ФОРОБИЙ (873-950) — асл исм-шарифи Aбу Наср Ибн Муҳаммад Ибн Узлуғ Тархон бўлиб, Форобий унинг нисбасидир. Ўрта асрлар мусулмон Шарқининг машҳур мутафаккири, қадимги юнон фалсафасининг энг йирик давомчиси ва тарғиботчиси. Қад. юнон илм-фанининг билимдони сифатида Аристотелнинг “Метафизика”, “Физика”, “Метеорология” ва мантиқ соҳасига оид китобларига, Птолемей, Александр Афродезийский ва б.ларнинг ахлоқ-одоб, психология, табиий фанлар бўйича яратган илмий рисолаларига шарҳлар ёзган. (“Икки файласуф — Арасту ва Галеннинг барча фикрлари тўғрисида китоб”, “Арасту ва Гален ўртасида воситачилик” ва б.) Айниқса, Аристотел фал.сини талқин этиш ва мантиқ соҳасидаги ишлари унинг, дунёда “Ал-муаллими соний” (“иккинчи муаллим”) ва “Шарқ Аристотели” каби номлар билан шуҳрат қозонишига сабаб бўлди. Шунингдек, Ф. илм-фаннинг турли соҳаларига тааллуқли мумтоз асарлар муаллифи ҳамдир. У бeринчилардан бўлиб ўз даври илмларининг таснифини берди ва инсон маънавиятининг юксалишига катта ҳисса қўшди. Унинг мусиқа соҳасига атаб ёзган асарлари мусиқа наз-ни бойитди, Шарқда
кенг тарқалган най, ноғора, чанг, рубоб каби мусиқа асбобларини таърифлаб, уларнинг кишилар маънавий ҳаётидаги ўрнини кўрсатиб берди. Ф. математика, тиббиёт, араб тили грамматикаси, алкимё, мантиқ илмларига оид қимматли асарлар ҳам яратди. Борлиқ муаммосини ҳал этишда унинг кейинчалик мусулмон фал.ий илмлари йўналишини асослаган “вужуди вожиб” ва “вужуди мумкин”нинг ўзаро нисбатига мурожаат қилиш анъанаси Ф. даҳосига тааллуқлидир. Мазкур йўналиш кейинги даврларда ислом оламида жуда кўп алломаларнинг ўз илмий, диний-фалсафий йўналишларини яратишларига сабаб бўлган эди. У ўзининг қатор асарларида бу масалага тўхталиб, “вужуди вожиб” барча мавжуд ёки пайдо бўлиши мумкин бўлган нарсаларнинг биринчи сабаби эканлигини уқтиради ва бу билан мусулмон шарқи халқларининг оламни тушуниш билан боғлиқ маънавиятини янги поғонага олиб чиқади. Биринчи сабаб сифатида у ўзга сабаб ёки турткига муҳтож бўлмаган зотни (Худони) эътироф этади. Унингча оламни яратган зотда нуқсон ва қусурлар, зиддият, номутаносиблик, беқарорлик, билмасликдан билишга қараб йўналиш каби жараён йўқ. У мутлақ борлиқ ва донишмандлик ифодасидир. У яратади, лекин бошқа нарсалар томонидан яратилмайди. Мазкур илмий қарашларнинг илмий-исломий тафаккур билан уйғунлаштирилиши ислом эътиқодидаги халқларнинг Аллоҳ ва борлиқ тўғрисидаги тасаввурларини илм-фан асослари билан мустаҳкамланиши ва бу ғоя билан суғорилган маънавиятнинг аввало илм аҳли, сўнг эса одамлар орасида кенг ёйилишига ҳамда анъанавий маънавият сифатида шаклланишига сабаб бўлган эди. Ф. га кўра “Вужуди мумкин” салтанати аксинча, доимо ўзгаришда, зиддиятли муносабатларда, унда барча нарсалар оддийликдан мураккабликка, тартибсизликдан тартиблиликка, норасоликдан камолотга қараб юз тутади. “Вужуди вожиб” яратган нарсалардан дастлабкиси биринчи ақлдир. Биринчи ақл фаол ақл сифатида ҳар бир сайёрага хос ақлларни вужудга келтиради. Энг сўнгги самовий aқл натижасида ердаги ақл-руҳ ва барча моддий жисмларнинг асоси бўлмиш тўрт унсур — тупроқ, сув, ҳаво ва олов пайдо бўлади. Юқорида зикр этилган тўрт унсур негизида ўсимликлар, ҳайвонот олами, инсон зоти ва нотирик табиат юзага келади. Органик оламга ўсимлик руҳи, ҳайвоний руҳ ва инсоний руҳ хосдир. Жисм ва ҳаракат узвий алоқада бўлади. Ҳаракат ва сукунатнинг ибтидоси сиртқи бирон-бир нарсага ёки иродага бориб тақалмаса, уни табиат деб аташади. Ҳаракат, ўз навбатида, вақт б-н узвий тарзда боғланган. Ҳаракат ибтидо ва интиҳо б-н чегараланмаган. Ф. билиш муаммоларига алоҳида эътибор билан қарайди. У воқеликни билиш мумкин эканлигига асло шубҳаланмайди. Инсон ўзининг барча билимларини ташқи олам туфайли олади. У кўпгина восита ва усуллар билан таъминланганки, улар (идрок, сезги, хотира, тасаввур, мантиқий тафаккур, ақл, нутқ) орқали воқеликни ўзлаштира боради. Айнан шу воситалар туфайли инсон илм-фанни яратади. Билиш жараёни чексиз бўлиб, у инсонинг жонли мушоҳадаси ва тафаккурнинг билмасликдан ноаниқ нарсани билишгача бўлган ўта мураккаб йўлни қамраб олади. Бу йўналиш ҳодисалар оқибатини билишдан унинг сабабини билишни, акциденциядан субстанцияга етиб боришни мақсад қилиб қўяди. Лекин бу йўналиш сабабдан оқибатга, моҳиятдан ҳодисага, ақлдан жонли мушоҳадага томон қаратилганда айни муддао бўлар эди. Амалда эса бор имкониятдан фойдаланиш лозим. Ақлий билиш Ф. талқинида икки жиҳатга эга. Биринчидан, у конкретдан узоқлашиш ва унда умумий томонларни ажратиб олишни, иккинчидан эса, ушбу умумийлик кўмагида конкрет жиҳатнинг моҳиятига чуқурлашишни тақозо қилади. Пировардида ақл замин сирларидан воқиф бўлиб, самовий жисмларни билишга киришади. Ақлий билиш коинот ақли кўмагида баркамол илмга айланади. Гарчи инсон ақлини коинот ақлига тиқиштира бериш билиш назариясига мистиканинг кириб боришига йўл очиб берган бўлса-да, у ижобий аҳамиятга эга эди, чунки у билишнинг рационал методини асослаб беришга азму қарор қилганди. Бундан ташқари, Ф. билиш таълимотининг бошқа кўпгина жиҳатларига ҳам диққат-эътиборини қаратиб келган. Айниқса, илмий тадқиқотда кузатув, баҳс-мунозара, билиш методлари, ҳиссий мушоҳаданинг чекланганлиги борасида қизиқарли ғояларни илгари сурган. Ф. туфайли мусулмон Шарқи фал-ий тафаккурида мантиқ илми чуқур илдиз отди. У билишда мантиққа мурожаат қилмаган кимсани қоронғуда ўтин ёрган одамга ўхшатади. Ф.нинг ижтимоий-ахлоқий, сиёсий қарашлари беҳад даражада эътиборлидир. Инсонни бахт-саодатга элтувчи жамоа фазилатли, етук, хосиятли жамоа, чунки инсоннинг ўзи дунё тараққиётининг энг мукаммал ва етук якунидир. Инсон бахт-саодатга эришишда олам асослари ҳақидаги илмни, табиий жисмларнинг тузилишини, осмон, жонли табиат-ўсимлик ва ҳайвонот олами тўғрисидаги барча билимларни ўзлаштириб олиши лозим. Шундан сўнг у инсонни ўрганишга киришиши, ва унинг камолотга эришуви сабаблари бўлмиш хайр-эҳсонли ишлар, гўзал инсоний фазилатларга диққатни жалб этиши зарур. Ф.нинг адолатли, фазилатли жамият, давлатни демократия талаб ва тамойилларидан келиб чиққан ҳолда бошқариш тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари диққатга сазовордир. Мутафаккирнинг орзусидаги адолатли жамиятда кишиларнинг самарали меҳнатига, илм соҳибларига, уларнинг ақл-заковатига, фазилатли ахлоқ-одобига, ҳаётий тажрибасига юксак баҳо берилади. Диний адоват, ўзга динларга эътиқод қилувчиларга нафрат каби сифатлар қораланади. Унинг учун энг муҳими — кишиларнинг у ёки бу динга эътиқод қилиши эмас, балки маърифатнинг тантанаси, илм-фаннинг иқболи, инсон камолоти, бахт-саодат, эзгуликнинг қарор топиши, инсонларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигидир. Бундай жамиятда касб-ҳунар, илмни эгаллашга кенг йўл очиб берилади. Жамиятда тенгҳуқуқлик ва эркинлик салтанати ҳукмронлик қилади, якка ҳокимликка барҳам берилади. Давлат бошлиқларини фуқароларнинг ўзлари сайлайдилар. Сайланган бошлиқлар халқ манфаатларига зид ҳаракат қилсалар, улар ўз амал-мансабларидан четлаштирилади. Орзудаги давлат арбоблари ўз фаолиятларида адолат, тенгҳуқуқлик, фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб иш тутадилар. Ф.нинг ундан кейинги авлод зиёлилари, машҳур олим ва мутафаккирлари дунёқарашининг шаклланиши ва ривожига таъсири самарали бўлган. Бундан ташқари, бутун Оврупо Ф. ва б.лар орқали антик олам маданияти, жумладан, табиий-илмий ва ижтимоий-фалсафий ғояларидан хабардор ва баҳраманд бўлди. Асосий асарлари: “Субстанция ҳақида сўз” (“Калом фи-л-жавҳар”), “Қонунлар ҳақида китоб” (“Китоб фи-н-навомис”), “Масалалар манбаи” (“Уюн-ул-масоил”), “Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи” (“Китоб фи иҳсо ал-улум ва ат-таъриф”), “Мантиққа кириш китоби” (“Китоб ал-мадхал ила-л мантиқ”), “Фалсафа” тушунчасининг маъноси ҳақида сўз” (“Калом фи маъони исм ал-фалсафа”), “Фазилатли хулқлар” (“Ас-сифат ал-фазила”) ва б.лар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий