Меню

четверг, 17 октября 2013 г.

Журналист ўз ҳуқуқларини ҳам, ўз мажбуриятларини ҳам англаган ҳолда, қаддини тик тутиб ишлаши лозим




Ўзбек журналистикасидан кўнгил тўладиган жиҳатлар ҳам бор, аммо тўлмайдиган жиҳатлари, афсуски, кўпроқдир.
Яқинда самарақандлик журналист Тошпўлот Раҳматуллаев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг оммавий ахборот воситалари тўғрисида айтган фикрларини тўплаб Конрад
Аденауэр жамғармаси ҳомийдигида чоп эттирибди. Кўрдим. Залворли китоб бўлибди. Олтиндан-да бебаҳо сўзлар! Жасоратли бўлишга чақириқлар… Мана бир мисол:
«Нега газеталар бунчалик саёз, «жим-жит», гўё ҳамма ёқда «олам гулистон»дек? Нега матбуотимизда ўткир фельетонлар ёзилмайди? Нега ноқобил ишбилармонлар, порахўр ходимлар фош қилинмайди? Ахир улар матбуот саҳифасида, телевидениеда ўз қийшиқ башарасини кўрса, халқнинг нафратига гирифтор бўлса, ибрат бўлмайдими?!» (Ислом Каримов. «Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир» Тошкент: «Ўзбекистон», 1996, 3-том, 42-бет).
Бу гапнининг айтилганига ўн беш йил бўлибди. Нега журналистларда, муҳаррирларда, муассисларда жасоратдан дарак йўқ? Улар Президентнинг бу сўзларидан бехабарми? Ёки бу сўзлардан-да қодирроқ яна бирор нарсадан хабардормикин?! Мақола ёзилганидан сўнг муҳаррирларни чақиртирадиган, танобини тортиб қўядиган мансабдорлар бу сўзлардан бехабар бўлмаса керак, бу гўзал даьватларни айтган инсондан узоқда ишламаса керак.
Албатта, журналистларимиз малакасини ошириш керак. Аммо Жак Руссонинг бир йиллик ўқувдан кўра бир соатлик тажриба кўрпоқ малака беради, деган тўғри фикри бор. Ҳақиқатни ёзиш керак, деган назарий билимни олгандан сўнг, мақола ёзган журналист унинг чоп қилинишига, чоп этгандан кейин жабр чекмаслигига ишончи комил бўлмас экан, жасоратни кутиш маҳолдир.
Қолаверса, ҳақиқатни ёзиш учун катта маҳорат керак эмас. Ёлғонни ёзиш учун маҳорат керак, чунки оқни қора, ўғрини заифларнинг ҳимоячиси, деб ёзиш ва бунга кимнидир ишонтириш учун матнга либос кийдириш керак, бўяб-бежаш лозим, энг теша тегмаган сўзларни топиш шарт. Ўғрини ўғри, оқни оқ дейиш учун эса жасорат керак ва тўғрисини ёзганда эса «Ўғри», «Оқ» дейиш кифоядир. Шуни айта олиш имкони туғилса, маҳорат оша бошлайди.
Очилмаган истеьдодлар, жамиятнининг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маьнавий ҳаётига доир фикрларга эга бўлганлар эса халқимиз орасида кўп. Ҳамма соҳада. Сўз эркинлиги амалга ошса, бу фикрлар айтилса, муҳокама қилинса, иқтисод ҳам ривожланади, маьнавият ҳам ўсади, ижтимоий ҳаёт ҳам яхшиланади. Сўз эркинлиги мавжуд мамлакатлар бой эканига эьтибор беринг. Бу Япония, АҚШ, Англия, Корея, Франция, Швейцария ва ҳоказо. Уларнинг ҳеч бирида Ироқникидай кўп нефть, Туркманистонникидай мўл газ, Қирғизистонникидай олтин, Қозоғистонникидай ер ости бойликлари йўқ. Шунча бойликлари бўлса-да, Ироқ, Туркманистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларида аҳоли қашшоқ ҳолатга тушиб бормоқда. Бу бежиз эмас. Сўз эркинлигисиз бой бўлган давлат йўқ. Ҳамма демократик давлатлар фаровондир ва ҳамма нодемократик давлатларда, улкан бойликлари ва имкониятларига қарамасдан, халқ қашшоқдир. Сўз эркинлигисиз коррупцияни, гиёҳванд моддалар сотувчи нарокартелларни енгиш имконсиздир.
Тарихдаги ҳеч бир хон (президент, шаҳаншоҳ, монарх) бир ўзи бюрократияни енга олган эмас. Улкан минглаган мансабдорлар организми ўзининг ички қонуниятларига кўра яшайди ва урчийди. Инсоният тарихи ва амалиёти шуни яққол кўрсатадики, мансабдорлар тўдаси ва бюрократиянинг ҳокимиятига фақат фуқаролик жамияти ва унинг институтлари, жумладан, эркин ва қўрқмас журналистика мувозанат ўлароқ қарши тура олади. Бу – ҳалол ва эркин сайланган парламент, мустақил судлар, эркин матбуот, мухолифат партиялар, маҳаллий ўзини бошқариш идораларидир. Ижтимоий демократик институтларнинг ривожланишига йўл қўймайдиган шаҳаншоҳ ўзини бюрократиянинг асирига айлантиради  ва мансабдорларнинг ҳокимияти таъсирига тушади. Натижада у халқ манфаатларини истаганида ҳам ҳимоя қила олмайди. Бизнинг жамиятимизда вазиятнинг шунга боғлиқ эканини тушуниш етишмайди. Бунинг ўрнига, мансабдорларнинг қулоғига хуш ёқадиган ғайридемократик афсоналар тарқатилади, гўё ҳали демократия шароитида яшаб кўрмаган, тажрибасиз халқни «демократия туфайли» бебошлик, талотўп ва «анархия» ўз домига тортиб кетар эмиш.
«Демократия – анархия эмас, сўз эркинлиги – бебошдоқлик эмас» – дейишади. Бу даъво ишончли жаранглайди. Аммо ундан қандай ва нима мақсадда фойдаланишмоқда?! Ўйлайсизки, бу ҳақиқатан ҳам анархиянинг, бебошликнинг олдини олиш учун ишлатилмоқдами?! Йўқ!
Агар кимдир иқтисоддаги, ҳарбий соҳадаги аҳволни танқид қила бошласа, маҳаллий амалдорларнинг провинциал аҳоли устидан зўравонлигини фош этишга киришса – мансабдорлар ва ҳокимиятдан таъмадор ёзувчилар ҳамлани бошлашади: «Бу ер сизга – Америка эмас, бу ер – Шарқ, катталарни ҳурмат қилиш лозим». «Катталар» – бу мансабдорлардир.
Ўзбек амалдорлари ўзлари ҳақида мақтовни жон деб эшитишга тайёрлар, аммо жиндаккина танқидга ёш боладай астойдил хафа бўладилар.
Анархия (талотўп) ҳамиша монархиянинг (зулмкорликнинг) жинояткорона ҳаракатларига жавоб ўлароқ юзага келган, демократия туфайли ҳеч қачон тўпалон чиққан эмас. Қаранг, дунёнинг ҳамма барқарор давлатлари – демократик давлатлар, ҳамма беқарор давлатлар – нодемократик давлатлардир.
Демократия – хом-хаёл эмас, у ўзининг ҳаётсеварлигини дунёнинг кўплаб мамлакатларининг ҳаётида, улардаги миллионлаб одамларнинг тақдирида кўрсатди  ва кўрсатмоқда.
Демократик жамиятда ОАВ ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатишнинг муҳим омилидир, аммо у давлат ёки партия назоратидан фарқ қилади. Ростдан ҳам оммавий ахборот воситалари ҳали ҳам унчалар мукаммал бўлмаган демократиянинг тамал тошларидан биридир. Машҳур америкалик футуролог Э.Тоффлернинг таъкидлашича, ҳозирги ахборот воситалари, айниқса, иккитомонлама алоқа имконига бўлган телевидение вақт ўтиши билан вакиллик демократиясидан бевосита демократияга ўтишнинг муҳим омилига айланади. Тоффлер тахминларининг аксарияти амалга ошиб келаётганини ҳамма билади. Унинг назарича, келажакда партияларнинг мавқеи пасаяди ва партияларнинг бир қатор вазифалари ҳам оммавий ахборот воситаларига ўтади. Буни келажак кўрсатади.
Жамият ривожини истасак, жаҳон халқлари сингари одамдай муносиб яшашни хоҳласак, журналистларга баҳсли фикрни ҳам эркин айтиш имконини бериш лозим. Турли фикрлар, хулосалар ва ғояларнинг (шу жумладан, «нохолис» фикрларнинг) эркин алмашинувисиз мамлакатнинг демократик тараққиёти асло мумкин эмас.
Ҳали ўзбек журналистлари аввалдан амалга ошириладиган цензура бекор қилинганига кўникиб улгурмаслариданоқ, «сўз эркинлигини чеклаш керак», «чегарасиз сўз эркинлиги бўлмайди», «сўз эркинлигининг чегараларини белгилаб қўйиш лозим», «журналистларнинг ўз мақолалари учун масъулиятини кучайтириш керак» қабилидаги гаплар кундан-кунга баланд жарангламоқда. Журналистларнинг ўзлари ҳокимиятга ёқиш илинжида ўзларини «фош» этишга киришганлар:
«Бизда боқимандалик кайфияти кучли», «бизда жасорат ва тажриба етишмайди», «Президент ва ҳукумат буткул сўз эркинлигини беришни истайдилар, аммо биз ўзимиз ҳали тайёр эмасмиз» ва ҳоказо. Гўё: «Ҳали ростини айтолмаймиз, яна бироз ҳукуматни мақтаб турайлик, мақташга ўрганиб қолганмиз», – дейилмоқда.
«Халқ сўзи» газетасининг Бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов ёзади:
«Сўз айтиш масъулияти бизни ҳамиша ҳушёрликка ундаб туриши зарур. Албатта, одамлар тафаккурига таъсир қиладиган сўзни ўз ўрнида ишлатиш биздан юксак масъулиятни, ҳушёрликни талаб қилади» («Халқ сўзи», №137 (2965), 2 июль, 2002 йил, 1-бет).
Унга ёзувчи Тиловолди Жўраев қўшилади:
«Матбуот саҳифасида бебошликка ўрин йўқ. Цензуранинг йўқлиги энди муҳаррирдан катта масъулият талаб қилади» («Ҳуррият», №48-49 (302-303), 4 декабр, 2002 йил).
Афсуски, айнан журналистнинг елкасидаги жамият олдидаги шу масъулият ёлғон мақтовларни йиғиштиришни, ҳақиқатни ёзишни талаб қилиши ҳақидаги даъватлар эшитилмаётир.
Ҳуқуқ ва эркинликларнинг, шу жумладан, сўз эркинлигининг чегаралари ва истиснолари бўлиши керак ва бўлади. Аммо улар, биринчидан, қонуний бўлиши, яьни мансабдорлар томонидан эмас, эркин ва ҳалол сайланган парламент томонидан қабул қилинган қонунга асосланган бўлиши керак. Иккинчидан, чеклашлар айнан халқаро ҳуқуқда ва миллий қонунчиликда кафолатланган халқаро мезонларга мос ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш мақсадидагина ўрнатилиши мумкин. Ва, учинчидан, бу чеклашлар шу жиҳатдан ўзини оқлаши лозимки, ман қилинган фикр айтилганда келадиган зарар айтилганда келадиган фойдадан зиёд бўлиши лозим. Агар айтилган сўзнинг фойдаси у айтилса амалдорнинг пайтавасига тушадиган қуртдан каттароқ бўлса, баҳсли фикр ҳам айтилиши керак.
Журналистнинг мажбуриятлари ва масъулияти бўлиши лозим. Аммо бу масъулиятни журналист турли чеклашлар юки остида эгилиб-букилиб кетадиган даражада катталаштириб юбормаслик муҳимдир. Журналист ўз ҳуқуқларини ҳам, ўз мажбуриятларини ҳам англаган ҳолда, қаддини тик тутиб ишлаши лозим. Журналистлик касби муаллимлик ёки шифокорлик касби сингари ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касбдир. Унинг жамиятга фойдаси беқиёсдир.

Карим БАҲРИЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий