Меню

четверг, 13 декабря 2012 г.

ҲАҚ ВА БОТИЛ ЧЕГАРАСИДА (2)

Намоз Нормўмин
Китобдан боблар
ДИКТАТУРА ТУГАСИН, АММО ТОЖИКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН ТАЖРИБАЛАРИ ҲАМ ТАКРОРЛАНМАСИН 
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ 
Инсонлар одатда ўз дунёқарашларини қисқа вақтда ўзгартира олмайдилар. Худди шундай жамиятнинг ҳам бир думалаб бир ғоявий ва ижтимоий-сиёсий ҳолдан бошқасига ўтишини ҳам тасаввур қилиб бўлмайди. Инсоният тарихида турли ғояларнинг ва жамият шаклларининг ўзаро кураши давом этиб келган ва ҳозирда бундай қарама-қаршилик давом этмоқдадир. Шундай экан, мавжуд тузумларнинг у ёки бу томонга ўзгариши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундай ўзгаришларга сўнги вақтларда Тунис, Миср ва бошқа мамлакатларда дунё жамоатчилиги гувоҳ бўлиб турибди. Ўрта Осиё Давлатларида ҳам яқин замонда ўзгаришлар, буни ислоҳотлар ҳам, дейишимиз мумкин, шамоли эсиб қолса ажаб эмас. 
Чунки Ўзбекистонда ва бизга қўшни давлатлардаги мавжуд вазият инсонларни
қониқтирмаётгани  ҳам мутлақ бир ҳақиқатдир. Ўзгаришлар инқилобми, ислоҳотми шаклида бўлиши керак, деган саволга биз албатта ислоҳот шаклида бўлиши керак, дея жавоб берамиз. Яъни, жамиятимиздаги ўзгаришлар тинч йўл билан, қон тўкилмасдан амалга ошиши зарурийдир. Албатта, амаллар ниятларга кўрадир. Фақат яхши ниятларнинг жамият миқёсида яхши амаллар ва айниқса яхши натижалар билан тугалланиши ўз-ўзидан ва қулай шаклда бўладиган иш эмасдир. 
Жамиятни ислоҳ қилиш орзусида бўлганлар аввало ўз нафсларини назорат қилишлари, текшириб кўришлари керак бўлади. Чунки ислоҳотларнинг шиори ҳолига келган нима қилиш керак, деган саволнинг жавоби нимани истаймиз ўзи, деган иккинчи саволнинг жавобида ётиши маълумдир. Инсонларнинг истакларига эса уларнинг илм даражаси, эътиқодлари ва шубҳасиз ҳаёт тажрибалари асос бўлади. Гапнинг пўсткалласини айтиладиган бўлсак, агар инсонларимизга сиз узоқ тарихдаги қулдорлик, Ҳитлер истаган ирқчилик (фашист) ёки Ленин ва Сталин қуришга уринган коммунистик тоталитар режимларнинг қайтадан барпо этилиши истайсизми, дея сўралса, уларнинг асосий қисмининг жавоби салбий бўлиши шубҳасиздир. Масалани янада аниқроқ ҳолга келтирадиган бўлсак, бугун ватанимиздаги диктатуранинг тугатилишини истайдиганларни икки қисмга ажратиш мумикиндир. Булар Исломий жамиятда яшашни ва ғарб давлатларида мавжуд бўлган демократик тузумда яшашни истайдиган кишилардир. Булардан биринчиси бутун мавжудотнинг яратувчиси Аллоҳ таолонинг инсонларга таклиф қилган мукаммал ҳаёт шакли бўлса, иккинчиси Аллоҳ таолонинг иродасини инобатга олмасдан (бу аслида имконсиз бир уринишдир), инсон ўз ақли ва тажрибаси билан барпо қилган жамият шаклидир. Бу масалада энг тўғри йўл Аллоҳ таолонинг иродасини асос олган ҳолда жамият барпо қилишда инсоннинг ўз ақли ва тажрибасини қўлланишидир. Чунки Ислом дини Аллоҳ таолонинг ва инсон иродасининг ўзаро тўқнашувига эмас, илоҳий ирода ва инсоний ироданинг сулҳига асосланади. Зеро, нақлга (ваҳийга) эргашишнинг шарти соғлом ақлдир. Ақли носоғлом бўлганлар зотан Ислом динининг ҳукмларини бажариш учун мукаллаф ҳисобланмайдилар. 
Бундан йигирма йил аввал эски совет жумҳуриятлари мустақилликга эришган пайтда қисқа муддат эсган ҳуррият ва эркинлик шамоллари халқларимизнинг ҳаётида янги саҳифа очилиши учун имкон туғдирганди. Аммо юқорида айтилгани каби жамиятни бир онда ўзгартиришнинг имкони бўлмади. Бунинг асосий сабаби инсонларимизнинг қандай жамият исташлари ва истаган жамиятларини барпо қилиш учун аниқ режа ва дастурларининг йўқлиги эди. Ҳозир қўлдан кетган имкониятларни ва бунинг натижасида ўртага чиққан ҳолатни эътиқодимизга кўра илоҳий тақдир ва ақлимизга кўра ўтган ишга саловат, дея баҳолаймиз. Аммо Аллоҳ таолонинг иродаси билан бугун яна бир марта бундай ислоҳотлар учун имкон келган экан, яшалган тажриба қайта такрорланмаслиги учун ҳаракат қилмоғимиз айни муддаодир. Ҳадиси шарифдан айтилгани каби мўмин киши ўзини илонга бир ёриқдан икки марта чақтирмайди.... 
Бу маънода Тожикистонда бўлиб ўтган воқеалардан хулоса чиқарадиган бўлсак, буни жиддий ислоҳотларга тайёргарлиги бўлмаган оломоннинг фикрий ва эътиқодий жунбушга келиши, дея баҳолашимиз мумкиндир. Ўша пайтда ойлар давомида митинг майдонларида ётиб олганларни оломон, дея таъриф этишимизнинг маъноси тушунарли бўлса керак. Чунки оломон бирор ғояни, эътиқодни тушуниб етмаган, ўз фикрларини ҳаётга тадбиқ қилиш учун аниқ режа ва дастури бўлмаган инсонлар тўдасидан иборат бўлади. Бўлиб ўтган воқеалар, икки юз мингга яқин кишининг ҳаётини сўндирган фуқаролар уруши ҳукуматнинг ҳам мухолифатнинг ҳам ислоҳотлар ҳақида аниқ тасаввур ва режалари эга бўлмаганлигини кўрсатди. Қизиғи шундаки, ўз вақтида Ислом байроғини ва ҳатто жиҳодни шиор қилиб олганлар, бугунги кунга келиб, нафақат ўз шиорларидан ва ҳатто эътиқодларидан воз кечиш нуқтасигача етиб келдилар. Туркияда чиқадиган “Yeni Akit” газетасининг ёзувчиси Mustafa Özcan шу йил 11 январь сонидаги “Ilımlı laikliğe çağrı” (“Илиқ дунёвийликка даъват” ) мақоласида Тожикистон бирлашган мухолифатининг раҳбарларидан Тўражонзоданинг шу гапларига ўрин беради: “Мен Исломий давлат қуриш тарафдори эмасман. Дунёвий давлат тарафдориман. Фақат бунинг шарти дин душманлиги бўлмаслиги керак”.(http://www.habervaktim.com/yazar/32636/ilimli_laiklige_cagri.html) 
Албатта, буни сутдан оғзи куйган кишининг қатиқни ичишдан қўрқиши, дея баҳолашимиз мумкин. Бу ерда муҳим бўлган нарса, Тўражонзода ва унга ўхшаш мадрасаю Ислом Олий даргоҳларида таълим олган кишиларнинг шунча илмлари ва тажрибалари натижасида ҳам динимиз ва унга асосланган жамият қуриш ҳақида аниқ тасаввурга эга эмасликларидир. Бундай эътиқодий ва фикрий ноаниқлик билан эса Исломга оид бирор ташаббусга қўл уриш кутилган натижаларни бермайди. 
Қирғизистонда эса ғарб демократиясига ўхшаш қоидаларнинг жорий қилиниши аввало ахлоқий бузуқликнинг кўпайишига, демократ сиёсатчиларнинг ўзаро жанжалларига ва охир-оқибатда ирқчиликнинг (миллатчиликнинг, қабилачиликнинг) ўртага чиқишига олиб келди. Натижада қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб қишилар орасида қонли тўқнашувлар бўлди ва мингларча бегуноҳ инсонлар қатл қилинди. Албатта, бу давлатда содир бўлган воқеаларда ташқи кучларнинг ҳам таъсири бўлди. 
Қўшни давлатларда содир бўлган бундай манфий тажрибалардан Ўзбекистон ҳукумати тўғри хулосалар чиқарди, дея олмаймиз. Аксинча Ўзбекистон раҳбари бу мамлакатлардаги қонли воқеаларни ўзининг яккаҳокимиятини асослаш учун далил қилиб кўрсатди. Мамлакат бошқаруви, тўғрироғи Президент И.Каримов бундай вазиятда ҳар қандай ислоҳот ўзгаришга тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Исломий ва демократик мухолифат турли тазйиқ йўллари билан таъқиқланди, уларнинг аъзолари адолатсиз маҳкамаларда суд қилиниб, узоқ муддатларга қамоққа ташланди. Мавжуд ҳукумат нафақат мухолифатдан, халқ ва давлатни тараққиётга етаклайдиган ҳар қандай фикр ва ташаббус эркинлигидан қўрқанлиги учун мамлакатда умумий таъқиқ сиёсатини амалга оширди. Бунинг натижасида давлат бир кишининг ихтиёрида бўлган қамоқхонага айланди. Сўнгги вақтда мамлакат аҳолисининг оммавий равишда муҳожирликга юз тутиши бу айтилганлар учун далил бўла олади... 
Турли оммавий ахборот воситаларининг тараққиёти бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида яшаётган инсонларнинг ўзаро хабарлашувини ва ҳамкорлигини қулайлаштирди. Натижада аҳолиси асосан мусулмонлардан ташкил топган мамлакатларда ҳам ислоҳот ҳаракатлари ўртага чиқа бошлади. Бундай ҳаракатланиш баъзи жойларда халқни исёнга мажбурлаётганига дунё жамоатчилиги гувоҳ бўлиб турибди. Бундай вазиятда инсонлар ҳаётида ва жамиятда исталган ўзгаришларнинг қонли исёнлар ва инқилоблар шаклида эмас, илм ва маърифатга, турли эътиқодий ва фикрий ғояларнинг ўзаро муросасига асосланган ислоҳотлар шаклида амалга ошиши мақсадга мувофиқдир. Бунга эришиш учун ислоҳотларда етакчилик қилишни истаган шахслар ва гуруҳлар дин ва эркинликларга оид ушбу нуқталарни диққатга олишлари мақсадга мувофиқдир: 

Исломда инсонларни турли тазйиқ ва мажбурлаш йўли билан бу динга киритиш йўқдир. Фақат мусулмон бўлган кишининг Исломнинг ҳукмларига риоя қилиши шартдир. Исломда дин дейилганда унинг ақидаси ва ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларининг бу диннинг қоидаларига кўра тартибга солиниши тушунилади. Шунинг учун ҳам мусулмон бўлишни истаган киши диннинг бутун соҳалардаги ҳукмронлигига ишониши шартдир. Диннинг фақатгина ақидасига имон келтириб, бошқа соҳалардаги ҳукмларини рад қилган киши бу диндан чиққан ҳисобланади. 
2. 
Ислом диннинг асосларини рад қиладиган бутун башарий тузумларга, шу жумладан ҳокимиятнинг шахслар (диктаторлар, оилавий қиролллар) ва муқаддас саналадиган тоифалар (руҳонийлар) тарафидан эгаллаб олинишига қаршидир. 
3. 
Ислом дини жамият тузилишида олий ҳокимиятнинг Аллоҳ таолога, ҳукуматни шакллантириш ишларининг эса мусулмонларга оид эканлигини асос олади. Диннинг асосий ҳукмларига зид бўлмаган ҳолда халқнинг ўз раҳбарларини сайлаш, уларни танқид қилиш, бунинг учун Шўролар тузиш эркинлиги мавжуддир. Ислом дини дунёвий қадриятларни рад қилмайди, аксинча уларни тартибга солишда энг мукаммал ҳукм ва қоидаларни таклиф қилади. 
4. 
Исломий курашнинг асосий йўли инсонларни бу динга даъват қилишдир. Шу билан бирга мусулмонлар динларини йўқ қилишни истаган ва шу мақсадда ўз юртларига бостириб келганларга қарши қўлларига қурол олиш ҳаққига эгадирлар. 
5. 
Ислом тузуми нафақат мусулмонларга балки ғайримуслимларга ҳам ўз эътиқодларига кўра яшаш ҳуқуқи беради. Агар жамият исломий эса ғайримуслимларнинг ҳуқуқлари улар ва Исломий ҳукумат ўртасида тузилган алоҳида шартнома билан тартибга солинади. Исломий бўлмаган жамиятда эса мусулмонларга ўз эътиқодларига кўра яшаш ва динларини тарғиб қилиш ҳуқуқи берилиши керак. Мусулмонларнинг ҳуқуқлари паймол қилинадиган жамиятларда Ислом дини билан алоқали турли муаммоларнинг келиб чиқиши тарихий ҳақиқатдир. 
6. 
Ислом динида мусулмонларнинг турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниши таъқиқлангандир.(Оли Имрон сураси 103 ва 105 оятлари ва бу маънодаги бошқа оятлар ва уларнинг тафсирига қиранг). Шунинг учун ҳам замонамизда мавжуд бўлган турли ҳизблар ва жамоатларнинг бирортаси Ислом умматини тамсил қиладиган ягона куч ўрнида кўрилмаслиги керак. Уммат ичида бўлинишга эмас, фиқҳий масалаларга турлича қарашларни асос олган сунний мазҳабларнинг мавжудлиги бунга кирмайди. 
7. 
Маълум давлат ёки ҳудуда яшайдиган мусулмонларнинг ноисломий бўлган тузумларга қарши оммавий ҳаракатларни бошлашдан олдин бундай ҳаракатнинг ғояси, мақсади, уларга раҳбарлик қиладиган Шўро ҳайъати ва бу ҳаъйат тарафидан сайланган раҳбарлари ва бундай ҳаракатни олиб бориш усуллари ҳақида аниқ дастурга эга бўлишлари мутлақо шартдир. (Бундай дастур учун ўрнак бўладиган лойиҳаwww.islomshuro.com саҳифасининг Кириш бўлимида келтирилган. Мазкур лойиҳа Исломий жамият қуришнинг умумий қоидалари ҳақида қисқа ва содда маълумотлар беради. Бундай лойиҳанинг аниқ дастур шаклини олиши маълум ҳудуд ёки давлатда яшайдиган мусулмонлар тарафидан қабул қилинишига боғлиқдир.НН). 
8. 
Кейинги асрларда инсонларнинг Аллоҳ таолонинг йўлига (Ҳақ дини -Исломга) эргашмай ўз ақллари билан ўйлаб топган энг илғор жамиятлари Демократик тузумдир. Бу тузум моддий қадриятларнинг устунлигини асос олгани учун турли диктатурларадан фарқ қилмасада, демократик тузумларда инсонларга баъзи ҳақ ва ҳуқуқлар берилади. Шунинг учун Ислом ҳукмларига кўра яшашни истамайдиганларнинг демократик йўлни танлашлари уларнинг ҳаққидир. Фақат ўзларини мусулмон ҳисоблайдиганларнинг бундай йўлни танлашлари мақсадга мувофиқ эмасдир. Бундай кишиларга бошланғичда сабр ва ҳикмат билан Ислом ва демократия орасидаги ақидавий ва ижтимоий-сиёсий фарқлар тушунтирилади. Вақт ўтиши илан бу икки тузум орасидаги узул-кесил фарқни ўрганишига қарамасдан ниҳоий танлови демократия бўлганлар мусулмон сифатида кўрилмайди ва уларга ғайримуслим сифатида муносабат қилинади. 
9. 
Мусулмонлар ва ғайримуслимлар (шу жумладан демократлар ҳам) умумий жамиятда яшаш учун ҳар икки томоннинг эътиқодий қадриятларидан келиб чиқадиган ҳақ-ҳуқуқлар акс эттирилган шартнома туза оладилар. Бунинг далили ва ўрнаги Муҳаммад (сав)нинг Мадинада ғайримуслимлар билан тузган шартномаларидир. 

Шубҳасиз тавфиқ ва тақво Аллоҳ таолодандир. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий