Меню

суббота, 26 января 2013 г.

Жаҳоннома архивидан: TERRA EST ROTUNTA

Яна тил ҳақида Posted on  by JM

Муттаҳамнинг парвози ёки TERRA EST ROTUNTA (Лотинчада ер думалоқ дегани)
Ёшлигимда чет эл адабиётидан бир китоб қўлимга тушиб қолганди. Исми ҳам ажойиб “Муттаҳамнинг парвози”.

Агарда жиддий эътибор берилса, бир қанча асарлар дунё юзини кўраркан уларда тасвирланган ҳолатлар ва воқеалар кейинчалик башорат каби чин ҳаётда содир бўлади ёки дунёнинг гардиши каби айланиб такрорланади.
Бугунки кунда бир муттаҳамнинг парвозини деярли бургут, лочин, хумо қуши ёки ҳалқ тили билан айтсак семурғ ҳам геннес рекордлари сингари такрорлай олишмаса ҳа керак.
Ҳа дарвоқе, нега айнан бу каби афсонавий қушлардан гапира бошладим?! Нима бўлди ўзи?
Балким, Ҳусайн Бойқаронинг вазирларига айтган гаплари ёдимга тушгандир. Ҳусайн Бойқаро нимадан афсус қилганди?


Бойқарони дўсти Мир Алишер Навоийдан ажратганларида жон чиқар ҳолатда бир ривоят айтганди. Унинг айтиши бўйича семурғ қуши бир кишини кўтариб осмону фалакка олиб чиқади. Учиб бораркан, семурғ чангалидаги одамнинг этини ейишни бошлайди. Қанча азоблар бўлсада ўша инсон ўз этидан семурғга беради аммо ўз юрагини бермаскан. Бойқаро эса афсус надомад билан айтадики, мен семурғга юрагимни бердим.
Энди, кишини ўйлантириб қўядиган савол юзага чиқади. Ким у парвоз қилаётган муттаҳам аслида? Семурғми ёки унинг чангалидаги инсон? Ҳар иккаласи ҳам парвоз қилмоқдаку, ахир!
Виждон, ор, номус… Булар бир бирига сингиб кетган тушунчалардир.
Ўзбек ҳалқи нега бугунга келиб, ўз юраги тугул виждон, ор, номусини ҳам семурғга қўш қўллаб тутқазиб берди?
Семурғ сиймосидаги муттаҳамларнинг эса парвозларининг юқорилиги айнан ўз чангалларидаги кишининг этидан узиб олиб қорин тўйдиришлари ҳисобидан бўлмаяптими?
Мен адашиб кетдим… Ахир Ўзбекистонда Семурғ қушлари афсонаку. Бу ерда мусича каби беозор қушлар анчагина.
Ер эса думалоқ. Ернинг қайсидир бурчакларидан учиб келаётган семурғ қушларига буюк афсона сингари талпинмоқдамиз. Ахир уларга бизнинг бахтимиз эмас, балки қонимиз ва этимиз керакку!
Ўзбек халқининг томирида қон қолдими, танасида эти қолдими?
Семурғларга бизнинг чирий бошлаган этимиз ёки айниб кетган қонимиз керак эмас албатта.
Улар замонавий семурғлардир. Уларга олтин, нефть ва газ ҳамда шу каби бойликлар қизиқроқ.
Бизлар эса семурғларни қон ва этимиз билан боқишга ўрганиб қолганмиз. Лекин юрагимизни бермаймиз. Қонимиз, гўштимиз ва борингки барчасини уларга беришга тайёрмиз. Ўз ўзимизни алдаймиз, юрагимизни бермаймиз. Меҳрсиз қолган юрак эса семурғнинг жиғилдонини вайнатиб иштаҳасини бўғишини асло ўйлаб кўрмаймиз. Семурғларнинг юракка бўлган қизиқишлари бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Аммо биз барибир ўзимизни овутамиз ва алдайверамиз. Юрагимизни бермаймиз…
Мир Алишерларимиз эса кетиб қолишган… Улар ўзлари билан тилларини ҳам олиб кетишган.
Бизга не керак эски туркий ёки ўзбек тили?! Русчалаб боплаб гаплашсак, русчада гаплашганимизда дунёни лол қолдирсак?!
Агарда эътибор берсак афсонавий қушлар ҳам рус ва инглиз тилида гаплашмоқдаларку!!! Бизлар эса этимизни берарканмиз уларнинг тилида гаплашишимиз лозимда. Агарда уларнинг тилида гаплаша олмасак, биратўла бошимизни узиб олиб ейишса нима бўлади? Тилган билган ҳам яхшида.
Лекин бора бора ўзлигимизни ҳам шу тилимизни унутаётганимиз каби унута борамиз. Бу тезда сезилмайди, албатта.
Бизлар доим афсонавий қушларни кутамиз. Улар келишади, кетишади. Биз ўзбеклар эса ажойиб меҳмондўст халқдир.
Афсонавий қушлар… Замонавий қушлар… Бизлар эса ҳамон уларга талпинмоқдамиз…. Биргалашиб осмону фалакларда учамиз…


Мистер Қалампир 2012.
(Изоҳлар бўлимидан).

Комментариев нет:

Отправить комментарий