Меню

пятница, 21 декабря 2012 г.

Жаҳонгир Муҳаммадга саволлардан

Posted on  by JM
Гулнорани истаётганлар ҳақида
САВОЛ׃ Ассалому алайкум Жаҳонгир ака! Сизга бир-икки саволларим бор эди. Шулардан биттаси Гулнора Каримова ҳақида. Биров ҳақида яхшими ёки ёмонми бирор нарса ёзилса, бу унинг пропагандаси бўлади, унинг кучи борлигини ва бу куч кимларнидир безовта қилаётганини кўрсатади? Агар ўша одам куч бўлмаса салбий ва ижобий ёзилганлар аста-секин уни кучга айлантиради. Шунинг учун бўлса керак Ислом Каримов ўз рақибларини эсламасликка ва унуттиришга ҳаракат қилади.Аммо рақиблари аксини қилишмоқда. Гулнора Каримовани потенциал президентга айлантириб қўйдилар. Ҳали ҳам интернетни очсангиз ҳамма томонда Гулнора ҳақида ёзиб ётишибди. Шунга изоҳ бера оласизми? (Равшан).
ЖАВОБ׃ Ҳақиқатдан ҳам Каримов кучли рақибларининг исм-шарифларини мамлакат ичкарисидаги матбуотда деярли
ёздирмайди. Бу уларнинг пропагандаси бўлишини яхши билади. Баъзан интернет сайтларида “у-бу” ёздиради ва бу нарсалар Ўзбекистон ичида очилмаслигини ҳам билади. Бу борада сиз ҳақ.
Гулнора Каримовага келсак, у диктаторнинг қизи ва шунинг ўзи унинг “куч” эканлигини кўрсатади. Аммо бу кучни сиёсийлаштириш бугунга келиб Гулнора Каримованинг ўзини ҳам “президент бўлишим мумкин экан” деган хаёлга бошламоқда.
Гулнора Каримованинг номини сиёсийлаштириш бугун у ҳақда ёзаётганларнинг турли мақсадларидан келиб чиқади׃
1.Ҳокимият тепасида юрган Шавкат Мирзиёев ёки Рустам Азимов кабиларнинг президент бўлиб қолишидан чўчиганлар агар президентликка Гулнора келса яхшироқ бўлади, деб ўйлайдилар. Шунинг учун Гулноранинг атрофида хас учса ҳам бу уларга катта мавзу.
2.Ўзбекистондаги вазиятни, сиёсий заминни яхши билганлар, соғлом таҳлил қила олганлар инқилоблар учун оралиқ юмшоқ ҳудуд керак, деб ўйлайдилар. Улар Гулнора каби заиф президент даврида инқилоб билан Ўзбекистонни демократик йўлга олиб чиқиш мумкин деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун Гулнорани ҳар куни диққат марказида сақлашга ва уни замонавий лидер қилиб кўрсатишга интиладилар.
3.Ўзбекистон Афғонистон каби бош оғриғи бўлиб қолмаслиги учун қайғурган гуруҳлар Ғарбга таянган лидер қидириб, Гулнора номзодида қотиб қолганлар. Улар Гулнорани танқид, ҳақорат қилган бўлиб, аслида уни сиёсий фигурага айлантирдилар. Энг яхши пропаганда бу энг ёмон танқиддир. Бу 20 ва 21 асрнинг шиорига айланиб бўлди.
Бугун сиз айтган каби шу нуқтага етилдики, Гулноранинг ўзи ҳам ўзига ишониб қолди. Ҳатто президент даражасида гапирадиган ва “Ўзбекистоннинг катта-кутта масалаларини бевосита қараб чиқаман” дейдиган бўлди. У “нафақат четда, балки мамлакат ичида ҳам ўз имиджимга эгаман” деган қатъий фикрга келди. Яқин келажакда битта сиёсий партия тузиши ҳам мумкинлигига ишора ҳам қилмоқда.
Руслар ва авропаликлар орасида “ўзбеклар аёлдан чиққан раҳбарга тоқат қилмайди ва бу “араб баҳорига” сабаб бўлади, натижада режим ўзгаради” деганлари ҳам бор. Аммо адашадилар. Агар Гулнора ҳокимиятга келса, Ислом Каримов каби золим раҳбар бўлади.
Бунинг сабаблари ׃
1.Унинг ўзини ҳаммадан ақлли деб билиши.
2.Қуш уясида кўрганини қилиши. Бугунга қадар рекет сиёсатига ўрганиб қолгани.
3.Ўзбекистонда зулм машинаси фаол ишлаб тургани.
Асосий гап Каримовда, ҳозирча. Каримов уни истамайди, ҳозирча. Лекин келажакда нима бўлишини Каримовнинг ўзи ҳам билмайди. Гулнора эса қадамба-қадам унинг тахтига яқинлашмоқда. Бошқача айтганда, Гулнорани бу тахтга яқинлаштиришга уринишмоқда.
Лекин Худо хом хаёллар ва не-не режаларни бузгувчидир.
ЖМ.
21 декабр, 2012 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий