Меню

понедельник, 17 декабря 2012 г.

2012 йилнинг 21 декабрь куни нима бўлади?

ЎЗБЕКЛАР ВА  ЧЕТ ЭЛЛИКЛАР ЎРТАСИДАГИ ФИКРЛАР ТАФОВУТИ
Ҳазилкашроқ талаба саволни кўндаланг қўйяпти: «Эй, айтинглар, ўзи шу 21 декабрда бўларканми? Мен сессияга тайёрланайми, йўқми?». Бошқа биров эса: «21 декабрь куни ҳаммаси «2012» фильмидагидек бўлишига ишонганлар – барча ҳужжатларим тайёр, бутун бойлигингизни менга мерос қилдириб қолдираверинг», деб ёзяпти. Учинчиси эса, ҳаммадан ҳам қувноқроқ шекилли: «21 декабрь куни ҳеч қандай охирзамон бўлмайди, чунки 22 декабрь куни М&TVA тақдимоти бор, Иван Дорн Тошкентда концерт бериши керак», деб гап қотаяпти…

«2012 йил феномени» деб аталган ва, ҳар ерда жар солишларича, 21 куни содир бўладиган воқеага 10 кун қолди. Ушбу сана қадимий Майя тақвимида «Тўртинчи Ажау, Туннинг тўққизинчи илоҳи, учинчи Канк’ин, биринчи Кабан йили» номи билан аталиб, 5125 йиллик циклнинг охири сифатида белгиланган. Турли ҳисоб-китоблар асос қилиб келтирилиб айтилишича, бу кунда дунё якуни ёки шунга ўхшаш ҳалокат рўй беради… Бироқ буларнинг ҳеч бири академик илм-фан томонидан тасдиқланган эмас…

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Бу каби нарсалар фолбинликдан бошқа нарса эмас. Қиёмат қачон содир бўлишини Аллоҳ Таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Сиз айтганга ўхшаганлар неча марталаб қиёмат бўлишини эълон қилишган. Аммо доимо ўзлари шарманда бўлишган», – дея муносабат билдирган эди.


Шунга қарамай, кишилар ҳали ҳам 21 декабрь куни нимадир бўлишига ишониб, шу кунга тайёргарлик кўриб яшашмоқда. Жаҳондаги энг йирик илмий муассасалардан бири, фазони ўрганиш бўйича жаҳондаги энг етакчи ташкилотлардан ҳисобланган АҚШ Миллий Аэронавтика ва фазони ўрганиш бошқармаси – NASA мутахассислари бу каби фаразларга қарши чиқишмоқда. Хотиржам қарши чиқишмоқда. «2012 йилнинг 21 декабрь куни биз билган дунёнинг охири бўлмайди, бўлса, навбатдаги қишки қуёш туриши содир бўлади, холос», деб ёзишмоқда. Ва ишонувчан, эътиқоди суст кишиларда пайдо бўлган кўплаб саволларга ҳам илмий, ҳам тушунарли йўл билан жавоб беришга интилишди. NASA мутахассисларининг жавоблари билан қуйида танишишингиз мумкин.

Савол: 2012 йилда Ер сайёрасига нималар хавф соляпти? Кўплаб интернет сайтлари 2012 йилнинг декабри дунёнинг охири бўлиши ҳақида ёзаяпти.
Жавоб: Дунё 2012 йилда тугамайди. Сайёрамиз, мана 4 миллиард йилдирки, яхши яшаб келмоқда ва жаҳондаги барча ҳурматга лойиқ олимлар 2012 йилда сайёрага ҳеч бир таҳдид хавф солмаётганини яхши билишади.

Савол: Дунё тарихи 2012 йилда якунига етиши ҳақидаги тахминлар, гап-сўзларнинг тарқалишига аслида нима сабаб бўлди?
Жавоб: Буларнинг бари Шумерлар томонидан кашф қилинган, аслида борлиги ҳам аниқ бўлмаган Нибиру номли сайёранинг Ер билан тўқнашиши ҳақидаги гап-сўзлар билан боғлиқ. Аслида, башорат қилинган фожеа 2003 йилнинг май ойида содир бўлиши керак эди, бироқ ҳеч нарса содир бўлмаганидан сўнг охират кунини 2012 йилнинг декабрига кўчиришди ва уни қадимий Майя тақвимининг циклларидан бирининг тугашига – 2012 йилги қишки қуёш туришига – ўз-ўзидан, барча-барчаси якун топадиган кунни 2012 йилнинг 21 декабрига белгилаб қўйишди.

Савол: Майя қабиласининг тақвими 2012 йилнинг декабрида тугайдими?
Жавоб: Ошхонангиз деворида осиғлиқ турган тақвим 31 декабрдан кейин тугаб, тўхтаб қолмаганидек, Майя тақвими ҳам 2012 йилнинг 21 декабридан сўнг тугаб қолмайди. Бу сана Майя тақвимидаги узоқ ҳисобли бир даврнинг якуни холос, шундан сўнг – ошхонангиздаги тақвимда 1 январдан яна ҳаммаси бошдан бошлангани каби – Майя тақвимида ҳам янги бир узоқ ҳисобли давр бошланади.

Савол: NASA 23 декабрдан 25 декабргача Ерни «тўлиқ зулмат» қоплаб олишини башорат қилганми?
Жавоб: Мутлақо йўқ. NASA ҳам, бошқа бир илмий ташкилотлар ҳам бундай зулмат ҳақида башорат қилган эмас. Бу каби ёлғон хабарлар «Борлиқнинг баъзи унсурлари бир чизиқда жойлашуви» зулматга сабаб бўлиши ҳақида фикрларнинг эълон қилиниши билан боғлиқ. Фазодаги жисмларнинг бундай жойлашуви, албатта, содир бўлмайди (кейинги савол жавобига қаранг). Ушбу миш-мишнинг бошқа бир кўринишида, NASA раҳбарларидан бири Чарлз Болденнинг фавқулодда ҳолатга тайёргарлик кўриш ҳақидаги огоҳлантирувчи хабарини асос қилиб кўрсатишади. Бу одамларни умуман фавқулодда вазиятларга тайёр туриш чақирувчи ташвиқот кампанияси доирасида ёзилган бир хабар эди. Бунинг зулматга ҳеч бир алоқаси йўқ.

Савол: Сайёралар Ер йўналиши билан бир чизиқда туриб қолиб, тўқнашув юз бериши мумкинми?
Жавоб: Яқин ўн йилликларда сайёраларнинг бир чизиқда туриб қолиши ҳолати кузатилмайди, мободо, шундай воқеа содир бўлган тақдирда ҳам, бунинг Ерга таъсири деярли сезилмайди. Шундай воқеа 1962 йилда содир бўлган, масалан, яна иккитаси эса 1982 ва 2000 йилларда кузатилган. Ҳар декабрда Ер ва Қуёш Сомон йўли галактикасининг марказида бир-бирига жуда ҳам яқин келади, бироқ бу ҳар йили кузатиладиган ва жиддий эътиборга арзийдиган воқелик эмас.

Савол: Ер билан тўқнашиб, кенг миқёсли вайронагарчиликларга сабаб бўладиган Нибиру номли жигарранг митти юлдуз, ёки Икс сайёра, ёки Эрис ёки бошқа бир сайёра ҳақиқатан ҳам борми?
Жавоб: Нибиру ва бошқа кутилмаган сайёралар ҳақидаги ҳикояларнинг барчаси интернетда тарқатилган ёлғондан бошқа нарса эмас. Ушбу баёнотларнинг бирортасида далил ва асослар йўқ. Агар Нибиру ёки бошқа бир Икс сайёра ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлиб, у 2012 йилда Ер билан тўқнашиши мумкин бўлганида эди, олимлар камида охирги 10 йил ичида буни аниқлаб бўлишган, бунинг устига, ҳозир сизу биз Ерга уриладиган ўша юлдуз ёки сайёрани қуролланмаган кўз билан кўра олаётган бўлардик. Очиқчасига маълум бўлиб турибдики, ундай сайёралар йўқ. Ҳа, Эрис номли митти юлдуз ҳақиқатан ҳам бор, лекин у Плутон каби кичик сайёра бўлиб, бизнинг Қуёш тизимимиздан ташқарида «яшайди»; у Ерга энг яқин келганида ҳам орадаги масофа 4 миллиард милга тенг бўлади.

Савол: 2012 йилда Ер метеоритлар зарбасига учраши хавфи борми?
Жавоб: Ер ҳар вақт метеоритлар ва астериодларнинг зарбасига нишон бўлиб келган, жуда камдан-бўлса-да, катта астероидларнинг кучли зарбалари содир бўлиб туради. Охирги энг кучли зарба бундан 65 миллион йил аввал берилган бўлиб, бунинг натижасида динозаврлар олами қирилиб кетган эди. Бугунги кунда NASA олимлари Фазовий Қалқон (Spaceguard Survey) номли дастур устида иш олиб боришмоқда: унинг ёрдамида Ерга яқинлашаётган ҳар қандай йирик астероид Ерга урилгунича йўқ қилинади. Бугун сайёрамизга динозаврларни қириб юборгандек катта астериодлар хавф солмаётганига ишончимиз тўла комил. Бу борадаги ишларнинг барчаси очиқ олиб борилган бўлиб, олинган маълумотлар ҳар куни NASA Near-Earth Object дастурининг расмий сайтига жойлаштириб борилган, шундай экан, 2012 йилда Ерга бирор нарса урилиши ҳақида ҳеч нима башорат қилинмаганига ўзингиз гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Савол: Дунё 2012 йилда йўқ бўлиши ҳақидаги гап-сўзларга NASA мутахассислари қандай муносабатда бўлишмоқда?
Жавоб: 2012 йилдаги офатлар ва мисли кўрилмаган ўзгаришларга илмий асос борми? Ишонса бўладиган далиллар қани? Улар йўқ; шундай экан, биз китоблар, фильмлар, ҳужжатли фильмлар ёки бутун интернет бўйлаб тарқатилган афсонавий тасдиқларни деб оддийгина бир фактни ўзгартира олмаймиз. 2012 йилнинг декабрь ойида содир бўлиши айтилаётган ғайриоддий воқеларни тасдиқлайдиган бирорта ҳам ақлга сиғадиган белги, далил ёки асос йўқ.

Савол: 2012 йил учун тахмин қилинган гигант даражадаги қуёш бўронлари қай даражада хавфли?
Жавоб: Қуёш фаоллиги даврий характерга эга бўлиб, у тахминан ҳар 11 йилда ўзининг энг юқори чўққисига чиқади. Ушбу чўққига яқин вақтда содир бўладиган Қуёшдаги портлашлар коммуникация тизимларида узилишлар, бузилишларга сабаб бўлиши мумкин, шунинг учун ҳам муҳандислар энг йирик қуёшли бўронли юз бераётган вақтда қандай қилиб электр-энергия ишлаб чиқиш мумкинлиги устида бош қотиришмоқда. Бироқ 2012 йил учун бу табиат ҳодисасининг ҳеч бир хавфли жойи йўқ. Қуёшнинг кейинги фаоллиги 2012-2014 йиллар оралиғида содир бўлиши кутилмоқда ва шу вақтгача тарихда содир бўлган фаолликлардан ҳеч бир жиҳати билан ажралиб турмайди.
--------------------------------------------------
Мексикаликлар "Қиёмат қойим"га тайёргарликни бошлади
Мамлакатда 21 декабрь арафасида махсус маҳсулотлар сотувга чиқарилди.


Майялар қабиласи тақвимига кўра шу йилнинг 21 декбрь куни содир бўлиши кутилаётган "Қиёмат қойим" туфайли авжига чиққан шов-шувлардан тадбиркорлар унумли фойдаланиб қолишга интилишмоқда. Яқинда Украинадаги   сайёҳлик агентликларидан бири айнан 21 декабрь куни дунё бўйлаб саёҳат учун махсус туристик лойиҳа тайёрлаган ва уни дам олувчиларнинг ихтиёрига қарба "Дўзах" ва "Жаннат" га йўл деб номлашган эди. Куни кеча мексикалик бизнесменлар ҳам шунга ўхшаш янги таклифга қўл уришди. 

Ҳозирда мамлакатда "Ҳар эҳтимолга қарши" номи остида бир неча хил маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошланди. Ушуб ассортиментлар орасида "Қиёмат қойим"да зарур бўладиган гугурт, турли банкаларни очишга мўлжалланган махсус пичоқ,  шоколадлар, хотиралар учун қайд дафтарчаси, бир литр идишдаги ичимлик суви ва унча катта бўлмаган шиша идишдаги ликёрларни (Юкатан ярим оролида тайёрланади ва майя ичимлиги деб ҳисобланади) учратиш мумкин.
"Агар "Қиёмат қойим" ростанам 2012 йилда рўй берадиган бўлса, унга тайёр турган яхши", — дейди ишлаб чиқарувчи компания раҳбари.

Шунингдек Лонтин америкасининг яна бир давлати Чилида жума куни куни эълон қилинган ижтимоий сўров натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг чорак қисми 21 декабрь куни ишга бормаслигини маълум қилган. Уларнинг ярмиси шундай кунда ишга боришга қўрқишини, овоз берганларнинг 30% эса "Қиёмат қойим"гача ҳеч йўқса ойликнинг ярмисини тўлашларини талаб қилишмоқда. 
-------------------------------------------------------------------------

Тамом.

21 декабрь – жума. Йилнинг охиридан олдинги иш ҳафтасининг энг сўнгги куни. 22 декабрь куни эса шанба – дам олиш куни. Ташқарида байрам кайфияти ҳукмрон экан, оила аъзоларингиз билан ташқарига чиқинг, қувонинг, ҳаётдан баҳра олинг – ҳар кунингиз шундай байрам бўлсин. Яхшилик ҳақида ўйланг, яхшилик қилинг, бошқаларга ҳам яхшиликни соғининг.

Қолган ҳаммаси ўз вақт-соати билан бўлади…


Комментариев нет:

Отправить комментарий