Меню

четверг, 27 декабря 2012 г.

2013 йили Ўзбекистонда уяли алоқа телефони пластик картанинг ўрнини босиши мумкин

Ўзбекистонда NFC технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳа устида ишланмоқда. Ушбу лойиҳа SMS-To’lov тизими билан биргаликда тўловларни уяли алоқа телефони орқали амалга ошириш имконини беради. Дастур Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) томонидан БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги "Ўзбекистон Бизнес Форуми (2-Фаза)” лойиҳаси билан ҳамкорликда амалга ошириляпти.

Тизимнинг ишлаш принципи қуйидагича: MicroSD форматидаги махсус NFC чипи ўрнатилган уяли алоқа телефонига эга киши, ўз мобил телефонини махсус сенсорли майдонга теккизиб, 4 рақамли паролни киритган ҳолда дўкондаги харидларини тўлаши мумкин. Қурилма маълумотни ўқийди, телефон боғланган пластик картадан ёки фойдаланувчининг ҳисобидан пулларни кўчириб олади ва сизга чекни беради. 

NFC чипи Bluetooth га ўхшайди, фақат у анча тезроқ ва хавфсизроқдир. 


Агар телефон йўқолса, бегона киши ундан фойдалана олмайди, чунки паролни телефон соҳибининг ўзигина билади. Пластик картадаги каби унда ҳам телефонни тезлик билан блокировка қилиш имконияти бор.

NFC (Near Fied Communication) – симсиз коммуникация технологияси бўлиб, у иккита электрон қурилмага қисқа масофаларда (кўпи билан 5 см) жисмоний алоқасисиз радиочастоталар ёрдамида ўзаро маълумот алмашиш имконини беради. NFC ёрдамида телефон соҳиблари шунчаки уни терминалга яқинлаштирган ҳолда йўл ҳақи, дўконлардаги харидларнинг тўловларини амалга оширишлари мумкин.

ССП вакилларининг OLAM.uz таҳририятига берган маълумотига кўра, лойиҳа деярли тайёр бўлиб, ҳозирги босқичда автобуслар ва дўконларда махсус терминалларнинг жорий этилиши мувофиқлаштирилмоқда. Кейинчалик терминалларни деярли ҳамма жойда – кассалар, дорихоналар, АЁҚШ, умумий овқатланиш шоҳобчалари, коммунал хизматларга тўлаш пунктларига ўрнатиш мумкин бўлади.

Шунингдек, NFC га эга уяли алоқа телефони бир нечта банк карталарининг ўрнини босиши мумкин. Оnline, Visa ёки MasterCard карталари ҳамма жойда ҳам қабул қилинмайдиган Ўзбекистонда тўлов сезиларли даражада осонлашади, чунки терминал уларнинг барчаси билан ишлайди. Маблағларни юклаш ва тўлаш оддий усулда амалга оширилади: бунинг учун иловани юклаб олиш, карта маълумотларини киритиш (банклар рўйхати кейинчалик шакллантирилади) ва тасдиқлашнинг ўзи кифоя. Шундан сўнг телефонни NFC ни кўтарадиган исталган терминалга қўйиш мумкин. 

NFC га эга уяли алоқа телефони:
– электрон кармон, йўл чиптаси, қўниш талони, чегирма учун купонлар ўрнини босади;
– дўконларда маҳсулот ҳақидаги қўшимча маълумотларни олади (NFC белгиси бўлганида);
– кредит картасининг виртуал нусхаси ёки электрон кармонга кира олади;
– бошқа уяли алоқа телефонига (бу билан эскирган Bluetooth нинг ўрнини босади) ёки Wi-Fi тармоғига уланишни тезлаштиради;
– худди шундай гаджет соҳибига пул маблағларини ўтказади;
– иш пропуски, уй, офис калити, меҳмонхона номери ёки автомобиль калитининг ўрнини босади;
– шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўла олади;
ва бошқалар.

Айтиш жоизки, NFC устидаги ишлар дунёда 2003 йилдан буён олиб борилмоқда. Ушбу технология Японияда кенг тарқалган. Ўзбекистонда 2010 йили SMS-To’lov тизими пайдо бўлганидан кейин NFC технологиясини жорий этиш имкони пайдо бўлди.

Ҳозир, икки йилдан сўнг, NFC фойдаланишга тайёр бўлиб, уни банклар билан мувофиқлаштириш ишлари ҳамда "Тошшаҳартрансхизмат” билан тест ишлари якунига етмоқда. 

"NFC ни ривожлантириш ва жорий этиш жамият ҳаётига мобил тўловлар тизими қай даражада тез кириб боришига боғлиқ бўлиб турибди. Бунинг устига ССП мутахассислари нафақат смартфонларда, балки оддий телефонларда ҳам ишлайдиган NFC иловаси устида ишлашмоқда. Шунга қарамасдан, 2013 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб Ўзбекистонда NFC орқали тўловни амалга ошириш имкони пайдо бўлади”, - дейди СПП раиси Алишер Шайхов.


Комментариев нет:

Отправить комментарий