Меню

вторник, 25 декабря 2012 г.

Ҳар куни ўн минг “почтальон” !

Намоз Нормўмин
Мен ҳар доим халқимиз ичидан ёмонлардан кўра яхшиларнинг, қобилиятсизлардан кўра қобилиятларнинг кўплигига ишонганман. Тўғри баъзан камчиликларни танқид қиламан, дея уларни ва тамсилчиларини бўртириб юборган бўлишим ҳам мумкин. Аммо бир яхшилик ўн ёмонликни даф қилади, деганларидек бугун яна бир яхши мавзу ҳақида ёзмоқчиман...
Асосан Каримов диктатураси, қолаверса глобаллашиш сабаб бўлиб, Ўзбекистондан миллионларча киши хорижга чиқиб кетганини биламиз. Ўзбекларни бугун Аляскада ҳам, Исландияда ҳам, Жанубий Африка Республикасида ҳам, Непалда ҳам учратишингиз мумкин. Шундай дунё аҳли бўлган ўзбекларнинг яхши сифатларидан бири ўз она ватанини, айниқса ўз
туғилган қишлоғини унутмасликларидир. Хуллас, ҳар куни Ўзбекистондан тахминан ўн минг киши чиқиб кетаётган бўлса, яна ўн минг киши ватанимзга қайтиб келмоқда. Баъзилари вақтинчалик, баъзилари эса чемодонини ва чўнтагини тўлдириб доимий яшаш учун қайтишмоқда ватанимизга...
Четга чиқиб кетган ҳамюртларимизнинг дунё ҳақидаги тасаввурлари ва зеҳнлари ҳам ўзгариб келаётганини унутмаслгимиз керак. Дейлик, бир йигит икки уч йиллик муҳожирликдан кейин қишлоққа қайтиб келди. Албатта, ўзбекчилик анаъанасига кўра қариндош уруғлар, қўни қўшнилар бу йигитнинг уйига келишади. Шунда одатдаги соғлик- омонлик, бола -чақа ҳақидаги савол жавоблардан кейин навбат шу йигит яшаган давлатнинг, у ердаги халқнинг аҳволи ҳақидаги мавзуга келади:
-У ерларда ҳам биздагидек свет ва газ ўчиб турармикин, дея сўрайди келганлардан бири..
-Йўқ, дейди муҳожирликдан қайтган йигит, мен борган жойда ток ва газ доимо бўлади...
-Қанчадан ойлик олар экан у ердагилар?
-Энг кам 1000 доллар...
-Интернетга кириш осонми, дея сўрайди укаси қишлоққа қайтиб келган акасидан.
-Осон, жуда ҳам осон, у ерларда интернет сайтлари биздагидек ёпиб қўйилмайди...
-Долларни алмаштириш осонми, дея сўрайди яна бири.
-Ҳа, дейди хориждан қайтган йигит. Истаган жойингизда истаган миқдорингизда доллар олишингиз ёки сотишингиз мумкин...
Бундай суҳбатлар (айнан шундай бўлмаса ҳам шу маънодаги) ҳар куни ўн минг уйда 20 ёки 30 кишилик даврада бўлиб ўтади. Диктатор Каримов цензура қилган телевизор ва радио каналлари, газета ва журналлари, йўлига тўсиқ қўйилган интернетсиз ҳам шу тарзда инсонларимиз дунёда бўлаётган воқеалардан озми, кўпми хабардор бўлмоқдалар. Энг муҳими ҳар куни Ўзбекистонга ўн мингларча тушунчаси ва дунёқараши ўзгарган ёшларнинг қайтиб келаётганидир.
-Каримов диктатордир, дейди улар хулосавий равишда. Бугун дунёда диктаторликлар бирин -кетин йиқилмоқда...
-Каримов Ливиянинг эски диктатори Қаддафийга, унинг қизи Гулнора эса Қаддафийнинг ўғли Сайфулисломга ўхшайди. Ливияда бу диктатор ва оиласи шарманда бўлди, Ўзбекистионда ҳам бу кунлар яқин, деган хулосага келган уларнинг кўпчилиги...
Ҳа, инсоннинг ҳақиқий инсон сифатида яшаши учун Эркинлик шартдир. Бугун хорижда яшаётган ўзбеклар ҳам Эркинлик шароитида яшашнинг қонун ва қоидаларини ҳам ўрганмоқдалар. Эркинликнинг анархия эмаслигини, инсон ҳуқуқлари барчага зарур эканлигини улар тушуниб етмоқдалар. Шунинг учун улар диктатор Каримов ҳокимиятдан кетса, Ўзбекистонда тўс -тўполон бўлади, диний ёки миллий сабаблар билан фуқаролар уруши чиқади, хуллас ўзбеклар эркинлик шароитида яшай олмайди, деган сафсаталарга ишонишмайди. Эркинлик ва инсон ҳуқуқларининг ҳам ўзига яраша чегаралари борлигини, эркин сайлов ва унинг натижаларини тан олиш жамият тараққиёти учун муҳимлигини улар ўз кўзлари билан кўриб, Ўзбекистонга қайтиб келмоқдалар...
Ҳар куни ўнг минларча ёшларимиз мана шу тарзда ватанга қайтмоқдалар. Улар ўзлари билан эркинлик, адолат, инсон ҳуқуқлари, фуқаровий жамият каби қадриятларни ҳам шуурларида ташиб келмоқдалар. Демак, ўзбекларнинг ҳам зулм ва қатағондан қутулиши яқин. Ўзбек баҳори кунма кун яқинлашиб келаётганига ҳаммамиз ишонимиз керак. Муҳими бу йўлда ҳаммамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Бунинг учун эса Ўзбекситонда янги жамиятнинг пойдеворини отишга ҳозирланаётган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларида туриб, унинг фаолиятига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим бўлади...
Намоз Нормўмин,
25 декабрь 2012 йил

Комментариев нет:

Отправить комментарий