Меню

суббота, 6 июля 2013 г.

Балки айнан шу ишонч уни айрим мушкул вазиятлардан қутқарар....вакт хакам дегандек

shahriyor-vert3
У ижодини “Тарона рекордс” компанияси қаноти остида бошлаган. Шаҳриёрга машҳурлик бошқа таниқли тенгқурларига нисбатан эрта келган эди. “Сени кўрдим” қўшиғи билан ёшлар орасида қанчалик тез оммалашган бўлса, бугун унинг нуфузи шунчалик тушиб кетганини ҳам эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Бугун реп хонандасининг қўшиқлари ҳақида ўтган замонда гапиришяпти. Бу ҳақиқат... Шу сабабли ҳам Шаҳриёр билан суҳбат уюштириб, уни соғинганларга у ҳақида яна бир бор эслатишни мақсад қилдик...


— Сизни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Нима ишлар билан бандсиз?

— Авваламбор, “Даракчи” мен билан қизиққанига, мени унутмаганига раҳмат. Ҳозир ҳам доимгидек мусиқа билан, қўшиқ куйлаш билан бандман. “Антон” номли янги лойиҳа билан бандман. Бу бирор хонанда йигит бўлса керак деб ўйлаётгандирсиз? Аслида “Куатро” жамоаси йигитлари блан давомли  тарзда ижро этиладиган янги қўшиқ ёзяпмиз. Бундан ташқари, янги альбом ёзиш устида иш бошладим. Ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги қўшиқлар тўплами ҳам тез кунларда тингловчиларга тақдим этилади. Янги альбомим АҚШдаги студиялардан бири билан ҳамкорликда тайёрланяпти. Тўпламда нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги тингловчилар ҳам эшита оладиган қўшиқларни жамлаганман. Ниятим тингловчиларим доирасини кенгайтириш.


— Ижод қиляпман деяпсизу, аммо тингловчилар бунинг натижасини кўришмаяпти. Сиз бугун улар билан эмассиз...

— Биласизми, мен мухлисларимни йўқотиб қўймаслик учун ҳар ойда янги қўшиқ чиқариб ёки ўз рейтингимни ушлаб туриш учунгина куйлай олмайман. Бизнинг эстрадада урфга кирган бу ҳолат  менга унчалик ёқмайди. Баъзи тингловчилар эса айнан урфдаги тизимга ўрганишган. Қўшиқларимни тинглагиси келганлар эса бунинг иложини топишяпти. Хонанда бир ой давомида янги қўшиқ куйламаса, демак у ижод қилмаяпти дейиш нотўғри! Ўз мухлисларимни ҳурмат қилган ҳолда бир гапини айтиб ўтишим лозим: мен биринчи навбатда ўзим учун ижод қиламан. Қўшиқларим аввало ўзимга ёқиши шарт. Фақат эстрададаги ўрнимни йўқотмаслик учун ижод қилиш менга тўғри келмайди...

— Тан олиш керак, реп йўналиши бизда жуда тез ривожланди. Аммо бугунга келиб бу йўналишда ижод қилувчиларни учратиш қийин. Айтмоқчиманки, у қанчалик тез оммалашган бўлса, шунчалик тез барҳам топиб боряпти...

(бироз ўйланиб) — Саволингизга нима деб жавоб беришни билмайман... Ҳа, негадир бугун бизнинг йўналишни эстрадада учратиш қийин. Шоҳрух ҳам камнамо бўлиб қолган. Очиғи, саволингизга аниқ жавоб беролмасам керак. Бу йўналиш ўзбек эстардасига кириб келгандаги жўшқинлик бугун етишмаётгани ачинарли ҳол. Аммо бугун тингловчилар репни соғинган. Улар биздан янгилик кутишаётганини ҳам биламан. Вақти келиб, мен ҳам, Шоҳрух ҳам бундан бир неча йил олдингидек фаолиятимизни шижоатли давом эттиришимизга ишонаман.

— Бизнинг хонандалар асосан тўйбоп қўшиқлар билан одамлар орасига кириб боришади. Балки реп бошқа йўналишлар каби тўйбоп бўлмагани учун ҳам узоққа бормаётгандир?

— Бор гап. Реп бизнинг тўйлар учун эмас, дейишади. Аммо мен айнан мана шу чегарани бузгим келади. Нега энди тўйларда реп куйлай олмаймиз? Нега бошқа усулда куйлайдиган хонандалар каби бизни тўйларга чақиришмайди? Аслида тўйлардаги рақсинкор оҳанглар бизнинг йўналишимизда кўпроқ-ку... Бунга ҳам жавоб топиш қийин...

shahriyor-tuy


— Мухлислар Ўзбекистонга реп йўналишини олиб кирган хонандалар сифатида Шоҳруҳ ва сизни танишади. Энди бу йўналишни ривожлантириш ҳам сизларнинг қўлингизда эмасми?

— Гапингизга юз фоиз қўшиламан. Биласизми, мен нега айнан АҚШдаги ҳамкасблар билан ишлашни бошладим? Мақсадим ўзбек репини дунёга олиб чиқиш. Реп оламида “шарқ реп йўналиши”ни бошлаб беришдир. Яъни ҳали мусиқа оламида учрамаган шарқона репперликнинг асосчиси бўлишни истайман. Ишонингки, жуда тез кунларда бу борадаги ҳамма режаларим амалга ошади. Бир кун келиб ўзбек реп санъати бутун дунёда ривожланади.

— АҚШ хусусида ҳам сиз билан боғлиқ миш-мишлар кўп. Масалан, энди Америкада яшамоқчилигингиз ҳақидаги гапларга тўхталсак...

— Баландпарвоз гаплар деб ўйламанг, аммо мен ўз юртимнинг ҳавосисиз яшай олмайман. Сайёҳатга, дам олишга ёки шунчаки ижод қилиш учун чет элга боришим мумкин. Лекин у ерда яшаш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаганман. Тўғри, таклифлар бўлди. Айнан АҚШда ижод қилишимни истаганлар бор. Аммо уларнинг шарти бўйича мен Ўзбекистондан кетишим керак. Мен эса бундай қилолмайман. Ўз тупроғим, халқимсиз умр кечиролмайман.

— Шаҳриёр кўринмай қолди, бирор ножўя иш қилиб қўйдимикин, деган гапларга муносабатингиз? Бу ростми?

— Мени бир нарса қизиқтиради, нега одамларда шундай  тушунча уйғонган? Кимдир зерикканидан шу гапни ўйлаб топган, шекилли.


— Эҳтимол, матбуотда умуман кўринмай қолганингиз сабабли ҳам шундай фикр уйғонгандир...— Бу энди бошқа масала. Юқорида айтиб ўтганимдек, менинг ишлаш тартибим бошқа. Яъни ҳамкасбларимга ўхшаб бир ойда бир марта қўшиқ чиқариб, уни “айлантиришни” ўзимга сингдира олмаяпман. Шу сабаб интервьюларим ҳам камаяди. Журналистларга мен эмас, тинимсиз кўриниб турувчилар қизиқ бўлса керак.


— Кўпчилик ижодингиз сусайганини “Тарона рекордс”дан кетганингиз билан боғлайди.

— Бўлмаган гап. “Тарона”дан кетганим билан ижодим тўхтагани йўқ. Мен ўз йўлимда давом этяпман. Ижод намунларим чиқмаётганига эса шахсий хоҳишим сабаб, холос. Буни ҳеч нарса билан боғлашмасин.

shahriyor2-panorama

— Лицензиянгиз ҳам борми?

— Бор.


— Репдан ташқари яна қайси йўналишларда куйлашингиз мумкин.

— Ҳамма йўналишда қўшиқ куйлай олишга кучим етади. Бунинг учун бироз малака ва истак керак холос.


— Институтдан бир эмас, уч марта ҳайдалган экансиз. Сабабини айта оласизми?

(кулиб) — Биринчи ва иккинчи марта ҳайдалишим, дарсларга қатнашмаганим билан боғлиқ. Туни билан ишлаб, эрталаб ўқишга бориш, очиғи мушкул иш эди. Учинчи мартасида эса ҳайдашмаган. Ўз хоҳишим билан академик таътилга ариза ёзганман. Чунки иш билан ўқишни тенг олиб бориш жуда оғир эди.


— Санъатдан бошқа даромадингиз ҳам борми?

(жилмайиб) — Ҳамма даромадим мусиқадан.

shahriyor
— Қайси феълингиздан воз кечишни истардингиз?

— Ишонаверинг, мен ўзимни идеал деб биламан (кулади). Феъл-атворимдаги камчилик ва айрим хатоларим менга безак бериб туради деб ўйлайман.


— Қачон охирги марта китоб ўқидингиз?

— Аслида китоб ўқиб турсам ҳам ҳозир ҳамманинг олдида ўзимни яхши кўрсатиб “фалон ёзувчининг китоби менга ёқади, мен уни севиб ўқиганман” деб мақтанмайман. Ўқиганларимни ўзим билсам, бас.


— Эркак санъаткорлар уйланганини, фарзандлари борлигини тан олишни истамаслигини кўп эшитганмиз? Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

(Ўйланиб) —  Билмадим. Бу саволга ҳамманинг ўз жавоби бор. Менимча, бундай эркаклар шахсий ҳаётини ҳаммага дастурхон қилишни исташмас. Уларни тушуниш мумкин. Мен ҳам шахсий ҳаётим шахсийлигича қолишини истайман.


— Демак шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ саволларга жавоб бермоқчи эмассиз?

— Йўқ.


— Лекин биз уйланганингиз ҳақида эшитганмиз. Аммо негадир буни тан олишни истамайсиз?

(кулиб) —  Ким сизга бундай нотўғри хабарни айтди.


— Буни ҳамма билади. Тан олишдан уяласизми?

— Йўқ! Гап уялиш-уялмасликда эмас. Бу менинг шахсий ҳаётим!


— Демак, уйлангансиз фақат бу ҳақида гапиришни истамайсиз? Фарзандингиз борлиги ҳақида ҳам гапирмайсизми?

Айтяпман-ку, бу ҳақда гапирмайман деб.


— Ўнг қўлингиздаги никоҳ узуги-чи? Бу тайёр далил-ку.

— Биринчидан, бу менинг стилим. Иккинчидан, бироз тўлишганим туфайли уни  ечолмай юрибман...


Очиғи, Шаҳриёрдан шахсий ҳаёти билан боғлиқ саволларга жавоб олиш учун кўп уриндик. Бироқ уринишларимиз натижа бермади. Нима ҳам дердик, бу унинг хоҳиши. Хонанда билан суҳбат жараёнида кўпгина мавзуларга тўхталдик. Унинг гапларини эшитар эканмиз, у ҳамон ўзининг машҳурлигига ишонган, бироз мақтанчоқ ўсмир йигитдек таассурот уйғотди. Биз ҳам ўз навбатида Шаҳриёрнинг ўзига бўлган ишончи йўқолмаслигини тилаб қоламиз. Балки айнан шу ишонч уни айрим мушкул вазиятлардан қутқарар....

 

Алия Тулембаева суҳбатлашди


darakchi.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий