Меню

вторник, 8 октября 2013 г.

Ватандошимизга Ёдгор Обиднинг Жавоби


ИДИ ВПЕРЕД И НЕ ОСТАНАВЛИВАЙСЯ НА ДОСТИГНУТОМ



Сафдош дўстларимдан бирининг туғлган куни муносабати билан "Ёдгор ака, энди биз ютқаздикми ? " деган саволига жавоб ўрнида битилган шеър. )

Ўйлаб кўрсам, олисга йўл олибмиз,
Умр ўтганини билмай қолибмиз.
Гарчи қанча алам тортдик, қанча ғам...
Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз.

Ниятимиз - холис. Хаёл - кенг майдон.
Майдонга чорлайди орзу ва иймон.
Сирқираб оғриса ҳамки ширин жон -

Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз.

Бухоро, Наманган, Тошкент ёқларда
Ёв бошлардан ажал сочган чоғларда
Ўлимларни қолдирганча доғларда -
Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз.

Замон - қандай замон бўлди... Бузилди,
Элим деган қамоқларда эзилди.
Дор сиртмоғи бўйнимизда узилди...
Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз.

Жаллодлар кўзига тикка қарадик,
Кўп олишдик. Юрт ишига ярадик.
Мазлумларга мардлик руҳин тарадик...
Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз.

Биз кўтарган ғоя - буюк ғоядир,
Орзуларга, келажакка доядир.
Қолган бари - ўткинчидир. Соядир...
Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз.

Гирдингда юлдуздек фарзандлар ўйнар,
Ҳарбири - мардликдан, бирликдан сўйлар.
Шулар бор - бўлажак ҳали кўп тўйлар...
Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз.

Қирқ ёш - ҳали умид тўла ёш эрур,
Неки қилсак - тоза виждон бош эрур.
Ҳар ўтган кун - ёв бошига тош эрур...
Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз.

Иншооллоҳ, қайтмай ҳақнинг йўлидан,
Ёвга зарба бериб ўнгу - сўлидан,
Сўнг ош ермиз келинойнинг қўлидан...
Дўстим, биз тирикмиз. Демак - ғолибмиз !

Комментариев нет:

Отправить комментарий