлари бўшашиб, қон босими қолипдан чиқиб кетди. Кўз ўнги қоронғилашиб, "тез ёрдам"да касалхонага равона бўлди. Тарвуз ютгандай қорни қаппайган хотин касалхонага тандир кабоб кўтариб келмаганида, боёқиш фирмачи ҳалигача ғимирлаб юрармиди. Муштипар  эр кабобдан бир тишлам ҳам тотингани йўқ. Нархини эшитиб, ўша заҳотиёқ омонатини топшириб қўя қолди.
        Ҳозир ҳалиги аёл шаҳримизнинг бойвуччаларидан. Усиз гап-гаштак ўтмайди. Марҳум эри тиш кавагида йиққан пулларига гумбурлатиб 12 хонали кошона қурдирди. Ўзи пахта қопдек семириб, шахсий "Лиму-       зин"ига шофёрнинг ёрдамида чиқиб-тушади. Ҳа, ҳа, никоҳ рекламасининг фойда-зиёни шунақа бўлади.
        Ҳақиқатан ҳам, айрим рекламалар мияни шишириб, ўқувчисини тажанг қиладиган бошқотирмага ўхшайди. Иқтисодий жиҳатдан тўла таъминланган 45–50 ёшлар оралиғидаги мустақил аёл ўзига умр  йўлдоши ахтаради. Номзоднинг шахсий мулки бўлиш-бўлмаслиги шарт эмас. У чилангарлик ва боғбонликдан албатта хабардор бўлиши талаб этилади.  Ёпирай, бу аёлга эр керакми ёки хизматкор?! Эълон мазмунига қараганда, у иссиқхонада цитрус меваларни етиштирувчи тадбиркорга ўхшайди. Агар унга ёрдамчи керак бўлса, нега у ҳолда ойлик маош миқдори кўрсатилмаган. Балки, бўлғуси куёв бир пайтнинг ўзида эр ва хизматчининг вазифасини бажарар, ҳойнаҳой, тўлов ҳақининг камлиги туфайли газета таҳририяти бу мужмалликка аниқлик киритмаган.
        Олий маълумотли, икки хорижий тилни биладиган, пианино чаладиган 27 ёшли нозанин ўз бахтини излайди. Бу сўз уюмининг ялтирашига учманг. Афсуски, ялтираган нарсанинг барчаси олтин бўлавермайди. Умр поезди аллақачон жўнаб кетган 27 ёшли нозанинга садоқатли эр эмас, унинг хорижий тиллардаги маърузалари, мусиқавий машқларини эшитиш учун тешик қулоқ керакка ўхшайди.
        «162-54-48-92... олийгоҳда контракт асосида ўқийман. Ёшим 24 да. Дугоналарим истаранг жуда иссиқ дейишади.  Қалбимга қулоқ соладиган шаҳзодам қайда?»
Эҳтимол, газетхонни эълон бошида келтирилган сирли рақамлар ажаблантирар? Беҳудага чўчишнинг кераги йўқ. Бу рақамлар эълон берувчининг бўйи, вазни, бел ва кўкрак айланасининг ўлчамларидир. Агар мазкур маълумотлар компьютерга солинса, унга масаллиқ тариқасида истаранинг иссиқлик даражаси киритилса, дисплейда ҳар қандай эркакни жунбушга келтирувчи офатижон намоён бўлади. Хотинталаб одамга бундан ортиқроқ соврин бўлиши мумкин эмас. Лекин мазкур эълонда кичкина молиявий ишкаллик мавжуд. Ўқиш учун тўланадиган контракт пулини келин томон тўлаб бориши қайд этилганида эди, "шаҳзодалар" сони лак-лак кўпаярди.
         "Моддий жиҳатдан таъминланганман. Қарамоғимда икки нафар болам бор. Мени тушунадиган олижаноб инсонни ахтараяпман."
Бу аёлни сиртдан танийман. Уй-жойи борлиги, ўзига тўқлиги рост. Унинг собиқ эрлари, яъни болаларининг оталари йирик тадбиркорлар. Болаларга мўмай нафақа беришади. Пичоқ думба устида ўйнайдиган мазкур хонадонга куёв бўлган бошида роҳат-фароғатда яшаши аниқ. Нафақа таъминоти узилгач, танг аҳволга тез кўникишга тўғри келади. Аммо масаланинг яна бир чатоғи бор. Эълонга шу хонадонда муқим яшайдиган икки нафар қариқиз, битта кампир, яъни бўлғуси қайнона илова қилинмаган. Буни тактик тузоқ дейиш мумкин. Ортиқча қариндошлар жамулжам хонадонга қайси куёв юрак ютиб бурнини тиқарди дейсиз.
        Умуман, никоҳ эълонларида ғалати жумбоқлар доим учраб туради. Ультразамонавий бир йигит: "Эркин никоҳ шартномасига кўра, 5 йил муддатга уйланишим мумкин", дея эълон бериб, газетхонларнинг энсасини қотириб, пешонасини тириштираяпти. Ахир, беш йилдан сўнг қочоқ куёвни қаердан ҳам топа олардик.
        Гапнинг индаллосини айтганда, баъзи бир никоҳ рекламалари меҳнат шартномаларига ўхшаб кетаяпти.  "Ёшим 24 да. Касбим – доришунос. Хусусий дорихона эгаси билан қариндошлик ришталарини боғлаш ниятим бор."
        Жумлаларнинг тузилишига эътибор беринг. Худди тикувчининг ишига ўхшайди. Яхши тикилган, чоки билинмайди. Бунақа услубни фақат устомон дипломатлар қўллашади. Йигит тушмагур бир ўқ билан икки қуённи ер тишлатишни кўзлаган. Аввало, иш топмоқчи. Иннайкейин йўл-йўлакай бўлғуси "шеф"ининг қизи ёки ҳеч бўлмаганда жияни, қайн-   си­нглисини илинтирмоқчи. Э топ-қир, ақлингга офарин! Ёшлардаги бундай ишбилармонликни нафақат рағбатлантириш, балки олқишласа ҳам арзийди.
        Алқисса, уйланиш, турмушга чиқиш калла қотирадиган муаммо эмас. Асосийси, ҳаминқадар қувват ва жиндай хоҳиш-истак бўлса, бас. Никоҳ рекламалари бор экан, ноз қиладиган совчиларга ҳам талаб қолмайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий