Меню

четверг, 17 октября 2013 г.

ОББО, АСОЕВ-ЕЙ! Ёки “Ҳаммомнинг аёллар хонасида нима қилиб юрибсиз?”





                                                                                  ёҳуд
                                            “асов от” Ўзбекистонда нима қилиб юрибди?
Муаллиф Толиб Ёкубов

           “Муштум” журналининг “Савол беринг – жавоб берамиз” номли рубрикаси бўларди. Мусоев Бесо номли мухлис савол берибди: “Қишлоғимиз ҳаммомининг аёллар хонасида тос етишмайди. Нима қилиш керак?”.  “Муштум”
жавоб бераяпти: “Ҳаммомнинг аёллар хонасида нима қилиб юрибсиз?”.  Ўзбек мухолифатининг таниқли вакили Алибой ака Йўляхшиев иккаламиз ёзган “Каримов феномени” мақоламизга тожикистонлик Абубакр Асоев Исмат Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” сайтида  ўз муносабатини билдирибди. Раҳмат! Бироқ, айни пайтда, “Ўзбекистонда нима қилиб юрибсиз?” дея сўраш истагидаман.  Биз, икки муаллиф, ўзбекнинг булбулигўёси И.Хушев билан ҳамкорлик қилмасак-да, у мақоламизнинг бир парчасини ўз сайтида чоп этибди ва иккимизга атаб 4-5 қатор шеър битибди. Шеърга оғзининг суви қочган А.Асоев ўз муносабатини  “Лекин жуда боплабсиз, Исмат оға!”дан бошлабди ва давом этибди: “Ватанпарварлик дея аталмиш муқаддас туйғунинг фаҳмига бормайдиган айрим «ақли расо» мухолифатчилар керакли жавобни олишибди”.

           “Ватанпарварлик дея аталмиш муқаддас туйғу...”.   А.Асоев ҳам, И.Хушев ҳам буюк рус ёзувчиси ва мутафаккири Лев Толстойнинг патагига ҳам арзимаса-да, мен унинг ватанпарварликка бўлган муносабатини ёритган мақоласини ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Уни, мас., ушбу линкдан: http://www.klassika.ru/read.html?proza/tolstoj/wozzwanie.txt&page=27 топиш мумкин. 238 йил илгари инглиз шоири ва танқидчиси Самуэл Жонсон ватанпарварликни ушбуча таърифлаган: “Ватанпарварлик – ярамаснинг охирги маконидир”. “Ярамас”,  бу –зўравонликка асосланган давлатни бошқариб турган ярамас одамдир. Зимбабведа – Роберт Мугабе, Туркманистонда – Сапармурат Ниязов ва Гурбангули Бердимуҳаммедов, Белорусияда – Александо Лукашенко, Тожикистонда – Эмомали Раҳмон, Сурияда – ота-бола Ҳофиз ва Башар Асаллар ва ҳоказо. Уларнинг уруғи кўп. Ўзбекистонда ким?

           Исмат Хушевнинг гапига қараганда Ўзбекистонда давлат герби, мадҳияси ва байроғи каби президент ҳам давлат рамзи экан. Бу – тўғри. Қайси маънода тўғри? 1) Дунёда инсонпарварлик ва халқпарварликка асосланган давлатлар бор; масалан Канада, Франция ва ҳоказо; 2) Зўравонликка асосланган давлатлар ҳам бор; масалан Зимбабве, Бирма, Сурия ва ҳоказо. Биринчисида сайланган ҳукумат халққа хизмат қилади, иккинчисида халқ хукуматга буйсундирилади. Фарқ бениҳоя катта! Ўзбекистон қайсисига киради? Тўғри, иккинчисига! Рамз, бу – мамлакатда олиб борилаётган сиёсатдир, яъни давлат президент номидан герб, байроқ ва мадҳия остида бошқарилади. Демак, Ислом Каримов Ўзбекистонда зулм рамзи экан.

           Бундай мамлакатларда рамзлар халқ онгига зўравонлик билан киритилади. Ўзбекистон қамоқхоналарида ўнминглаб тамоман айбсиз инсонлар сақланмоқда. Шу махбусларга ҳар куни камида икки маҳал зўравонлик билан давлат мадҳиясини айттирадилар. Мен А.Асоев ва И.Хушевлардан сўрамоқчиман: ШУМИ сизлар айтаётган ВАТАНПАРВАРЛИК? Совет даврида мактаб ўқувчилари ва олий ўқувюртлари талабалари оммавий равишда пахта теришга ёки шанбаликларга олиб чиқилар ва буни ватанпарварлик деб тушунтирилар эди. Ўзбекистонда бу масала ҳозир совет давридан ҳам баттар-ку!  Бемаъни ва бетасир китобларида ўзини мустақилликнинг отаси сифатида мадҳ этаётган И.Каримов халқ хўжалиги ва ҳаётининг ҳеч бўлмаганда шу соҳасида қандай ижобий ўзгариш қилди? Жавоб ягона: ҲЕЧ ҚАНДАЙ!

           Ватанпарварлик ВАТАНга қаратилган бўлади, ДИКТАТОРга қаратилган бўлмайди. АҚШ, Туркия ва қатор бошқа давлатларда ҳар бир хонадон ўз уйининг пештоқига давлат байроғини илиб қўяди. Бу – америкаликлар Барак Обамадан, турклар  Абдулла Гулдан (ва ҳоказо) қўрққанидан илишгани эмас. Мен Туркияга борганимда ёшларни армияга чақириш даври экан. Бу давр Туркияда байрамга айланар, бу давлатда ҳар бир йигитча армияда хизмат қилишни истаб яшар, йигитни армияга чақиришса, бу унинг ота-онаси ва қариндош-уруғи учун шараф ҳисобланар экан. Мен Туркияда ҳарбий гарнизонларни кўрдим – бениҳоя гўзаллик, турк аскарлари формаси дунёда энг чиройли формалардан бири экан. Шу сабабли Туркия армиясида ватанпарварлик БОР, “дедовщина” ЙЎҚ экан. Давлат рамзи Ислом Каримов тузган ўзбек армиясида вилоят вилоят билан муштлашиб ётибди. Ўзбек армиясида ватанпарварлик ЙЎҚ, “дедовщина” ТИҚИЛИБ ЁТИБДИ.

           А.Асоевнинг раддия-мақоласини ўқиб унинг “истеъдоди”га қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Шу “истеъдод”дан бир шингил келтираман: (Парча)  “Гапни мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Каримов бобо ўз мухолифатчиларининг шармандасини чиқариб, мамлакатда якка ҳокимликни ўрната олган саноқли ҳукмдорлардан биттаси бўлиб, тарихда қолиши аниқ!” (Парча тугади).  Бошдаги ярми қип-қизил ёлғон бўлишига қарамай, қолган ярми ўхлоқдай тўғри! И.Каримов ҳақиқатан ҳам “... мамлакатда якка ҳокимликни ўрната олган саноқли ҳукмдорлардан биттаси...”. Яккаҳокимликнинг халқаро истеъмолда бўлган эквиваленти ДИКТАТОРЛИКдир. ВИКИПЕДИЯнинг таърифлашича, ДИКТАТОР – диктаторлик режими ўрнатилган давлат бошлиғи, давлатни ЯККАҲОКИМЛИК усулида бошқарувчи, чекланмаган ҳукмдорлик ҳуқуқига эга бўлган ва қонунлардан юқори турадиган шахс. Шу ернинг ўзида Википедия тарихда ўтган баъзи диктаторлар рўйхатини келтиради. Мана улар:  Адольф Гитлер, Бенито Муссолини, Иосиф Сталин, Франсиско Франко, Антониу ди Салазар, Николае Чаушеску, Аугусто Пиночет , Ким Ир Сен, Мао Цзэдун, Пол Пот, Иди Амин, Мобуту Сесе Секо, Жан-Бедель Бокасса, Саддам Ҳусайн. Буларнинг аксарияти хўр бўлиб ўлиб кетишган.
         
           АҚШда чиқадиган ва дунёдаги барча давлат бошлиқларининг рейтинги (ўз халқи ва дунё жамоатчилиги орасидаги обрў-эътибори)ни ўрганадиган Foreign Policy журнали 2010 йилда дунёнинг ЭНГ ЁМОН ДИКТАТОРЛАРИ деб тан олинган 23 давлат раҳбарлари рўйхатини эълон қилди. Мана улар:
1)  Ким Чен Ир (1942—2011, Қурия); 2) Роберт Мугабе (1924 й.т., Зимбабве); 3) Тан Шве (1933 й.т., Бирма); 4) Умар ал-Башир (1944 й.т., Судан); 5) Гурбангули Бердимухамедов (1957 й.т., Туркманистон); 6) Исайя Афеворк (1946 й.т., Эритрея); 7) Ислом Каримов (1938 й.т., Ўзбекистон); 8) Маҳмуд Аҳмадинажод (1956 й.т., Эрон); 9) Мелес Зенауи (1955—2012, Ҳабашистон); 10) Ху Цзиньтао (1942 й.т., Хитой); 11) Муаммар Каддофий (1942—2011, Ливия); 12) Башар ал-Асад (1965 й.т., Сурия); 13) Идрис Деби (1952 й.т., Чад); 14) Теодоро О. Н. Мбасого (1942 й.т., Экваториал Гвинея); 15) Хусни Муборак (1928 й.т., Миср); 16) Яйя Джамме (1965 й.т., Гамбия); 17)  Уго Чавес (1954—2013); 18) Блэз Компаоре (1951 й.т., Буркина-Фасо); 19) Йовери Мусевени (1944 й.т., Уганда); 20) Поль Кагаме (1957 й.т., Руанда); 21) Рауль Кастро (1931 й.т., Куба); 22) Александр Лукашенко (1954 й.т., Белорусия); 23) Поль Бийя (1933 й.т., Камерун).  Буларнинг баъзилари ўлган, баъзилари ишдан кетган.

            Қаранг ва, В.Маяковский айтганидай, ҳавас қилинг: бизнинг, айниқса А.Асоев ва И.Хушевга ҳурматли бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов африкалик 12 диктатор орасидан жой олибди, яъни у Ўзбекистонни Африканинг энг қолоқ давлатлари қаторига туширибди. Бу дегани И.Каримов, А.Асоев ёзганидек, юқорида келтирилган “буюк” одамлар қаторида тарих саҳифаларига ёзилажак. И.Каримов А.Асоевнинг беандоза мақоласини ўқиганми-йўқми, менга қоронғу. Агар ўқиган бўлса, ёки унга айтишган бўлса, И.Каримов “Оббо, Асоев-ей! Оббо, ...нинг боласи-ей!” дея “суюниб кетган” бўлиши аниқ – И.Каримов ҳама вақт сўкиниб гапиришини ҳамма билади.  “...” ўрнига муҳтарам ўқувчи ўзига маъқул сўзни қўяр, деб ўйлайман. Юқоридаги маълумот 2010 йилники. Уч йил ичида И.Каримов балки фариштага айлангандир? Мана бу гап 2013 йилнинг 17 октябриники, яъни мазкур мақола ёзилаётган кунники. “Озодлик” Радиоси сайтининг ёзишича:
         
              “Қароргоҳи Австралияда жойлашган Walk Free Foundation эълон қилган Глобал Қуллик индекси тадқиқотчилари шундай хулосага келдилар. Ҳисобот муаллифлари Тошкент ҳукумати томонидан ҳар йили миллионлаб фуқаронинг мажбуран пахтага даласига ҳайдалишини замонавий қулликнинг энг аянчли кўриниши деб баҳоладилар.... Дунëнинг 162 давлатидаги қуллик муаммоси таҳлил этилган бу йилги ҳисоботда Ўзбекистон глобал миқëсда қуллик кучайган давлат деб топилди ва 47 поғонага қўйилди”. Бундан бир ой илгари ўзимнинг икки қисмдан иборат бўлган “Қуллик билан жазолаш” номли мақоламда айнан шу ҳақда ёзган эдим. Австралиядаги  Walk Free Foundation фонди менга тоға ҳам эмас, хола ҳам эмас, бироқ у айнан мен ёзганларимни тасдиқлаган.  Қулликни кучайтириш билан тарихга кириб бўладими?    

              А.Асоевнинг юқорида келтирилган “Гапни мухтасар қилиб айтсак...” фикрининг “...Каримов бобо ўз мухолифатчиларининг шармандасини чиқариб...” қисми ғирт ёлғон. Ўлдириш ва шарманда қилиш тамоман фарқли нарсалар. И.Каримов мухолифатчилар олдида шарманда бўлгани ҳақида Алибой ака ва мен “Каримов феномени” мақоламизнинг 1-қисмида муайян фактлар келтириб ёзганмиз. Мухолифат 1989-91 йиллар давомида И.Каримов содир этган жиноятларни ҳаммадан кўп ва аниқ биларди. Фақат мухолифат вакилларини ўлдириб, қамаб ёки чет элларга чиқиб кетишга мажбур қилсагина И.Каримов Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўз фойдасига қайтадан ёздириши мумкин эди.

               Мухолифатнинг кўзга кўринган вакиллари шоир Эмин Усмон, депутатлар Шавриқ Рўзимуродов ва Тоиба Тўлаганова, банкир Анвар Тилланазаров ўлдирилди, депутатлар Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, банкир Рустам Усмонов, таниқли иқтисодчи Аҳмаджон Одилов, ёзувчи Мамадали Маҳмудов, ўнлаб ҳуқуқбонлар узоқ муддатли қамоқларга ташланди, депутатлар Насрулло Сайидов, Абдувоҳид Паттаев ва Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси Абдуманноб Пўлатов, “Бирлик” халқ ҳаракати раиси Абдураҳим Пўлатов, шоир Ёдгор Обид, журналист Анвар Усмонов, олимлар Абдулла Абдураззоқов, Алибой Йўляхшиев ва бошқалар чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Санаб ўтилган мухолифат вакилларининг қайсиси ва қандай шаклда И.Каримов томонидан шарманда қилинди? ҲЕЧ ҚАЙСИСИ ва ҲЕЧ ҚАНДАЙ ШАКЛДА!

             А.Асоев мақоласидаги қуйидаги парчада менга муайян айб қўйган: (Парча)
          “Бунисиям майли. Каримов бобони тахтдан ағдариш-ку қўлидан келмайди (олма пиш, оғзимга туш деганга ўхшаб 25 йилдан бери хорижда ялло қилиб юрса, Каримов бобо ўзидан ўзи «тап» этиб тахтдан ағдарилиб қолармиди?!), аммо кимнидир маддоҳликда, кимнидир «сирена»ликда айблаб, аламини ёзади” (Парча тугади). А.Асоевнинг касби-кори нималиги менга қоронғу. Ким бўлишидан қатъий назар мен унинг саводсизлиги ва ёлғонда Алдаркўсани ҳам йўлда қолдириб кетишига қойил қолдим. Унинг ёзишича менинг хорижга чиқиб кетганимга 25 йил бўлибди. У ҳолда И.Каримов давлат тепасига келганда (1989 йилнинг июли) мен хорижда эканман, яъни мен 25 йилдан бери И.Каримовга қарши хорижда яшаб курашаётган эмишман.

              Бу саводсизни оғаси И.Хушев ҳам: “Ҳой, асовча! Билар-билмас оғзингга эрк бераверма. Сенинг вайсақи мақолангни сайтимда чоп этсам нафақат сен, мен ҳам шарманда бўламан” демабди. Дунёнинг барча махсус хизматлари нацистлар Германиясининг идеология бўйича бошлиғи Геббельснинг “Ёлғонни қанча кўп ишлатсанг, одамлар сенга шунча тез ишонишади” деган “доктринаси”ни қабул қилишган. И.Хушев мени яхши билади, бундан 4-5 йил илгари ўзининг “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли китобини русчага ўгириб беришимни илтимос қилган эди. Мен хорижга чиқиб кетганларнинг энг охиргиларидан бириман. Саводсиз Асоев менинг юзлаб мақолаларимни на кўрган, на эшитган ва на ўқиган. Алдаркўса Асоевда компьютер ҳам бўлмаса керак. Бўлганда менинг исми-шарифимни ёзса экранда мен ҳақимда юзлаб материаллар мавжудлигини кўрар эди.

            Кўпйиллик журналист, журналлар бош редактори, сўз устаси И.Хушев укахони асовчанинг мана бунга ўхшаш беъмани-бетасир жумлаларини ўқиганда қусиб юбормаганига ҳайрон қолдим: (Парча) “Ўзи-ку Каримов бобонинг қандай инсон эканлигини билмайди (яқинига йўламаган бўлса, суҳбатлашиб кўрмаган бўлса, қаёқданам биларди?), Каримов бобонинг шарофати-ю саъй-ҳаракати туфайли Ўзбекистонда қанақа ажойиб ўзгаришлар бўлаётганини тушунмайди, аммо кимларнингдир гапига кириб, мухолифатчи бўлиб олади” (Парча тугади). Алибой ака иккаламиз ёзган мақолада биз И.Каримовга муайян, ҳужжатлар билан тасдиқланган фактлар асосида айблар қўйганмиз. Асовча шуларнинг бирортасини ҳам инкор қила олмаган. Асовча кўп нарсага тушунмаса ҳам керак.

               Масалан, ҳар қандай давлат ташкилоти ҳақида қонун чиқарувчи орган томонидан қонун қабул қилинсагина бу ташкилот қонуний ташкилот ҳисобланади. Бу – аксиома. И.Каримов бошдан-бош жамият хавфсизлигини сақловчи милиция (полиция) ҳамда давлат хавфсизлигини сақловчи махсус хизматлар ҳақида қонун қабул қилинишига қарши бўлди. Давлатнинг бу икки ўта муҳим ташкилоти ҳозиргача ноқонуний ҳолда фаолият юритмоқда. Бошқача айтганда, И.Каримов салкам чорак асрдан бери Ўзбекистонни ноқонуний ташкилотлар ёрдамида бошқармоқда. Буни асовча оғайнимиз билмаса ҳам керак, акс ҳолда у ўз мақоласини бунчалик шарлатанларча ёзмас эди. АСОВЧА – майли, унга бир нарса дейиш қийин – унда савод йўқлиги кўриниб турибди! Исмат Хушевчи? У билиши керак-ку!

           А.Асоевнинг мана бу алжирашига қаранг: (Парча): “Мухолифат дегани ҳар бир давлатда бор. Аммо уларнинг ҳеч бири қочиб юргани йўқ. Мамлакат парламентида ўз вакиллари бор уларнинг. Ҳукумат тарафидан чиқариладиган қонун ва қарорларни имкон қадар муҳокама қилишади, айрим масалалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини киритишади. Хуллас, мухолифат дегани четда қараб турмай, мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этади. Исмат Хушевга тош отган қадрдонлар-чи? Олисдан туриб Каримов ҳукуматини ғийбат қилишдан бошқа бирор иш келмайди қўлларидан. Шу ҳам мухолифатчилик бўптими? ” (Парча тугади). Қайси мамлакатда шундай? Тожикистондами? Россиядами? Суриядами? Хитойдами? А.Асоевнинг асовлиги тутиб кетди-ёв, шекилли! Том ҳам кетганми, дейман. Хитойда биттагина партия бор. Қандай қилиб бу давлатда мухолифат бўлади? Дунёда энг демократик мамлакат ҳисобланган Норвегияда 19 та партия бор. Норвегия парламентига сайловлар бўлган 2005 йил сентябрида мен халқаро кузатувчилар таркибида Осло шаҳрида икки сайлов участкасида сайловнинг боришини кузатганман. А.Асоев Норвегияни айтмаяптимикин, мабодо?

            Шунча гап-сўздан кейин, барибир, мен Абубакр Асоевдан хурсанд эканимни айтмоқчиман – у икки муҳим масалада тамоман ҳақли фикр юритган. А.Асоев И.Каримов икки масалада – Ўзбекистонни лотин имлосига ўтказгани ва Роғун ГЭСи масаласида Э.Раҳмон билан ёқама-ёқа бўлаётгани катта хато эканига урғу берган. Офарин!

            17 октябрь, 2013 йил,      Франция.

            P.S.  Ушбу мақолани мен, табиий, “Дунё ўзбеклари” сайтига юбормайман ва уни шу бугуноқ ўзимнинг Фейсбукдаги саҳифамга жойлаштираман.  Турган гап, мени Исмат Хушевнинг реакқияси қизиқтиради.

Комментариев нет:

Отправить комментарий