Меню

среда, 16 января 2013 г.

Санъат қурбонсиз бўлмас...

Баҳром Ёқубов: "Фильмларимни бошқа режиссёр номи билан чиқаришга мажбурман"
"Даракчи" газетаси таҳририятида "О, Марям, Марям” фильми ғоясини ўғирлаганликда айбланаётган ижокорлар билан юзма-юз баҳслашув бўлиб ўтди. 
Биз масалага ойдинлик киритиш учун фильм режиссёрлари Баҳром Ёқубов, Таълат Мансуров, сценарий муаллифи Акром Маҳкамовни таклиф қилдик. Уларга "Даракчи” газетаси бош муҳаррири Рустам Жабборов, журналист Алия ҳамда фаол ўқувчиларимиздан Наргиза ва Шоира мазкур фильм билан боғлиқ айрим тортишувли жиҳатлар юзасидан ўз эътирозларини билдиришди. Қуйида ушбу суҳбат билан батафсил танишишингиз мумкин.

Рустам Жабборов : — Фильм шахсан менга маъқул бўлди.  Аммо фильм камчиликлардан холи эмас. Уни томоша қилиб, шунга амин бўлдимки, воқеалар кетма-кетлиги афғон ёзувчиси Холид Ҳусайнийнинг "Минг қуёш шуъласи” номли асари воқеалари билан деярли бир хил (2011 йилда Рустам Жабборов томонидан таржима қилинган ушбу асар "Суғдиёна” газетасида чоп этилган – А.Т.). Лекин фильм титрида асар муаллифининг исм-шарифи  кўрсатилмаган. Назаримда, муаллифнинг исми кўрсатилиши шарт эди. Менимча, бу ишда муаллифлик ҳуқуқларии бузилгангандек.

Баҳром Ёқубов: — Эътирозингизни тушундим. Кинода бирор асардан фойдаланилганда "фалончининг ғояси асосида” ёки "фалон адабий асар экранлаштирилди” деган ёзув қўйилиши керак. Биз эса "Минг қуёш шуъласи” асаридан таъсирланган ҳолда кино ишлаганмиз. Агар биз китобдаги воқеалардан тўла фойдаланиб уни экранлаштириб, бу ҳақда китоб муаллифига айтмаганимизда эди, сиз айтгандек, муаллифилик ҳуқуқи бузилган бўларди. Бундан ташқари, асар билан кинонинг ғоялари ҳам умуман бошқа-бошқа. Китобда жамиятнинг аёл тақдирига таъсири, аёлга қўйилган чекловлар, афғон заминидаги можаролар ҳақида батафсил ёзилган.

Биз эса кино суратга олишда фақатгина асардаги бош қаҳрамон аёл тақдиридан таъсирланиб, уни фильмнинг бош қаҳрамонига айлантирдик. Унда яқинлари учун ўзини қурбон қилган, ўзини унутиб бошқалар учун яшаган ўзбек аёлини кўрсатганмиз. Бизнинг Марям болалигидан то умрининг сўнгигача яқинлари учун ўзини қурбон қилиб яшайди. Нега бу асар ўзбек томошабинига ёқди деб ўйлайсиз? Чунки у ерда аёлларимиз ўзларининг ҳаётини кўришган. Ҳеч бир халқ бизнинг аёллар каби фидойи эмас.

Р. Ж.: —  Агар Холид Ҳусайний, асаридан фойдаланганингиздан хабар топиб, муаллифлик ҳуқуқини  даъво қилса-чи?

Б. Ё.: — Менимча, муаллиф унинг асаридан илҳомланган ҳолда кино яратганимни эшитса, хурсанд бўлади.

Р. Ж.: — Унинг номини ҳеч қаерда келтирмагансизлар-ку!

Б. Ё.: —  Айтаяпман-ку, биз унинг китобидан фақатгина таъсирланиб, ўзимизнинг киноасаримизни яратдик. Ўзингиз ўйлаб кўринг, у бизга нима дейиши мумкин? Нега менинг асаримдан таъсирландинг дейдими? Агар ғоя бир хил бўлганда эди, у эътироз билдириши мумкин эди. Шунинг учун ҳам мен ишонч билан китоб муаллифи бизга даъво қилолмайди, деб айтяпман!

Акром Маҳкамов, сценарий муаллифи: — Рустамжоннинг муаллифлик ҳуқуқи ҳақида қайта-қайта гапираётганидан менда бир фикр уйғонди. Бу гап-сўзларни эшитиб, гўё биз "О, Марям, Марям” фильми "Минг қуёш шуъласи” номли асардан таъсирланган ҳолда яратилганини яширгандек бўлиб қоляпмиз. Ваҳоланки, бош қаҳрамон ижрочиси Шаҳзода кинопремьерадан олдин берган интервьюсида "фильм ёзувчи Холид Ҳусайний асаридан таъсирланган ҳолда ишланяпти” деган гапни алоҳида таъкидлаб ўтган эди. 

Шоира, мухлис: — Юқоридаги гапларни тинглаб, менда бироз эътироз уйғонди. Асар ва кинонинг ўхшаш жиҳатлари жуда кўп. Биринчи ўхшашлик, бу — Марямнинг онаси ўз қизини "ҳароми” деб чақиради, кинода "шумқадам” дейди. Яъни, иккита асарда ҳам Марям она меҳрини ҳис этмаган. Иккинчи ўхшашлик – китобда ҳам, кинода ҳам, бош қаҳрамоннинг онаси эрта вафот этади. Фақат романдаги  она, ўзини ўлдирса, кинодаги Марямнинг онаси юрак хуружидан оламдан ўтди. Учинчи ўхшашлик — бош қаҳрамоннинг турмуш ўртоғи зинадан йиқилиб ўлишидир. Фақат кинода Марямнинг умр йўлдоши мия томирининг ёрилишидан вафот этгани кўрсатилган бўлса, китобдаги Марям эрини белкурак билан уриб ўлдиради. Айтмоқчиманки, воқеалар кетма-кетлиги деярли бир хил. Фильмда фақат менталитетимиз ва замонамизга тўғри келмайдиган жойларинигина ўзгартиргансиз, холос. Ҳатто кинонинг бошланиш саҳналари ҳам худди китобда тасвирлангандек. Лекин шунча ўхшашликларга қарамай, "Минг қуёш шуъласи”ни ўқиб таъсирландик холос деяпсизлар...

Б. Ё.: — Мен юқорида айтган гапимни яна такрорлайман. "Минг қуёш шуъласи” ғоясини ўғриламаганман, фақат таъсирландим. Гапимга аҳамият беринг, таъсирландим! Ахир адабиётда ҳам, кинода бир асардан таъсирланиб бошқасини яратиш ҳолатлари учрайди-ку? Бу — янги асар яратдим  дегани эмас. Мен китобдан таъсирланиб ундаги воқеаларни ўзимизга мослашга мажбур бўлдим. Тўғри, воқеалар асардагилар билан ўхшаш, гапингизга қўшиламан деярли бир хил, аммо мен нима бўлганда ҳам "О, Марям Марям”ни ўзимизнинг миллий асар қилиб қайта яратдим.

Шоира: — Кинони томоша қилиб, Шаҳзоданинг образи жуда ҳам идеаллаштириб юборилганлигини сездим.

Б. Ё.: — Мен образни идеаллаштирмаганман. Унинг характери шунақа. Яъни, ёши улғайса ҳам болалигича қолган аёл. Фақат Марямга ўхшаш феъл-атвордаги инсонларгина шундай йўл тутиши, бошқалар учун ўзини қурбон қилиши мумкин. У болалигидан дард, азоб қийинчилик билан яшашга кўниккан. Бугун ҳам Марямнинг кўнгли билан яшаётганлар бор. Аммо замон уларни Марямдек бўлишига йўл қўймайди. Биз ҳеч қачон онамиздек бўла олмаймиз. Чунки бизнинг яшаш шароитимиз, бошқа халқлар, мамлакатлар  ҳаёти билан таниш эканлигимиз бунга йўл қўймайди.

Р. Ж.: — Марямнинг ўсмирлик пайтини ҳам Шаҳзоданинг ўзи ижро этиши керак, деб ўйламадингизми?

Б. Ё.: — Шаҳзода Марямнинг ўсмирлигини мен истагандек ижро этиб бера олмасди. Бу ролга ёш, ўқувчи қиз зарур эди. Агар роллар тақсимотини қайта ўйлаб кўриш имкони бўлганида, Марямнинг ўсмирлик даврини ижро этган актриса Луизани "қаритиб” рол ўйнатган бўлар эдим. Лекин бизнинг гримимиз табиий "қаритиш” кўринишини беролмайди.

Алия: —  Актрисалик маҳорати борасида, ёш, дебютант актриса Луизани Шаҳзодадан устун қўясизми?

Б. Ё.: — Луиза актриса сифатида мен айтган ҳолатни маҳорат билан ижро этиб бера олади, мен бунга ишонаман. Аммо ҳаётий тажриба, инсонийлик томондан образни очиб бериш унинг қўлидан келмайди. Ҳатто, Шаҳзоданинг ролига Дилноза Кубаевани ҳам чақирмаган бўлардим. Шаҳзоданинг кўзидаги дардни ҳеч бир маҳоратли актриса ижро этолмайди. Чунки унинг ҳаётий тажрибаси, умри давомида кўрган қийинчиликлари, азоблари унинг кўзида акс этиб туради. Менга эса айнан ўша дард тўла нигоҳ керак эди. Унинг образида раҳматли онамнинг қиёфаси бор. Дадам вафот этганда онам "Хўжайин мендан рози бўлинг” деб худди Марямдек чайқалиб йиғлаганлар. Ўз ўлимини сезиб, қамоқда ётган Марямнинг "чарчадим, уйқум келяпти” дейиши ҳам онамнинг менга айтган сўнгги сўзларидан олинган. 

Наргиза, мухлис: — Режиссёр сифатида эътиборингиздан четда қолган камчиликларни ҳам сездим. Масалан, Шаҳзода рол ўйнашни бошлагандан то унинг ўлимигача битта кўк кўйлакда юргани, ўлимига олти соатдан ошган бўлса ҳам кўз ёши қуримагани...
Таълат Мансуров, режиссёр:—  Унинг кўзёши қотиб қолган-ку. Кино ҳаётий бўла олмайди. Кинода айнан мана шундай бўрттирмалар керак.

Б. Ё.: — Кўйлаги борасида эса Шаҳзода билан роса талашганмиз. Шаҳзоданинг  айнан бир кўйлакда намоён бўлиши, унинг ҳохиши эди. "Ролимнинг кўриниши бир хилда бўлишини истайман” деб таклиф билдирди ва унинг таклифини ерда қолдирмадик.

Р. Ж.: — Улуғбек Қодиров қаҳрамонининг пастгина зинапоядан йиқилиб, вафот этиши ҳам табиий чиқмагандек, назаримда.

Т. М.: — Фикрингизга қўшилмайман. Бундай ногаҳоний ўлим тиббиётда ҳам исботланган. Агар инсон орқа мияси билан йиқилса, томирлар ёрилиши ўлимга сабаб бўлади. Бундай ҳолатлар ҳаётда кўп учрайди.

Р. Ж.: —  Сўнгги икки йил ичида сиз суратга олган фильмлар, бошқа режиссёрлар номи билан катта экранларга қўйиляпти. Бунга сабаб нима?

Б. Ё.: — Бу продюсерларнинг ўзини ҳимоя қилиш усули. Улар фильмларимга фақат шу шарт билан ҳомийлик қилишяпти.

Алия: — Сизнинг меҳнатингиз бошқанинг номи билан чиқаётгани алам қилмайдими?

Б. Ё.: — Нега алам қилади? Мен учун асосийси, номим машҳур бўлиши эмас, томошабинга янги асар етказиб бериш. Қолаверса, юрагимдаги дарддан ўз ижодим ва меҳнатим орқали халос бўлиш...

Комментариев нет:

Отправить комментарий