Меню

воскресенье, 16 декабря 2012 г.

АБУ АЛИ ИБН СИНО


АБУ АЛИ ИБН СИНО (980-1037) – тиббиёт соҳасида жаҳон халқлари эътирофига сазовор бўлган, астрономия, математика, мантиқ, фалсафа, шеърият ва бошқа қатор фан соҳаларида етук асарлар яратган қомусий олим. X асрда Бухоро шаҳри яқинидаги Афшона қишлоғида таваллуд топган. 999 йилда Бухоро қорахонийлар томонидан босиб олингач, И.С. ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлади. У Хоразм пойтахти Урганчдан бошпана топади. Бу ерда  машҳур олимлар, жумладан Беруний, Ибн Ироқ ва бошқалар билан ёнма-ён ижод қилиб, ўз билимини янада оширишимкониятига эга бўлади.Қорахонийлар ва ғазнавийлар ўртасидаги урушлар ўша даврда Бухородаги илмий-ижодий муҳитни издан чиқарган, нотинчлик аҳолининг кундалик ҳаётига айланиб қолганлиги туфайли И.С. ўз юртига қайта олмади ва қолган умрини бегона юртларда ўтказади. И.С. 1037 йилда ҳамадон шаҳрида вафот этади. Ундан фаннинг турли соҳаларига оид 280 дан зиёд асарлар мерос бўлиб қолган. Улардан 50 таси
тиббиётга, 40 тадан зиёди табиат ва ижтимоий фанларга, 3 та рисола мусиқага, 185 таси фалсафа, мантиқ, психология, ахлоқ ва ижтимоий-сиёсий муаммоларга  тааллуқлидир. Олимнинг асарлари орасида «Шифо китоби», «Инсоф китоби», «Нажот китоби», «Тиб қонуни», «Билимлар китоби» ва бошқалар ғоят даражада эътиборлидир. И.С. таълимотига кўра, барча мавжудотнинг асоси ва ибтидоси «вужуди вожиб»дир, яъни Тангридир. Вужуди вожиб –биринчи моҳият, жавҳар. Унинг мавжудлиги сабабини бошқа нарсалардан ахтариш ўринсиздир, чунки биринчи сабаб унинг натижаси, оқибати бўлган хилма-хил жараёнларнинг моҳиятига боғлиқ бўла олмайди. Вужуди вожибнинг мавжудлиги унинг ўзига боғлиқ. У — мустақил моҳият. Бу — моҳият ягона. Аллоҳ зотида камчилик ва нуқсонларнинг учраши имкониятдан ташқарида. Доимий фаоллик биринчи сабабнинг муҳим хусусиятини ташкил қилади. Биринчи сабаб баъзан фаол, баъзан эса фаолликдан холи бўлмоғи мумкин эмас. Унинг яратишдан толиқиши, фаолиятни амалга оширишни исташи ёки истамаслиги моҳиятига зиддир. Истамаслик, маъқул кўрмаслик яратувчининг қодир, раҳмдил каби сифатларига путур етказади.  Вужуди вожибнинг оқибати вужуди мумкиндир. Вужуди вожиб ва вужуди мумкин бир-биридан вақт нуқтаи назаридан фарқланмайди. Улар ўртасидаги фарқ аслида нафислик даражаси билан белгиланади. Бундан ташқари, барча нарса, жараёнлар ифодаси бўлган вужуди мумкиннинг вужуди вожиб томонидан яратилиши ихтиёрий эмас, балки зарурий, мантиққа зид келмайдиган жараёндир. И.С.  ҳаракат муаммосига алоҳида эътибор билан қарайди. Ҳаракат жисмларнинг ички моҳиятидан келиб чиқади. Ҳаракат – ҳодисаларнинг маконда содир бўлиши. Бу тушунчани бошқача яъни, фазовий ҳаракатга нисбатан умумий тарзда ифодалаш лозим. Олим «Шифо китоби»да ҳаракат тушунчасини кенг маънода қуйидагича таъкидлайди: моддийлик ва ҳаракат; ҳаракат—моддийликнинг  ички ҳолати; моддий олам ва ҳаракат объектив характерга эга; ҳаракат жисмларнинг ўзаро ўрин алмашинуви бўлиб қолмасдан, балки кенг маънода уларнинг ўзгариши, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишидир. И.С. нинг фикрича, ҳаракат қуйидаги учта кўринишда намоён бўлади: акцидентал ҳаракат — жисм бошқа жисмда бўлиб, ўша жисм ҳаракати билан бирга ҳаракат қилади, бир ўриндан бошқа ўринга кўчади, лекин бу жисм ўз ўрнини ўзгартирмайди; мажбурий ҳаракат — у жисмнинг ўз ҳаракати эмас, ҳаракатнинг сабаби жисм моҳиятидан ташқарида. Масалан, от аравани тортади, сув ташийди, одам олов ёқади, тошни отади ва ҳоказолар; табиий ҳаракат — жисмнинг ўз-ўзича ҳаракатидир. Оловнинг кўтарилиши, шамолнинг содир бўлиши, тошнинг пастга тушиши кабилар. Бу ҳаракат ўз навбатида доира ва тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатдан иборат бўлади. Шунингдек, ҳаракат ўз навбатида, фазо ва вақт билан ўзаро узвий алоқада бўлади. Яратилиш жараёнининг ибтидоси ва интиҳоси бўлмагани каби, ҳаракат, фазо ва вақт ҳам абадийдир. Чексизлик айрим ҳолда олинган чегараланган ҳаракат, фазо ва вақтдан ташкил топади. Мутафаккир «Фанларнинг ақлга асосланган қисмлари» асарида барча фалсафий фанларни иккига – назарий ва амалий фалсафага бўлади. Назарий фан метафизика (юқори даражадаги фан), математика (ўрта босқичдаги фан) ва физика (фаннинг пастки қатлами)дан иборат. Метафизика мутлақ борлиқ ва унинг умумий ҳолатларини мавҳум категориялар воситасида ўрганади. Илоҳиёт ҳам метафизикадан жой эгаллайди. Математика жисмларнинг соф миқдорий муносабатларини, физика эса табиатни, моддий оламни тадқиқ этади. Амалий фалсафа сиёсат, ҳуқуқ, оилага алоқадор муаммоларни, ахлоқни қамраб олади. И.С. мантиқни илмлар таснифига киритмайди, уни билишнинг воситаси деб ҳисоблайди. Олим илм соҳаларининг таснифини тузар экан, уни воқеи олам ҳодисалари реал хоссаларидан келиб чиққан ҳолда тадқиқ этади. И.С.нинг кўпгина асарларида ўша давр олиму фозилларини қизиқтириб келган табиат ҳодисалари тилга олинган. У ўзининг «Донишнома», «Тиб қонуни», «Табиат дурдонаси» каби китоблари ҳамда Беруний билан бўлган баҳс-мунозараларида кўпгина масалалар тўғрисида фикр юритади. Унинг қарашларига кўра, жисмларнниг бир-бирига таъсири ва бу таъсирнинг характери уларнинг ички моҳиятига, «потенция»сига боғлиқ. Бунда «потенция» тушунчаси И. Ньютон қонунларида учрайдиган «куч» тушунчасига мос келиб, у пассив ёки фаол шаклларда ифодаланади. Жисмлар таъсири икки хил бўлиб, бевосита ёки билвосита алоқадорлик сифатида намоён бўлади. Масалан, муз бошқа жисмга тегиши билан унинг ҳароратини ўзгартиради. Шамол осойишта  нарсаларни ҳаракатга келтиради. Билвосита алоқадорлик натижасида нарсаларнинг  бир-бирида акси, тасвири қолади. Масалан, Қуёш ва Ойдан тарқалаётган нур ва қувват Ерда содир бўлаётган ҳодисалар, жумладан одамлар, ҳайвонот ва наботот олами ҳаётига таъсир қилади.  Ой, масалан, меваларни етилтиради, денгиз сувининг кўтарилиши ва қайтишига олиб келади. Ёмғир, қор, дўл каби табиий ҳодисалар сув буғларининг тарқалиши ёки концентрацияси ҳолатига боғлиқ. Сабзавотлар пишишининг тезлашуви, кишилар танасининг рутубатлари муайян тарзда Ой таъсирининг оқибатидир. И.С.нинг айниқса, «Табиат дурдонаси» асари бу борада муҳим аҳамиятга  моликдир. У асарнинг тўртинчи қисмида электр ҳодисасига тўхталиб, унинг ишқаланишга боғлиқ эканлигини тажриба орқали тушунтириб беради. Олим қуйидагиларни ёзади: «Бу шундан ҳосил бўладики, ювилган кийимнинг ҳаддан ташқари ишқаланиши натижасида кийимдаги ҳаво бўшлиғи кенгайиб шу даражага етадики, ишқаланиш оқибатида иссиқлик (ҳодисаси) пайдо бўлади. Бу ҳолда оловнинг моддаси ва шакли ўзаро биргаликда оловни ташкил этади. Мушукни силаганда ундан учқун чиқишининг сабаби ҳам худди шунга ўхшайди».Олим «Табиат дурдонаси»да кўпчиликка ғайритабиий туюлган сароб, жисмларнинг солиштирма оғирлиги, чангнинг ёруғ хонада кўринмаслиги, чақмоқ, момақалдироқ, нур, ёмғир, дарахт баргларининг  функцияси тўғрисида ғоят қизиқарли маълумотлар берган. Унинг замин қаърида юз берадиган геологик ўзгаришлар, маъданларнинг узоқ вақт давом этган турли хил табиий ҳодисалар таъсирида пайдо бўлиши тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари ҳам жуда эътиборлидир. Маъданларнинг тез ёки аста-секин, эволюцион тарзда шаклланиш жараёнининг сабаблари биринчи галда моддаларга таъсир этувчи табиий кучларнинг қуввати ва уларнинг бошқа кучлар устидан устувор келиши ёки улардан мағлублигидадир. Бу борада сув билан шамолнинг тоғлар, тоғ жинсларини яратишдаги, замин рельефини ўзгартиришдаги бунёдкорлик роли беҳад даражада самарали бўлган, деб уқтиради И.С. Воқеликни маънавий ўзлаштириш инсонга хослигини И.С. алоҳида таъкидлайди. Инсоннинг аксарият ҳолларда ўзидан кучли бўлган ҳайвонлардан афзаллиги нимадан иборат? И.С.нинг фикрича, Аллоҳ инсонга шундай куч-қувват ато этганки, шу туфайли у эзгулик («хайр»)ни ёмонлик («шарр»)дан, интеллектуал етуклик, камолот («рашад»)ни ёлғон-яшиқ, адашиш («гумроҳи»)дан фарқ қилади. Инсон ақлли мавжудот эканлигидан табиатда муҳим ўрин эгаллайди, бошқа мавжудотлардан ажралиб туради. Ақл нуридан баҳрамандлиги сабабли табиатнинг кўр-кўрона тасодифий кучлари таъсиридан бирмунча озод шахсга айланади ҳамда ўзининг амалий ва назарий фаолиятини «донишмандлик тарозиси» – ақл мезони талабларига мослаштиради. И.С. Арасту ва Форобий анъаналарига таянган ҳолда воқеликни билиш жараёнини инъикос таълимоти билан боғлайди. Кишиларнинг сезги аъзоларига таъсир эта олмайдиган ҳар қандай нарса, ҳодиса билиш чегарасидан ташқаридадир. Айтиш мумкинки, И.С. билиш жараёнида инъикос ролини чуқур англаган ҳолда нарсаларни танлаб акс эттирилишига аҳамият берди. Кишилар эҳтиёжи, манфаати, амалий ва назарий маҳорати, кўникмалари турличадир. Буни у «ҳайвоний қизиқиш» ва «мафтункорлик қуввати» орқали очиб беради. «ҳиссий қабул қилишамалга ошганда, – деб ёзади И.С., – истак ҳам юзага келади, демак, ҳаракат ҳам пайдо бўлади. Бу ҳаракат биронта нарсани четлаб ўтиш ёки уни излашдан иборат. Демак, ҳаракатлантирувчи қувватга ирода зарур. Ирода эса зарурият туфайли амал қилади, зарурият эса биронта нарсага етишиш ёки уни четлаб ўтиш мақсадидан келиб чиқади». Билиш жараёнининг илк босқичи жонли мушоҳададир. Жонли мушоҳада орқали нарса, ҳодисаларнинг унча мураккаб бўлмаган жиҳатлари, хосса-хусусиятлари тўғрисидаги бевосита маълумотлар қўлга киритилади. Улар заминида билишнинг юксак босқичи бўлмиш ақлий билиш вужудга келади. Бу борада мутафаккирнинг жонли мушоҳаданинг ижобий ва салбий жиҳатларини ҳам очиб беришга уринганлиги кўриниб туради. Бир томондан, ақлий билиш унингсиз рўёбга чиқиши ғайритабиийдир. Иккинчи томондан эса, жонли мушоҳаданинг ақлий билишнинг танасига кириб олишга интилиши назарий илмнинг салоҳиятига таъсир этади. Биз кўп ҳолларда сезгилар далолатига асосланган оддий тушунчалар, тасаввурлар билан ортиқча овора бўлиб қоламиз. Боқибеғамлигимиз туфайли улар воқеий ҳодисалар моҳиятини очиб бера олади,  деган хом хаёлга борамиз. Бундай вазият илм аҳлини асл мақсаддан чалғитади, дея хулоса чиқаради И.С. Алломанинг билиш таълимотида кузатув ва тажриба муҳим ўрин эгаллайди. Олим улар орқали жисм ва моддаларнинг  солиштирма оғирлиги, одамларнинг хасталик ҳолати, дори-дармонлар таркиби, меъёри ва даво бўла оладиган миқдори, касалликнинг инқирози ва одам соғайиш аломатлари каби муҳим муаммоларни комил ишонч билан ҳал этишга жазм қилган. И.С. меросида илм ва ахлоқ бирлиги муаммоси алоҳида аҳамият касб этади. Ахлоқий равнақ инсонга хосдир, чунки у ақлнинг улкан кучи, тафаккурнинг фаоллигига асосланиб, ҳақиқат билан ёлғон-яшиқ ўртасидаги чегарани белгилаб олибгина қолмасдан, балки дўстнинг душмандан фарқини ҳам билиб олади. Агар нарсалар, жараёнларнинг моҳиятини билишда интеллектуал етуклик, олимлик салоҳияти муҳим бўлса, ахлоқий камолотга эришиш учун бу фазилатларнинг ўзи етарли эмас. Илм ва ахлоқий фазилат муштараклиги инсонни донишманд ва олийжаноб шахсга айлантиради. Ахлоқий равнақ имконияти шубҳасиздир, чунки «гўзалликка ва ахлоқий камолотга интилиш инсонга хос хусусиятдир». Мутафаккирнинг асарларида таъкидланишича, инсон табиати туғилишдан бошлаб ахлоқли ёки ахлоқсиз бўлмайди. Кишилар тайёр сифатлар, кўникмалар, фазилат ва иллатлар билан дунёга келмайдилар. Улар аслида ҳаётда шахсий ва ўзгалар тажрибаси, аждодлар анъаналари, таълим-тарбия натижасида шаклланадилар ва муайян ижтимоий мавқега эришадилар. Таълим-тарбия, бошқа кишилар таъсири остида инсон ижобий ахлоқий фазилатларни ўзида шакллантиради ёки ёмон сифатлар, хусусиятлар соҳибига айланади. Бунда одатнинг қуввати қонун кучига эгадир. ҳар бир инсон томонидан ўзида ижобий ахлоқий фазилатларни камол топтириш қанчалик қийин бўлса, салбий сифатлардан қутилиш ундан ҳам мураккаброқдир. Шундай қилиб, илм ва ахлоқ бирлиги тўғрисидаги ғояларнинг мазмуни илм, ҳодисаларнинг асл моҳиятини очиб беришдангина иборат эмас. Илмнинг қадр-қиммати, унинг аҳамияти шахс ва жамиятнинг ахлоқий равнақига қўшган ҳиссаси билан белгиланади. Олимнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари амалий фалсафа таркибида кўриб чиқилган. Амалий фалсафа ахлоқ, иқтисод, сиёсатдан баҳс юритади. Улар инсон, оила, жамият манфаатлари, ўзаро муносабатларини ўрганади. И.С. Арасту ва Форобий изидан бориб, инсонни ижтимоий жонзот деб таърифлайди. Кишиларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги, бир-бирини қўллаб-қувватлаши улар ҳаётининг ягона таянчидир. Жамиятнинг барқарорлиги унинг аъзолари учун бир хил мазмунга эга бўлган қонун ва адолатли  ҳукмнинг мавжудлигига боғлиқдир. Жамият барча аъзолари ижтимоий-фойдали меҳнат билан банд бўлишлари лозим. Бажариладиган вазифаларига кўра, улар мансабдор шахсларга, ишлаб чиқарувчилар, савдо-сотиқ билан машғул кишилар ва ҳарбийларга бўлинадилар. И.С.нинг фикрича, ижтимоий адолат –жамият аъзоларини зўрма-зўраки тенг ҳолатда сақлашдан иборат эмас. Барча кишиларнинг шоҳ ва султонларга айланиши ёки ҳамманинг қашшоқлардан иборат бўлиши адолатдан эмас. Бундай вазият табиий ва ижтимоий қонун-қоидаларга тубдан зиддир. Жамиятда тенгсизлик ҳукмронлик қилади. Соҳиблар ва ғуломларнинг мавжудлиги қонуний бир ҳолдир. Уни ҳеч қандай куч-қудрат, истак-хоҳиш ўзгартира олмайди, чунки ҳар бир кимса ўз меҳнатига фаоллигига, саъй-ҳаракатига қараб орзу-умидга, мақсадига эришади. Лекин айнан шу масалада ҳам Ибн Синонинг инсонпарварлиги яққол намоён бўлади. У «Хизматкорларни ўзингга яқин тут, уларни силтаб ташлама, уларнинг эҳтиёжлари тўғрисида ғамхўрлик қил, уларга нисбатан қаҳр-ғазабли бўлма, улар билан гўё дўстлар билан бўладиган муносабатда бўлгин, уларни бахтсизлик онларида ёлғиз қолдирма, чунки улар ҳам инсонлардир», – дейди. Олимнинг эътиқодига кўра, ҳамма учун умумий ҳисобланган қонун салтанатининг тантанаси адолатсизликка чек қўяди. Одамлар томонидан йўл қўйилган адолатсизлик, шафқатсизлик, ноинсофлик ҳолатлари кескин қораланади. Агар ҳукмдорнинг  ўзи адолатга зид иш тутса, жамият ҳар қандай чора-тадбирлар қўллашга ҳақлидир, деган хулосага келади донишманд. И.С.нинг табиий-илмий, фалсафий, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий қарашлари ўз даврининг кўзгусидир. Улар ўрта асрлар даври маънавий тараққиёти тарихида муҳим ижобий роль ўйнади ва ундан кейин ижод этган мутафаккирлар дунёқарашининг шаклланишига самарали таъсир кўрсатди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий