Меню

среда, 30 января 2013 г.

ЁДГОР ОБИД: Ўзбек алифбоси ва ёзуви муаммолари ҳусусида


Шармандаликми?
Тарихнинг хатосими?
Тақдир тақозосими?
Уччала саволга ҳам бир ёқлама, аниқ жавоб тополмайсиз.
Давлат тепасига Большевик - коммунистлар келгандан кейинги давр ичида, менинг билишимча, фақат тўртта республикада тўрт ҳалқ ўз алифбосини ўзгартиргани йўқ. Арманлар, гуржилар ва советлар бирлигига кейинроқ кириб келган Болиқбўйи республикалари ҳалқлари. Бошқалар асосан, туркий ҳалқлар - ўз қадимий алифболаридан воз кечиб, кирилл - мефодий алифбосини қабул қилдилар. Гуржилар ва арманлар ўз алифболарини қандай сақлаб қолганлари менга қоронғи. Ҳарҳолда қандайдир жараёнлар ўтган бўлиши мумкин. Қолаверса, Бу масала бўйича асосий раҳбар бўлган Сталиннинг мазкур ҳалқларга шахсий алоқаси борлигини ҳам назардан қочиролмаймиз... Мен фақат бир вақтлар қаердадир кўзим тушган бир ҳужжат ҳақида айтишим мумкин...

Алифбо масаласи кўтарилганда, Сталин кириллга ўтишни "таклиф" қилган ва вакилларнинг фикрларини "сўраган". Ҳечкимдан садо чиқмаган. Фақат Рисқулов деган бир вакил ўрнидан туриб " Ҳозир шароит шундайки, кирилл алифбоси эмас, ҳатто гуржи алифбосини таклиф қилсангиз ҳам ҳалқ индамай қабул қилаверади" деган. Унинг гапида киноя борлиги кўриниб турибди. Кейинроқ унинг ўлимга ҳукм қилиниши ва "ҳалқ душмани" сифатида отиб ташланиши сабаби ёки сабабларидан бири ҳам шу бўлса керак...
Ўзбек алифбоси ва ёзуви эса шу даврлар орасида беш марта ўлиб - тирилиш оғриқларини бошдан кечирди. 
Маълумки, алифбо, ёзув қоидалари ва адабиёт - ҳалқ ҳаёти ҳамда унинг тақдири билан боғлиқ. Умуман, барча бу ўтган жараёнларни, фожеаларни ҳалқимиз бошига тушган фожеаларнинг бир қисми деб қаралса тўғри бўлади. Афсуски, бу фожеалар ҳали ҳам давом этаябди. Бемалол айтиш мумкинки, Сталин давридагидан ҳам баттарроқ, даҳшатлироқ тарзда ўлим шарпасидай судралиб келаябди...

Москвадаги М. Горкий номли адабиёт институтида ўқиб юрган йилларим кутубхонага кириб, СССР ёзувчилари биринчи съездининг Стенографик ҳисоботига кўзим тушиб қолди. Қироатхонага кириб, варақлайбошладим. Максим Горкий бошчилигида ўтган бу йиғилишда қатнашганларнинг чиқишлари мени қизиқтирарди. Албатта, Ўзбекистон вакили ҳам қатнашган ва сўзга чиққан бўлиши керак... Кимлар экан, Ҳамид Олимжонми, Ғофур Ғуломми ёки ўша пайтларда кўзга кўринган, айтишларича, шеърни жуда чиройли ўқийдиган Насрулло Охунми? (Гувоҳларнинг айтишларича, йиғилишларда Чўлпон шеър ўқиса, унга ёқмас, Чўлпоннинг қўлидан шеърни тортиб олиб, "буёққа бер, шеърни расво ўқийсан" дер экан дўстона ҳазил билан ва шеърни ўзи ўқийбошларкан...)

Йўқ, мен таҳмин қилганлардан биронтасининг номини излаб тополмадим. Фақат Р. Мажидий (Ўзбекистон) деган номни учратдим. У одамни билмасдим. Китобга болалигимдан бошлаб ўчлигимга қарамасдан, ҳечқаерда бу одам ёзган бирор катта ё кичик нарса асар учратмагандим.
Ҳуллас, стенографик ҳисобот китобидаги маърузачилар чиқиш сўзларини диққат билан ўқийбошладим. Ҳозир уларнинг номлари ёдимдан кўтарилган бўлишига қарамай, йиғилишда айтган сўзлари таъсир қилгани учунми, ҳарҳолда, айримлари ёдимда қолган... Кўрилаётган масала - ҳарбир ҳалқнинг ўз ўтмиш адабиётига қандай муносабатда бўлиш кераклиги йўлларини белгилаб олиш эди...
Грузия ёзувчилари вакили ўз нутқида ўтмиш адабиётга нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндошиш, ўрганиш, нашр қилиш лозимлиги ҳақида гапиради. Шота Руставелининг " Йўлбарс терисини ёпинган паҳловон" асари ҳозиргача чоп этилмаётгани, бошқа тилларга таржима қилинса нақадар фойдали бўлиши, ҳалқлар адабиётлари вакиллари билан ҳамкорлик ўрнатиш каби масалалар юзасидан фикрлар билдиради. 
Арманистон ёзувчилар бирлиги вакили ҳам шу йўналишда маъруза қилади. Шундан сўнг ўзбекистон ёзувчилари бирлиги вакили Р. Мажидий маърузасига ўтдим. Шу ерда яна бир чекиниш қилишга тўғри келиб қолди: Яъни, " ўтиб кетган одамлар ҳақида ёмон гапириб бўлмайди. Бу - гуноҳ" дегувчилар мени кечирсинлар. Мен бу одамни ёмонлаётганим йўқ. Ҳақиқатни айтаябман холос. Имкон топсалар, ўша ҳисоботни олиб, ўқиб кўрсинлар. Аслида, ҳақ гапни айтмаслик гуноҳроқ деб ўйлайман... Ҳуллас, Р. Мажидий маърузасини ўқийбошладиму, ўқиган сарим этим увушабошлади. Маъруза буюк рус ҳалқи, адбиётининг буюклиги қаршисида таъзимдан бошланади, Фақат шундан кейин Ўзбек адабиёти ҳақида гап бошлайди. "Алпомиш" достонининг, Алишер Навоий асарлари ва бошқа классик шоирларимизнинг бугунги, яъни, ўша кунлардаги жамият учун қанчалар зарарли ва хавфли эканлиги, ва улардан воз кечиш лозимлиги ҳақида гапиради. Шундан кейин замондошларининг ижодлари таҳлилига ўтади. Ҳаммасининг ғоявий қашшоқлиги, ҳаётни билмаслиги ва тушунмасликлари ҳақида гапириб, уларни қаттиқ назорат остида тутишга ва эҳтиёт бўлишга чақиради... Унинг танқидига учраганлар орасида эндигина адабиётга кириб келаётган Ҳамид Олимжон номи ҳам бор эди...
Мен бу гапларни ўша давр ўзбек адабиёти муҳитини бир мисол сифатида кўрсатиш учун келтирдим. Энди Гуржистон ва Арманистон вакилларининг чиқишлари билан бизнинг вакил чиқишини солиштириб кўришингиз мумкин. Шунда нима сабабдан алифбомиз, ёзувимиз ва адабиётимиз бошига бундай қора кунлар тушгани сабаби ойдинлашади. Афсуски, Р. Мажидий ёлғиз эмасди. Ўша давр сиёсати қўрқитиб қўйган милионлар ҳам Мажидийга айланган ва совуқ бир муҳит яратишга эришган эдилар...




Давоми бор...

Комментариев нет:

Отправить комментарий