Меню

пятница, 18 октября 2013 г.

Жасур Умиров пахта далаларида уюштирилаётган концерт дастурларида иштирок этишдан бош тортган





“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси сайтининг хабар беришича, битимда назарда тутилган талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузиб келинганлиги сабабли хонандага 2013 йил 13 август куни берилган лицензиянинг амал қилиши “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддалари ҳамда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан 2013 йил 8 октябрдан тугатилган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра эса, Жасур Умиров шу кунларда юртимиз пахта далаларида меҳнат қилаётган хашарчилар учун уюштирилаётган концерт дастурларида иштирок этишдан бош тортгани учун лицензиясидан маҳрум этилган. Гарчи бу ҳақда “Ўзбекнаво” сайтида маълумот келтирилмаган бўлсада,  ҳақиқатдан ҳам пахтакорлар учун жойларда эстрада хонандалари иштирокида мусиқий тадбирлар ташкил этилаётгани қайд этилган.
“Шу кунларда пахта ҳосилини уюшқоқлик билан, нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш мавсумида иштирок этувчи ҳашарчиларга “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан маданий-маърифий учрашувлар, суҳбатлар, концертлар ташкил этилмоқда”, деб ёзилади манбада.
Шунингдек хабарда ана шу тадбирларда иштирок этган хонандалар исмлари ҳам келтирилган бўлиб, дарҳақиқат Зулайҳо Бойхонова, Дилноза Исмияминова, Адҳам Солиев, Абдували Ражабов, Ойбек ва Нигора, Дилсўз, Каниза, Фарруҳ Ахмедов, Азиз Ражабий каби таниқли номлар орасида Жасур Умировнинг исмини учратмайсиз.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ёз ойида ҳам Жасур Умировнинг лицензияси тугатилганди, лекин орадан маълум вақт ўтиб у яна ижод қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Хонанданинг ўзи, лицензиясининг тугатилгани ҳақида фикр билдирар экан, “Ўзбекнаво”ни “санъаткор тарбиясида энг яхши муаллим” деб атаган. Жасур унга нисбатан кўрилаётган жазолардан ранжимаганини, лицензиясининг маълум муддат таъқиқланиши ўз устида кўпроқ ишлашга, характер ва одатларини ислоҳ қилишга ундашини айтмоқда.

Комментариев нет:

Отправить комментарий