Меню

воскресенье, 16 декабря 2012 г.

АРИСТОТЕЛ

(Aristoteles, мил. ав. 384-322) – қадимги Юнонистонда ўзига хос фалсафий таълимот яратган машҳур мутафаккир. Фракиянинг Стагира шаҳрид туғилган. Шарқ халқлари, жумладан, араб, эроний ва туркий халқлари орасида унинг номи Арасту тарзида кенг тарқалган. А. фан тараққиётнинг ўзигача бўлган барча ютуқларини умумлаштириб, фанларнинг ягона тизимини яратиш билан инсоният маънавиятида ўчмас из қолдирди. Унинг қарашларига кўра, фанлар борлиқни тадқиқ этиш билан машғул бўлар эканлар, ўз моҳиятларига кўра назарий жиҳатдан одамлар дунёқарашини ўзгартириб борадилар ва бу ўзгаришлар ҳам фанларнинг ўзларида, ҳам инсонларнинг оламга нисбатан муносабатлари, дунёқарашларида, ҳам улар томонидан таъсир курсатилган моддий оламдаги ўзгаришларда ўз аксини топиб боради. Бунинг натижасида инсонлар ҳиссиётлари, руҳониятларида ўзгаришлар юз бериб, бу
ўзгаришлар ўз навбатида уларнинг маълум вақеа-ҳодисаларга нисбатан муносабатларидан келиб чиқадиган хулқ-атворларида ҳам ўзгаришларни юзага келтиради. Бу ҳолатнинг узлуксиз давом этиши инсон маънавиятида узлуксиз ўзгаришларнинг такрорланишига замин ҳозирлайди. А. нинг фикрича маънавият моддий борлиққа асосланади, унинг асоси бўлган моддий дунё эса объектив, табиат ҳам ўз навбатида моддий кучлантирувчи ёрдамида ҳаракатга келади ва бу ҳаракат доимий ҳаракат ва ўзгаришда бўлган нарсалар йиғиндисидан ташкил топади. Мана шу узлуксиз ўзгаришлар ва доимий ҳаракат инсон маънавиятининг ҳам доимий равишда такомиллашиб, аниқлашиб боришига имконият яратади. Бу жиҳатдан аниқ маънавий тушунчаларнинг ҳосил бўлишида материя ва унинг шакли ўртасидаги мутаносиблик муҳим рол ўйнайди. А. да борлиқни тушуниш ва билиш шакл ва мазмуннинг бирлигини ифодалайди. Мазкур қарашни маънавиятга татбиқ этганда билиш тушунчасини эга бўлиш маъносида тушуниш талаб этилади. Негаки, маънавиятнинг шакли инсон моддий ва маънавий борлиғидаги нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятидан, улар орқали эса унинг онгида шаклланган тушунча ва мазмундан келиб чиқади. А. нинг материя ва унинг сабабиятини билиш тўғрисидаги таълимоти ҳам маънавиятга татбиқ этилганда чуқур асос вазифасини бажаради. Хуллас А. Платоннинг “ғоялар дунёси”га қарама-қарши  равишда оламнинг асосини материя – борлиққа боғлайди ва инсонни моддий дунёнинг энг олий маҳсули сифатида эътироф этади. Инсоннинг танасини материя ва руҳини шакл дея талқин этади. А.нинг билиш назарияси ўзининг илм-фан тармоқлари билан боғланганлигини билдириб турсада, унинг диалектик билиш назарияси инсон маънавиятининг шаклланиши тўғрисидаги замонавий қарашларга кўп жиҳатдан асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, А. фанларнинг мақсадларини белгилар экан, уларни билиш жараёнида нарса ва ҳодисаларни билишда аввало уларни ҳис этиш лозимлигини уқтиради ва инсон ҳосил қиладиган билим, у эга бўлиши мумкин бўлган реаллик туридир, деган қарорга келади. А.биринчи бўлиб, ахлоқ (этика)ни мустақил фан сифатида илмий-фалсафий билимлар силсиласига киритган. Унга инсонлар ўртасидаги муносабат доираси ва оқил ижтимоий ҳайвон - индивиднинг ахлоқини ўрганувчи фан, деб ном берган. У тўғри юриб-туриш, ахлоқ-одоб масалалари ҳақидаги амалий насиҳатлар сифатида алоҳида асар ёзиб, уни ўғлига бағишланган ва унинг номи билан «Никомах этикаси» деб атаган. Ахлоқий масалаларни ҳал этишда у Демокритга яқии турган. А.нинг этикаси дунёвий, ҳар бир озод кишини давлат фуқароси руҳида тарбиялаш масалаларига бағишланган. А.нинг фикрича, ахлоқ масаласини кенг ва атрофлича ўрганиш ҳамда унинг тизимини яратишдан аввал бахт-саодат нималигини аниқдаб олиш лозим. Шунга кўра, «Этика»да фаровонлик, эзгулик, ирода эркинлига ҳақидага фикрлар кенг ўрин олган. Рисола охирида озчиликка тааллуқли бўлган маънавий идеал таҳлил қилинади. Тарбиядаги ютуқ турмуш тарзига боғлиқ. Энг яхши ҳаёт кечириш шакли ҳақидаги таълимот бевосита давлат тузилиши ва сиёсатининг мақбул шаклига боғлиқдир. А.га кўра яхшилик мутлақ ғоя бўлиши мумкин эмас, чунки яхшилик борлиқ сифат ва муносабат категорияларига тегишлидир. Яхшилик турли-туман ва уни битта ғояга боғлаш мумкин эмас. Агар яхшилик ўз-ўзича мавжуд, дейилган тақдирда ҳам унинг ахлоққа алоқаси бўлмай, кишилар унга эриша олмасдилар. Ахлоқ эса амалий масалаларни ҳал этади. Яхшилик тушунчаси мақсад билан боғлиқ ва у ҳар доим унга интилади. Бу мақсад орқали бошқа мақсадга эришишга интилиш бўлмаслиги керак. Ҳақиқий ёки олий бахт-саодат инсонга хизмат қилиши муҳим. Яхшилик бу жоннинг туғма сифати бўлмасдан, балки ҳосил жинган, эга бўлинган нарсадир ва шунинг учун ҳузур-ҳаловат барчанинг умумий мақсадидир. Чунки ҳамма яхшиликдан бутунлай маҳрум эмас. Лекин унга таълим ва меҳнат орқали эришилади. А. яхшилик ҳақида умумий мулоҳазалар юритибгина қолмасдан, балки уни чуқур таҳлил қилишга эътибор қаратади. Бу масалада у доимо амалий фаолиятга мурожаат қилади. Фаолиятга тааллуқли тадқиқотда умумий мулоҳазалар мазмунсиз бўлиб, хусусийлари кўпроқ ҳақиқатга эгадир. Чунки ҳаракат доимо хусусий ҳисобланиб, умумий ҳолатлар хусусий ҳолатлар билан келишиши керак. Жасурлик — бу яхшилик, бемаъни қаҳрамонлик ва қўрқоқлик ўртасида туради. Бироқ яхшилик оддий ўрталик эмас, чунки у доимо икки қутбнинг бирига яқин туради. Қахрамон киши шундай кишики, у ўз олдидаги тўсиқларни енгиб, қўрқмай олға боради. Жасоратли киши азоб-уқубатга чидайди, меъёрида ва оқилона ҳаракат қилади. Ҳар қандай қувват инсон жони эга бўлган хусусиятга боғлиқ. Шунинг учун жасурга қаҳрамонлик аъло кўринади. Унга эришиш бу унинг мақсадидир. Жасурлик ахлоқий яхшилик экан, у фаолият орқали шаклланади ва намоён бўлади. А. қаҳрамонлик тушунчасининг яна бошқа жиҳатларини ҳам фарқлайди. Масалан, у сиёсий қаҳрамонлик тўғрисида фикр юритиб,  қаҳрамонлик кўрсатиш,  қўрқув ва азобдан қутулишга интилишга, инсонни жасур бўлишга ундайди. А. ахлоқий фазилатлар ва иллатларни қуйидаги кўринишда тасниф қилади: 1) фазилатлар: жасурлик, довюраклик, мўътадиллик, сахийлик, савлатлилик, ҳимматлилик, мулойимлик, тўғрилик, ҳақгўйлик, дилкашлик, меҳрибонлик, одиллик, ҳалоллик, қонунга биноан адолатли бўлишлик; 2) иллатлар: қўрқоқлик, ўзини тия билмаслик, эҳтироссизлик,  исрофгарчилик, хасислик, такаббурлик, пасткашлик, мақтанчоқлик, ҳимматсизлик, қўполлик, камситишлик, масхарабозлик, бемаънилик, тошбағирлик, адолатсизлик. А. этикасида ахлоқий фазилатлар орасида биринчи ўринда адолат туради. «Адолатсизлик деб қонунни бузувчиларга, бошқалардан ортиқроқ олувчи ва бошқаларга тенг муносабатда бўлмайдиганларга айтилади. Қонунга яраша иш қилувчи, барчага баробар қаровчи киши адолатлидир», — дейди А. Шундай қилиб, «адолат» тушунчаси айни бир вақгнинг ўзида қонунга биноан ва кишиларга бир хил қарашлик бўлса, адолатсизлик қонунга қарши ва инсонга турлича муносабатда бўлишликдир. Шунингдек, ортиқча фойдага ўзини урган киши ҳам адолатсиздир. А. адолатнинг махсус турларини кўрар экан, нисбийлик тамойилига мурожаат қилади. Унингча барча кишилар, адолат мутаносиблигига амал қилишга розидирлар. Лекин мутаносибликнинг ўлчовини ҳамма ҳам бир хил деб тушунмайди. Демократияни жамоа фуқаролари эркинликда, олигархия тузумининг фуқаролари бойликда, аристократлар эса фазилатда кўрадилар. Маънавий мақсадга эришиш учун дианоэтик ва этик фазилатлар бирикиши лозим. А. этикасининг рационализми шундаки, унинг ахлоқ мезонини ақл ташкил этади. А. оқил ва амалиётчи киши ўртасидаги фарқни ажратади. Платонга кўра, донишмандлар давлатни бошқаришга қодир эмаслар, чунки улар ўзларини ҳақиқатни билишга бахшида қиладилар ва зарур бўлган нарсаларни ўрганадилар, улар ўзгарувчан ва жамият ҳаётига керакли нарсадан йироқдирлар.  Инсоннинг вазифаси амалий ва ахлоқий фазилатли бўлишдадир,  фазилат тўғри мақсадга йўналтирилса,  амалий чора топади. Инсон жонида тадбиркорлик кучи бор, инсон у туфайли маълум мақсадга муносиб чора топади. А. фикрича эса, мақсад ва чора бирликни ташкил этади. Бунда мақсад чорани танлайди. Шунинг учун мақсаднинг маънавий характери фақат маънавий воситаларга ижозат беради ва аксинча,  ахлоқсиз мақсадларга маънавиятдан йироқ воситалар муносиб келади. А. биринчи бўлиб инсон хулқининг тизимини тадқиқ қилди. У амалиётга мурожаат қилиб, ирода эркинлиги масаласини қўяди. Инсоннинг барча хатти-ҳаракатларини аниқлаб, улар эркин, мажбурий ва аралашган бўлади, деган хулосага келади. А. эркин ҳаракатнинг келиб чиқиш тарихини ўрганади. Ҳаракат тамойили инсоннинг ўзида, шунга кўра, инсоннинг хатти-ҳаракатларини мақташ ёки қоралаш мумкин, дейди у. Кишилар яхшилик ва ҳузур-ҳаловат тушунчаларини ўзларининг ҳаёт тарзларига қараб белгилайдилар. Қўпол ва илмсиз омма яхшилик ва ҳузур-ҳаловатни кайф-сафода кўради ва шунинг учун ҳаётларини кайф-сафода ўтказадилар. Илмли ва фаол кишилар олий бахтни сиёсий фаолиятнинг мақсади каби обрўда деб биладилар. Доно учун ҳузур-ҳаловат кузатувчилик фаолиятидир. Фаолият орқали, характерга таъсир кўрсатиш орқали мақсад танлашда билвосита, яъни шахснинг маънавий тараққиётига таъсир ўтказиш мумкин. Узоқни кўзлаган сиёсатдонлар доимо тарбияга эътибор бериб келганлари бежиз эмас. А. инсон одобини таҳлил қилишни тугатар экан ахлоқий ҳақиқат нима ва унинг мезони қанақа, деган саволга жавоб беради. А.нинг фикрича, ҳақиқий бахтни англаш маънавий юксак, тўғри фикрловчи кишига тааллуқлидир. Маънавий баркамол инсон ақл билан фазилат бирлигига амал қиладиган кишидир. Фазилат эса инсоннинг қўлга киритган сифатини билдиради. Ақлни инсон белгиламайди, балки ақл инсонни белгилайди. Фақат ақл ҳузур-ҳаловат ва азоб-уқубатни бир-биридан ажратади, эҳтиросларни тияди, ёмон одатларнинг ривожланишига йўл қўймайди. Фақат ақлли ва фазилатли киши ҳурматнинг энг олий даражасига лойиқ. Бунда лаззатланиш, фойда орттириш эмас, балки ҳамфикрлик, ҳурмат ва муҳаббат бирдан-бир асосдир. Инсоннинг яхши бўлишига биргина фаннинг ўзи етарли эмас. Фан таъсирида азалдан одат тусига кириб қолган нарсаларни ўзгартириш мумкин ёки осон эмас. Одатларни нима ўзгартириши мумкин? Баъзилар кишиларнинг яхши бўлиши уларнинг табиатидан, дейишса, иккинчилари эса — одатдан, учинчилари эса таълим-тарбиядан, деб биладилар. Инсон яхшиликка сезгир бўлмоғи учун жуда ёшлигиданоқ керакли одат ва тажрибани тўплаши лозим. Агарда жамиятда тегишли қонунлар мавжуд бўлса, унда тўғри тарбия амалга оши-ши мумкин. Маълумки, самарали ижтимоий тарбия учун яхши қонунлар зарурдир. А.нинг ахлоқий ва маънавият тўғрисидаги таълимотига якун ясаб, шуни ай-тиш мумкинки, унда Демокрит ва Платонгача бўлган қадимги ахлоқий фикрлар умумлашган. Юнон мутафаккирлари ўз ахлоқий назарияларини ёяр эканлар, қатор маънавий-ахлоқий масалаларни чуқурлаштиришар ва ривожлантиришар ёки уларни биринчи бўлиб, ўзлари кўтариб чиқар эканлар, ҳаётий амалиётга реалистик нуқтаи назардан қарашларининг кенглиги маълум даражада Платоннинг диний-мистик характердаги ахлоқий таъ-лимотларини, софистларнинг ахлоқий релятивизмини енгишга муваффақ бўлдилар. А.нинг ахлоқ-одоб, ижтимоий-фалсафий, табииий-илмий қарашлари ҳозирги замонда шаклланган барча фал-ий дунёқараш типларининг илдиз отишига маънавий туртки бўлиб келмоқда. Аосий асарлари: “Физика”; “Метафизика”; “Категориялар”; “Руҳ ҳақида”; “Никомах этикаси” ва бошқалар.  

Комментариев нет:

Отправить комментарий