Меню

понедельник, 31 декабря 2012 г.

Амал қилинг! Шайтонни сўкманг, балки...


Динимиз бизга лаънатлашни, сўкишни буюрмаган. Шунинг учун лаънатламаслик, сўк­маслик, ҳақорат қилмаслик мусулмонга хос хислатдир. 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар:

«Менинг саҳобаларимни ёмонламанг, жоним измида бўлган Зотга қасамки, агар бирортангиз хайр­ли ишларга Уҳуд тоғича олтин сарфлаганида ҳам, саҳобаларим қозонган шарафнинг бир заррасига эриша олмайди»;

«ўлганларни сўкманг, зеро, улар қилган амалларининг оқибатини кўргандирлар»;

«Безгакни сўкманг, у туфайли одамларнинг гуноҳлари кечирилади»;

«Шайтонни сўкманг, балки унинг ёмонликларидан паноҳ беришини Аллоҳдан сўранг».

Ана шундай, динимиз ҳатто лаънатланган шайтонни ҳам сўкиш, лаънатлашдан қайтарган. Сў­киш ўрнига унинг ёмонлигидан паноҳ сў­раб, Аллоҳ таолога ёлвориш буюрилган. Чунки шайтонни сўкиш ожизликдан, Аллоҳдан паноҳ сўраш эса имон мустаҳкамлигидан далолатдир.

Шундай ибратли сўз бор: «Қоронғуликни сўкиб ўтирмай, шамни ёқа қолсанг-чи...» Зеро, қоронғуликни қанча сўкмайлик, у ўзгармайди. Уни ёритиш йўлини излашимиз лозим.

Шуни билиб олайлик, кимни бўлса-да, лаънатлаш, сўкиш туфайли бизга заррача ажр берилмайди. Зеро, сўкиш мусулмоннинг бажармаса гуноҳ ёзиладиган бурчлари сирасига кирмайди.

Олимлардан бири бун­дай деган: «Агар киши бутун умри давомида Фиръавн, Абу Жаҳл ёки шайтон ҳақида бир оғиз ҳам ёмон сўз айтмаган бўлса, бунинг учун Аллоҳ таоло уни жазоламайди. Аммо у бирор одам ҳа­қида бир оҚиз бўл­са-да, туҳмат ё ҳақорат гапни айтган бўлса, ҳисобга тортилиши аниқ».

 
Валийлар ибрати. Менинг вазифам...

Иброҳим Адҳам бир боғни қўриқлар эди. Боғ эгаси бир куни унга:

– Ширин анордан келтир! – дея буюрди. У бир товоқ анор териб келди. Аммо анорларнинг ҳаммаси нордон чиқди. Боғ эгаси иккинчи бор:

– Нордон эмас, ширин анор териб кел! – деди.

У яна келтирди. Анорлар бу гал ҳам нордон чиқди. Ҳайрон бўлган боғ эгаси:

– Субҳаналлоҳ! Шунча пайтдан буён боғимда қоровулсан. Нега энди ширин анорни нордонидан ажратолмайсан? – деди жаҳл қилиб.

Иброҳим Адҳам:

– Менинг вазифам боғни қўриқлаш. Анорларни еб, қайси ширин, қайси нордон эканини аниқлаш эмас, – дея жавоб берди.

Унинг ҳалоллигидан таъсирланган боғ эгаси:

– Сенинг гапларингни эшитиб, худди Иброҳим Адҳамга ўхшайсан-а, дегим келяпти, – деди.

Иброҳим Адҳам ўзини танитмаслик учун боғни тарк этди...

bekajon gazetasidan olindi

Комментариев нет:

Отправить комментарий