Меню

воскресенье, 30 декабря 2012 г.

Дўстлар қутловидан

Биринчи январ-Ризо ОБИД туғилган кун
rizo
 55
Ундан илҳомланиб интернетда радиолар кўпая бошлади…

Ҳар бир инсоннинг бармоқ излари ўзига хос бўлгани каби, унинг йўли ҳам ўзига хос ва ўзига оид бўлади. Аммо бармоқ излари Худо томонидан берилган ҳадя бўлса, инсоннинг йўли унинг ўзига боғлиқдир, чунки бу йўлни унинг ўзи яратади. Бунинг учун Тангри унга шундай яратувчилик қобилиятини ато этган. Кимдир буни ишга солади, кимдир ялқовлик қилади.
Ялқовлик инсонни ўз йўлини яратолмай, бошқаларнинг йўлидан кетишга, уларга тобе бўлишга, қул каби яшашга, уларнинг қилмишларига шерик бўлишга олиб боради. Бу эса инсоннинг инсон каби эмас, бечора қул каби яшашга маҳкум этади. У ўз эркинлиги ва ҳурриятидан айрилиб қолади. Бу жамиятимиз учун типик ҳолга айланди.
Демак, шундай шароитда мустақиллигини сақлаб қололган инсонгина ўз йўлига эга бўлади. Ризо Обид ана шундай инсонлардан биридир. Шунинг учун ҳам кимдир унга ҳавас қилади, кимдир ҳасад.
Баъзилар хат ёзиб “Ризо Обидни тўхтатинг, бўлмаса пачағини чиқариб юборамиз”, деб пўписа қиладилар. Бу бечораликдир. Аслида бу ўз бечоралигини кўрсатиб, Ризо Обид қаршисидаги ожизлигини тан олишдир. Бундайлар жуда яхши биладиларки, Ризо Обидни тўхтатиш кимнингдир қўлида эмас. Бошқача айтганда пўписачилар каби Ризо Обид кимгадир ишламайди ва кимнингдир қулимас. У нафақат инсон сифатида, балки журналист сифатида ҳам ўз мустақиллигини сақлаб қололган ноёб журналистдир.
У жасоратли инсон. Ҳеч кимдан қўрқмайди ва ҳар қандай одамга ўз сўзини очиқ, мардона айта олади. Ҳамма ҳам бунга қодир эмас. Кимдир кимгадир молиявий қул, кимдир кимгадир мафкуравий қул, кимдир кимгадир шунчаки қул. Бу инкор этилмайдиган ҳақиқат. Лекин Ризо Обид ўзи ўзига бек.
Қуллар бундай инсонларни ҳаётда кўп нарсага эришмайди, деб ўйлайдилар ва шуни иддао қиладилар. Аксинча, ҳаётда худди мана шундай инсонлар жуда кўп нарсага эришадилар.
Ризо Обид “Замондош” деган сайт яратди. Ҳар томондан кўчириладиган дайжест эмас, мустақил сайт. У дедилар-бу дедилар, охири тан олдилар. Чунки ҳеч ким бунчалик ўқувчиси кўп бўлган ва Каримовнинг қонхўр режимига бундай кучли зарба берадиган бошқа том маънодаги мустақил сайт яратолмади ҳали.
У интернетдаги биринчи ўзбекча радиони ишга туширди.
У интернетдаги биринчи ўзбекча ТВга асос солди. Ундан илҳомланиб, ТВлар ҳаракати бошланди…
У бир қанча ёшларга устозлик қилди ва улар маддоҳлик ёки қулликни эмас, ундан ўз йўлларига соҳиб бўлишни ўргандилар.
Бугун том маънодаги мустақил ўзбек журналистикаси ҳақида гап кетадиган бўлса, “Замондош”га ва унинг асосчиси Ризо Обидга тенг келадигани йўқ ҳисоби.
Уни тан олишни истамаслик, аслида уни тан олишдир.
Албатта, ҳар бир инсон камчиликлардан холи эмас. Менда бўлгани каби унда ҳам бундай камчиликлар бор. Лекин бу камчиликлар у ҳеч қандай манфаат кутмаган ҳолда халқимиз ва мамлакатимиз озодлиги учун қилаётган ишлар олдида ҳечдир. Биз бундай инсонларни қадрлашни ўрганишимиз керак. Мамлакат ва миллатга умуман хизмати сингмаган ёки зарари текканларни мақтаб, Ризо Обид каби фидойиларни кўрмаслик қалби сўқирликдир. Таассуфки, бу ҳам давримизга хос иллатга айланди.
Ёзганларимни шахсий қарашларим, Ризо Обид таваллуд кунидаги ўйларим, деб бир томонга суринг, лекин Тангри таоллони ўртага қўйиб айтингчи, Ризо Обиднинг сайтини ҳар куни нега очасиз? Нимадир ўқиш, нимадир олиш учун, тўғрими? Демак унинг ҳаққи сизга ўтмоқда. Тангри бандаларига баҳо беришда худди ана шу нарсага қарайди ва мукофотлантиради.
Туғилган куни баҳонасида унга қоп-қоп мақтовлар ёғдириш мумкин, лекин ҳаммаси тўпланиб, ана шу мукофотга тенг бўлолмайди.
Ризо Обид 55 ни “урибди”. “Беш” деган ибора бор. “Ишлар беш” деймиз. Ишлар зўр дегани. Бу сафар беш бўлганда ҳам қўшалоқ беш -55. Саломатлик ва саодат каби қўшалоқ. Тилагимиз 55 соҳиби олтмишни ортда қолдириб, етмишни етаклаб, саксондан сакраб, тўқсонни тўққиллатиб, отасининг изини босиб, юз билан юзлашганда ҳам саломатлик ва саодат уни тарк этмасин, бугунги каби мустақил Ризо Обид бўлиб қолсин!
Бу дунёда инсон учун ҳурлик, мустақилликдан қимматлироқ бойлик йўқ. Ризо Обид ана шу ноёб бойликнинг соҳиби экан, тилагимиз буни ҳеч қачон йўқотмасин!
Жаҳонгир Муҳаммад.
jahonnoma.com

Комментариев нет:

Отправить комментарий