Меню

воскресенье, 20 октября 2013 г.

Алдагани бола яхши дегандек-Шохимардонликлар Президентга рахмат айтдилар




Фарғона вилоятининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳоли Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов номига миннатдорлик мактуби йўллади. Бу
ҳақда UzbekTV New York телеканали хабар бермоқда.

Икки қишлоқ аҳолиси номидан 16 фуқаро томонидан имзоланган мактуб қачон жўнатилгани кўрсатилмаган. Мактуб эгаларининг қайд этишларича, «чегара ҳудудда истиқомат қилаётган бўлсак ҳам, кўнглимиз хотиржам, эртанги кунга ишончимиз мустаҳкам, тинч-осойишта ҳаёт кечиряпмиз». «Бу биз учун катта неъмат, чинакам бахт», – деб ёзади шоҳимардонлик ва ёрдонлик фуқаролар.

Хатда қайд этилишича, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари номлари зикр этилган қишлоқларга «тез-тез келиб туришибди». «Озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечакдан ёрдамлашишмоқда, қишли-қировли кунлар учун хонадонларимизга бепул кўмир тарқатилди», – дейилади мактубда.

Мактубда алоҳида қайд этилишича, Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқлари ёшлари Ўзбекистон Президентининг «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам» деган сўзларини «юракларига жойлаб, ғурур билан яшамоқдалар».

«Ҳаётдан рози бўлиб яшаш учун барча шарт-шароитлар, имкониятларни яратиб бераётганингиз, кўрсатаётган чексиз ғамхўрлигингиз учун Сиз муҳтарам Президентимизга самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз. Сизга мустаҳкам соғлик ва узоқ умр тилаймиз. Ўзбекистон аталмиш жаннатмакон юртимизнинг обрў-мартабаси Шоҳимардон тоғларидек юксак бўлаверсин!», – дейилади мактуб сўнгида.

Комментариев нет:

Отправить комментарий