Меню

воскресенье, 7 июля 2013 г.

Ислом Каримов катта хатолик килди......



Зулайҳо ЧОРИЕВА: БИЗГА ҚАРШИ ТАШЛАНГАН ЖИНОИЙ ТЎДАНИ ТАНИДИМ

НОРОЗИЛИК НАМОЙИШИНИ ТЎХТАТИШ МАҚСАДИДА ОРГАН ХОДИМЛАРИ ТОМОНИДАН ЧОРИЕВЛАРГА ҚАРШИ ТАШЛАНГАН ЖИНОИЙ ТЎДА
МЕН НОРОЗИЛИК НАМОЙИШИМИЗНИ ТЎХТАТИШ МАҚСАДИДА ОРГАН ХОДИМЛАРИ ТОМОНИДАН БИЗГА ҚАРШИ ТАШЛАНГАН ЖИНОИЙ ТЎДАНИ ТАНИДИМ

Биласиз,отам Ҳасан Чориев қариган чоғида қийин кунларга қолди.

Ўша куни – 11 июнь куни мен ҳам уйда эдим. Кечқурун Носир Бердиев маҳалла оқсоқоли билан участка нозиримиз келиб “Ҳасан бова,эртага эрталабдан Қаршига,вилоят прокуратурасига бораркансиз. Президентга ёзганларингиз бўйича прокурор ўринбосари сиз билан суҳбат ўтказаркан”,деб келишди.

Отам бормоқчи эмасди. Нимагаки,ўша куни тушликда отамни бир таниши чойхонага – чойга олиб кетганди. Кечга яқин тоби қочиб қайтган одам келинимизга,“Мени заҳарлашганга
ўхшайди. Тобим бўлмаяпти. Аччиқ қалампир келтир,заҳарни кесади. Маргансофка билан ичимни ювишим керак”,деганди.

11 июнь куни туни билан кичик келинимиз отамнинг юрагига укол уриб чиққанди.

Мазаси қочиб қолганлиги учун ҳам отамнинг Қаршига боришга ҳолиям,хоҳишиям йўқ эди.

Мабодо,12 июнь куни эрталаб эшигимиз тагига иккита милиса келиб,“Юринг Ҳасан ота,Қаршига,вилоят прокуратурасига,суҳбатга”,деб қистовга олиб туриб олмаганида,эҳтимол отамнинг йўли ўша куни Қаршига тушмаган бўларди.

Кейин суриштира-суриштира билсак,17 июнь куни,-вилоят прокуратурасига, суҳбатнинг давомига,деб уйдан иккита милиса кузатувида иккинчи бор уйдан олиб чиқиб кетилган отам ўша куни қамоққа олинганмиш.

Нима эмиш,12 июнь куни Қарши шаҳрида ижарада турадиган 17 ёшли Матлуба деган қизни номусига текканмиш.

Бу уйдирмага ким ишонади?

Отамни айнан ўша,12 июнь куни эрталаб соат 8.00 ларда иккита милиса Қаршига,вилоят прокурорининг ўринбосари қабулига,суҳбатга олиб кетишганди-ку?

Демак,касалманд кекса отам ўша куни бир эмас иккита милисанинг қўлидан қочиб-қутилишга муваффақ бўлгану,вилоят прокуратурасига суҳбатга бориш ўрнига,ўзини фоҳишахона эшигига урган экан-да?!

Отамга боплаб туҳмат қилишган.

Отамга туҳмат қилишганларига яна бир далил шуки,ҳозирги пайтгача ўша номуси топталди,дейилаётган Матлуба ҳам қандайдир изоляторда ётганмиш.

Агар ростан ҳам Матлуба деганлари жабр кўрган бўлса у изоляторда нима қилади?

Тахминимча,прокурорларнинг ўзлари Матлуба бирор бир жойда ҳақиқатни оғзидан гуллаб қўймаслиги учун то судга қадар уни яшириб ўтиришибди.

У эмас,бу эмас,акам Баҳодир Чориев И.Каримовнинг думини босиб қўйганлиги учун,акамнинг сиёсий фаолияти учун айни дамда отам товон тўлаб ўтирибди.

Отамга нисбатан қилинаётган бундай туҳматларга биз қандай чидаб туришимиз мумкин?

Чидай олармидик? Йўқ,албатта. Отамни бадном қилишларини қўрққанимиздан жимгина кузатиб тура олмасдик.

Қўлимиздан нимаям келарди,норозилик намойиши ўтказишдан бошқа.

Нимагаки,адолат излаб бош уриб бормаган идорамизнинг ўзи қолмаганди.

Ҳеч бир жойдан ёруғлик чиқмагач,норозилик намойиши ўтказишга қарор қилдик.

Ҳокимиятга,ҳамма юқори ташкилотларга намойишга чиқамиз,деб хат бердик.

3 июль куни 15 нафарга яқин киши намойишга чиқдик ҳам.

Лекин,қутирган аёллар галасига дуч келдик.

Вилоят прокуратурасининг олдида бизни кутиб турган 20 га яқин шаллақи аёллар кутилмаганда бизга ташланиб қолди.

Фуқаро кийимидаги эркаклар қўлимиздаги нарсаларимизга чанг солди.

Намойиш иштирокчиларининг орасида тўрт нафар ёш болалар бор эди. Бундай толо-тўпда болаларга заҳмат етмаслиги учун укам Бекзод ўз рафиқаси ва Пари опа билан гўдакларни четга олиб чиқишди.

Ўлжасига калхатдек ташланган қўзғинлар орасида мен,синглим Зулфия ,журналист Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаева қолиб кетдик.

Аслида биз намойиш пайтида калтакланишимизни билардик.

Шу сабабли Эшонқуловага заҳирага куйлак оливолинг дегандик.

Эшонқулова эса бизга,“Мабодо ўша ўзингиз билган ва кўрган аёллар отряди ҳужум қилгудек бўлса,қарши ҳужумга ўтманг,уларга қарши қўл кўтара кўрманг. Ҳақорат қилманг,бирортасини чертиш ҳам хаёлингизга келмасин. Ўзингизни ҳимоялаш учун уларга қўл кўтарманг. Уларни бир бор туртдингизми,тамом:жанжални уюштирган орган ходимларига худди ана шу нарса керак. Улар атай жанжал чиқариб,сизларни майда безориликда айблаб,судга судраб,жаримага тортишни,шу баҳонаи сабаб намойишларингизга халал беришни,намойишни тўхтатишни режа қилишган.

Улар намойишга чиқди,деб жаримага тортишдан кўра,майда безорилик қилди,баровларга тан жароҳати етказди,деб айблашни маъқул кўриб ўтиришибди. Эсингизда бўлсин,нима бўлишидан қатъий назар сизга қўл кўтарган провокаторларни бир шапалоқ тушира кўрманг”,деб тайин-тайин қилганди.

Эшонқулованинг бу гапидан кейин,бирортасини уриб-нетиб,балога қолмайлик,отамдек туҳматда ёнмайлик,деб бизга қўл кўтарган аёлларга қарши бормадик.

Шаллақи аёлларга аввалдан айтиб қўйилганми дейман,улар бизни,Чориевларни нишонга олган эмас.

Бор эътиборларини Эшонқулова билан Урлаевага қаратишди.

Энг аввало,фуқаро кийимидаги эркаклар барча намойиш иштирокчилари қатори Эшонқулованинг,Урлаеванинг бор буюмларини туртиб,силтаб,қўлларини қайириб тортиб олишди-да,вилоят прокуратурасига кириб кетишди.

НОРОЗИЛИК НАМОЙИШИНИ ТЎХТАТИШ МАҚСАДИДА ОРГАН ХОДИМЛАРИ ТОМОНИДАН ЧОРИЕВЛАРГА ҚАРШИ ТАШЛАНГАН ЖИНОИЙ ТЎДА
Шундан кейин аёллар ҳужумга ўтишди.

Улар асосан ўнта-ўнта бўлиб бўлиниволишиб,бир гуруҳи Урлаевани,бир гуруҳи Эшонқуловани оёқлари тагига олволиб хўп эзғилашди.

Ёмон,жудаям ёмон уришди,тепкилашди.


Мен ва синглим Зулфия Эшонқуловани тўда чангалидан ажратиб олиш умидида яқинлашгандик,улардан қай бири бизнинг ҳам дуч келган еримизга тепиб ташлашди.

Синглим Зулайҳо икки ой аввал операция бўлганди. Қорнига тепишганлари учун операцияси оғриб,букчайиб қолди.

Мен ҳам тепки еганимдан кейин уларга бас келиб бўлмаслигини тушундим-да,жанг бўлаётган саҳнадан ярим метр наридаги вилоят прокуратурасининг навбатчи милисалари ўтирадиган ойна деразасини зарб билан “Ёрдам беринглар,ким бор,чиқинглар,уларни ўлдириб қўйишади”,деб устма-уст ура бошладим.

Негаки шаллақи аёллар ҳужум қилиши билан вилоят прокуратурасидаги қабул бўлими дейдими,дежурний милисалари дейдими,хуллас,ҳамиша фуқароларни қабул қилиб,телефонларида у ёки бу прокурор,терговчи билан боғлаб бериб,учрашувларини ташкил қилиб ўтирадиган постовой милисалар деразаларининг туйнукларини маҳкам тамбалаб олишганди.

Ўша деразаларини “форточкаси”ни синдиргудек минг марта ургандирман,кўмак сўраб. Бирор бир банда “Сен кимсан,нега ҳукумат ойнасига таҳдид қилаяпсан?” демайди,бирорта милиса инидан чиқмайди.

Агар кўзингиз тушган бўлса,вилоят прокуратурасида қабул қилиб ўтирадиган милисалар ўтирадиган хона қора ойна билан ўралган.

Ичкаридаги милисалар ташқарида бўлаётган ҳар қандай ҳолатни ичкаридан бемалол кузатиб ўтиришлари мумкину,ташқаридаги киши ичкарини кўриш имкониятидан бебаҳра.

Хуллас,милисалар минг марта чақирсам ҳам,ёрдамга чиқишмади.

Ур-йиқитдан 20 дақиқа ўтдими,ярим соатми,билмайман,бу пайтда шаллақи аёллар Урлаева билан Эшонқуловани майиб қилар даражада тепкилаб,жонларини олиб бўлишганди.

Ҳатто Малоҳат опанинг куйлагини йиртишиб,яланғоч ҳолатга келтиришганди.

Шунда бир эркак киши инсофга келиб Эшонқуловани босқинчи аёллар оёғи тагидан холос қилиб олди.

Лекин,бу пайтда бир нечта босқинчи аёлларнинг оёғи тагида тепкиланаётган Урлаева дод,деб одамларни ёрдамга чақирарди.

Билсангиз,вилоят прокуратурасининг шундоққина қаршисида,30 метрлар нарида кўп қаватли “дом” бор.

Урлаеванинг додлаганини эшитган ўша “дом”даги бор одам дераза,балконлари оша томошага чиқишди. Барчасига гувоҳ бўлишди.

Ҳайвонларча ташланаётган шаллақи аёлларнинг ваҳшийлигидан ҳайратга тушишди.

Лекин,бирортаси кўмакка келай деган эмас.

Қачонки,Урлаева билан Эшонқулова ўласи қилиб калтаклангач,улар сулайиб,Елена Михайловна хушини йўқотгачгина,худди шуни кутиб тургандек,бир дамас милиса ходимлари етиб келишди.

Бу пайтда қўлимиздаги нарсаларни юлқиб олган фуқаро кийимидаги эркаклар қуён бўлишганди. Лекин, шаллақи аёллар негадир қўрққанларидан қочиб кетишмади.

Улар вилоят прокуратураси қаршисидаги кўпқаватли дом тагидаги дарахтлар соясига бориб,нафасларини ростлаб олишди ва ўша ердан туриб милисаларнинг ҳаракатларини кузата бошлашди.

Милисалар босқинчи аёлларга эътибор ҳам бергани йўқ. Уларга қайрилиб қарамади ҳам.

Елена опани,Эшонқуловани “дўхтирга олиб борамиз”,деб Дамасга чиқаришди. Бизниям машинага босиб,касалхонага эмас,тўғри Қарши шаҳар Ички ишлар Бошқармасига оборишди.

Ортимизда эса,шаллақи аёллар масхара қилгандек илжайиб қолаверишди.

Бу томошани аниқ вилоят прокуратураси биз бошламоқчи бўлган намойишни бостириш учун атай уюштиришди.

Бизни бесабаб урганларни Худо урсин,илоҳим.

Лекин мен ҳам,синглим ҳам,укам ва келиним,Пари опа ҳам вилоят прокуратураси олдида бизга ҳужум уюштириб,урган,калтаклаган аёлларни,қўлларимиздан нарсаларимизни тортиб олган эркакларни бир кўришдаёқ таниб қолгандик.

Чунки,айнан мана шу аёллар ва эркаклар шу йилнинг 29 июнь куни Шаҳрисабзга,уйимизга “Матлубани топиб беринглар?”,деган баҳонада бостириб боришганди.

Мен ҳам,туғишганларим ҳам Матлуба деган қизнинг оила аъзолари ва қариндошларини жуда яхши таниймиз.

Уйимизга бостириб борган ва 3 июль куни вилоят прокуратураси олдида бизнинг намойишимизни тўхтатиш мақсадида орган ходимлари томонидан бизга махсус ташланган босқинчи тўда ичида Матлубанинг бирортаям қариндоши йўқ эди.

Бу аёллар фоҳишахонадаги Матлубанинг “ҳамкасблари” бўлишса керак.

Орган атай ўшандайин танфуруш фоҳишаларни ташлашган бизга. Чунки,танасини сотадиган инсонни ҳайвондан фарқи йўқ-ку,улар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ.

Ўз шаъни,ота-онаси,яқинлари,ору номуси, ўз танасининг қадр-қимматини қадрига етмасдан оёқ ости қилган аёл қиёфасидаги махлуқлар учун ўзгаларни сабабсиз оёқ ости қилиш иш бўптими?

Мен 3 июль куни вилоят прокуратураси олдида орган ходимлари томонидан бизга махсус ташланган аёлларни ҳам,эркакларни ҳам таниб қолдим.

Қарши шаҳар ИИБсида кун узоғи то ярим тунга қадар берган сўроқ-саволларим давомида қўлимиздаги нарсаларни куч билан тортиб олган фуқаро кийимидаги эркакларга ҳам кўзим тушди.

Кейин билсам,фуқаро кийимида бизни куппа-кундуз талаган эркаклар орган ходимлари экан.

Такрор айтаман,намойишимизни тўхтатиш мақсадида 3 июль куни вилоят прокуратураси атай шаллақи аёлларни ёллаб бизни калтаклатди,шантажчи аёллар кўмагида бизни урдирди ва намойишимизни тўхтатишди.

Уларгаям боққан бало бормикан?

Мен бугун Қашқадарё вилоят прокуратурасининг топшириғи билан бизга ҳужум уюштирган аёлларнинг суратини сизларга ҳам кўрсатмоқчиман.

Вилоят прокуратураси,умуман,орган ходимлари Чориевларнинг норозилик намойишини тўхтатиш мақсадида фойдаланган махсус ёлланган аёллар қиёфасини кўрмоқ истайсизми?

Мана улар: Қашқадарё вилоят орган ходимлари томонидан Чориевларнинг тинч норозилик намойишини бостириш учун махсус ёлланган аёллар қиёфаси.



Комментариев нет:

Отправить комментарий