Меню

среда, 30 января 2013 г.

Ёдгор Обид: Дард

Етим йиғлар. Есир йиғлар. Хор йиғлар.
Хорликларга дош беролмай зор йиғлар.
Тақдир ҳукми шу бўлдими, Туркистон...
Юрак - бағри ўртаб дўсту - ёр йиғлар.

Дард устига дард ёғилди бошингга,
Кимса боқмас кўздан оққан ёшингга.
Ёвинг оғу қўшаётир ошингга...
Кўриб жисми аро руҳи бор йиғлар.

Ўз фарзандинг бугун ғаним ўзингга,
Қараб туриб чўп тиқади кўзингга.
Парвоси йўқ ғарғарадек сўзингга...
Оёқ ости бўлиб номус - ор йиғлар.



Хаёл ичра боқсам гоҳи ортимга -
Дили ўксик она тушар ёдимга.
Ўтлар тушсин шеърим - истеъдодимга...
Шўрим қуриб бошим узра дор йиғлар.

Ўксик дилинг ёритолмам сўз билан,
Кўз ёшингни аритолмам сўз билан.
Йўқни аҳир бор қилолмам сўз билан...
Зорлигингга кўнгиллар зор - зор йиғлар.

Қаддинг борку, кўтармайсан қаддингни,
Ҳаддинг борку, кўрсатмайсан ҳаддингни.
Туркистоним, ким қайтарар шаҳдингни...
Кўзларимга дунё бўлиб тор йиғлар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий