Меню

понедельник, 14 октября 2013 г.

Толиб Ёкубов.ДАВЛАТ ЁЛҒОН ТУФАЙЛИ ЎЛАДИ




            Қадимги юнон файласуфлари шундай дейишган. Бу фикр, афтидан, фақатгина мия маҳсулоти бўлибгина қолмай, айтиш мумкин-ки, юнон олимларига аниқ маълум бўлган қатор тарихий мисоллар билан тасдиқланган фактларга асосланган бўлган. Деярли икки ярим минг йил ўтган бўлишига
қарамай юнон файласуфларининг мазкур фикри ўз кучини сақладими? Албатта. Бунинг ёрқин мисоли – қудратли давлатдай кўринган СССРнинг емирилишидир.

            СССР парчаланишининг сабабини баъзилар М.Горбачёвнинг фаолияти билан боғлайдилар, бошқа бировлар буни АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ)нинг хуфъёна уюштирган амалларига олиб бориб тақашади, баъзилар эса ...  Бироқ  нариги дунёга кетган ҳамда ҳозир ҳам яшаётган коммунистларнинг доҳийси В.Лениннинг: “Совет сиёсий системаси шароитида халққа сўз эркинлигини бериш ўз-ўзини ўлдириш билан тенгкучлидир” деган асосий тезисини биладиганлар кам топилса керак. Бу тезис эса “Коммунистик тузум ҳақиқат (тўғри сўз) шароитида яшай олмайди” деган тезис билан бирхилдир. Юқорида келтирилган тезисга таянишда В.Лениннинг қандай асослари бор эди? Мазкур саволга қисқа тўхталамиз.

            Россия деб аталувчи буюк шарқий славян империя глобал (кенг қамровли), деярли ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятлар силсиласи гирдобига тушиб қолган ва унинг парчаланиши ойдинлашиб бораётган пайтда В.Ленин сиёсий саҳнада пайдо бўлди. Чок-чокидан ситилиб кетаётган империяни сақлаб қолиш учун фақатгина чор ҳукумати бор кучи билан, бироқ самарасиз ҳаракат қилаётган эмас эди, XIX-аср охири ва XX-аср бошида Россия сиёсий майдонида бу давлатни сақлаб қолишдан манфаатдор бўлган сиёсий кучлар пайдо бўлган эди. Айни пайтда уни чоризм намоён этиб турган сиёсий тузум доирасида сақлаб бўлмаслиги ҳам аён бўла бошлаган эди. Шундай кучлардан бири В.Ленин тузган Россия социал-демократик ишчилар партияси [РСДИП, русчада РСДРП] эди.
         
            Мазкур партия, кейинчалик унинг бошқача номланган турлари (ВКП(б), КПСС) давр сурган пайтда коммунистик ташвиқотчилар РСДИП Россия ишчилар синфи, ва умуман олганда, ишчи халқ манфаатларини кўзлайди, дея тушунтиришар эди. Партия доҳийси босиб олинган мамлакатлар ва уларнинг қулга айлантирилган халқларини бундан буён чоризм қўллаб келган усул – фақат ЗЎРАВОНЛИК, яъни ҚУРОЛ КУЧИ билан империя доирасида ушлаб бўлмаслигини ўз вақтида тушунди. Мақсадни амалга ошириш учун бу усулнинг ёнига ундан-да кучли қурол – КАТТА ЁЛҒОН кучидан фойдаланиш керак эди. Коммунистлар партияси тарихини, нафақат Россия (СССР)да, ҳатто коммунистик система сингдирилган дунёнинг бошқа мамлакатларида уларнинг сиёсий системаси тарихини кўздан кечириб чиқсангиз, у нуқул зўравонлик ва ёлғондан иборат эканини кўрасиз.

              Асосий, марказий масала – ҳокимият тепасида қолиш
         
            Терроризм ҳақида гапиришганда шу йилги ёзнинг охирида Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарасида, Сариосиё ва Баткен туманларида бўлиб ўтган воқеаларни назарда тутишади.  Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Ўзбекистон ташқарисида қуролли мухолифатнинг пайдо бўлишида асосан Ўзбекистон ҳукумати айбдор, деб ҳисоблайди. Ҳурфикрлиликка қарши террорни биринчи бўлиб Ўзбекистонни бошқараётган режим бошлаганига 1997 йилда Наманганда бўлиб ўтган фожеали воқеалар яққол гувоҳдир.

            Ҳукуматнинг 1992 йилда бошлаган босими йил сайин кучайиб ҳозирги кунда кенг кўламли босимга айланди. Кеча-ю кундуз кўпсонли қамоққа олишлар амалга оширилмоқда, одамларни уйидан ҳам, кўчадан ҳам ушлаб олиб кетишмоқда. Хибс этиш пайтида турли усуллар, шу жумладан энг ифлос усуллар ҳам, қўлланилмоқда. Масалан, одамни арзимаган бир иш билан милицияхонага чақиришади ва ўша жойда қамоққа олишади. Сохта далил сифатида шу инсоннинг уйига, автомашинасига ёки чўнтагига милиция ходимларининг ўзлари ташлаб қўйган  наркотик модда, ҳарбий қурол ўқи ёки “Хизб ут-Таҳрир” диний фирқасининг варақалари асос қилиб олинади.

            Баъзан иш тутуруқсизликгача бориб етади. Яқинда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида Камолиддин Сатторов устидан суд бўлиб ўтди. Тинтув пайтида унинг уйидан топилган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг ҳужжати – мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳуқуқбузарликлари устидан ёзиладиган шикоят бланки унга жиноий ишда айб сифатида келтирилган. Прокурор суддан К.Сатторовни 15 йилга қамашни сўради. Шундай қилиб ҳукумат олиб борилаётган сиёсатга мойил бўлишдан бош тортган инсонларни тазйиққа учратмоқда. Инсонлар ўз эътиқодлари учун 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси олмоқдалар.

            Ўзбекистонда инсон эрки ва ҳур фикрига босим ўтказадиган баҳайбат машина ишга туширилган. Тошкент шаҳрининг ўзида 40.000 милиция ходими фаолият юргизади, бу – бошқа кучишлатар тизимларни ҳисобга олмагандаги ҳисоб-китоб. Мамлакатда суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг жиноятлари учун жазоланмасликлари шу даражага етди-ки, айбсизлик презумпцияси, исбот базаси ва бошқа қонун-қоидалар тамоман инобатга олинмаётир. Намоз ўқигани учунгина инсонни қамоққа ташлаш мумкин эканлиги ақли расо одамнинг миясига сиғмайди.

             Боз устига, айбсиз фуқаролар қийноқ деб аталувчи даҳшатли синовлардан ўтмоқдалар. Хибс этилган инсондан керакли кўрсатмани олиш учун инсон қадр-қимматини ерга урувчи энг ифлос ҳатти-ҳаракатлар қўлланилмоқда. 2000 йил августида Тошкент шаҳар судида 15, сентябрь ойининг бошида Юнусобод туман судида 11 ёш йигитлар устидан ўтказилган суд жараёни ниҳоясига етди. Уларнинг барчаси терговчилар томонидан махсус ёлланган одамлар уларнинг эркаклик нафсониятига текканликларини айтишди. Судья Раҳмоновнинг: “Сени тергов изоляторида қийнашганини нима билан исботлайсан?” деган саволига судланувчиларнинг бири кўйлагини ечиб, мўматалоқлардан тамоман қорайиб кетган баданини кўрсатди.

             Энг оддий қийноқ инсонга оғир жароҳатлар етказмаслигининг иложи йўқ. Энг оддийлари – противогаз, целлофан пакет билан нафас олишни тўсиш, электр токи ўтаётган симни баданга теккизиш, қўлкишан кийгизиб осиб қўйиш, тирноқларни омбур билан суғуриш ва бошқалар. Қотиллар ҳеч нарсадан ҳазар қилмайдилар. Масалан, юқорида айтилган 15 йигитнинг бири Дилшод Исоқов шиша бутилкага ўтқазилган, у бутилка орқачиқарув тешигига ярмигача кириб турган ҳолатда 20 соат ўтиришга мажбур қилинган. Ҳукуматнинг мақсади – аҳоли орасида қўрқув ва қуллик руҳиятини кучайтиришдир. Бутун бошли оилалар тазйиққа учраётганларини фақат шу нарса билан тушунтириш мумкин, холос.

              Масалан, Андижон шаҳарилик Солиевлар оиласидаги олти бўйетган эркакнинг ҳаммаси қамоққа ташланган. Бошқа бир мисол. Музаффар Саитниязовнинг отаси, Низомий номли Тошкент педагогика университети доценти Абдураҳим Саитниязов шу йил сентябрь ойининг бошида “халқ душмани”нинг отаси бўлгани учун ишдан ҳайдашди. Бу қуйидагича амалга оширилган. Университет мажлислар залига 300 дан ортиқ ўқитувчи ва А.Саитниязовнинг ўзи таклиф қилинган. Икки соатдан ортиқ давом этган “бўзахўрлик” шароитида уни ҳамкасблари ўз ўғлини “халқ душмани” руҳида тарбия қилгани қораланган ва олий ўқув юртида ишлашга у лойиқ эмас, деб эълон қилинган. Мана бу мисол бирорта одамни хотиржам қолдирмаса керак. Мактабдан юқорида айтилган 15 судланувчининг 5-чи синфда ўқийдиган қизи ҳайдалган ва буни “халқ душманининг” қизи бўлгани билан изоҳлашган. Сентябрь ойи бошида, биринчи ўқув куни мактаб директори қизчанинг қўлидан етаклаб олиб, мактабнинг барча бошқа ўқувчиларининг “линейка” деб аталувчи сафи олдидан олиб ўтган ва қизча “халқ душманинг” қизи эканлигини урғулаган.

              Бу билан ҳукумат одамлар онгига ота ўғил учун, ўғил ота ва ака-ука учун жавобгар, деган фикр сингдирмоқда. ЎИҲЖда қидирилувчи одам учун унинг оила аъзолари ва яқинлари қамоққа олингани ҳақида талай маълумотлар мавжуд. Шундай қилиб, Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми нафақат жиддий моддий йўқотишларга, балки ҳурфикрлилик, диний эътиқод эркинлиги ва сиёсий ҳуқуқ эгаси сифатида чексиз сиёсий босимга дучор этилмоқда. Эслатаман, 90-чи йиллар бошида Наманганда “Адолат” ва “Ислом лашкарлари” номли иккита оммавий-жамоа ташкилотлари шаклланди. Улар омманинг сиёсий ва диний фаоллиги уйғонишининг натижасини намоён қилишган эди. Худди шундай ташкилот – “Одамийлик ва Инсонпарварлик” – Қўқон шаҳрида ҳам ташкил этилди. Мазкур ташкилот ўз олдига коррупция ва бошқа ижтимоий иллатларга қарши кураш вазифасини қўйган эди.

              1991 йил декабрининг бошида, президент сайлови арафасида Ислом Каримов Наманганга келганда “Адолат” ва “Ислом лашкарлари” ташкилотлари бошлиқлари Ҳакимжон Сатимов ва Тоҳир Йўлдошев Ўзбекистон раҳбари билан учрашишга эришдилар ва ўз ташкилотлари фаолият олиб боришига унинг розилигини олдилар. Бироқ, президент сайлови ўтгач (29.12.1991), кўп фурсат ўтмай (март, 1992) оммавий қама-қама бошланди. “Адолат” ва “Ислом лашкарлари” ташкилотлари аъзоларининг катта қисми, шу жумладан Ҳакимжон Сатимов ҳам, қамоққа олинди. Тоҳир Йўлдошев бу қисматдан қутулиб қолди. “Одамийлик ва Инсонпарварлик” ташкилотининг ҳам талай аъзолари ҳамда бошлиғи Қаҳрамон Ҳамидов ва унинг барча укалари қамоққа олиндилар. Ҳ.Сатимов, Қ.Ҳамидов ва Қаҳрамоннинг бир укаси қамоқда ўлдирилдилар.

             Ўзбек сиёсий қочқинларининг биринчи оқими 1992 йилда бошланди. Ватандан ташқарида айтилган ташкилотлар аъзолари ва ҳеч бир ташкилотга кирмаган диний муҳит вакиллари ҳозирги ҳарбий мухолифат ядросини ташкил қилдилар. Улар аввал Тожикистонда, кейинчалик Афғонистонда катта ҳарбий тажриба орттирдилар. Бошида Ўзбекистон ҳукумати чегара ортига чиқиб кетган одамларга унчалик эътибор бермади. Бироқ тез орада вазият ўзгарди ва у расмий Тошкентни безовта қила бошлади. Ҳукумат вазият жиддий эканини сезди ва мисли кўрилмаган қадам ташлади:  ИИВ ва МХХ ичида 20 дан 45 ёшгача бўлган ўнминглаб ёш эркакларни  қамоққа олиш режасини ишлаб чиқилди.

             1994 йилдан бошлаб (илгарироқ ҳам бўлиши мумкин) ҳукумат улкан кўламли ишларни амалга оширди:
             1.   Ўзбекистон бўйича 250.000 дан 300.000 гача ёш эркаклар рўйхати тузилди. Бу рўйхатга қуролли мухолифатни қўллаши мумкин, деб ҳисобланган ёш эркаклар исми-шарифи ва бошқа маълумотлари киритилди. Махсус хизматлар мўлжалида бу одамлар маълум бир вақт оралигида жамиятдан изоляция (ихота) қилиниши керак эди. Рўйхатга тушган одамларнинг аксарият қисми ислом динига эътиқодли бўлса-да, бироқ 1993-94 йилларда Ўзбекистон ҳукумати ва расмий ташвиқот органлари қарши шовқин-сурон кўтарган терроризм, экстремизм ва фундаментализмга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган инсонлар эди.

             2.   Олий Мажлис (парламент) наркотикларни сақлаш ва сотиш, ҳарбий ўқ ва қуролларни ясаш, эга бўлиш ва сақлаш учун жазо белгиланган моддаларга алоҳида урғу берган ҳолда  барча кодекслар (жиноят, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия ва бошқа)ни қараб чиқди ва уларни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиб қайта ишлаб чиқди.  Яққол кўриниб турибди-ки, фақат наркотиклар, ўқлар ва варақалар ташлаб қўйиш йўли билан айбсиз одамларни хибсга олиш ва уларга нисбатан жиноий ишлар очиш мумкин эди.

              Қайд қилиш лозим-ки, жиноят, жиноят-процессуал, фуқаровий ва бошқа кодексларда нафақат ички зиддиятларга эга бўлган моддалар, балки тан олинган халқаро юридик стандартларга жавоб бермайдиган моддалар ҳам мавжуддир. Аслини қараганда Ўзбекистон қонунчилигида ҳурфикрлилик учун қаттиқ жазони кўзда тутадиган, яширин кўринишдаги,жирканч  нодемократик моддалар сақланиб қолди.
Фикримча, Ўзбекистон ҳукумати бу қадамни атайлаб қўйди: ана шундай кодексларга эга бўлган ҳамда аҳолининг юридик ва ҳуқуқий саводсизлигидан фойдаланган ҳолда у ўз режасини амалга ошириши мумкин эди.

              3.   Кучишлатар органлари ходимлари ва суд системаси хизматчилари мавжуд режимга содиқлик ёки, аниқроғи, “оғдириб олиш, ёллаш” бўйича махсус сиёсий қайта тайёрлашдан ўтказилди.  Шаклан илгаригидан ўзгача бўлиб, моҳият эса мухолиф ижтимоий-сиёсий ҳаракат ва партиялар (“Бирлик”, “Эрк” ва бошқа) ҳамда диний бирлашмаларнинг душманлик образи ишланадиган маълум сиёсий машқларга мос эди.
Ҳокимият одамлари иродасига эмас, қонунларга мойиллик билдирган юқорида айтилган давлат идораларининг ҳар қандай ходими дарҳол ишдан бўшатилар эди, яъни ким бўлажак ноқонуний хибслар, қийноқлар қўллаб ўтказилган терговларда қатнашиш, адолатсиз ва ноқонуний судлар ўтказиш, сиёсий махбуслар ва виждон тутқунларини, яъни “режимнинг энг хавфли рақибларини қамоқхоналарда ноинсоний шароитларда сақлашда қатнашишни рад этганлар ишдан бўшатилди.  

              4.  1997 йилнинг охиридан бошлаб Қорақалпоғистондаги Устюрт платосида, Жаслиқ посёлкаси яқинида ИИВ тўлиқ махфийлик шароитида концентрацион лагерь қура бошлади.
ЎИҲЖ олган маълумотга қараганда, “Жаслиқ” типидаги концлагерьлар Орол денгизининг Возрождение ва Лазерев оролларида ҳам қурилган. Мазкур ҳудудларда Совет армияси биологик ва бинар кимъёвий бомбалар синовини ўтказганлиги маълум. Мазкур концлагерларнинг узоқлиги, иқлимнинг оғир эканлиги, сувсизлик ва ҳудуднинг хавфли кимъёвий моддалар билан заҳарланганини эътиборга олинса, бу лагерларда сиёсий махбуслар ва виждон тутқунларини сақлашдан секин-аста уларни жисмоний йўқ қилиш мақсади кўзлангани кўринади.

              5.  Совет даврида қамоқхоналар сони бўйича РСФСР ва Қозоғистондан кейин учинчи ўринда бўлганига қарамай, ўзбек ҳукумати Қорақалпоғистондаги концлагерлардан ташқари янги қамоқхоналар қура бошлади.
              6.   Ўзининг жинояткорона мақсадларини амалга ошириш учун ҳукумат одамларнинг махсус табақаси – қотил-жаллодлар табақасини тайёрлай бошлади. Улар тергов-қидирув хизматига беркитилган ҳамда қамоқхоналар муассасаларида ишлашади.
              7.  Махсус гуруҳ стандарт айблов хулосалари ва суд ҳукмлари матнларини ишлаб чиқиш билан шуғулланди.  Шу сабабли ҳар хил терговчилар ва судьяларда бир-бирига ўхшаш, худди нусха олгандай ҳужжатлар учрайди.

              Хибсга олиниши керак бўлган шахсларнинг илгаридан тайёрланган рўйхати 1997 йил охиридан бошлаб амалга киритилди. Хибсларнинг бошланишига Наманганда  ҳуқуқ-тартибот ва ижроия ҳокимиятнинг бир қатор ходимларининг ўлдирилиши асос қилиб олинди. Баъзилар Наманганда содир этилган жиноий ҳодисалар диний мухолифат орасида оммавий хибсга олишни бошлаб юбориш учун махсус хизматлар томонидан атайлаб уюштирилган, деган фикрни айтишмоқда. Қуролли ўзбек мухолифати ҳақида жиддий ва очиқчасига ўтган йилнинг августида гапира бошлашди. Ўша йилда бўлиб ўтган ҳарбий амалиётлар ундан олдинги амалиётларга қараганда анча кўп бўлди.

              Воқеалар шуни кўрсатди-ки, қуролли мухолифат аъзолари Ўзбекистон ҳудудига кириб келиб, бир неча йиллар давомида бориш қийин бўлган, айниқса совуқ фаслларда тоғли қишлоқларда яшашган. Уларнинг баъзилари ўша қишлоқларда уйланиб бола-чақа ортиришгани ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳақда Сурхандарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари ҳудудларида бўлиб ўтган ҳарбий амалиётлардан кейин маълум бўлди. Ўзбекистон ҳукумати қандай чоралар кўрди? Ўша қишлоқлар аҳолисини туманлар марказларидаги мактаблар, болалар боғчалари, дам олиш уйлари ва бошқа жойларга мажбурий кўчириб, тоғли қишлоқларни самолётлардан бомбалаб ер билан яксон қилиб юборишди.

             Расмий маълумотларга қараганда жангарилар Ўзбекистон ҳудудига Тожикистон томондан кириб келишган. Жангарилар қачон ва қайси томондан кириб келгани аҳамиятли эмас. Бу воқеа, 1999 йил 16 февралда бўлган воқеа каби янги террор тўлқини учун асос бўлди. Ҳамма ҳудудларда қамоққа олишлар бошланди, судлар тинимсиз ишламоқда, қамоқхоналар тўлиб-тошган. Масалан, Қарши шаҳридаги 1500-2000 махбусга мўлжалланган УЯ 64/49 қамоқхонасида 5000 дан ортиқ махбус сақланмоқда.

             Ўзбекистонда ўта оғир вазият шаклланди. Жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида Ўзбекистон ҳукуматининг инқирози кўриниб турибди. Шу сабабли аҳоли орасида норозилик кун сайин ошмоқда, ва бу узлуксиз йиғилиб боравериши мумкин эмас. Тахмин қилиш мумкин-ки, қуролли мухолифат жангариларининг бостириб келишими, ёки ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан бўлиши мумкин бўлган кундалик уруш-жанжалми, - “стихияли қора қўзғолон” бошланиши учун милтиқ тепкиси вазифасини бажариши мумкин. Кўриниб турибди-ки, хавф ташқаридан эмас, ичкарида кучаймоқда. Ҳарбий тўқнашув эҳтимолининг мавжудлиги ва шу туфайли вужудга келган вазиятдан чиқиш йўлларини излаш яхши ниятли одамларни ташвишга солмаслиги мумкин эмас. Демак, мазкур масалалар юзасидан ҳар бир инсон ўз позициясини аниқлаштириб олиши муҳимдир.

                ЎИҲЖнинг нуқтаи-назари бўйича қуролли мухолифат ҳукуматнинг ички сиёсатига жавоб тариқасида юзага келди, бошқача айтганда “зулм зулмни келтириб чиқарди”.  Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг кириш қисмида ҳам айтилган. Демократик қайта қуришни афти-ангорига сал-пал атир-упа сурилган совет социализми билан алмаштириш, иқтисодга бозор механизмларини фаол жорий қилиш ўрнига бир жойда депсиниб туриш – муаммоларни қурол ёрдамида ечиш тарафдорларини келтириб чиқарувчи ОМИЛ ана шудир. ЎИҲЖ фақат очиқ жамият яратиш йўналиши Ўзбекистондаги хавфли сиёсий тарангликни бартараф қилиши мумкин, деб ҳисобловчи, кўзга кўринган сиёсатчилар ва ҳуқуқбонлар билан ҳамфикрдир.

               “БУМЕРАНГ  ЭФФЕКТИ”

              Мамлакатдаги ҳозирги режим танасида эски режим иллатларини ҳар бир қадамда учратамиз ва Ўзбекистонда кейинги йилларда ҳеч нарса ўзгармаганига ишонч ҳосил қиламиз-ки, бу – Лениннинг “... ишчилар синфи диктатураси (яккаҳокимлиги) учун...”   кураши бўлиб,  “...  уни ҳеч нарса тўхтата олмайди ...”   сиёсатидир. Чиройли, бироқ мутлақо мазмунга эга бўлмаган ғоя учун ўз халқига  “қизил террор” эълон қилган большевик (коммунист) сиёсатчилар мисоли Германияда, энг даҳшатли томони “буюк” сўзи орқасига яширинган, ўша ҳужумкор сиёсий шиор сафсатасини ишлатган фашизмни келтириб чиқарди.

            Ҳозирги Ўзбекистон сиёсати коммунистик ўтмиш анъаналарига асосланган. Фақат ҳозир буюк мўлжал коммунизм эмас, келажакда буюк Ўзбекистонни қуришдир. Шиор ўша-ўша: қизил-малларанг миллатчилик. Табиатда буюк давлатлар ва буюк халқлар мавжуд эмас, сон жиҳатдан катта ёки кичик халқлар бор, ҳукумат халққа хизмат қилувчи ёки, аксинча, халқ ҳукуматга итоатлантирилган давлатлар бор. Ўзбекистон ҳукумати, уларнинг ўтмишдаги коммунист  аждодлари каби, инсонни шахс сифатида йўқ қилиш, иқтидорли ва меҳнатсевар халқни унсиз ва иродасиз подага айлантириш мақсадини кўзлаган ҳолда куч босқини тактикасини танлади. Бундай сиёсат ўз ҳосилини берди – қашшоқлик ва таборо баланд овозда куйланаётган шахсга сиғинишни келтириб чиқарди.

            Сталин шахсига сиғиниш қораланган пайтда: “Ўзининг энг яхши ўғил-қизлари қатағон қилинганда нега халқ ун (овоз) чиқармади ва қўзғалмади?” деган саволга бир сиёсатчи: “Халқ Сталин ва партияга ич-ичидан ишонар эди” деб жавоб берганини эслайман. Сабаб бошқа, деб ўйлайман. Ҳар бир одамда ўз-ўзини сақлаш ҳиссиёти (инстинкт) бўлгандай, халқда ҳам ўша ўз-ўзини сақлашдек табиий инстинкт юзага келган ва у халқни тамоман унсиз куйга туширган. Оммавий қама-қама, жазоловчи судлар, оммавий ахборот воситаларида ташкил қилинадиган чегарасиз ёлғонлар кампанияси ва ҳоказоларни эътиборга олсак, ҳаммаси жой-жойига тушади. Сиёсат ҳақида очиқ гапириш хавфли бўлиб қолди. Айтишларича, маршруткада сиёсат ҳақида гап кетгани учун маршрутка ҳайдовчиси қамоққа олинган, машинаси эса МХХнинг ҳовлисига киритиб қўйилган.
         
              Одамларни қўрқув исканжага олади. Буни айниқса ҳуқуқбонлар яхши тушунадилар – қамоққа олинган одамнинг қўшнилари, ота-онаси ва яқинларидан маълумот олиш қийин ишга айланди. Қўрққанларга ҳар қандай девор орқасида махсус хизматлар ёки милициянинг “қулоғи” ва “кўзи” тургандай сезилади. Фақат мутлоқ хавфсиз шароитда кўнгилда йиғилиб қолганлар ташқарига отилиб чиқади.  Яқинда менга ғаройиб бир анекдот (латифа)ни айтиб беришди. Ваҳҳобийликда айбланган бир одамнинг уйида тинтув кетаяпти.  Чердак (уй томи таги)дан сержант бошини чиқариб: “Командир, мен бир тугунда еттита ўқ топдим” дейди. Командир папкасини очиб бир нарсаларни ўқийди ва сержантга: “Яхшироқ изла, баённома бўйича уерда саккизта ўқ бўлиши керак” дейди.

              Ўзбекистон президенти бир нутқида: “Фикрга фикрни, ғояга ғояни, бидъатга эса илмни қарши қўямиз” деди. Қаёқда, дейсиз! Сўз эркинлигига қарши қўпол ва ёвуз куч қарши қўйилмоқда. Аслини олганда, ҳукумат нафақат экстремистик диний оқимлар, балки жамиятга ўзи тиқиштираётган маъбудалар ўрнига виждонни танлаган барча инсонларга қарши уруш эълон қилди. Қўполлик ва ёлғон ҳукуматни миллионлар кўзи ўнгида обрўсизлантирди. Қатағонлар тескари эффект берди. Қамоққа тушган ваҳҳобизм тарафдорлари ҳурматли қурбонларга айландилар. Ҳукуматнинг иккиюзламачилигини кўрган ёшларнинг катта қисми дунёвий сиёсатга нисбатан нафрат билан қарамоқдалар. Баъзилар эса ўта радикал оқимларни ҳам қумсаб қолди.
       
              Ўзбекистондаги жазоловчи ички сиёсатни ҳеч нарса– “ўзбек халқи келажакни тўғри танлашга тайёр эмас” дейилаётгани ҳам, “ўзбек халқи демократияга тайёр эмас” дейилаётгани ҳам оқлай олмайди. Кимки шундай, деб ҳисобласа, у ўз халқини ҳақорат қилиш, жамиятни тарқоқ ҳолга келтириш, ва, демак, шундоқ ҳам таранг вазиятни янада ёмонлаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон бугунги кунда мустақил ривожданишни бошлаган кунларга нисбатан фуқаровий урушга яқинроқдир.
         
             Ўзбекистон ҳукумати барча “қўллайман” ва “қаршиман” деган фикрларни ўрганиб, халқнинг менталитети (зеҳнияти)ни, асрий анъана ва удумларини эътиборга олиши лозим.  Диндорларни шафқатсиз қатағон қилиш йўлдаги ҳамма нарсани таг-томири билан супуриб ташловчи стихияли қўзғолонларга олиб бориши мумкин. Бу вазиятни халқнинг ўзи ҳам тушуниб турибди. Айнан халқ Ўзбекистонда тинчликни сақлаб турибди. Айнан халқ урушдан четлашиб, унга йўл қўймай турибди, чунки у уруш ёвузларча бошбалдоқлик, бениҳоя катта маънавий ва моддий йўқотишларга олиб келишини тушунади. Аммо халқ манфаатларини менсимай унинг чидаш чегарасини кутиш ярамайди.  Бу ҳақда ҳокимият эгалари ўйлаб кўришлари керак ва кўр-кўрона олиб борилган зулмкор сиёсат ҳамма вақт “бумеранг эффекти”ни туғдирганини эсдан чиқармасликлари лозим.
         
            Изоҳ.  1) Бумеранг – Африка ва Австралия қитъаларида яшовчи баъзи қабилаларнинг ов қуроли. Бумеранг қаттиқ ёғочдан йўниб ясалган бўлиб, шаклан “г” ҳарфига ўхшайди.  Бумерангга шу қадар нафис ишлов берилади-ки, у улоқтирилганда аэродинамик куч ҳосил қилади, ҳавода айланиб-айланиб маълум масофа нарида юрган ҳайвон ёки дарахт шохида ўтирган қушга бориб тегади. Бумеранг қуш ва ҳайвонни ўлдириши мумкин, уларга тегмаса, йўлини давом эттириб, отган одамнинг олдига қайтиб келади. Баъзи ҳолларда қайтиб келган бумеранг овчининг ўзини ўлдирган ёки яралаган пайтлари ҳам бўлади.
            2) Сиёсатда “бумеранг эффекти” мавжуд. Ҳукумат аксил инсон, аксилхалқ сиёсат олиб борса, оқибат ҳукуматнинг ўзи учун ҳалокатли бўлганига тарихда мисоллар беҳисоб. Коммунистик ғояни халққа зўрлаб сингдирмоқчи бўлган СССР, Шарқий Европа коммунистик давлатлари ва бошқалар “бумеранг эффекти”ни ўз бошидан кечиришди ва тарих ахлатхонасига улоқтирилдилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий