Меню

понедельник, 17 декабря 2012 г.

3600 йилда бир келадиган “бехосият меҳмон”


NL-ZT
Қадимий шумер халқи афсоналарида “Нибури” деб номи тилга олинган ва мавжудлиги ҳалигача юз фойиз тасдиқланмаган катта бир осмон жисми- Планета-Х шу кунларда галактикамиз томон ташриф буюраётган эмиш.“Нибури”ни Ер шаридан тўрт марта каттароқ ва учиш траекторияси жудда ҳам ғайриоддий осмон жисми деб тахмин қилишади.
Қадимий халқлар мифологиясида қанотли одамлар ва ҳайвонлар тасвирлари жуда кўп учрайди. Бу зардуштийликда ҳам бор. Қанотли шер, от ва туялар тасвирини Марказий Осиёда сақланиб қолган айрим тарихий ёдгорликлар пештоқларида ҳам кўриш мумкин.
Бизга маълум қадимий ёдгорликларда тасвири қолдириб кетилган ана ўша қанотли жонзотлар айнан “Нибури”га ишора экан. Агар у пайдо бўладиган, яъни бизга “меҳмон” бўладиган замон келса, у ўз қанотларини кенг ёзиши ва Қуёшимиз шуъласини тўсиб қўйиши (албатта маълум бир муддатга) ҳам мумкин эмиш…
“Нибури” ҳақида катта шов-шувларга сабаб бўлаётган ҳозирги гапларни 1995-йили Нэнси Лидер (Nancy Lieder) деган америкалик бир аёл жуда авжига чиқарди. Унинг гапларига кўра, ўзга сайёраликлар келиб уни миясига имплантат ўрнатиб кетишганмиш. Ўшандан бери у доимий равишда ўша “зета”лар билан бевосита мулоқот олиб бораркан. Ҳатто унинг интернетда “янгиликлар”дан доимий хабардор қилиб турадиган ўз веб-саҳифаси ҳам бор…
Нэнси Лидернинг ўзга сайёраликлардан телепатик мулоқот орқали олган хабарига кўра, 2003-йилда Ернинг “Планета- Х” билан тўқнашуви содир бўлиши керак эди. Аммо Аллоҳга шукрки бундай бўлмади. Ўзга сайёраликлар ва биз ўртамизда ўзини воситачи (контактёр) ҳисоблайдиган Нэнси хоним ҳанузгача бу ёлғон борасида бирор аниқ тушинтириш бера олгани йўқ…
“Нибури” ҳақида катта бир китоб ёзиб, одамлар эътиборини бу фожеага бутунлай қаратиб кетган инсонлардан бири- Озарбайжоннинг Боку шаҳрида 1920-йили туғилган ва кейинчалик Нью-Йоркка кўчиб кетган яҳудий олимларидан бири- Захария Ситчиндир.
Палеоконтакт ва ўзга сайёраликлар бўйича ўзини жуда катта мутахассис ҳисоблайдиган бу шахс қадимий халқлар, айниқса шумер ва майяликлар мифологиясини чуқур ўрганганлигини жуда кўп таъкидлайди ва “Нибури” чўзинчоқ, ўзига хос бир орбитада ҳаракатланишини, у ҳар 3600 йилда Марс билан Юпитер орасидан ўтиб, Еримизга жуда катта фалокатлар олиб келишлигини ёзади…
З.Ситчин қадимий халқлардан қолган кўплаб ёзувлар ва ривоятларни гўёки чуқур ўрганиб чиққан ва унинг хулосаларига кўра, “Нибури”да юксак тараққий этган онгли мавжудотлар-“ануннаклар” (шумерлар уларни шундай деб аташган экан) яшайдилар ва уларнинг планеталари бизга яқин келганида улар албатта бизни “зиёрат” қилиб ўтишади…
“Америкаликлар 1980-йилларнинг ўрталарида улкан фазода “Нибури”ни топишган ва ўшандан бери уни кузатиб ҳам келишади, одамзот орасида ортиқча ваҳималар бўлмаслиги учун улар бу ҳақдаги маълумотларни жуда сир сақлашади” деган гаплар ҳам кўп юради.
Бир гуруҳ олимлар 2010-йилдан сўнг Ерга яқинлашиб келаётган “Нибури”ни оддий кўз билан ҳам кўрса бўлади, деб жар солишганди. Аммо ҳозиргача бирор киши уни Осмонда кўрганини аниқ далиллаб бера олгани йўқ…
Мусулмонлар “Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳдан бошқа бир зот билмайди” деган ақида билан яшайдилар. Шунинг учун улар Охират кунига ва унинг оғир имтиҳонига тайёр бўлиш учун кўпроқ бош қотирадилар…
Яратганнинг ўзи асрасин бизни ҳар қандай бало ва офатлардан, деймиз фақат кўкка термулиб. Қўлимиздан бошқа нима ҳам келарди…
Суратда: Нэнси Лидер (Nancy Lieder)

Қоплонбек. Канада 2012 йил, 13 декабр.

Комментариев нет:

Отправить комментарий