Меню

пятница, 25 января 2013 г.

Улуғбек Бакиров: Замондош ва Турон ТВларида бирга ишлайман


Аввало, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати юксак ишонч билан Ҳаракат қошидаги “Турон” ТВга каминани бош муҳаррир этиб тайинлаганлиги учун ташаккур айтаман. “Бирдамлик”чиларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Шу ўринда, “Турон” ТВ билан ҳамкорликда ишлашимга оид баъзи бир мулоҳазаларга ойдинлик киритмоқчиман.

Мен энг аввало,Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси аъзосиманПартия сафига 21 ёшимда келган бўлсам, 22 ёшимда партияга аъзо бўлганман. 





Ўзбекистонда “Бирлик”да ҳам “Эзгулик”да ҳам озми-кўпми бошқа ҳамкасбларим қатори ишладим. “Бирлик”гача бошқа бирор бир муҳолифат ташкилотларида бўлмаганман. Унгача ва бундан кейин ҳам ўқидим ҳамда Андижондаги телевидениеларда ва водийдаги мактаб, коллеж ва лицейларда ишладим. Тошкентда газета ва фирмаларда ишладим.

2006 йилда Ватандан кетдим. Шундан буён муҳожиратда яшаб келябман. Ўзбекистонда яшаётган пайтларимда ҳам деярли барча муҳолифат ташкилотлари ўз сафларига мени даъват қилишган. Масалан, “Эрк” “Озод деҳқонлар” партиялари. Лекин, бир партия аъзоси айни дамда бошқа бир партияга аъзо бўлиб кириши мумкин эмаслиги учун бошқа партияга аъзо бўлмаганман. Қолаверса, “Бирлик” партиясининг ғояси менга кўпроқ манзур бўлганди ва ҳозир ҳам шундай.


Кейинроқ “Бирдамлик” Ҳаракати ташкил этилди. Ўша дамлари “Бирдамлик”дан ҳам кўп таклифлар бўлган. Лекин, ўшанда Бишкекда муҳожирликнинг илк пайтларида бўлганлигим ва бошимда ҳали ишлар кўплиги учун ҳам бу ҳаракат сафига кирмагандим. У пайтлар жуда кўпчилик муҳолифатчилар “Бирдамлик” сафига ўтганлар…

2011 йилда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташкил этилди. Уларнинг Берлиндаги илк Қурултойида мустақил кузатувчи мақомида иштирок этдим. Қурултойдан аввал ҳам, кейин ҳам улар мени ўз сафларига таклиф этишди. Лекин, маълум сабабларга кўра, ушбу ҳаракат сафига ўтмадим. Бугунга келиб, айтишим мумкинки, ўша пайтлари мени ЎХҲ сафига даъват қилганларнинг аксарияти айни дамда мазкур ҳаракатдан чиқиб кетишган. Ҳозир уларни номма-ном санаб ўтишни истамайман.

Шу ўринда, билмаганлар учун алоҳида тарзда айтиб ўтмоқчиман. “Бирдамлик” ҳам ЎХҲ ҳам сиёсий партия эмас. Улар ўз номи билан Халқ Ҳаракати. Ҳалқ Ҳаракатига истаган одам аъзо бўлиб кириши мумкин. Жумладан, сиёсий партия аъзолари ҳам ва турли ташкилотлар ҳам. Аммо, бир шахс айни дамда фақат бир партия аъзоси бўлиши мумкин. Бу қоидага бутун дунёда бирдай амал қилинади.

Энди Замондошдаги фаолиятим ҳақида. Мана деярли икки йил бўлябди, Замондош таҳририятида ишлаб келябман. Албатта, Замондош нашри ва нашрнинг раҳбари, Замондош Халқаро Фонди раиси, устозимиз Ризобек ака Обидовдан мен ҳамиша миннатдорман. Ризобек акадан кўп билмаганларимни ўргандимЗамондош ТВрадиоси вавеб-саҳифаси жамоатчилик орасида янада кенг танилишимга улкан ҳисса қўшди. Замондошда жуда кўплаб миллатимиз ойдинлари билан суҳбатлашишга эришдим ва бу суҳбатларимизни халқимизга Замондош орқали ёйинладик. Кўплаб лойиҳаларда бирга ишладик. Айни кунга келиб, Замондош билан бирга ишлашни давом эттирябман. Тўғри, аввалгидек, мунтазам чиқишлар қилишга улгурмаябман, ишлар кўп, вақт эса, кам. Лекин, шундай бўлишига қарамай, ҳали Замондошда жуда кўплаб лойиҳаларни амалга оширишни Ризобек ака билан режалаябмиз.

“Бирдамлик”нинг Турон ТВда ишлашликни шахсан Ҳаракат раҳбари Баҳодир Чориев анча вақтдан бери менга таклиф этиб келди. Баҳодир ака билан муносабатларимиз азалдан яхши, дўстона ва самимий. У киши билан Замондош ТВ ва радиосида кўп чиқишлар қилганлигимиз барчага маълум. Б.Чориев билан Ўзбекистонда танишганман. Бунга кўп йиллар бўлган. Мен Б.Чориевнингбу таклифини кўп ўйладим. Лекин, вақт тополмаслигимдан, имкониятим етмай қолишлигидан кўп қўрқдим. Бу мавзуда Баҳодир ака билан кўп сўзлашдик ва натижада бир қарорга келдик. Бу қарорга келганимизга ҳали кўп вақт  бўлмади. Яширмайман, Баҳодир Чориевдан кўп яхшиликлар кўрдим. Худога шукур, шу кунгача Яратган мени ёмон одамлар билан учраштирмади. Устозларимдан, дўстларимдан жуда кўплаб яхшиликлар кўрдим ва кўрябман ҳам. Жумладан, “Бирлик” ХҲП раиси Абдураҳим Пўлатовдан, партия бош котиби Васила Иноятовадан ва кўплаб партиядаги сафдош дўстларимдан, Замондош раҳбари Ризобек Обидовдан, давлат ва сиёсат арбоблари Бобур Маликовдан, Жаҳонгир Муҳаммаддан ва кўплаб яхши инсонлардан кўплаб яхшиликлар кўрдим ва кўрябман. Бунинг учун улардан ҳамиша миннатдорман!

Баҳодир Чориев таклифига кўра Турон ТВда ишлашга рози бўлдим. “Бирдамлик” демократик ҳаракат ва унинг ғояҳамда мақсадлари, бир демократ ўлароқ, менинг эътиқодимдан айри эмас.

Турон ТВ билан Замондош нашрларида биргаликда ишлашим ҳақида, албатта, Ризобек ака билан маслаҳатлашдик. Ризобек ака қарши бўлмадилар. Аксинча, ҳар икки нашрда ҳам ишлашим учун омад тиладилар. Самимий тилаклари учун у кишига раҳмат!
Билмаганлар учун яна бир нарсани айтмоқчиман. Замондош сиёсий партия ёки халқ ҳаракати эмас. Замондош сиёсий ташкилот ҳам эмас. Замондош нашри мустақил, оммабоп, демократик нашр. Сиёсий ташкилотлардан умуман мустақил бўлган нашр. Замондош Халқаро Фонди ҳам сиёсий ташкилот эмас. Фонд мустақил журналистларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Халқаро Фонд ҳисобланади. Устозимиз, журналист ва адиб Ризо Обидов мазкур нашр ва Фонднинг асосчиси ва раҳбари. Замондош барча ҳур фикрли инсонларнинг очиқ минбари. Бу сўзларни шахсан Ризобек ака ҳам кўп чиқишларида таъкидлаб келадилар.

Хуллас, кириб келган янги 2013 йилдан эътиборан, мен ҳар икки нашр – Замондош ТВ ва Турон ТВда бирга ишлашни режаладим. Бу режам қай даражада амалга ошади ва қандай натижа беради, албатта, вақт кўрсатади.Сиздан эса, бизга одил баҳо беришдир, азиз муҳлис!

Ҳаммага камоли эҳтиром ила, Улуғбек Бакиров.
25 январь, 2013 йил,
Норвегия.
--------------------------------------------------------------------------------------
Замондош сайтидан олинди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий