Меню

воскресенье, 20 октября 2013 г.

"Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига" Уз Тв дага Сухандонларнинг Жанги....




Ҳурматли сайтимизга ташриф буюрувчилар! Навбатдаги суҳбатдошимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, анча йиллардан бери республикамиз ТВда фаолият олиб бораётган устоз сухандон Муслимбек Йўлдошев бўладилар.

Марҳамат, суҳбатдан баҳраманд бўлинг.

- Ҳазрат Навоийнинг,
Сўздурки нишон берур ўликка жондин,
Сўздурки, берур жонға хабар жонондин.
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билким гуҳари шарифроқ йўқ ондин,-деган ҳикматлари бор.
Сухандонлик “гавҳари шариф” орқали инсонларга хабар берувчи касб ҳисобланади. ТВда анча йиллардан бери фаолият олиб бораётган устоз диктор сифатида бу касбнинг масъулиятини нимада деб биласиз?


-  Сухандон, агар у чинакам сухандон бўлса, ўз ишини севиши керак. Сухандон бўлса, деганим, сухандонлар орасида тасодиф келиб ишлаётганлари, умуман бу касбга қизиқмайдиган-у, аммо унинг орқасидан манфаат қидирганлари ҳам бор-да.
Энди, севгига келсак. Ёқтириш, яхши кўриш, ишқи тушиш ва ниҳоят, севиш деган тушунчалар бор. Уларнинг ҳеч бири севишчалик бўлолмас. Илло, севиш ўзини фидо қилишдир. Севгига киришган одам буни билади ва ўзини бахш қилишга тайёр туради.
Фидойи сухандон ҳеч қачон ўз ишига хиёнат қилмас. Аксинча, ўзидан аввал севгилисини ўйлаган ошиқдек, энг аввал ишини ўйлайди. Айтадиган гапини неча бор тарозуда ўлчайди, китоб титади, топмаса, билганларни қидиради. Улардан сўраб, тўғрилаб, ростини сўзлайди. Аксинча бўлса, у севгисидан ажрали қолиши мумкинлигидан қўрқади. Мендан аввал ишлаган, мен билан елкадош ва мендан кейинги авлод сухандонларимиз орасида касбини севган, унга фидо бўлган одамлар ишлашган, ишлаяптилар. Аммо, русча "эпоха" сўзининг ўзбекча ифодасини тополмай, "ўз эпохиларининг юлдузлари..." деб эфирда ўқиб ётган Гулнора Юсупова сингари сухандонлар ҳам бор. ("Машъал", 2013 йил, 20 июнь,соат 10.00даги "Хабарлар"). Улар уялмайдилар. Ўзларинигина эмас, ҳамкасбларини, раҳбарларини ҳам ноқулай шароитга қўяётганларидан, шу касбни санъат даражасига кўтарган салафлар руҳи олдида ҳам уялмайдилар. Қайси бирини айтай...


- Инсон тоққа яқинлашгани сари унинг улуғворлигини ҳис этади. Сўзга нисбатан талабчанлик, унинг маъно қирраларини халққа етказиб бериш, "сўз заргарлиги" билан анчадан бери машғул касб эгаси сифатида бугунги кунда сўзни радио, ТВ эфири орқали тумтарақай қўлланилаётганлигига қандай қарайсиз? Сизнинг-ча, бу "дард"ни қандай тузатса бўлади?


- Бу "дард" эмас, дарди бедаво, шекилли. Сабаби ўн йиллардан бери газеталар, радио тўлқинлари, телеэкранда айтилган менинг ўзимнинггина танқидий фикрларим ва таклифларимдан кейин ҳам, бу метастаза урчиб кетяпти. Экранлар-у эфирларнинг эгаси йўқ, десам, раислар жойида ўтирибди, директорлар ишга чиқишяпти, оддий журналист ва ходимлардан кўра кўпроқ ва ўз вақтида маошларини олишяпти. Муассислар даромадлардаги салмоқли улушларини олишяпти. Лекин тилимиз путурдан кетишда бир сония ҳам тўхтаган эмас. Мендан ташқари яна қанча мутахассис тилшунослар, филолог олимлар, шунчаки, юраги ачишган куюнчак юртдошларимиз ҳам чиқишлар қилишган, қайсидир эшикларда сарғайишган, хатлар, далолатномалар ёзиб жўнатиб, умидвор кўзларини беҳуда йўлларга тикиб ўтиришибди. Надоматлар бўлсин...
Менимча, аллақандай бир "чулчут" сеҳргар махлуқ келиб, ўша мутасаддиларнинг қулоғини, муҳаррирларнинг кўзини ва бошловчиларнинг тилини боғлаб кетгандек. Бошқача таъриф сиғмайди. Акс ҳолда эфирга кетаётган "ишкал"ларни кандай изоҳлаш мумкин?


2 июнь, 14.00 даги "хабарлар"да яна ўша Гулнора Юсупова "Аппенинада"... деб ўқиди. Рус тилида Апенины, деб ёзилади ва бошқа кўринишларида ҳам кўпликда келади. "В Апенинах"... дегандек. Нима учун ўзбек тилида уни Апенина деб ўқиши керак. Апенин деб ўқилса тўғри бўлади-ку? Яна ўша эфирда "Пленюм" деб бир неча маротаба, "шунақа, ўлиб қолсанг ҳам эшитасан", дегандек, қатъий таъкидлаб ўқиди. Наҳотки радиобошловчи "Пленум" деган оддий сўзни айта олмаса.

Демак, у кимнингдир жияни, синглиси, бўласи, хотини бўлиб чиқади. Акс ҳолда бунақа кадр эфирда ишламаслиги керак! Диктор штати бозорларда ҳам бор...


- Бугунги кунда қалбакилик кўпайиб кетаётгандек назаримда. Қалбаки муносабатлар, қалбаки озиқ-овқатлар,  сунъий кийим-кечаклар. Сўз ишлатишда ҳам сунъийлик, қалбакиликка йўл қўяётгандекмиз. Кўрсатув", "лойиҳа"ни -проект, "ишхона"ни -офис, "йиғилиш"ни-саммит деб. Тилимизнинг софлигини сақлаш учун мана шундай иллатлардан қутулишимиз керак эмасмикан?


 - "Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига" деган мақолимиз бор. Аввал биз ўз сўзларимизни тўғри ишлатишни ўрганиб олайлик. Уларнинг маъноларини, этимологиясини, қўлланиш усулларини ўзлаштириб олайлик. Ана ундан кейин бир қадам қўйсак бўлади. Форсийдан, арабийдан ва бугунги кунда жуда русум булиб кетган европача сўзлардан ишлатишга ўтсак бўлади. "Муча", "мучал", "муччи" деган сўзларнинг асл маъно-моҳиятини билмаймиз. Билмаймиз-у, чиройли гапиришга орзумандлигимиздан тилимизга нима келса бидирлайверамиз. Яна "Машъал",

бу сафар Моҳичеҳра Тўлаганова. 2 апрель, 22.50:"Эзгулик ёғдулари" эшиттиришида "...етти муччаси соғ бўлсин"... деб ўқиди. Мана энди, шу бошловчи тушунтириб берсин- "етти мучча" одамнинг қаерида бўлади? У нима дегани ўзи? Биргина Мохичеҳра эмас, яна аллақанча бошловчилар "тўрт мучали соғ бўлсин" - деб ишлатадилар.

Эфирни кузатадиган, назорат қиладиган, кетаётган хатоларни қайд этиб, уни "айбдор" га кўрсатиб,тушунтириб берадиган, раҳбарларга шикоят эмас, уларни хабардор килиб турадиган лавозимлар бўлиши керак!
 Давлат раҳбарларининг маслаҳатчилари бўлади-ку! ТВ, радиоларда раҳбарлик қилаётган одамларнинг ҳаммаси ҳам тилчи мутахассис эмас-ку. Шунинг учун ҳам бу масъулиятли ишни билағон одамларга топшириш керак. Ўша одам "бошим оғриди, тишим оғриди" деб баҳона қилмасдан, ишига, халқига, она тилига фидойилик билан ишлаши керак.

Ўшанда "ашула ЖАРАНГ ТОПАДИ, фарзандининг камоли эҳтиромини кўриб юрсин"... деган беўхшов жумлалар, маймоқ гаплар ижод килинмайди. Бир марта айтган эдим, яна айтаман: раҳбарлар эфирга чиқадиган бошловчиларига бир диктант ёздириб кўришсин! Шунчалик қийинми, шу иш?


- Телевидение улуғ минбар. Бу ерда сўзларни соф ҳолатда, адабий тил нормаларига мос ҳолда ифода этиш керак. Бироқ баъзан эфирга чиқаётган журналистлар, шарҳловчилар, кўрсатувларга четдан жалб қилинган мутахассислар -  уйида, кўчада қандай сўзлаётган бўлсалар, эфирда ҳам шу ҳолатда сўзлаётганликларига гувоҳ бўлмоқдамиз. "Буларди" ким ўйлаши керак, ким тузатиши керак?


- Роса пессимист бўлиб қолган пайтимда бу саволга нима деб жавоб беришни ҳам билмайман. Тўғриси, "эшакнинг юки енгил бўлса, ётағон бўлади" дегани ростга ўхшайди. Ҳозир ўзим ҳам "формадан чииб" кетганман. Бемалол кўча тилида сўзлашиб кетаяпман. Жангоҳда генерал ҳам бир ўзи ҳеч ким эмас. Ҳадеб, мен ўзимни зўриқтираверганимдан кимга қандай наф?
Замон яхши бўлиб қолган: ҳеч ким ҳеч кимни танқид қилмайди. Домлаларнинг телерадио нутки билан иши йўқ. Газеталар фельетонлар босмайди. Газеталар ТВга "тош отса", эртага ўзини “кўз очирмай қўйишади” телерадиолавҳалар билан. Шунақа...
-"Тараққиётнинг бош омили ҳаракат дейишади. Ҳаракатнинг бош омили ва абадий кучлантирувчиси эҳтиёж бўлса керак"-, деб айтгандингиз бир пайтлар.


- Балки ахборотга бўлган кучли эҳтиёж, ҳаддан ташқари кўп олинаётган ахборот орқали кириб келаётган янги сўзлар ёки сўзларимизнинг муқобиллари тилимизнинг луғат бойлигига салбий таъсир кўрсатаётгандир?


 - Ҳар қанақанги ахборот оқимида ҳам тилга эътибор йўқолмаслиги, сусаймаслиги керак. Четдан кириб келаётган сўзлардан қочиб бўлмайди. Тараққиёт албатта, тилга ўз таъсирини ўтказади. Аммо бу шунчаки таъсир бўлиб қолиши керак. Бир тилни бутунлай путурдан кетиб қолиши - яъни тил эгаларининг назаридан қолишига йўл қўймаслик керак.

Авлодлар минг йиллар мобайнида шаклланган тилларини унутсалар нима бўлади? Бу ҳалокат-ку! Кўз олдингизга келтиринг: тилла қўнгизнинг дзиллашини... Янги сўзлар ўзлашади, яна янгилари кириб келади, лекин асос сақланиши керак. Бусиз биз ўзбек эмасмиз.


- Буюкларни буюк деганимиз билан улар ҳар хил буюк бўлишади. Баъзан буюк ишлар қилган инсон одамгарчилик нуқтаи назаридан майдакаш бўлиши мумкин. Буюклик нима билан ўлчанади?


- Буюклик нима?.. Уни ҳар ким ҳар хил тушунади, баҳолайди. Ҳазрат Навоий "мен буюк бўлишим керак" - деб яшамагандирлар? Ёки "юз ёшга киришим керак" деб мақсад қўймагандирлар. Улар қалблари буюрган ишни қилганлар холос.


“Камбағални, етим-есирни ким қўллаб - қувватлайди, агар мен қилмасам?” – деганлар-у, шу ишга киришганлар.  - Ҳақоратланган тилимнинг қаддини ким кўтаради, мен қилмасам?” - деганлар-да, барча асарларини шу тилда битганлар. Яна бировлар мазах қилган, камситган. Аммо ул зот - "менинг она тилим, туркий забоним чиройли, аъло, ҳаммадан зўр" деб ўтиришдан кўра, туркий тилда битган "Хамса" лари билан исботлаб қўя қолганлар. Демоқчиман-ки, ҳар ким бу дунёга келиб, бирор бир касб танладими, ўшани шунчаки эмас, аълорок қилиб бажарсин. Қилаётган ишини "қалбим амри шу" деб ижро этсин.
Ўзини ўтга-чўққа урмасин ҳам. Виждонан яшасин. Кимларгадир ҳавас қилиб, уларнинг ҳаётларини орзу қилиб эмас, ўзи бўлиб, ўз тақдири-ю пешонасига ўзини муносиб кўриб яшасин. Ўзини ўзи алдамасин. Буюклик ўзи уни топиб олади.


- Баъзан таржима ҳам қилиб турасиз. И.Калашниковнинг "Шафқатсиз аср" романини таржима қилдингиз. Таржима қилишга ундаган нарса нима? Таржима жараёнида  тил хусусиятларини етказиб бериш қийин кечмадими?


 - Хорижга борсангиз, якинларингизга бир нарса харид киласиз. Жомадонларга ҳафсала билан жойлаштирасиз. Уни самолёт-у, поездларда кўтариб келасиз. Хурсанд бўлиб эга- эгаларига улашаркансиз, олувчиларнинг юзидаги шодлик сизнинг ичингизда ўн карра ортиқроқ бўлиб қад ростлайди. Узоқни қўя туринг, водийдан келсангиз, патирлар, қурутлар олиб келасиз. Самарқандга борсангиз у ернинг ширмойларидан кўтариб келасиз. Ота-онангиз, фарзандларингиз, туғишганларингиз кўз олдингизда туришади. Худди шундай. Шу романни ўқидим-у, биринчи савол: “Нима учун мен бу романни шу пайтгача ўқимаганман?” - деган савол бўлди. Мен унинг борлигини ҳатто билмаганман ҳам. Нимага? Кейин яна уч, тўрт марта ўқиб чиқдим. “Нима учун ўзбегим шундай яхши романни ўқимаслиги, билмаслиги, ҳузур қилмаслиги керак?”- дедим-у, уни ўзбек китобхонларига илиндим. Вақт етишмаганлигини ҳисобга олмаса, яйраб, маза қилиб ишладим. Минг саҳифа эканлиги ҳам кўзимга кўринмади. Қийинчиликлар бўлмади.
Агар ўттиз миллионли халқимизнинг 0,1 фоизи ўқиб чиқса ҳам мен ўзимни беҳад бахтиёр деб билардим. Чунки кимгадир қилган совғангни севиб қабул қилишса, маза қиласан одам.


- Инсон ҳар доим комилликка интилиб келган. Ақлан етук, жисмоний жиҳатдан бақувват, соғлом, маънавий жиҳатдан пок бўлган инсонни комил инсон деймиз. Чеховнинг "Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак" деган гапи бор. Сизнингча, инсоннинг комиллиги нимада белгиланади?


- Пайғамбаримиз(С. А. В. ) умматни илмга даъват қилишдан чарчамаганлар. Илмсиз одам жоҳил ҳисобланган. Шунинг учун ҳам исломда "жаҳолат замонида" деган ибора бор. Инсон исломни илм билан таниди. Бундан келиб чиқади-ки, башарият илм орқали камолотга интилади. Камолотга етган одам комил ҳисобланади. Ваҳоланки, мукаммал одамнинг ўзи йўқ. Аммо шунга интилмаган одам тирикчилик ва нафсдан бошқа нарсани билмабди. Ибн Синога кўп нарса керакмиди? Биров унга "буюртма" бермаган-ку! Унинг ўзи, ички овозига жавобан замонга қарши бориб, умри жонини таҳликага қўйиб илм излади.


Бугун-чи? Кутубхоналарда адабиётлар қалашиб ётган, сунъий йулдошлар, интернетлар орқали маълумотлар базаси ёрилар даражага келган бир пайтда, биз нима қиляпмиз? Одамлар сариқ чақага арзимайдиган кроссвордларни ечиб комил бўлмоқчига ўхшайди.  Буларни бошқотирма эмас, тошқотирма десак тўғри булади. У галдан бу галга беш-олти сўз алмаштирилиб, қайта- қайта чоп этилавериб, сўзларнинг сийқаси чиқиб кетади, лекин барибир яна пул тўлаб кейинги сафар ҳам сотиб олаверадилар. Бунда қанақанги фикр бўлиши мумкин?


Илгарилари одамлар шахмат ўйнашарди. Ҳозир ёшлар ҳам, кексалар ҳам нарда ўйнаб ўтиришади. Кун бўйи, "шарақ- шуруқ", "шарақ-шуруқ". Миясининг қатиғи ўйнаб кетмаганига ҳайронман. Шахматда фикрлаш, ўлчаш ва чамалаш деган нарсалар бўларди. Мия ишларди. Бугун одамлар “ватсап”да қандайдир бир бетайин кимса жўнатган яна бир бетайин нарсани томоша қилиш билан вақтни ўтказадилар.

Китоб ўқиш керак. Кўп ўқиш керак. Доим ўқиш керак. "Э, менга нима кераги бор? Мулла бўлармидим?” - дейишга асло ҳаққимиз йўқ. Илло, биз ўқимасак, болаларимиз ҳам ўқишмайди. Ўқисалар ҳам уқмай қоладилар. Чунки, отадан, онадан кўп нарсалар ўтади. Бу келажак олдидаги қарзимиз. Аждодларимиз қонидаги салоҳият йўқ бўлиб кетмаслиги учун ҳам бурчдормиз. Шундагина комилликка дахлдор бўлиб қолишимиз мумкин.


Ўзи учун илм олиб, ўзи учун китоб ўқиган билан комил бўлмайди инсон. Уни улуғ мақсадлар, буюк режалар руҳлантириши, қувват бериши керак. Сабр, бағрикенглик, олийжаноблик, мурувват, силайи раҳм киши илмий иморатининг устунлари бўлиши лозим. Булар барчаси комиллик иморатининг тамал тошидир. Қалб гўзаллиги ва ниятлар поклиги унинг зеб-у оросидир.


Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Нигора УМАРОВА суҳбатлашди.

Манба mezon.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий